Асосий мавзулар
4 сентябр 2022

Миллиардлар ови. Ўзбекистон Каримованинг хориждаги барча пулларни қайтара оладими?

16 августда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Гулнора Каримованинг 131 миллион доллар пули Швейцария ҳукумати билан келишув доирасида “дарҳол” республикага қайтарилишини хабар қилди.

Европа давлатлари мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи хорижда “ювган” пулни биринчи марта қайтараётгани йўқ. Аммо бу транш қайтарилаётган пулларнинг энг йиригидир.

“Медиазона” бир вақтлар қудратли бўлган бу бизнесмен аёлнинг хорижда қанча маблағи борлиги ва уларни Ўзбекистонга қайтариш имкониятларини ўрганди.

Хасис ва қудратли

Нолинчи йиллар бошларида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора ўз бизнес империясини яратиб, мамлакатдаги таъсир доирасини кенгайтириб борди.

Мустақил ОАВ “Ўзбекистон маликаси” дея ном берган бу аёл жуда кўп соҳаларда фаол эди: модалар намойиши ўтказар, GULI заргарлик буюмлари брендини ривожлантирар, Googoosha тахаллуси остида қўшиқ куйлар, ўнлаб корхоналар ва кўчмас мулкка эгалик қиларди.

Ўзбекистонда Каримова чексиз қудратга эга эди. Уни ёки атрофидагиларини қизиқтирган ҳар қандай компаниянинг ҳолига вой эди. Каримованинг топшириғига кўра, фирмани солиқ хизмати, ёнғин хавфсизлиги инспекцияси, СЭС томонидан кўплаб текширишлар бошланарди.

Бу текширувлар натижаларида одатда фирма эгаси кўплаб “қоидабузарликлар сабабли” суд қарори билан бизнесидан жудо бўлар ёки активларини Гулнора Каримова компанияларига улар белгилаган нархда сотарди.

Шу даражага бориб етдики, хорижий компаниялар Ўзбекистон бозорига кириш ва кейин Гулноранинг шафелигида бўлиш учун унга ҳақ тўларди. Россиянинг МТС ва Vimpelcom (“Билайн” бренди), шунингдек, Финляндия ва Швециянинг Telia Sonera (UCell бренди) компаниялари ана шундай коррупцион схемага тушди.

Бир неча йил давомида бу мобил алоқа операторлари Каримованинг шахсий ёрдамчиси Гаянэ Авакян номига Гибралтар офшорида расмийлаштирилган Takilant фирмасига қарийб 1 млрд доллар ўтказиб бергани айтилади.

Кейинроқ Telia Sonera Ўзбекистондаги “қудратли шахс”га 320 миллион доллардан ортиқ маблағ ўтказиб берганини тан олди. Бироқ суд пора бериш фактини “корпоратив мажбурият” деб тан олди – қарор қабул қилган топ менежерлар сувдан қуруқ чиқди ва компания йирик миқдорда жарима тўлашга рози бўлди.

Агар дипломатик йўналишдаги фаолиятини айтмаса, Гулнора Каримова Ўзбекистон ҳукуматида ҳеч қачон юқори лавозимларни эгалламаган. У Ташқи ишлар вазирлигида, Россиядаги элчихонада ишлаган, мамлакатни БМТда тамсил этган, 2010-2012 йилларда эса Испанияда элчи бўлган.

Афтидан, Каримова бу лавозимларда дахлсизлик мақомини олиш учун ишлаган. Лекин бу ишлар унинг Мадриддаги элчиликдан бўшатилиши билан якун топди.

Айнан ўшанда, 2012 йилда у нафақат ўз юртида, балки хорижда ҳам молиявий фирибгарликлар бўйича текширувлар фигурантига айланди. Швейцария, Нидерландия ва АҚШ прокуратуралари уни текшира бошлади. Чунки у ўз жамғармаларини шу мамлакатлар банкларида сақларди.

Активларнинг каттагина қисми Швейцарияда эди. Маҳаллий прокуратура текширувлар тугагунга қадар Каримованинг 800 миллион доллардан ортиқ жамғармасига банд қўйди. Тадқиқотчи Эрик Фатланд “Советистон” китобида қайд этганидек,  бу сумма Швейцария банклари учун рекорддир.

