Асосий мавзулар
12 август 2022

РТдан ваъз: Тўхтахонга нега тўхта дедим?

Кўраëтганингиз бу кадрлар кик бокс ëки қоидасиз муштлашув саҳнаси эмас, оддий Сариосиëдаги дарс соатини бўлиша олмаган ўқитувчиларнинг бир-бирини дўппослаши.

МС: Анави хотин манави семиз хотиннинг биқинига ёмон солди лекин. Булар спорт ўқитувчиси бўлса керак.

РТ: Йўқ, булар бошланғич таълим, тарих, адабиëт она тили муаллимлари. Агар шу муштумзўрлар ўқитувчи бўлса унда улар ўқитган болалар ким бўлади.

МС: Бу муаллимлардан меҳр нури эмас, нафрат ва кин таралмоқда. Эсингиздами, маллимлар ҳақида қўшиқ бор эди. Меҳр нури ëғар доим кўзингиздан устозлар. Татам там там.

РТ: Яша Матчон суқилиш. Аммо сен билан қўшиқчи ўртасида фарқ бор.

Nuance

Французча «Нюанс» (nuance) сўзи ўзбек тилига ҳам кирган. «Нозик фарқ» («жузъий фарқ», «кичик фарқ», «зариф тафовут» ) деган маънони билдиради.

Бир хил гапдай туюлган икки фикрда нюанс айролиғи бўлади. «Мен Россиянинг Украинани босиб олишига қаршиман», деб турган одам, сал ўтиб, «мен урушга қаршиман¸ лекин украинлар ҳам ҳаддини билиши керак» деса, демак, унинг миясида путинпарастлик тарафга силжиш бор.

Бугун нечта рус аскарининг Украина урушида ўлгани ҳақида ëзсам, Тўхтахон деган қўқанлик хола келиб, «нариги тарафни ҳам тенг кўриб,  украинлар талафотини ҳам айтинг», деди.

Бу ерда нюанс шуки, бу хола босқинчини мазлум билан тенг кўрмоқчи. Яна бу хола «жўжани кузда санаш» орзусини ҳам яширмади. Яъни бу хола – «куз» яъни Россиянинг «ғалаба» қилган кунида инидан чиқиб –  ҳурсанд бўлиш орзусида. Эсингиздами, урушнинг илк кунида эринмаган одам «Киев уч кунда онтарилади. Артист четга қочади» деб пол боққанди.

Шундан кейин улар риторикасидаги нюанс ўзгариб «Жўжани кузда санаш» орзусига тушишди. Ҳудди шундай нюансни толибонга муносабатда ҳам кўрдим. Яқиндагина «Толибон – бу ислом эмас. Улар соф исломдан узоқ» деб турган ақлли эркаклар «Толибон – бизнинг жигаргўшамиз» деб эрсираган бачча каби бу террорчиларга суқланиб гапира бошлади.

Ҳозир улар «ИШИД – бу ислом эмас» деб туришибди. Эрта биркун уларнинг фикрлашида силжиш бўлса, нима дейишини тахмин қилишим мумкин.

Саводсиз, жоҳил, ëшлигида тўйиб овқат емагани боис жисмонан ўсмай қолганларда ўзига ишончсизлик ҳисси устивор бўлади. Амëбанинг умуртқали сут эмизувчидан фарқи ҳам ана шунда. Nuance дейди буни французлар.

Итларда ҳам умуртқа бор

МС. Итларда ҳам умуртқа бор. Улар ҳам сут эмизади. Ҳатто Туркманистонда итга олтин ҳайкал қўйилган.

РТ: Ҳайкал президентнинг ити олабойга қўйилган. Оддий ит ҳаëтига эса ҳавас қилиб бўлмайди. Туркманистоннинг Туркманобод шаҳри мулозимлари кунига етти дайди итни ўлдириши лозимлиги белгиланган ва улар итларни ўлдира бошлашибди.

МС: Қандай итларни ўлиришаяпти. Гуржи кучукларними? Туркманистонда қора мошин запретда эди. Қора итларни ўлдиришаяптимикан? Аммо шундай бўлса, суннатга мувофиқ иш бу.

