Асосий мавзулар
30 август 2022

Айғоқчилик, махфий дипломатия ва уруш – 2 қисм

Шейн Ҳаррис, Карен ДеЯнг, Изабель Хуршудян, Эшли Паркер ва Лиз Слай

Ушбу мақола The Washington Post газетасининг АҚШ иттифоқчиларини ва Зеленскийни уруш муқаррарлигига қандай ишонтиришга ҳаракат қилгани борасидаги текширувлари асосида тайёрланган.

“Элтуз” мақоланинг қисқартирилган таржимасини эътиборингизга ҳавола этади.

(давоми)

МОСКВА

Разведка маълумотлари Путин берган ваъдалар тўғрилигини тасдиқлади. Унинг июль ойида эълон қилинган “Руслар ва украинларнинг тарихий бирлиги ҳақида” мақоласи ўта шубҳали сиёсий хулосаларга асосланган тарихий айбловларга тўла эди.

Руслар ва украинлар, дея таъкидлаганди Путин, ягона халқ эди, аммо Россия айёр Ғарб томонидан талонга учраганди. “Украинанинг ҳақиқий суверенитети айнан Россия билан шерикликда мумкин бўлишига ишонаман”, деб ёзганди Путин.

Ёз охирларида разведка маълумотлари, Путиннинг ўзини тутиши ўрганилган таҳлиллар бўйича бир тўхтамга келган расмийлар Россия раҳбари унинг имкониятлари ойнаси қанчалик ёпилаётганини англаб етаётганига ишонч ҳосил қилдилар.

На НАТО, на Европа Иттифоқи аъзо бўлган Украина эса тобора Ғарбнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий доирасига тортилиб борарди. Бундай эврилиш совет империяси парчаланиши билан боғлиқ нохуш воқеликни қабул қила олмаётган Путинда норозиликни кучайтирарди.

Таҳлилчилар хулосаларига кўра, тезда 69 ёшни қаршилайдиган Путин Россиянинг Евроосиё минтақасидаги етакчилиги меросини тиклаган энг буюк раҳбарлар қаторида бўлишини мустаҳкамлашга жуда оз фурсат қолаётганини англаб бораётганди.

2 ноябрдаги учрашув чоғида Юрий Ушаков Бернсни Москвадаги коронавирус инфекциясининг навбатдаги тўлқинидан қочиб Сочида бўлиб турган Путин билан телефон орқали боғлаб берди.

Россия раҳбари НАТОнинг кенгайиши, Россия хавфсизлигига таҳдид ва Украинанинг ноқонуний ҳукумати каби одатий арз-додини баён қилди. “У президент Зеленский тўғрисида сиёсий етакчи сифатида жуда андишасизларча гапирди”, деб эслайди Бернс.

Москвада ишлаб, Путиннинг бундай гапларига кўникиб қолган Бернс ўз қарашларини айтди: “Нимани ўйлаётганингизни АҚШ яхши билади, агар сиз Украинага бостириб кирсангиз, жуда катта товон тўлайсиз”.
Бернс Кремлга Байденнинг Россия Украинага ҳужум қилса, оқибатлари қандай бўлиши тўғрисида огоҳлантирилган мактубини топширди. “Путин жуда аниқ ва лўнда гапирганди”, дейди Бернс.

У Россиянинг Украинага бостириб киришидан дарак берадиган разведка маълумотларини рад этмади.
Николай Патрушев Бернс билан суҳбатда Путиннинг тарих ва НАТОга оид айбловларини бирма-бир такрорлади.

Констурктив ҳамкорлик учун имконият қолмагандек туюлгани МРБ директорини Путин ва унинг тор доирадаги ёрдамчилари ўз виртуал дунёларини яратиб олмаганми, дея ўйлашга ундади.

7 декабрда Путин ва Байден видеоалоқа орқали гаплашди. Путин Украина чегараларига қўшин жўнатишга қарор қабул қилишининг бош сабаби ғарбий альянснинг шарққа томон кенгайиши эканини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Россия фақат ўз манфаатларини ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилмоқда.

