РТдан ваъз: Чўпон кўпайса қўй харом ўлади
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб, сиз билан биргаман. Кундузлари иссиқ бўлса ҳам, кечга бориб қиш шивирини эшитса бўлади. Салқин тушаëтир. Россия газисиз европа қийналиб ўлади, деб севинаëтган ўзбекларни кўриб, раҳмим келди. Европа бир кунини кўрар, аммо сиз тадоригингизни кўринг.
МС: Туз оға, биз закаленний бўлиб кетганмиз. Ну и что. Ис газиннан бўғилиб бир икки минг одам ўлса. Урушда шунча одам ўлиб дурипти. Ина қаранг, Покистонда неччаси суво оқиб гетди. Энг хўпсиз ëқилғи таззак. Ҳали таззак пўртлаб гетди диян гапни эшитмадик.
РТ: Тезак яхши иситмайди. Матчонбой. Уни кўмирнинг устига қўшимча қилиб ëқса ўхшайди. Эй, мардум! Сизга айтар сўзим шу. Тўянага атаган пулингизга бир арава кўмир олиб, уйга апкириб қўйинг. Дераза ромларини икки қават қилинг. Тирқишларини пластик кўпик билан изоляция қилинг. Кигизга ўхшаш изоляцион картон билан уйни ўраб устидан пенопласт қоплаб, унинг устидан сетка ëпиштириб сувалган уйни шағам билан ҳам иситса бўлади.
МС: Туз оға, ўрис юртда қурилишда ишлаян ўхшийсиз, опитингиз кўп. Бизани тарафда ўй ярим метрли пахса лойдан бўлади. Устиннан қалин атиб сомон лой урилади. Уни устиннан чага лой. Кегин ҳаклаб қўйсангиз ўйни ичи ëзда салқин, қишса иссиқ бўлади. Хонқалила билади буни. Лекин уйни исси сақлаш бўйича немислар хонқалиларга пахса қўяр экан.
РТ: Немисларнинг билгани билган. Мана 21 сентябр куни таги наманганлик кремл олигархи Алишербой ота Усмоновнинг Германиядаги уйи мусодара қилинди. Катта уй эди.
МС: Қайси ўй. Анави гўз духтирхонани ëниндағими? Ўй эмас ву. Саройку ву кўлни бўйинда. Кўлда ўрдакларам бор ади. Бир қўшиқ айтайми.
Кўл сувини ичинда санг боради санг галади. Санг билан саккиз ўрдак данг боради, денг галади. Ўрдаклани оëқина ипак гарак жоним чиқон. Бой ота бўлиб юриш учун юрак гарак жоним чиқон.
РТ: Баракалла Матчон Суқулиш. Озодбекка айтсак сенга лицензия беради. Тўйма тўй юриб, Алишер акангни уйидан ҳам зўр қаср қурасан. Хуллас, Германиянинг Бовария ўлкаси Razzia am Tegernsee бўлгасидаги Алишер Усмоновнинг уйини немислар мусодара қилди. Солиқ тўламагани учун тергов ҳам бошлашди.
МС: Ўзи шу саройлардан пойда йўқ. Ина Ўзбекистон ҳўкумати 25 миллиард ажратиб кинофестивал ўтурди. Ҳамма жуук дади. Иссоп.
Ота туркнинг темир йўли
РТ: 1931 йили Мустафо Камол Ғози Пошшо Отатурк Малатияда қилган нутқида «Темир йўл ва умуман йўллар қурилиши миллат тараққиëти учун саройлар қурилишидан муҳим» дея айтган эди. Отатурк учун миллатни бирлаштириш масаласи йўл қуришда тажассум қилганди. «Бу йўлдан ўнгчи ҳам, сўлчи ҳам, фақир ҳам, зангин ҳам юради. Бу йўл бизни тараққиëтга элтади» деганди буюк реформатор. Туркия жумхуриятининг илк йиллариданоқ бюджетнинг катта қисми йўл қурилишига сарфланган эди. Отатурк назарида, йўлдан кейин муҳим кўринган иккинчи нарса мактаб қуриш эди. Олис қишлоқларда қурилган отатурк мактабларини битирган миллионлаб ëшлар жаҳолат ботқоғидан қутулишди. Нобел олган кимëгар Азиз Санжар олис Mардиндаги отатурк қурган ўрта мактабда илк таълимни олган. Демак Туркия бўйича инфо шу ерда тугади. Ўзбекистонга қайтсак.