РТ: Қарорда итларнинг статуси, яъни дайди бўлиши белгиланган, аммо ранги ҳақида гап йўқ. Муҳаддис олим Аль-Мугни, Ибн Кудаманинг лутф қилишларича, итлар икки турга бўлинади: биринчиси, ўлдирилиши суннат бўлган ва иккинчиси, ўлдирмаса ҳам бўлаверадигани. Суннатга кўра, қора рангли итлар ўлдирилиши жоиз. Чунки қора итлар ичида иблис ўтирган бўлади. Шу билан бирга мақсадсиз дайдиб юрган итларни ҳам ўлдиришлик жоиз. Қолган итларни ўлдирмасаям бўлаверади. Улуғ муҳаддис бобомиз Бухорий ва муҳаддис олим Муслимнинг баробар Ойиша онамизга нисбат бериб нақл қилишларича, Байтул Ҳарам ҳудудида ўлдирилиш лозим бўлган тўртта ҳайвон бор. Булар калхат, қарға, чумчуқ ва итлардир.

«Абу Саълабадан  ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Итлар ҳам бир жамоа (тур) бўлмаганида уларни ўлдиришга буюрардим. Лекин бир жамоанинг йўқолиб кетишидан қўрқдим», дейилади.

Қуръони каримда ит уч марта тилга олинади. «Моида» сурасида ит билан ов қилиш жоизлиги айтилади. «Ал Аъроф» сурасида илмига амал қилмайдиган одам итга қиëсланади. «Ғор» сурасида келадиган Асҳаб ал-Қаҳф ҳикоясида Даққиюнус исмли ҳукмдордан қочиб 300 йил ухлаган етти мўмин ëнида «Қитмир» деган  вафодор ит ҳақида гап  бор эди.  Нозил бўлган Китобда «итни ўлдиринг», деган директ амр йўқ.

МС: Аммо нега ўзбек мақолларида итлар жуда пастга урилади? «Итнинг кейинги оëғи», «ит ëтиш, мирза туриш», «ит ўлимида ўл», «итдай хор бўл». Божхона ходимлари бир-бирини «ит» деб сўкишар экан.

РТ: Тўғри айтдинг Матчон, нега итни бунча пастга урамиз? Нима ëмонлик қилди у бизга? Қўйларимизни бўридан, уйимизни ўғридан ҳимоя қилса.
Ўйнашингдан кўрмаган садоқатни кўрсатса. Чўкканни қутқарса, божхона юклари орасига яширинган бомба ва наркотикни топса. Космосга ҳам Гагарин ва Жуманазар акадан олдин «Лайка» деган кўппак учган бўлса. Ҳатто олов ичидан гўдакни қутқарган ит ҳақида афсона бор.

МС: Яшанг Туз оға. Хоразмни Чингиз босганида Нажмиддин Кубронинг ити ҳам душманга қарши курашган экан. Тарихчи Азамат Зиë талқинига кўра, Хоразмда Амир Темур музейи бўлмаслиги керак. Чунки Темур Хоразмни босиб олиб вайрон қилган. Узр-да энди. Шунчаки, Азамат Зиё мантиғига таяниб айтдим!

РТ: Азамат Зиë Бойсунда очилаëтган музей номи Юнон Бақтрия бўлса шарманадалик, чунки Юнонлар бизни қайсидир отам замонида босиб олган душмандир деди. Аммо Бу Азамат Зиë ўткан йиллари ўрисга атаб Ғалаба боғи қурилганида ëки яқиндагина Тошкентдаги гўдакларни қиличдан ўтказган ўрис босқоинчиларига Камолонда Бутхона таъъмирланганда чапакни каттасидан чалувди.

МС: Шу Ўзбекистонга музей нимага керак? Масалан мен билган эркаклар пули сал ошса Қатортолга боради гул искашга. Музейга бормайди. Қолаверса, халқ оч ва яланғоч. Итнинг кўтида бир тийин бўлса олажак.

Музей нимага керак?