Байден эса Украина яқин вақтларда НАТОга кириши даргумон экани, АҚШ ва Россия Америка қурол тизимларининг Европага жойлаштирилиши муносабати билан Москвада ташвиш уйғотаётган бошқа масалаларда келишувга эришиши мумкинлигини билдирди.

Байден назарий жиҳатдан ўзаро муросага келиш мумкин, деб ҳисоблади. Шунинг учун Ой уй музокаралар ўтказиш йўлида давом этди.

Январь бошларида АҚШ давлат котиби ўринбосари Венди Шерман Женевада россиялик ҳамкасби, ўзи яхши биладиган Сергей Рябков билан учрашди.

Рябков Москванинг Украина бўйича битимга келиш учун декабрь ойи ўрталарида расман билдирилган икки таклифга асосланган позициясини такрорлади: НАТО кенгайишни бас қилиши ва альянсга 1997 йилдан сўнг қўшилган Польша, Руминия, Болгария ва Болтиқбўйи мамлакатларидаги ҳар қандай фаолиятдан тийилиши керак.

НАТО эшикларини ёпиш ва мавжуд аъзоларнинг мақомини пасайтириш таклифларини рад этган Байден маъмурияти НАТОнинг Россия чегаралари бўйлаб ўтган шарқий қанотида қўшин ва қурол-яроғ жойлаштириш каби қатор хавфсизлик масалаларида музокаралар ўтказиш ва ишончни мустаҳкамлаш чораларини кўришни таклиф этди.

Бунинг шарти Украинага уруш хавфини бартараф этиш эди. Рябков Шерманга Россия америкаликларнинг муносабатидан ҳафсаласи пир бўлганини маълум қилди.Оқ уй Шерман ва Рябков учрашувига “руслар бизнинг хавотирларимизга қанчалик жиддий муносабатда бўлиши имкониятини ва дипломатия истиқболларини текшириб кўриш” сифатида қараганди, – дейди ўша пайтда Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Эмили Ҳорн. – Аммо улар дипломатия эмас, балки бор-йўғи дипломатик ишларни бажаргани тезда ойдинлашди. Ҳатто улар шуни ҳам жиддий бажаришмади.

21 январда Женевада совуқ ва тунд об-ҳаво ҳукмрон, кучли шамол одатда тинч кўл юзасини тўлқинлантириб турарди. Блинкен ва унинг ёрдамчилари соҳил бўйидаги ҳашаматли меҳмонхонанинг рақс залига қўйилган стол атрофида россиялик ҳамкорлар рўпарасида ўтирарди.

Давлат котиби вазир Сергей Лавровга кўлнинг ўйноқи юзасини кўрсатиб: “Балки икки давлат муносабатларидаги жўшқин тўлқинларни жиловлаш вақти келгандир”, деди.

Улар бир-бирига ўзаро илтифот кўрсатганидан сўнг Украина мавзусига ўтишдан олдин бошқа турли масалалар – пойтахтлардаги элчихоналарнинг кўлами ва фаолияти, Эрон билан ядровий келишув борасида фикрлашишди.
Блинкен АҚШ позициясини яна бир бор баён қилди: агар Путинда хавфсизлик масаласида асосли хавотирлар бўлса, АҚШ ва иттифоқчилари уларни муҳокама этишга тайёр. Аммо Украинага босқин бошланганиданоқ Ғарбнинг жазо чоралари тез ва шафқатсиз бўлади, улар Россияни изоляция қилиб, иқтисодиётига зарба беради. Альянс эса Украинага кенг кўламли ҳарбий кўмак кўрсатади.

Лавровнинг жавоблари кескин ва қатъий бўлди. Бир ярим соат давом этган самарасиз музокарадан сўнг гаплашишга ҳеч гап қолмагандек эди. Лекин ёрдамчилар музокара залини тарк эта бошлаганида Блинкен орқада қолди ва Россия вазиридан яккама-якка суҳбатлашишни сўради.

Улар кичкина қўшни конференц залга киришди ва эшикни ёпишди. Ташқарида эса АҚШ ва Россия вакиллари ўнғайсиз кутиб турарди.