Сарой кимга керак?
РТ: Бизга «Хумо» ва «Шоввозой» каби саройлар керакми? Масалан, кино оламида погода ясамайдиган ўттиз бешинчи сўрт фестивал нега керак? Тошкент халқаро фестивали учун бюджетдан камида 25 млрд сўм харж бўлди. Шу пулга нечта мактаб қурса бўларди? Афсус Отатурк каби ислоҳотчиси бўлмаган давлатлар ўзи оч бўлса ҳам, тўй қилиб ўлиб кетаверади.
МС: Туз оға, лекин жўрангиз рассом Бобур Исмоилов ясаган Самарқанддағи Боқий шаҳар мажмуси ëмон йитти чиқибди. Дажи Эрдўғонни хотининам оғзи ярим сат очилиб дурди. Пешша гирмасин дап, телехлар мажбуран ëптирипти галин бийини оғзини.
РТ: Самарқанд шаҳри табиий тарзда Ўзбекистоннинг пойтахти ўлароқ кўринди кейинги уч тўрт кун ичида. Конституцияга Самарқанд Ўзбекистоннинг бошкенти деб ëзиб қўйиш қолди холос.
МС: Туз оға, шу шосми шхтми деган етим жийноқда ëшулли зоти кўплиги гўринди. Ўзбекистон вазирлик, агентлик, бошқармаю қўмита сони кўплиги бўйинча рекордни уриб Гиннеса гириша тайëр дурипди. Бир қурувчиға дўрт прораб диян мамлакат биза бўлдиқ.
РТ: Матчонбой, Ўзбекистондаги вазирлик ва унга тенглаштирилган агентликлар сонини радикал қисқартирса бўлади. Кўп холларда параллел иш қилаëтган вазирликлар қисқарса бюджет зиммасидаги юк озаяр эди. Масалан, Маданият вазирлигини тугатиш керак. (Туризм ва маданий мерос вазирлиги етади) Вазирликлар номи қисқа ва аниқ бўлсин. Бугунги Ўзбекистонга саккизта вазирлик етиб ортади.
1. Ташқи ишлар вазирлиги.
2. Ички ишлар вазирлиги.
3. Мудофаа вазирлиги.
4 Адлия вазирлиги.
5. Молия вазирлиги.
6 Таълим вазирлиги
7. Туризм ва маданият вазирлиги
8. Иқтисод ва транспорт вазирлиги.
Шу 8 таси етиб ортади. Бош вазир лавозими билан президент админстрацияси раҳбари лавозимини битта қилиб қўшвориш керак. Хозирги шароитда Умрзоқовни қолдириб, Абдулла акани пенсияга узатвориш керак. Мақол эса мана будир: Чўпон кўпайса қўй харом ўлади.
Хотинқуллар байрами
МС: Ўзим кал бўлсамам кўнглим нозик, дап палон пула соч актирадон хилиннан била. Туз оға нишатиш гарак. Кўчадайи гап ўйа дўғри гамаса. Мен атаман ўттиз. Хотин қилар тўс-тўс. Ярим охшомдаги кўрпа бирғисини ойтмин қўяварин.