РТ: «Ўзимиз нон ўрнига кунжара еб очдан ўлаëтган, кийими йиртиқ бўгани учун совуқдан кўкарган ва ҳатто паспортига ҳам «қашшоқ» деб ëзилган йўқсул бўлсак, бизга музей нимага керак», деб ëзилган изоҳларга жавоб берсам.

Яқинда очдан ўляпман, текин продукта бер, деб, маҳалла ва портални ҳар куни террор қиладиган кампир ўлганидан сўнг уйидан чиққан қутида бир пачка доллар (камида 10 минг) ва бир тугун олтин тақинчоқ бор эди. Энг камбағал одамам Юлдузнинг админстратори Тоҳир аканинг олдига келиб, «майли, ўн минг дўллар бўсаям тўйга келинг, йиққанимиз бор. Гадой бўсагам тўрвамиз бор», дейди. Яъни очдан ўляпман деган одам гапини буквално тушунмайлик. Иккинчидан, дунëдаги энг қашшоқ ўлкаларда ҳам музей бор. Музейдаги нарсаларни сотиб, бу паразитларни бақиб ташаш деган гап нотўғри. Халқнинг аҳволи нима бўлишидан қатъи назар маърифатни ҳеч ким бекор қилмади. Музей ҳар тарафлама зарур. Ҳатто Наполен сургун қилинган орол ҳам музейга айлантирилган. Тахтдан ағдарилган Наполеон Муқаддас Елена оролига сургун қилинади. Сургун пайтида унга кимдир дурбин совға қилиб юборади. Наполеон бу дурбин билан канорсиз денгизга қараб ўтиради. Ҳозир бу дурбин музейда сақланади. Яқинда бу дурбинни тозалаш учун ичини очишди. Ичидан Наполеонга аталган махфий хат чиқди. Бу хатда Муқаддас Елена оролидан қочиб чиқиш плани ëзилган эди. Албатта, Наполеон бу мактубни ўқимади ва сургунда жонини жабборга берди. Мактубни музей ходимлари ўқиди. Осмони фалакда бизга чарақлаб кўринган юлдуз аслида миллион йил олдин сўниб тугаган бўлади. Унинг нури бизга етиб келгунича вақт ўтади. Ҳозирги машиналар ичидаги бензинли мотор ички «ëнув двигатели» деб аталади. Бу двигетелни 1776 йили инженер Жон Барбер кашф қилган эди. Аммо Керкук – Ироқда олиб борилган қазишма чоғида худди шу принципда ишлайдиган механизм бўлаги топилди. Яъни ëпиқ идиш ичида нефт ëнади, ҳосил бўлган буғ поршенни айлантиради. Коленваллар эса ëғоч ғилдиракни. Зайтун ëғ жувози учун ишлатилган экан бу механизм. Бу механизмнинг ëши минг йилдан ортиқ, дейишди. Дунë бу кашфиëтдан бехабар қолди.

Нега? Чунки музей йўқ эди. Ҳозир бемалол Керкукка бориб бу механизмни кўриш мумкин. Яна бир гап. «Эски чориғингни унутма», деган нақл бор. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Охунбобоев ўқиш ëзишни билмаган гадой фуқаро бўлган. Президент бўлганида ўзининг кабинетига битлаган гупписи билан йиртиқ чориғини осиб қўйган экан. Олдин қаерда эдиму, ҳозир қаердаман, дея фикрлаш учун. Буям музейда энди.

МС: Туз оға, бир эртак айтиб беринг. Ибратли бўлса яна яхши…

Золим билан мазлум

Золим билан мазлум бир хонада яшарди. Золим арзимас сабаб билан мазлум дилини оғритар, аммо кечирим ҳам сўрарди. Бир куни мазлум золимга бир тахта мих ва болға берди. «Сен менинг дилимни оғритган куни шу тахтага мих қоқ» деди. Бир ой ўтмай тахта худди типратрикон каби михлар билан тўлди. Золим мазлумга қараб «Энди нима қилай»деди. Мазлум бўлса «Энди михларни суғур» деди. Золим михларни суғурди, аммо тахтада тешиклар қолди. «Кўрдингми» деди мазлум» Сен ҳар сафар менга зулм қилиб кейин кечирим сўрайсан. Аммо менинг қалбим шу тахта каби илма тешик бўлди» Золим айбини тушуниб етди ва бошқа зулм қилмайдиган ҳалим бир одамга айланди.