2020 йилда Ўзбекистон Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан биргаликда “Гулнора Каримованинг жиноий йўллар билан орттирилган” 1,3 миллиард доллар қийматидаги активларини қайтариш билан шуғулланаётганини хабар қилди. Вазирлик бу борада Швейцария, Франция, Латвия, Россия ва бошқа давлатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан фаол ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

Гулнора Каримова жуда катта бизнес империя эгаси ва Ўзбекистоннинг энг бой аёли эди. 2017 йилда мамлакат Бош прокуратураси собиқ президентнинг қизи кўплаб кўчмас мулк объектлари ва хорижий банкларда ҳисоб рақамларига эга эканини аниқлади. Прокуратура рўйхатида 12 та мамлакат бор эди: 

1. Швейцария. 777,8 млн доллар, Колонида қиймати 18,5 млн франк бўлган вилла.

2. Швеция. 30 млн доллар.

3. Буюк Британия. 4,2 млн фунт, Лондонда умумий қиймати 22,9 млн фунт бўлган уйлар, квартиралар, вилла.

4. Франция. Парижда квартиралар, “Шато де Грусси” қасри, Сан-Тропедаги вилла, умумий қиймати 52,5 млн евро.

5. Латвия. 16,5 миллион доллар пул ва қимматбаҳо қоғозлар, Риганинг парк ҳудудидаги қиймати 9 миллион евролик истироҳат маркази.

6. Ирландия. 300 миллион доллар пул ва қимматбаҳо қоғозлар.

7. Мальта. Қиймати 48,8 млн долларлик самолёт.

8. Германия. 2 млн евро.

9. Испания. 82 минг доллар.

10. Россия. 6 миллион доллар, Москвадаги “Камелот” турар жой мажмуасидаги пентҳаус, Рублёвка массивидаги ҳашаматли уй, пойтахтдаги 8 та квартира, меҳмонхона комплекси, Ялтадаги умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган хонадон ва ер участкаси.

11. Гонконг. 67 млн доллар, The Arch осмонўпар биносидаги қиймати 15 миллион долларлик пентҳаус.

12. БАА. 32 млн доллар, 31,5 миллион долларлик олтин ва олтин сертификатлари, Дубайдаги умумий қиймати 67,4 миллион доллар бўлган пентҳаус, иккита вилла, иккита меҳмонхона комплекси.

Бош прокуратура ҳисоб-китобларига кўра, Гулнора Каримованинг хориждаги активлари миқдори қарийб 1,4 млрд доллар, 63,5 млн евро, 21 млн фунт ва 18,5 млн швейцария франкини ташкил этди.

“Ўзбекистон маликаси” ўз юртида ҳам каттагина капиталга эга эди. У назорат қилган компания ва корхоналар рўйхати:

— Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи;

— “Ўзбектелеком”;

— “Зеромакс” қўшма корхонаси ва “Ўзгазойл” автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тармоғи;

— “Кредит стандарт” банки;

— Бир неча радиостанциялар, телеканаллар, босма нашрлар (газеталар ва ялтироқ журналлар) ва реклама агентлигини ўзида жамлаган “Терра групп” медиа гуруҳи;

— “Кварц” шиша заводи;

— Қувасой цемент заводи;

— Бекобод цемент заводи;

— “Кока-кола” заводи (компаниянинг Ўзбекистондаги филиали);

— “Баша” тунги клуби.

2019 йил июнда инстаграмда Гулнора Каримова номидан қўйилган хабарда у Ўзбекистондаги барча активларини давлатга топширишини маълум қилган. Ушбу маълумотга кўра, Молия вазирлиги қамоқда жазо муддатини ўтаётган Гулнорадан 1,2 миллиард доллар олган.

Аммо Молия вазирлиги бу рақамлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Вазирликнинг билдиришича, Каримовадан мусодара қилинган валюта ва заргарлик буюмларини сотишдан республика бюджетига тушум бор-йўғи 32 млн долларни ташкил этади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Швейцарияда яшаётган собиқ мулозими Алишер Таксановнинг ишонишича, бу “Ўзбекистон маликаси” яширган пулларнинг ҳаммаси эмас, яна бир қисм маблағ ҳуқуқ-тартибот идоралари кўзидан панада қолмоқда.

