600 CЕКУНД: Тошкент прокурори ҳадя тарқатмоқда, Андижон ҳокими арзгўйларни пойгакда қабул қилмоқда
ДХХ Чегара қўшинлари Сурхондарё вилоятида Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтган 24 нафар Афғонистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Уларнинг Амударё ўртасидаги Пайғамбар оролига қизилмия илдизини қазиб олишга ўтгани аниқланди.
+++
Андижон шаҳрида психотроп дори воситалари олди-сотдиси билан шуғулланаётган шахслар ушланди. Гумондорларга тегишли автоуловда 100 дона «Тропикамид» ва 224 дона «Регапен» дори воситалари борлиги аниқланган.
+++
Президент Шавкат Мирзиёев 22 август куни тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов фейсбук тармоғида маълум қилди. У аввалроқ мулоқот олдидан тадбиркорлардан қарийб 8,5 мингта мурожаат келиб тушгани, уларнинг 72 фоизи аллақачон ҳал этилганини айтган эди. Лекин, Элтузнинг ўрганишича учрашувда фақат танланган тадбиркорларгина қатнашиш имконига эга бўлган.
+++
Тошкентлик депутатлар томонидан пойтахтда биометрик маълумотлар асосида инсон юзини таниш тизими ишга туширилиши муҳокама қилинди. Бу ҳақда ёзаётган маҳаллий матбуот хабарларида мазкур тизимнинг жамият хавфсизлиги учун нақадар муҳимлиги ҳар томонлама таъкидланмоқда. Аммо ҳеч ким бу тизимнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қанчалик чеклаши мумкинлигига эътибор қаратмаяпти. Айни тизим Хитой расмийлари томонидан Шинжонда уйғурлар ва бошқа мусулмонларга қарши қатағон сиёсатини юргизишда қўлланиб келинади.
+++
Тармоқда Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиевнинг туман фуқароларини ноанъанавий тарзда қабул қилаётгани акс этган фотосурат тарқалди: Юзерлар эътиборини ҳокимнинг баланд айвончанинг тўрида ўтирган, фуқаронинг эса пойгакдан жой олгани тортмоқда.
+++
Бош прокуратура ходимлари Тошкентнинг Сергели туманида павлония дарахтлари экиб ташашди. Нега павлония? Нега масалан бегонвил эмас? Терак экса яхшимасми эди?
+++
Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов эса 21 кишига текин ноутбук ва 2 одамга инвалид коляскаси берди. Прокурорнинг вазифаси нима ўзи?
+++
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё МТМ раҳбарининг боғча фарроши онаси билан жинсий алоқа қилиш истаги акс этган навбатдаги видео пайдо бўлди.
Қашқадарё вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Султонмурод Донаевнинг қабулига кирган 12-боғча фарроши (кир ювувчиси) Садоқат Гилдиева, муаммоси ечилмаганидан сўнг, раҳбар билан қаттиқ айтишиб қолган. Оснода уни ишдан ҳайдашини билдирган раҳбар уни «Онангнинг фалонига фалон қилай» деб сўккан.
+++
Сурхондарё вилоятидаги баландлиги 4 минг метрдан ошиқ Ҳазрати Султон чўққисини забт этган Руминиянинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Кристиан Чобану ўзбекларни мустақиллик байрами билан табриклади. Дипломат Мустақилликнинг 31 йиллигига бағишланган ўз табригини ўзбек тилида йўллади.
Ўзбекистонга элчи этиб тайинланганига атиги бир йилгина бўлган Чобануемен ўзбек тилини ўргангани ўзбек тилини билмайдиган кўплаб ўзбекистонликлар учун ибратдир.
+++
Хитойда охирги 60 йилда энг иссиқ ҳарорат кузатилдт. Янцзи дарёсида сув озайиб кетгани ХХР расмийларини электр энергияси тақсимотида фавқулодда чоралар кўришга мажбур қилмоқда. Би-би-си хабарига кўра, мамлакатнинг айрим вилоятларида мутасаддилар қурғоқчилик туфайли сунъий равишда “булут чақириш”дан бошқа чора топа олишмаяпти.
+++
Россиянинг Ульяновск вилоятидаги йўл-транспорт ҳодисаси чоғида 16 нафар киши қурбон бўлди, уларнинг 14 нафари қирғизистонликлардир. Автоҳалокат 21 август куни М-5 “Урал” автойўлида содир бўлган. Ҳодиса ортидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровга ҳамдардлик мактуби йўллади.