МС: Туз оға олдинлари вазларнинг ичи дўли шеър, бахру байт бўларди. Сизам шеър ëзасиз. Мана шоирлар ëрдан бўлса олдим деб ëзади. Сиз ҳам бўлса олганмисиз ëш воқтларингизда кадилардан?

РТ: Бўлса эмас бўса. Взасос ўпишиш дейди буни. Бизам воқтида паркларда ўпишганмиз, қизларни ëғиннисини дарахтга ишқаб.

МС: Бобуур паркиндами. Шу ҳақдаги шеърингизни айтиб баринг, ойтиб баринг бир эслайлик кўна вақтларни.

Эсингдами ўпишгандик Бобур паркинда
Ëшли оғоч кўк чибиқ чиқарган салқинда
Ўша чой ичадиганимиз кафе ортинда
Эсласанг оти Киров эди. Эски талқинда
Питерда отилган ëш коммунист одинда
Ҳайкали бор эди Низомий ортинда
Яна черикбош Фрунзе турарди отинда
Эсингдами ўпишгандик Бобур паркинда
Кўклам эди. Кўк элаги қилмас фарқинда
Ҳаво совуқ эди. Исиндим иссиғинда
Қуриб қолган тўнка. Ҳайкал қилиғинда
Парк Кировнинг шимолий шарқинда
Минг тўққиз юзнинг саксон тўртинда
Совуқ эди советларнинг қизил юртинда
Эсингдами ўпишгандик Бобур паркинда.
Юзни юзга босиб ўйладик,  севги ҳаққинда
Глинка кўчасига ëндош Бобур паркинда
Студент куйларди Гибралтар ҳаққинда
Қўшиқни қайта эшит. Қулоқчинни таққинда
Бу қўшиқ нафақат Гибралтар ҳаққинда
Қўшиқ саслари келарди Бобур паркинда
Эсингдами ўпишгандик Бобур паркинда.

Шахмат

МС: Туз оға олдин прездент шоирларга спарк берарди. Хозир  шахматчиларга подарка қилинган машинанинг нархи 400 миллион деди президент. Буни билганимда  менам шахмат ўйнардим.

РТ: Шу кунларда шахматда ютган юртдошларимиз азизу мукаррам мақомига чиқарилиб, шарафу иззатга нойил бўлмоқда.

МС: Аммо 99,99 фоизи имон келтирган, дунëга муҳаддис олимлар берган, Ўзбекистон заминидаги раият ишонадиган шариатга кўра, шахмат ҳаромдир. Мамлакатимиз халқи шахматчилар билан фахрланиб ўтирганида муллабачча ва имомбердилар совуқ нафас олиб, шахмат ҳаром деб ëтишибди. Туз оға, сиз хужра кўрган, араб тили ва имлосини билган одамсиз. Китоб қараб айтинг. Тарап тутмай.

РТ: Баъзи уламолар пул аралаштирмай фақат уйда ўйналса мубоҳ, дейди Валлаҳу Аълам. Шахмат –  бу камида 5 минг йиллик тарихга эга қадимий ҳинд интелектуал ўйинидир. Мусулмонлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) илк бор бу ўйин билан Ироқда ҳазрати Умар (розиаллоҳу анҳу) халифалик қилган даврда илк бора юзлашишган. Саҳобаи киром ва тобеинлар шахматнинг ҳаром амал эканлигида муштарак фикрда бўлганлар. Ҳазрат Али (розиаллоҳу анҳу) ва Ҳазрати Умар (розиаллаҳу анҳу) шахматни тақиқланиши керак бўлган ҳаром амал деб билишган (Аллоҳ улардан рози бўлсин).  Имом Нававий шахмат, агар пул аралашмаса, танзиҳан-макруҳдир, деган.
Йўлчироғимиз бўлган Имоми Аъзам шахматни ҳаром деб билган (Аллоҳ улардан рози бўлсин). Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳабларида ҳам шахмат Аллоҳ зикридан чалғитувчи¸ бир одамни ютиш ҳарисига кириб, такаббурлик, кибр ва енгиш васвасасига киришлиги сабабли қаттиқ қораланган ва тақиқ қўйилган. Бу фикрни фиқҳ устодлари Абдурраҳман Жазоирий, «ал-Фиқҳул-Мазаҳибиль-Арбаа» ҳам ўз муборак фатволари билан тасдиқлашган.