“Гулнора президент Шавкат Мирзиёевга мактубида маблағларни Молия вазирлиги ҳисобига ўтказишдан мамнунлигини билдирган, яъни пулларидан осонгина воз кечган. Ҳолбуки, Каримовани биладиганларнинг сўзларига кўра, у жуда хасис аёл”, деб далиллайди ўз фикрларини Таксанов.

Бизнес империянинг қулаши

Гулноранинг “малика”дан жиноят иши фигурантига айланишига унинг отаси билан мужаролари таъсир кўрсатди. Каримовлар ўртасидаги можарога МХХнинг ўша пайтдаги раиси Рустам Иноятов ҳам ўзига хос роль ўйнади. Махсус хизмат раҳбари президентга Гулнора ҳақидаги компроматлар: хорижий журналлар учун фотосессиялар, унинг модалар намойиши ва фестиваллар учун сарф-харажатлар сметаси, йирик бизнесга аралашув ва шафелик учун поралар ҳақидаги маълумотни етказишнинг “қулай пайти”ни топди.

Оила бошлиғининг ғазаби ортидан Иноятов ўзи билганича ҳаракат қилиш имкониятини қўлга киритди. Гулнора Каримовани таъқиб этиш 2013 йилда бошланди – у тамагирлик, талон-тарож ва солиқдан қочишда айбланди, кейин эса хориждаги активлари аниқланди. Унинг атрофидагилар ҳибсга олинди, ўзига эса 2015 йилда беш йилгача озодликни чеклаш жазоси берилди.

Икки йилдан сўнг навбатдаги жиноят иши доирасида Каримова ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кейинроқ жазо тури уй қамоғига алмаштирилганига қарамай, бир неча ойдан сўнг “жазони ўташ шартларини доимий бузиб келгани” учун маҳкума панжара ортига қайтарилди.

2020 йилда яна бир иш – бу сафар уюшган жиноий гуруҳ таркибида бўлиш, жиноий йўллар, талон-тарож ва тамагирлик йўли билан қўлга киритилган даромадни қонунийлаштириш айбловлари юзага чиқди. Суд Каримовага 13 йил 4 ой қамоқ жазоси тайинлади.

Аксарият таҳлилчилар Каримова бизнес империяси Швейцарияда рўйхатга олинган “Зеромакс” компанияси ишидан сўнг қулашни бошлаганини таъкидлайди.

Мазкур актив ва собиқ президентнинг қизи ўртасидаги боғлиқликнинг ҳужжатли тасдиғи йўқ. Аммо компания Ўзбекистонда гуллаб-яшнай бошлагандан сўнг унинг ортида Гунора турганига ҳеч ким шубҳа қилмаганди.

АҚШда 2001 йилда ташкил этилган “Зеромакс” компанияси 2005 йилда юридик манзилини Швейцариянинг Цуг ҳудудига алмаштирди. Шу пайтдан бошлаб кейинги беш йилда корпорация Ўзбекистондаги энг йирик инвесторга айланди.

У иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, нефть-газ ва олтин қазиб олиш соҳасидаги ўнлаб корхоналарни назорат қиларди. Қизининг айнан табиий бойликлар билан боғлиқ “жиддий бизнес”га аралашгани президент отанинг ғазабини қўзғаган.

Таркибида маҳаллий ўйинчилардан ташқари машҳур хорижликлар ҳам бўлган “Бунёдкор” футбол клубини молиялаштиргани “Зеромакс”нинг қудратидан дарак беради. Хусусан, жамоани 2022 йилги жаҳон чемпиони, бразилиялик Луис Фелипе Сколари бир неча мавсум бошқарган ва унинг ватандоши, “Олтин тўп” соҳиби Ривальдо тўп клубда ўйнаган.

“Зеромакс”нинг Каримова билан алоқалари тўғрисида ёзган швейцариялик журналистлар айнан шу компания Гулноранинг харажатларини тўлаб бергани ҳатто унинг учун қимматбаҳо зийнатлар сотиб олганини аниқлашган. 2006 йилдан 2009 йилгача бу харажатларнинг умумий миқдори 128 миллион доллардан ошиқ бўлган.

Бундан ташқари, 2018 йилда компаниянинг расмий эгаси Миродил Жалоловнинг турмуш ўртоғига тегишли фейсбук саҳифасида бизнесменнинг “Ўзбекистон маликаси” билан муносабатларига оид бир неча маълумотлар пайдо бўлди.