РТ: Жамият хотин қизларнинг ўсиб униб, сиëсат билан шуғулланишини таъминлаши керак. Хотин пошшо, хотин хоким ва хотинбекалар кўп бўлса, хотинқуллар шунча оз бўлади. Ўзи давлатни бошқара олмагани учун эрининг соясида гизли ҳукмини ўтказган не не ялмоғизларга тарих гувоҳ. Энг яқин тарихимизда ҳам Каримовнинг хотини Татяна Фарғонадаги ўғирликларнинг онавошиси бўлувди. Бугун бу алвастини оëғидан осиб тагидан ўт қўйилса ўтин хайф. Давлат раҳбари хотин ëки эркак бўлишидан қатъий назар, ўз яқинлари, тўшакдошлари ва қариндошлари таъсирига тушмаслиги керак. Ғарбда бу нарсани олдини олиш учун қудратлар бир-биридан мустақил холда тақсимланади. Мабодо битта хотинқул раҳбар кечаси тўшакда ëтиб хотини кўмагида лавозим сотса, буни парламент, суд ва энг муҳими газеталар уриб чиқади. Америкада «Газета урганидан кўра, худо ургани яхши» деган мақол бор. Аммо любой кетмон дастасини ҳам ëшулли қилиб қўйсангиз, элаштирмай сиғинадиган аҳоли пода холида яшайдиган истонлар ва Яқин шарқ давлатларида самимий бир одамнинг ҳам лавозимга келгач, хотинқулига айланиб қолганининг гувоҳ бўламиз. Яъни халқ битта одамга раҳбар бўлиш учун овоз беради. Натижада раҳбарнинг тўртта хотини, бешта ўйнаши, саноқсиз куëв ва тоғалари тинимсиз ўғирлайдиган бошқарувга эга бўлади. Бу адолатдан эмас. Аммо шунақа. Бу шўрлик халқлар кейинги беш минг йил мобайнида фақат ҳукмдорга сиғиниб, тўнқайиб, патинка ялаб, генлари бузилиб мусорга айланиб кетган. Ғарб ва АҚШга лоп-лойиқ ярашган демократия буларга шолпиллаб қолади. Ҳуллас қизларингизни ўқитинг. Зора улардан келгусида яхши раҳбар етишиб чиқса. Дарвоқе 18 сентябр хотинига содиқ, хотин чизиғидан чиқмайдиган эркаклар байрами бўлиб ўтди. Кечикиб бўлса ҳам байрам қутлуғ бўлсин хотинқуллар.
МС. Хотинқуллар чириган ғарбда Туз оға. Бизда ҳамма крутой.
Чириган ғарб
РТ: СССРдаги олимлар совет кишилари ўз тавия турмушини ташаб қочмасин дея «Чириган Ғарб» терминини киртитишувди. Бу асосан яхши еб-ичмай, ақлан ва жисман мажрухлар учун ишлайдииган термин эди. Не ажабки тақвоси кучайган ўзбекларнинг ҳам тили келишган гапи «чириган ғарб» бўлиб қолди. Айни пайтда бу мунофиқ тавиялар подаси Ғарб ва Америка технологияси асосида ишланган смартфон ва тармоқларда ўз алмойи жалмойисини тарқатишади. Жон деб, Ғарб машинплари ва техник ускуналарини ишлатишади. Мексика ботқоқларида кўтини тимсоҳга тишлатиб бўлса ҳам Америкага борволишни уй ичиси билан кечаю кундуз орзу қилишади. Худо қарғаганлар деб шуларни айтса бўлади. Ғарб эса, тараққиëт сари дев қадамлар ташлаб нафақат ўз халқи балки миллионлаб қочоқларни ҳам бағрига босиб мехр кўрсатмоқда.
МС: Туз оға, бизарам ривожланиб гетишимиз учун репетитора қатнасақми акан? Ë хусусий мактаб очиб ақлли ëшулли чиқарсақми?
РТ: Финландия ва Германияда хусусий мактаблар йўқ. Германияда давлат мактаблари сифатини таъминлашган. Туркияда ҳам гуленчи диндорлар таълим тизимига сизгунга қадар давлат мактаби сифатли бўлган. Нобель олган Азиз Санжар ҳам оддий ўрта мактабни тугатган. Ўзбекистонда ҳам давлат мактаблари сифатини ошириб, иложи бор қадар хусусий мактаб очмаслик керак. Нега? Биринчидан жамиятда табақаланиш ортидан пайдо бўладиган салбий тенгсизлик юзага келади. Бунинг умуман зарари катта. Иккинчидан, хусусий мактаблар «тил ўргатиш» форточкаси орқали аллақачон диний экстремистлар тайëрлашни бошлаб юборди. Узоғи билан 3 ëки 4 йилда бу марказларда онги заҳарланган экстремистлар Ўзбекистонни, ҳар куни белига бомба бойлаган шахидлар портиллатадиган Яқин Шарқдаги давлатларга ўхшатиб қўйишади. Ўзбекистоннинг яқин келажаги ҳақида заррача қайғурадиган давлат одамларига айтадиган гапим шу: Элнинг боласига давлат ўз мактабида яхши сифатли таълим берсин. Тест ечишнигина ўргатадиган репититорлар армиясини тор-мор қилиш жоиз (тестдан юқори бал олиб, немис тили бўйича ўқишга кирган студентнинг умуман тил билмаслигини қандай тушуниш мумкин). Энг асосийси авом халқнинг «ўлганимда устимда дуо ўқисин» деган орзусини суъистеъмол қиладиган дин тужжорларини таълим тизимига яқинлаштирмаслик керак. Халқ таълими черков, синагог ва мачитдан ажратилиши бу дунëвийликнинг асосий талаби. Франция мисолида бунинг самарасини кўриш мумкин.