“Сергей, айтинг-чи, сиз ўзи нимага эришишни хоҳлаяпсиз, – дея сўради Блинкен. – Ҳақиқатан ҳам гап хавфсизлик масаласига – НАТОнинг Россияга “тажовузи” ва эҳтимолий ҳарбий таҳдид борасида Россия яна ва яна такрорлаётган хавотирларга бориб тақаладими? Ёки гап Путиннинг Украина ҳар доим Россиянинг ажралмас қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади, деган назарий ишончи ҳақида боряптими?

Ҳеч қандай жавоб бермай, Лавров эшикни очди ва жўнаб кетди, ёрдамчилари унинг ортидан эргашди. Бу Россия ва АҚШнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича олий мартабали вакилларининг босқиндан олдинги энг сўнгги юзма-юз учрашуви эди.

КИЕВ

Байден Украина қаршилик кўрсатишига ишонарди. АҚШ, Буюк Британия ва НАТОнинг бошқа аъзолари Украина ҳарбийларини ўқитиш ва уларни қурол-яроғ билан таъминлашга йиллар сарфлаганди. Украина қўшинлари 2014 йилдагидан кўра профессионалроқ ва яхшироқ тайёргарликка эга бўлганди.

Аммо ўзаро ҳамкорлик давомида нафақат Россия босқинидан сўнг қаршилик кўрсатишни ташкил этиш, балки ҳужумнинг олдини олишга ҳам кўп эътибор қаратилганди.

Украинага етказиб берилган қуроллар, асосан, кичик калибрли ва мудофаа мақсадларига хизмат қиларди. Чунки буни Москва Ғарб провокацияси сифатида қабул қилмаслиги лозим эди.

Қолаверса, маъмуриятда халқ қўллаб-қувватлови ва туб ўзгаришлар истаги тўлқинида ҳокимият тепасига келган, бироқ Россия билан тинчликка эришиш ваъдасини бажара олмагани учун жамиятда обрўсининг бир қисмини йўқотган собиқ актёр, Украина президенти борасида жиддий хавотирлар мавжуд эди. 44 ёшли Зеленский

Путиннинг шафқатсизлигига бардош бера олмайдигандек таассурот уйғотарди.

Ҳисоб-китоб ҳам Украина фойдасига эмасди. Россиянинг қўшини кўп, танклари, тўплари, самолётлари ва ракеталари кўп эди. Аввалги можаролар чоғида у Украинага зарба беришга тайёр эканини намойиш эта олганди. Вашингтон эҳтимол Киев Москва кутганидек тез қуламайди, аммо барибир у енгилади, деган фикрда эди.

Ноябрь бошларида Глазгода иқлим ўзгаришлари бўйича ўтказилган саммитда Блинкен Зеленский билан суҳбатлашди. Давлат департаменти раҳбари унга разведка тақдим этган манзарани баён қилди, Украинага яқинлашаётган довулни тавсифлаб берди.

“Биз фақат иккаламиз эдик, – деб эслайди Блинкен, – бу жуда қийин суҳбат бўлганди. Зеленский унга ишонч ва ишончсизлик ўртасида муаллақ турган, аммо “жиддий, босиқ ва собитқадам” шахс ўлароқ таассурот қолдирди.
У ўз жамоасини тақдим этилган маълумотлардан огоҳ қилишини айтди. Аммо украинлар “ўтмишда Россиянинг кўплаб ўйинларига гувоҳ бўлганди”, Зеленский эса мамлакатда саросима бошланса, иқтисодий инқирозга олиб келишидан хавотирда эди.

Кейинчалик Зеленскийнинг эслашича, у АҚШнинг огоҳлантиришларини қабул қилган, аммо унга Украина ўзини ҳимоялаши учун зарур бўлган қурол-яроғ таклиф қилинмаган.

“Эшитинг, ҳужум бўлиши мумкин, деб миллион марта айтишингиз мумкин. Яхши, босқин эҳтимоли бор – бизга самолётлар берасизми? Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими берасизми? Йўқ, сиз НАТО аъзо эмассиз. Яхши, унда нима тўғрисида гаплашяпмиз”, дейди Зеленский.