Жумладан, тадбиркор Тошкентда Форумлар саройи қурилишини молиялаштириш ва солиқ тўлаш бўйича ҳисобот бериш масаласида Швейцарияга чақирилгани воқеаси эслаб ўтилади.

Фотима Жалолованинг ёзишича, унинг эри ва Гулнора Каримова ўртасида тез-тез можаро чиқиб турган: Каримова бизнесменга мунтазам равиша босим ўтказган, у эса “малика”нинг дастёр боласи эмаслигини айтиб жавоб қайтарган.

2010 йилда “Зеромакс” кутилмаганда ўзини банкрот деб эълон қилди, унинг қарзлари ҳали ҳам ёпилмаган. Жалоловни эса ўша йили сентябрда “ярим соат суҳбатлашиш”га МХХга чақиришди.

Бизнесменнинг қариндошлари ушбу “суҳбат”дан икки йил ўтибгина уни қайта кўришди. Тадбиркорга нисбатан иқтисодий айбловлар бўйича қатор жиноят ишлари очилгани маълум бўлди.

2017 йилда у 18 йилга озодликдан маҳрум этилди. Жалоловнинг адвокатлари курашни давом эттиришди ва 2019 йил январда суд аввалги қарорини ўзгартириб, “Зеромакс”нинг собиқ раҳбарига арзимаган жарима тайинлаб, озодликка чиқарди.

Муз эриди

Ниҳоят Ўзбекистон Гулнора Каримованинг хорижий банкларда музлатилган активларини аста-секин қайтара бошлади. 2020 йилда Франция мамлакатга 10 миллион долларни қайтарди. Жорий йил февралида Париж Тошкентга яна шунча миқдорда пул жўнатди.

Август ойида Швейцария 131 миллион долларни рестутиция қилиш бўйича якуний қарорга келганини тасдиқлади.

Алишер Таксановнинг таъкидлашича, бу қарор Россиянинг Украинага босқини фонида Москвага, жумладан, олигархлар ва амалдорга санкция қўлланилгани сабабли расмий Берн жиноий йўл билан орттирилган активлар учун “жаннат” эмаслигини кўрсатишни хоҳлагани билан боғлиқ.

Таксанов илгари Африка диктаторлари ва уларнинг оила аъзолари капитални олиб чиққан кетган мамлакатларга шундай маблағлар қайтарилганини қўшимча қилади.

Аммо 131 миллион доллар Каримованинг хорижда банд солинган жами активлари билан солиштирганда унчалик кўп маблағ эмас. Таксановнинг фикрича, “Ўзбекистон маликаси”нинг маблағларини қайтариш узоқ давом этадиган кўп томонлама келишувлар жараёнини талаб этади.

“2010 йиллар бошида бошланган Гулнора иши ҳалигача якунланмаган. Марҳум ўзбек диктаторининг қизига терговчилрнинг кўп саволлари бор. Афсуски, Швейцария ҳуқуқ-тартибот идораларининг илки унга етмайди.

Унинг ҳали Ислом Каримов тириклигида жазога тортилиши Гулнорани одил судлов зарбасидан қутқаришга уринишдир. Чунки битта жиноят учун икки марта жазо берилмайди.

Албатта, Женева прокурорлари терговга нуқта қўйишни истайди, лекин Ўзбекистон томони бундан манфаатдор эмас. Афтидан, улар ушбу ишнинг ҳозир ҳукуматда юқори лавозимларда ўтирган бошқа фигурантларига оид маълумотлар сизиб чиқишидан чўчишади”, дейди у.

Унинг сўзларига кўра, собиқ президентнинг қизи активлари учун курашда Ўзбекистон ҳукуматига рақобатчилар ҳам бор. Масалан, бу маблағнинг бир қисмига “Зеромакс”нинг АҚШдаги кредиторлари, Каримов режимидан жабр кўрган ва товон пули талаб қилаётган жисмоний шахслар кўз тиккан.

“Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми” нодавлат ташкилоти директори Умида Ниёзова Каримованинг юзлаб миллион долларини ватанга қайтариш бир неча омилларга боғлиқлигини айтади.