МС: Барибир, ўзимиздан қўймасин. Қашқадарëда бузилған машинлара автомеханикдан алдин, мўлла чақириб кинна солдириб «ўқитиш» удум бўлибди. Мўлла ўқиб қўйған мошинни мотори стук очмас экан. Бу гапни Теслани уллиси Илон бират эшитса конвейр линиясина бир донадан мўлла қўяр эди. Ҳар чиққан мошинни «ўқиб қўядиган»
РТ: Ҳа, Матчонбой эшитдим. Деҳқонободда экан бу кинначи муллалар.
МС: Энг катта ëшуллиларам кастўмини ичина Деҳқонободли кинначи мўлла ëзиб барган туморни тикиб қўяр экан. Шунда спокойний юрар экан. Лекин қозоқни элбошиси Нурсултон оғамизни кастўминда тумор йўқ экан. Гўз дайди.
РТ: Элбошининг кўргулиги бу . Тириклигида ҳайкали тикланди, тириклигида онтарилди. Тиригида шаҳарга оти қўйилди, тириклигида бу ном олиб ташланди. Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳар кенгаши пойтахтга Астана номини қайтариш ташаббусини маъқуллади.
Илгари бу таклифни Қозоғистоннинг иқтидордаги президенти Токаев қўллаб-қувватлаган эди. «Ватан – Остонадан бошланади!»
МС: Тошкент аэропорти одинам ўзгартириш гарак. Шоир Жамол Камол бир марта айтиб чиқвади. Лекин изи тим-тирс. Тармоқда ҳамма гап бо, лекин одолат йўқ¸ содакат йўқ. Ишвалак чиртиб юрибти ҳаммаси.
ОТАЖОН ОҒА ДИЙДОРИ
РТ: Тармоқдаги бақир-чақирлардан безиб, анча олдин дунëдан ўткан буюк шоир Матназар Абдулҳакимнинг бир шеърини эсладим.
Шеър тиқилинч автобус ичидаги шовқин-сурон тасвири билан бошланади.
Кимдир ҳамëнини олдиргани боис дод солган. Яна биров тиқилинчда оëғини босиб олган хотинга ўшқирган. Кимдир келини, яна кимдир қайнанасини қарғаган.
Бақир чақир, сўкиниш ва ҳақоратлар йиғиндиси бўлган ëқимсиз шовқин.
Шунда кимдир магнитофон тугмасини босиб қўшиқ қўяди.
Отажон Худойшукуров куйлаган «Дунëда борлигингдан қувонаман» деган қўшиқ.
Бирдан ҳамма жим бўлади.
Дунëда бошқа бир одамнинг борлигидан қувонадиган яна бир одам мавжудлигидан ҳайратланишади.
Нафрат ўрнини хузун ва ҳаловат эгаллайди.
Хазораспдан Урганчгача бўлган 70 км йўл давомида автобус аҳли жимгина қўшиқ тинглагаб узун ўй суриб кетишди.
Энди автобус тиқилинч эмаслиги, дунë кенглиги ва унда шодлигу қувончга ҳам жой борлиги аëн бўлганди…
Ўша автобус ичида мен ҳам бор эдим. Қўшиқни эшитиб, энг аввало онам кўз олдимга келди. Онам мени дунëда борлигим учунгина ҳеч бир таъмасиз қувонадиган зот. Мен ҳам онамнинг борлиги ва тириклиги учун қувонаман. Менга таълим берган устозимниг дунëда борлиги учун ҳам қувонаман. Фарзандларим оëғига тикан кирмагани учун ҳам қувонаман.
Дунëда борлигингдан қувонадирман.
Бақир-чақир уруш тўполон муштумзўрлик авжига чиққан бир пайтда кимдир тугмани боссин.
Жимгина ичимизга кўмилиб, Отажон оға қўшиғини эшитайлик. Жағимиз бир оз дам олсин. Нафрат, кин ва адоватдан олисда бизни яхши кўрадиганларни ўйлаб ичимиз ëришсин.