МС: Демак, биз учун авторитет бўлган крутой олимлар фикрича, шахмат ўйнашлик – 52 та гуноҳдан бири. Шахмат ўйнаганларнинг жаҳаннамга ўтин бўлишлик эҳтимоли катта. Яна Аллоҳ билгувчидир.

Рус совет рамзлари ағдарилмоқда

МС. Туз оға мана бу видеони қаранг. Полшадаги совет монументини булдозер билан онтаришди. Юлдузи билан ўроқ болғасини дами чиқди.

РТ: Бугун бутун дунë рус совет ҳайкал ва рамзларини бузиб ташламоқда. Рус совет патриотик қўшиқлари тақиқланмоқда, Россия телеканаллари Германияда расман ўчириб қўйилди. Айни ишларни бундан 20, 30 йил олдин Ўзбеккстон президенти қилган эди. Сарой номидан сохта «Халқлар дўстлиги» номини олдириб ташлаб, «Истиқлол»га айлантирган эди. Майдон олдидаги СССР 15 республикаси гербларини бирлаштирган стелла демонтаж қилинди. Вокзал олдидаги комиссарлар ва юлдузию ўроқ болғаси бўлган жами ҳайкалу монументлар онтарилган эди. Ўзбекистонда Россия телеканаллари трансляцияси тўхтатилган ва Кобзон каби СССРни куйловчи артистлар тақиқ остида эди. 9 май куни ким «Ғалаба» байрами деса оғзини уриб синдиришарди. Ҳеч бир мулозим кўкрагига георгий лентаси тақмасди. Жирик каби ултра миллатчи, Рамзан каби пидрилло авантюристларга мамлакат эшиги ëпиқ эди. Каримов Россия кўчаларини супуриб қалбан Путинпараст бўлиб қолган мигрантлардан жирканишини айтиб, уларни дангасалар деганди. Хўш Каримов тўғри қилганмиди? Бугун Европа қилаëтган тадбирни Каримов анча олдин қилгани нимани билдиради?

МС: Туз оға, Россия ҳудудларида Украинадаги урушда қатнашиш учун  ўзбеклардан бўлинмалар тузилаëтган экан. Ўзбеклар «Амир Темур» номидаги баталëн тузиб, Укранага бориб, ëш гўдаклар ва аëлларни ўлдириб юрадими энди. Нега?

РТ: Ўрис пропагандони Маргарита Симоньян Пермдаги ўзбек диаспоранинг Украинадаги босқинчи урушда қатнашиш истагини қўллаб қувватлади.

Россиядаги мардикор ўзбеклар Украинадаги босқинчилик урушига бориш учун ёлланмоқда. Бу ëллаш амалиëтини Пермдаги ўзбек диаспораси раҳбари Жаҳонгир Жалолов мажлис қилиб мардикорларга билдирди. (Айтмоқчи, Жалолов Россия фуқароси, лекин Ўзбекистон паспорти ҳам бор.
У ўз ватандошларини Амир Темур номидаги кўнгилли баталон тузиб, Украинадаги гўдак ва болалар ўлдирилаëтган босқинчилик урушига боришга даъват қилди. Жалолов назарида, бу мардикор-дангасалар Россияда   «улар еяётган нонни оқлашга мажбурдирлар».

Эслатиб қўямиз, Ўзбекистон ватандошининг чет элда жангари гуруҳларга қўшилиши жиноят ҳисобланади.