“Биринчидан, ўғирланган активларни мусодара қилиш ва кейин қайтариш жараёни бу маблағлар сақланаётган АҚШ, Ирландия ва Бельгияга жуда ҳам боғлиқ. Иккинчидан, Швейцария ҳукумати мамлакатдаги ҳисоб рақамларига банд солиш ва активларни мусодара қилиш бўйича суд ўтказишда қанчалик самараларга эриша олиши муҳим”, дейди у “Медиазона” билан суҳбатда.

Швейцария пулни Ўзбекистонга тўғридан-тўғри эмас, балки БМТ томонидан назорат қилинадиган Uzbekistan Vision 2030 траст фонди орқали қайтаради. Қайтариш шартларидан бири маблағдан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ижтимоий лойиҳаларни ривожлантиришда фойдаланиш экани айтилган.

Демак, Тошкентнинг ҳамкорларида ушбу жараёнда “малика” ўғирлаган миллионлардан самарали фойдаланилиши борасида шубҳалар бор.

Таксанов маблағнинг бир қисми талон-тарож қилиниши мумкинлигини таъкидлайди. Чунки Ўзбекистонда давлат тендерлари шаффоф эмас, келишувлар яширин характерга эга, порахўрлар кенг тарқалган. Қолаверса, лойиҳаларнинг амалийлигига ҳам кўп нарса боғлиқ.

“Агар гап шифохоналар, болалар боғчалари, мактаблар қуриш, жиҳозлар сотиб олиш, сув тармоғи тортиш, электрлаштириш тўғрисида кетаётган бўлса, бу соҳаларда коррупция учун майдон кенг.

Лойиҳанинг қимматлашуви, материалларни бозор нархидан қимматга харид қилиш, мақсадсиз харажатларни назарда тутяпман. Буларнинг устидан деярли назорат йўқ”, дейди Ўзбекистон ТИВнинг собиқ мулозими.

Таксановнинг қайд этишича, бор умид, гарчи етарлича кучли ташкилот бўлмаса-да, қайтарилган активларни тақсимлашга таъсир эта оладиган БМТда.

Умида Ниёзованинг ишонишича, коррупциянинг олдини олиш учун Ўзбекистонга хос бўлган хатарларни тушунадиган мустақил тадқиқотчилар томонидан харажатлар мониторингини юритиш зарур.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, жараёнга бюрократик элитани ёки давлат томонидан ташкил этилган ноҳукумат ташкилотларни эмас, жамоатчиликни – қуйи поғонадаги инсон ҳуқуқлари фаолларини жалб этиш керак.

“Энг яхши ҳолатда ҳам қайтариш жараёнида фуқаролик жамиятига номигагина ўрин берилиб, асосий ҳокимият миллий ва халқаро бюрократлар қўлида қолишидан хавотир бор.

БМТ тузилмалари жуда бюрократик, улар амалга ошираётган лойиҳалар ўзининг самарадорлиги билан ажралиб турмайди”, деган шубҳларни билдирди Ниёзова.

Швейцария Ўзбекистонга Гулнора Каримованинг активларини БМТнинг Uzbekistan Vision 2030 кўпшерикликдаги траст фонди орқали қайтармоқда. Бу фонд пуллар мамлакат халқи равнақи йўлида фойдаланилишини назорат қилиши лозим.

Марказий Осиёда бу схеманинг муқобили бўлган. Гап Қозоғистон, АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари томонидан Жаҳон банки кўмагида тузилган “БОТА” жамоатчилик фоннди ҳақида бормлоқда.

Бу ташкилотнинг мақсади Қозоғистон мулозимлари томонидан хорижга олиб чиқиб кетилган активларни ватанига қайтариш ва унинг хайрли мақсадларда ишлатилишини назорат қилиш эди.

“БОТА” “Қозоқгейт” ишига оид маблағларни назорат қилган. Бу можаро 2003 йилда АҚШ ҳукумати бизнесмен Жеймс Гриффенни Қозоғистоннинг юқори даражадаги мулозимлари, жумладан, мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевга Тенгиз конидан наефть қазиб олишга оид шартномаларни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиш учун пора берганликда айблагандан кейин бошланганди.

2007 йилда АҚШ ва Қозоғистон бу иш бўйича муросага келди, Марказий Осиё республикаси Швейцария банкларида ҳисоб рақамларига эга эканини тан олди ва терговни тўхтатиш эвазига активларни хайрия ишларига йўналтиришга кўнди. Аксарият таҳлилчилар фикрича, бу қадам пора олиш айбини тан олишни англатади.