+++
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Старо-Петергоф шоҳкўчасидаги деворга Google қидирув тизими саҳифаси шаклида “Goolag” граффитисини чизмоқчи бўлган тўрт рассом қўлга олинди. “Явь” арт-гуруҳи аъзолари бўлган йигитлар “Goolag” (“Гулаг”) сўзи остидаги қидирув катагига “Қандай қутилиш мумкин?” (“Как выбраться?”) жумласини ҳам ёзишни режалаганлар. Бироқ улар деворга трафарет ёпиштиришлари билан тутиб кетилган. Рассомлар “Майда безорилик”да айбланмоқда.
+++
БМТ “рус дунёси” тарғиботчиси Александр Дугиннинг қизи Дарьянинг ўлими ортида турган фактларни аниқлаш учун суриштирув ўтказишга чақирди. БМТ расмий вакили Стефан Дюжаррикнинг билдиришича, бу суиқасдга оид баҳслар тиниш ўрнига кундан-кун авж олмоқдв.
Кремлга яқин телеканаллар билан ҳамкорлик қилиб келган Дарья Дугина 20 август куни машинасига қўйилган бомба портлагани натижасида ҳалок бўлган. ФСБ суиқасдда украиналикларни айблаган, Киев эса бу ўлимга алоқаси борлигини қатъиян рад этмоқда.
Россия президенти Путин Дугинани ўлимидан сўнг “Жасорат” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Айни пайтда ўтган ойнинг ўзида Украинада Дугиннинг қизи билан тенгдош 27 нафар аёл тириклайин ёқиб юборилган, бетон деворлар остида қолган, портлашлар натижасида парчаланиб кетган, бўғиб ва зўрлаб ўлдирилган.
Уруш бошлангандан буён эса камида 20 минг ёш аёл Путиннинг бомбалари ва найзалари билан ўлдирилди. Уларнинг аксари ёш болали эди. Деярли барчасининг исми маълум.
+++
Америка Қўшма Штатлари Россия фуқароларига виза тақиқини жорий этиш ниятида эмас. Бу ҳақда 22 август куни АҚШ Давлат департаменти вакили маълум қилди.
Мулозимга кўра, бу ерда Россия расмийлари ва уларнинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари билан оддий россияликларни фарқлаш лозим. Департамент вакили Россиядан бўлган барчага виза беришдан бош тортиш россиялик диссидентлар ҳамда ватанида таъқибга учраётган барча учун хавфсизлик йўлини ёпиб қўяди.
Аввалроқ, Украина президенти Владимир Зеленский The Washington Post газетасига берган интервьюсида ғарб мамлакатларини россияликларга виза тақиқини жорий қилишга чақирган эди. Латвия, Чехия ва Эстония Россия фуқароларига саёҳат учун шенген визасини беришни тўхтатган, Финляндия эса бу каби визалар сони чекланишини эълон қилган эди.
+++
Украина президенти Владимир Зеленский Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали Киевнинг Крешчатик майдонида тасвирга олинган видеони тақдим этди. Унда мамлакат ҳудудига бостириб кириб, Киевга етгунича Украина Қуролли кучлари томонидан ишдан чиқарилган ҳарбий техника, жумладан, танклар, БТР, БМП ва бошқа жанговар машиналар акс этган.
Ўз пости остига ёзилган қисқа изоҳда Зеленский “Россия техникасининг Украинадаги паради фақат шундай бўлиши мумкин”лигини айтган. Шундан сўнг “Рус танклари паради” дея кинояли ном олган бу видео тармоқларда яшин тезлигида тарқала бошлаган.
+++
Ҳиндистон шимоли ва шарқида тинимсиз қуйган жала ортидан юзага келган тошқин ва кўчкилар сабабли дам олиш кунлари ўнлаб одам ҳалок бўлди. Reuters агентлиги хабарига кўра, табиий офат Уттаракханд, Жаркханд ва Одиша штатларида 50 кишининг умрига зомин бўлган. Уттаракхандда 13 киши бедарак йўқолгани, Одишада эса 800 минг киши бошпанасиз қолгани айтилмоқда. Штатда йўлларга шикаст етган, сув ва электр таъминотида узилишлар кузатиляпти.
+++
Бу 600 секунд ичида Элтуз сизга етказмоқчи бўлган хабарлар эди. кун давомида биз билан қолинг. Каналларимизга обуна бўлишни унутманг.