Қолаверса, АҚШ разведкаси украиналик ҳамкасбларига ўзларидаги бор маълумотни бермади. Украинанинг разведка ҳамжамияти россиялик “каламушлар” билан тўлиб-тошганди. Шу боис, америкаликлар махфий ахборот Москва қўлига тушиб қолишидан хавотирланди.

Уруш бошланганидан кейингина Байден маъмурияти ўз сиёсатини ўзгартирди ва мамлакатнинг босқиндан ҳимояланишини таъминлаш учун Россия қўшинларининг Украина ҳудуди бўйлаб ҳаракатларига оид маълумотлар билан бўлиша бошлади.

Украина ҳукумати учун Путиннинг мақсадига ҳали ҳам ишонмаётган европаликларнинг позицияси муаммо эди. Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг эслашича, у ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари уруш бўлишига ишонарди.

“Аммо босқин бошлангунига қадар мен биз бундай кўламдаги урушга дучор бўламиз, деб ишонмагандим, – дейди у. – Ракета зарбалари берилиши ҳақида бизга ишонч билан айтган ягона давлат АҚШ эди. … Бошқа барча давлатлар бу фикрга қўшилмаганди ва “Ҳа, уруш эҳтимоли бор, лекин бу Украина шарқида чекланган можаро бўлиши ҳақиқатга яқин”, дейишганди”.

“Ўзингизни менинг ўрнимга қўйиб кўринг, – дея давом этади Кулеба. –  Бир томондан, АҚШ сизга умуман тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсаларни айтяпти, бошқа барча эса бундай бўлмаслигини гапиряпти”.
Кулеба Ғарбнинг, унинг фикрича, аввалдан хато бўлган “Путинни иғвога ундамаслик” стратегиясини янада танқидийроқ баҳолайди. Ҳужум учун Путинга “Ғарбнинг ҳеч қандай провокацияси” керак бўлмади.
“Бу стратегия бизни нимага олиб келди? – дея савол қўяди Кулеба. – Ўйлашимча, минглаб қурбонлар ва жароҳатланганлар, йўқотилган ҳудудлар, қисман вайрон бўлган иқтисодиётга олиб келган бу уруш ҳали ҳам Россияни “иғвога ундамаслик”ка чақираётган барча учун энг яхши жавобдир.

12 январда Бернс Киевда Зеленский билан учрашди ва вазиятга очиқ баҳо берди. Манзара аниқ эди: Россия Киевга тезкор зарба бериб, марказий ҳукуматни фалажлашни кўзлаганди.

АҚШ ҳарбий ҳаракатлар режасига ҳам ойдинлик киритди: Россия пойтахт атрофидаги Гостомел аэропортига ўз кучларини тушириб, кейинчалик транспорт самолётлари қўшимча қўшин ва қурол-яроғ етказиб бериши учун учиш-қўниш йўлагини эгаллашни кўзлаган. Бу ердан Киевга ҳужум уюштирилади.

Суҳбат давомида Зеленский ўзига ва оиласига хавф бор-йўқлигини сўраб қолди. Бернс Зеленский ўз хавфсизлигига жиддий ёндашиши кераклигини айтди. Президент ҳаётига хатар ортиб борди.

Разведка маълумотларининг кўрсатишича, Россия коммандоси аллақачон Киевга етиб келиб, буйруқни кутиб тургани эҳтимоли йўқ эмасди. Аммо Зеленский ҳукуматни бошқа жойга кўчириш чақириқларига қаршилик қилди ва жамоатчиликни ваҳимага туширмаслик қарорида қатъий турди. У бундай ҳаракатлар мағлубиятга олиб келади, деб ҳисобларди.

“Сиз одамларни урушга тайёрлаб, пул йиғиб, озиқ-овқат захира қилиб қўйиш кераклигини айта олмайсиз, – деб эслайди Зеленский. – Агар шундай қилинганида биз ўтган йилнинг октябридан ойига 7 миллиард доллар йўқота бошлаган ва руслар бизни уч кунда босиб олган бўларди. …

Умуман, сезгимиз тўғри бўлиб чиқди: агар биз одамлар орасида ваҳима кўтарганимизда, руслар бизни ғажиб ташлаган бўларди. Чунки ваҳима вақтида оамлар мамлакатдан қоча бошлайди”.