2008 йилда тузилган “БОТА” орқали етти йил давомида Қозоғистонга 115 милилон доллар қайтарилди. Бу пул кам таъминланган оилалар ва ёшларни қўллаб-қувватлашга сарфланди.

Таъкидлаш керакки, Гулнора Каримованинг адвокатлари унга 300 миллион доллардан ортиқ маблағни қайтариш бўйича судда ютиб чиқишди. Швейцариялик адвокат Грегуар Манжа (Gregoire Mangeat)нинг “Медиазона”га айтишича, бу унинг жамоасининг мазкур иш доирасидаги ўнинчи ғалабасидир.

“Бу сафар биз мижозимизнинг яна бир қисм маблағи мусодара қилинишининг олдини олдик. Иш Швейцария Жиноят ишлари федерал судида қайта кўрилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам энди Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг давлат хизматчиси ҳисобланмайди. Бу масалада судьялар бизнинг ҳуқуқий тушунтиришларимизни тўла маъқуллади”, деди адвокат.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Ниёзова Швейцария суди қарорини хавотирли деб атади. Чунки Каримова телекоммуникация ва тармоқлардаги кўплаб давлат масалаларини назорат қилгани, ўз қудратидан хорижий компаниялардан пора олишда фойдаланилгани хусусида кўплаб далиллар мавжуд.

“Прокуратура ушбу қарор юзасидан олий судга протест билан мурожат қилиш-қилмаслиги ҳозирча номаълум. Швейцария ҳукумати вазиятни тўғрилаш йўлини тутади, деб умид қиламан.

Акс ҳолда жуда хавфли прецедент юзага келади. Швейцария соядаги элитанинг пул ювиши учун очиқ давлат, деган қараш шаклланади. Авторитар давлатларда ҳукумат қарорларига таъсир кўрсатиш учун расмий давлат лавозимларини эгаллаш шарт эмас. Бунинг учун қудратли амалдорнинг яқини бўлишнинг ўзи кифоя”, дейди Ниёзова.

ТИВ собиқ мулозими Таксановнинг фикрича, Гулноранинг яқинлари қувонишига ҳали эрта, чунки жараён якунланмаган.

“Суд Гулноранинг ҳукумат қарорлари қабул қилинишига таъсир ўтказиш мақомини тан олмади, холос. Суднинг бу хулосаси етарли ҳокимият ваколатларига эга бўлмаган шахс давлатнинг молиявий-моддий оқимларини бошқариш, бюджетга таъсир ўтказиш, ҳукуматни ноқонуний ҳужжатлар қабул қилишга мажбурлаш каби имкониятга эгалигини швейцарияликлар тушуниб етмаётгани билан боғлиқ.

Бироқ Гулнора бу ишларини ўз отаси шафелигида бажарганини унутмаслик керак. Мен президент Каримов қизининг коррупцион келишувларидан жуда яхши хабардор бўлган, деб ҳисоблайман”, дейди Таксанов.

У Швейцария ҳукумати Каримованинг активларини бошқариш имкониятига эга бўлмай туриб, бу маблағларни бўлишга рози бўлганидан ажабланди.

Таксановнинг сўзларига кўра, “Ўзбекистон маликаси” ўз активларининг “тоза”лигини исботлаши ҳали номаълум.

“Бундан ташқари, Takilant фирмасининг пуллари қайтарилишига АҚШ ҳам қаршилик қилмоқда. Бу мамлакатда тергов кетмоқда. Америкаликларнинг таъсир доирасида Гулноранинг адвокатлариникидан кучлироқ. Агар АҚШ суди қарори чиқса, бу пуллар мусодара қилиниши эҳтимоли жуда юқори.

Хуллас, ҳали ҳаммаси ўзгариши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам бу пуллар на Гулнорага, на унинг болаларига, на онасига қайтмаслиги ҳақиқатга яқин”, деб хулоса қилади Таксанов.

Панжара ортидаги малика

Каримова илк марта ҳибс этилганидаёқ унинг аҳволи хусусида турли миш-мишлар тарқала бошлаганди. Уни МХХ ҳибсхонасида қийноққа солишаётгани, наркотиклар беришаётгани ҳақида ёзишди. Ҳатто тасдиқланмаган манбалар “Ўзбекистон маликаси”нинг ўлими ҳақида гапиришди, гўёки у дафн этилган жойни кўрсатишди.