Дунëда, биз яхши кўрадиган ва бизни яхши кўрадиганлар бор ва улар соғу саломат бўлсин.
МС: Туз оға, шу шеърни ўзи қайтисина бир ойтиб баринг. Ишитали. Дам соз, дам сўз бўлсин оға.
Шеър ОТАЖОН ОҒА ДИЙДОРИ деб номланиб шоир Сайфи Нажмийнинг Отажон Худойшукуров айтган “Дунёда борлигингдан қувонадирман”деган сатри сўз боши қилинган. Шеър автобус йўловчиси бўлган шоир тилидан ҳикоя қилинади.
Келаётир эдим Ҳазораспдан жим,
Тирбанд автобусда ҳорғин, асабий.
Худди бу тирбандлик, тўполон учун
Бошқалар олдимда гуноҳкор каби.
Кимдир сўкинарди, нўноқ киссавур
Чўнтагига қўшиб танин кесгандек.
Ҳар бир янги бекат биз учун жавр,
Ҳар янги ҳамроҳдан роса безгандик.
Автобус ойнаси диққинафасдан
Ботганди кўзёшдек-кўзёшдек терга.
Аёвсиз бир қарғиш лаҳза тинмасдан
Кимнидир қарғарди тенг қилиб ерга.
Билмадим, гуноҳи не эди унинг,
Ҳеч ким ҳам ҳеч кимнинг айбин билмасди.
Шу пайт битта йигит магнитофоннинг
“Чирқ” эттириб ногоҳ тугмасин босди.
Қоронғу дилларни ёритиб бирдан,
Жаранглай бошлади нурафшон сўзлар.
Аланглаб турди-да бундай сеҳрдан,
Мўлтираб қолдилар ўқрайган кўзлар.
Хонанда чекарди кассетада оҳ,
Кимнингдир кимгадир зорлиги учун.
Юракдан ҳайқириб қувонарди гоҳ,
Бировнинг дунёда борлиги учун.
Илғаб ҳар бир сўздан қутлуғ зиёни,
Кўзларини очди бир парча воҳа.
Ҳар юракда пинҳон минг бир дунёни
Ёритиб юборди Отажон оға.
Сароб йўқолгандек шу бир нафасда,
Кетди андуҳларни янгроқ куй олиб.
Боя маймунлардек эдик қафасда,
Энди-чи, турардик мулзам, уялиб.
Йигитни индамай тушундик бизлар,
Билдик ғамимизни еганлигини.
Англадик, дунёда мусаффо ҳислар
Абадий барқарор эканлигини.
Йигит бир бекатда тушиб қолди сўнг,
Бир-бировга боқиб, жим ўйга толдик.
Энг бахтли туш бирдан келган каби ўнг,
Машина кенг экан – биз пайқаб қолдик.
Эсладик: ҳамиша шодланганмиз-ку
Кимнингдир бизларга зорлиги учун.
Ҳозир ҳам сафарга отланганмиз-ку,
КИМНИНГДИР ДУНЁДА БОРЛИГИ УЧУН.
Шундан бери мени қийнар ўзга ҳол,
Ўзга уқубатдан юрагим ғам ер.
Баъзан ҳаволаниб гар сурсам хаёл
Ўша автобусга ўхшаб кетар Ер.
Тўғри, сайёрамиз ҳудудсиз, лекин
Кўнгиллар торликдан унда мотамлар.
Офтоб бепул, ҳаво бўлмаса текин
Қирилиб кетгудек шўрлик одамлар.
Бир чимдим тупроққа кўзи тўйгувчи
Юҳофеъллар ҳамон яшар қалашиб.
Ўз ўрнин эплашга етмас-ку кучи,
Чанг солар ўзганинг ерин талашиб.
Ғаддор режалардан турмасак огоҳ,
Ер ҳам бир тугмага боғлиқ тақдир-ку.
Тугмани мен боссам… янграса ногоҳ
Бомбалар ўрнига меҳрбахш бир куй.
Англасалар ҳамма беизоҳ, бешарҳ,
Менинг кўнглимдаги орзуни ҳам жим.
Ахир, она замин яшар уриб чарх,
Одамнинг одамга зорлиги учун.
Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!
Видео: https://youtu.be/yaAVWiKfCPA
Рассом Туз