Зеленский учун аҳоли мамлакатда қолиб, курашиши, ўз уйини ҳимоя қилиши ҳар қандай босқинни қайтаришнинг асосий шарти эди. “Қанчалик андишасиз эшитилмасин, айнан шу инсонлар барчасини тўхтатди”, дейди у.

“Биз украиналикларга икки нарсани айтдик, – дейди Блинкен. – Нима қилмоқчи бўлсангиз ҳам сизни қўллаб-қувватлаймиз. Лекин нима бўлишидан қатъи назар, ҳукумат фаолиятини таъминлаш ҳақида ўйлаб кўришингизни тавсия этамиз. Яъни бу Киевда панада ўтириш, ҳукуматни Украина ғарбига ёки Польшага кўчиришни англатади”.
Зеленский Блинкенга Киевда қолишини маълум қилди.

Зеленский баъзи ғарблик амалдорларни у қочиб кетиб, Россия қўғирчоқ ҳукумат тузиши ва НАТО билан музокаралар орқали келишувга келишини истаётганликда гумон қила бошлади.

“Кимдир мен ва оилам хавфсизлигидан хавотирланганига ишонаман, – дейди Зеленский. – Аммо кимлардир ҳаммаси тезроқ тугашини истаган бўлиши ҳам мумкин. Ўйлайманки, менга қўнғироқ қилганларнинг кўплари, ҳатто ҳаммаси Украина бардош беришига ишонмаганди.

Майли, биз тўғри йўл тутганмизми ёки йўқми, келажакда одамлар баҳо берсин. Лекин мен аниқ биламанки ва сезаманки, руслар бизни мамлакатни осонгина топширишга тайёрлашни хоҳлаган. Бу эса хавотирга солади”.
18 февралда, Буюк Британия ва Франция охирги дипломатик уринишларни амалга оширганидан сўнг дунё етакчилари хавфсизлик бўйича йиллик анжуманда иштирок этиш учун Мюнхенда йиғилди.

Унда Зеленский ҳам қатнашди. Америкалик айрим мулозмлар у мамлакатда йўқлигида Россия ҳужум уюштириш мумкинлигидан хавотирда эди. Бошқалар эса Украина раҳбари бомбалар тушишидан олдин мамлакатни тарк этиш имкониятидан фойдаландими, деган хаёлда эди.

Аммо Зеленский ўз чиқишида мамлакати Россия билан анчадан буён уруш ҳолатида эканини, Украина қўшинлари шарқда айирмачилар билан 2014 йилдан буён жанг қилаётганини эслатди.

“Украинага ҳақиқатан ҳам ёрдам бериш учун фақат босқиннинг эҳтимолий санаси ҳақида гапириш шарт эмас, – деди Зеленский. – Бунинг ўрнига Европа Иттифоқи ва НАТО Украинани аъзоликка қабул қилиш керак”.
Зеленский бу таклифларига жавоб олмади.

24 февралда босқин бошланганида Зеленский Киевда, ўз қароргоҳида эди ва унга Оқ уйдан қўнғироқ бўлди.
Ушбу суҳбатнинг америкалик гувоҳи сўзларига кўра, “Зеленский безовта эди. У Байдендан имкони бор барча разведка маълумотларини тақдим этишни сўради. “Биз курашамиз, биз ҳимояланамиз, биз бардош берамиз – аммо бизга ёрдамингиз керак”, деди Зеленский”.

“Элтуз” таржимаси

Тағин ўқинг
2 апрел 2016
Фақат эътибор бериб, Халқ таълими вазирлигининг 2016-2017 ўқув йилида 1-синфга қабул қилинадиган ўқувчилар ва касаллиги туфайли якка тартибда уйда ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  Инқилобгача бўлган даврда халқимиз ...
20 март 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Мурод Муҳаммад Дўст билан бизнинг йўлларимиз айрилган эди. Мен Каримовга муxолиф кампда, Мурод эса Каримов ...
27 апрел 2021
«Eltuz» kanalining qadrli muxlislari. Agar sizda mavzuga oid muhim xabarlar bo‘lsa, kechgan voqealar haqida gapirmoqchi bo‘lsangiz, «Eltuz»ning telegramdagi +49 ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...