МС: Туз оға шу Элтуз телеграм канали ва бошқа платформалари жуда машхур бўлиб кетди. Телеграмнинг ўзини кунда миллиондан кўп одам зиëрат қиляпти. Реклама қўймайсизми ичина?

Реклама қоидаси

Рассом Тузга паранжи, бурқа, ниқоб ва ҳижобни реклама қилишга буюртма тушди. Срази отказ қилинди. Бошқа бунақа заказ қиманг. Умуман яна бир бора такрорлайман. Дунëвий давлат яъни секуляризм принципларига кўра, давлат диндан ажралгандир. Ўзбекистон қонунларига кўра ҳеч бир мафкура гегемон бўлиши мумкин эмас. Дунëдаги беш мингдан ортиқ инонч соҳиблари сизнинг эътиқодингизни ҳурмат қиламиз. Бемалол сигирга сиғинишингиз мумкин. Лекин бу менинг сут ичишимга моне бўла олмайди. Бугун мамлакат учун устувор масала дин ëки бошқа ижтимоий онг формаси бўлган мафкура  эмас.  Устувор масала – иқтисодий фаровонлик ва мамлакат мустақиллиги.

Коммунизм ва бошқа жамоавий куррасал ғоялар миллий давлатчилик тамалларига зид келади. Бизга ҳозир дунëвий билимларни эгаллаган инженер, доктор ва рақамли технология билимдонлари керак. Сув ва ҳаводай зарур. Битта мисол, Ўзбекистондаги текстил фабрикаларига олиб келинган технологияни бизнесмен бутун кучи билан ишлата олмаяпти. Чунки, кадрлар йўқ. Математика ўрнига диний чўпчак ўқиган инженер япон станогини юрита олмайди.

Ўзбекистонни қамраб оладиган текис ва равон йўллар керак. Бу йўлни канисо роббиси ëки калисо попи эмас, инженер қуради. Бу йўлдан тақволи мўмин ҳам, мурид ҳам, муршид ҳам юради. Айни йўлдан буддовий¸ насроний ва бутун аҳли китоб юради. Бу йўлдан деист ҳам, агност ҳам юради. Йўл бу мамлакатнинг қон томирларидир. Германиядаги текис ва тезлик деярли чекланмаган йўллар ўн йиллардан бери тараққиëтга тамал бўлиб хизмат қилади.

Рассом Туз жаҳолат¸ қадимчилик ва муттаасиблик эмас технологик тараққиëт¸ либерализм тарафдори. Рассом Туз  Ўзбекистон давлатининг ташқи марказлардан мустақиллиги тарафдори. Ташқи марказ Московдами ëки Идлибдами, унинг байроғи, қизилми ëки яшил бўлишидан қатий назар, зарарлидир.  

Рассом Туз худди жадид оталари каби Ғарбга яқинлашиш тарафдори. Рассом Туз Россиянинг Украинага босқинини мутлақо қоралайди. Чунки босқинчининг оч назари Ўзбекистонга ҳам қаратилганидан хабардор.

Жаноблар сизга буюк ҳиссий ҳаяжон ва диний ғала-ғовур керак. Менга эса Файзулла Хўжаевдан омонат бўлган  кўпмиллатли, кўп конфессияли ва дунëвий стабил давлат – Ўзбекистон керак. Шу нуқтада бирлашамиз. Шу нуқтада айриламиз.

Ассалом Ўзбекистон, Жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
30 август 2022
Шейн Ҳаррис, Карен ДеЯнг, Изабель Хуршудян, Эшли Паркер ва Лиз Слай Ушбу мақола The Washington Post газетасининг АҚШ иттифоқчиларини ...
27 август 2019
«Бир томондан, диндорларни таъқиб қилиш айни чўққисига чиққан пайт, бошқа томондан, ота-онасини қарийб бир йилдан бери кўрмаганлиги… Ахийри, у ...
15 апрел 2016
Ўзбек матбуотига берган интервьюларида режиссер янги фильм воқеалари ўтган асрнинг 90 йиллари бошида, Ўзбекистон эндигина мустақиллика эришга даврдаги тарихий ...
18 май 2021
Рассом Кирпи
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...