Аслида Ўзбекистон собиқ президентининг қизи 2019 йил мартидан буён Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги 21-аёллар колониясида сақланмоқда.

Грегуар Манжанинг билдиришича, унинг Тошкентдаги ёрдамчилари Гулнора билан мунтазам учрашиб турибди, уларга мижоз билан бир неча соатлаб гаплашишга рухсат этилмоқда.

“У жуда чарчаган. Бундан ташқари, унда беқарор стенокардия бўлиб, шифохонанинг кардиология бўлимида дарҳол тегишли текширувлар ўтказилиши зарурати бор”, дейди швейцариялик адвокат Гулноранинг аҳволи ҳақида гапириб.

У 131 миллион долларни ватанига қайтариш тўғрисида келишувга эришилгани муносабати билан 16 август куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов “Гулнора Каримованинг қонуний вакилларига ҳар қандай савол беришга рухсат этилгани”ни эслатганини қўшимча қилди ва аслида ундай эмаслигини билдирди.

“Тошкентдаги навбатдаги эшитувлар олдидан Ўзбекистон ҳукуматидагилар жамоамизга мижозимизнинг ҳибсга сақланиш шарт-шароитлари ва Ўзбекистонда бўлиб ўтган суд жараёнлари ҳақида сўрашни ман қилди”, дея аниқлаштиради ўз сўзларини адвокат.

Умида Ниёзова Каримованинг озод этилиши билан боғлиқ вазият қандай ривожланишини фақат тахмин қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

“Сал аввалроқ Каримова озодлик эвазига ўз жамғармасининг бир қисмидан воз кечишга тайёрлиги ҳақида Ўзбекистон ҳукуматига шаъма қилганди. Афтидан, бу схема ишламади.

Каримованинг адвокатлари БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳига петиция бериб, ҳуқуқий механизмлар орқали уни озод этишни талаб қилди. Назаримда, бу вазиятда ҳуқуқий меъёрлардан эмас, сиёсий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб қарор қабул қилинади”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Алишер Таксановнинг ишонишича, ҳукуматда Ислом Каримов билан бирга ишлаган ва Гулнора билан тўқнаш келган шахслар ўтирар экан, унинг озодликка чиқиши даргумон.

“Узун тилнинг умри қисқа бўлади. Шунинг учун Швейцария прокуратураси билан учраштирмаслик мақсадида Каримова колонияда сақланмоқда. У капитални хорижга олиб чиқиб кетадиган тузилмаларга зарар етказди.

Натижада махсус хизматлар жалб этилган ҳолда йиллар давомида шакллантирилган йўналишлар ва схемаларни ўзгартиришга тўғри келди. Махфийлик учун кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлинди. Бунинг учун кечиришмайди.

Гулнорани ҳам йўқ қилиша олмайди – унга халқаро ҳамжамият диққат-эътибори қаратилган. Ҳамма унинг табиий ўлимини кутмоқда, холос”, дейди ТИВнинг собиқ мулозими.

8 июлда Гулнора Каримова 50 ёшга тўлди. Аммо интернетнинг ўзбек сигментида бунга ҳеч ким эътибор қаратмади.

Азиз Яубов Медиазона

Тағин ўқинг
28 ноябр 2015
Умида Аҳмедова Eltuz.com Тошкентда “Осиё рамзи” рахбарияти остида «Модалар ҳафтаси»ни тиклашди, кўрсангиз ғирт “а ля биз ҳам бормиз” усулида. ...
25 март 2016
«Жаҳон» ахборот агентлигининг бир қанча маҳаллий нашрларда босилган хабарида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти расмий сайтида «Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш тамойили ...
6 июн 2016
Йилдан йилга мамлакатда аҳоли сонининг ошиши, пул топиш қийинлашгани ва ўқиш сифатининг пасайгани боис Олий ўқув юртларига ўқишга кириш ...
8 июн 2016
Ўзбек телеканалларидан кўриб билдикки, спортда ҳам ютуқларимизнинг сон-саноғи йўқ экан. Телеканалларнинг бу соҳага эътибори ҳам зўр. Ахир спортимиз эришаётган ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...