Бўстонлиқдаги обида устида «дача» қураëтган акахонга «стоп» дейилди
Бўстонлиқ тумани «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ вандализм воқеасини Бўстонлиқ тумани прокуратураси текширмоқда.
Бундан олдин Элтуз нашри маданий мерос ëдгорлиги жойлашган ҳудудда бетондан дача қураëтган «акахон» ўзбошимчалиги ҳақида ëзган ва видеолавҳани намойиш қилган эди.
Бу маълумот ортидан Маданий мерос агентлиги тезда ишга киришиб вазиятни назоратга олгани айни агентлик тақдим қилган расмий маълумотда таъкидланди:
«Бўстонлиқ тумани «Хўжакент» МФЙда жойлашган «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги IХ-ХII асрларга оид бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 4-октябрдаги 846-сонли қарори билан миллий рўйхатдан жой олган.
Шунингдек мазкур обект моддий маданий мероснинг кўчмас мулк обекти сифатида давлат кадастрига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
2022-йилнинг 1-апрел санасида Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси вакиллари томонидан мазкур археология ёдгорлиги ҳудудида тегишли рухсатномасиз қурилиш ишлари амалга оширилаётгани ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 30-мартдаги 265-сонли қарорнинг 5-иловаси талаблари бузилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан бошқарма мутахассислари томонидан шу куннинг ўзида далолатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорга қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари берилган.
Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилган. Бугунги кунда Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан терговолди ҳаракатлари амалга оширилмоқда.»
Элтуз Бўстонлиқ тумани «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний қурилиш ишлари билан боғлиқ холатни кузатишда давом этади. Бундан олдин Элтуз Тошкент вилоятида маданий мерос объектларига зарар етказган ва миллионларни ўзлаштирган мансабдорлар ўзбошимчалиги ҳақида ëзган эди.
Хусусан Бўстонлиқ туманида жойлашган «Шайх Умар Вали Боғистоний» зиёратгоҳини таъмирлаш-тиклаш ишлари жараëнида 402,7 млн сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштирган.
Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Қиличли ота» зиёратгоҳида қайта таъмирлаш чоғида «TOSHMELIOQURILISH» МЧЖ мансабдор шахслари , бажарилган қурилиш ишлари бўйича тузилган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритиб, ҳақиқатда бажарилмаган иш ҳажмларини қўшиб ёзиш орқали 263 млн 286 минг сўмлик бюджет маблағларини ноқонуний ўзлаштирган.
Eltuz.com