Асосий мавзулар
7 ноябр 2022

600 СЕКУНД: Чироқчида сел, қамалган порахўрлар, йўқ қилинган Россия жангчилари…

Бугун 7 ноябрь, бу кун СССРнинг энг асосий байрами сифатида нишонланган. Бугун Ўзбекистонда бу тантана мутлақо унутилган, баъзи қари-қартангларгина аранг эслайдиган шўро байрами. Календарнинг қизилга бўялган куни сифатида Совет Иттифоқининг бошқа бўлгалари 7 ноябрь куни дам олса, Ўзбекистондагилар параддан чиқиб пахта теришга йўл оладиган кун эди.
+++
Шу кунларда президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига сафари кутилмоқда. Ташрифи чоғида президент вилоят раҳбарияти ва фаоллари билан жойлардаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни муҳокама қилади. Ҳозирдан вилоятдаги барча раҳбарлар фаолияти зимдан текширилмоқда. Кимлардир ишдан ҳайдалиши ва яна кимлардир қамоққа ташланиши мумкин.
+++
Навоийнинг Карманасида нафақа пулини ошириб бериш ваъдаси билан бир отахондан 2,5 миллион сўм олган пенсия жамғармаси ходимаси Н. қўлга олинди Опахон ҳозирча қамоқда.
+++
1-ноябрь куни Пскент тумани прокурор ёрдамчиси судланувчига енгил жазо тайинланиши эвазига 1500 долларни олган вақтида ушланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши очилди. Прокурор ёрдамчиси қамоқда.
+++
Нуротада 6 ноябрь куни юзага келган сел қабристон йўлидаги кўприкнинг бир қисмига зарар етказди. Шунингдек, бу ерда учта уйнинг томорқасига сув йиғилиб қолгани айтилмоқда. ФВВ вакиллари табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар йўқлигини билдиришган. Бу орада Ўзгидромет 7-8 ноябрь кунлари пойтахт Тошкентда кучли шамол ва ёғингарчилик бўлиши кутилаётганини маълум қилган.
+++
Чироқчида юз берган кучли сел, аҳоли турар жойларига жиддий зарар етказди.
+++
Фарғона вилоятининг Данғара туманида сурункали ёмғир натижасидаги сув тошқини Пишқарон МФЙд ажойлашган 3-ўрта таълим мактабига борадиган йўлни тўсиб қўйди.
+++
2020 йилда қайта таъмирланиши ваъда қилинган ва 2021 йилда қайта ишга туширилиши режаланган Республика болалар кутубхонаси биноси бугун хароба ҳолатга келиб қолган.
Таъмирлаш ишлари биринчи босқичидаёқ тўхтаб қолган ушбу бинони таъмирлаш лойиҳаси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган «Ludi Aechitects» архитекторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилганлиги, таъмирлаш ишлари тўлиқ меценатлар маблағлари ҳисобига амалга оширилиши ҳақида олий мартабали хонимлар оғиз кўпиртиришган эди.
1893 йилда машҳур архитектор И.А. Маркевич лойиҳаси асосида яҳудий ака-ука Вадьяевлар маблағига қурилган ушбу бино давлат муҳофазасига олинган ҳамда маданий мерос объекти ҳисобланади.
+++
Қарши шаҳридаги 27-мактабнинг беш нафар ўқувчиси мактаб стадионида 8-синф ўқувчисини калтаклади. Ҳозирда бола оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди.
+++
Давлат Ҳавфсизлик хизмати томонидан Террористик ташкилот аъзоси бўлган шахс Ўзбекистонга олиб келинди.
1995 йилда Фарғона вилоятида туғилган Х.М. хорижда мавсумий ишлаган даврида Интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан доимий алоқада бўлган.
Уларнинг таъсирида 2019 йилда Сурияга бориб, «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар ҳаракатларда қатнашган.
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Х.М. хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
+++
Ўзбекистонда ҳам ниҳоят Россия телеканалларига муқобил каналлар пайдо бўлди. Би-би-си, CNN, Bloomberg, Frace 24, Хитойнинг SGTN, Туркиянинг ТРТ Avaz ва бошқа каналлари IP-телевидение операторлари пакетларига киритилди.
+++
Дунёдаги энг баланд бино бўлган Бурж Халифа ёнида жойлашган Бирлашган Араб Амирлигининг Дубайдаги 35 қаватли Emaar биносига 7 ноябрга ўтар кечаси ўт кетди. Айни пайтга келиб ёнғин ўчирилгани айтилмоқда. Ҳодиса чоғида ҳалок бўлган ва жароҳатланган тўғрисида ҳозирга қадар маълумот берилгани йўқ.
+++
Шимолий Корея бир неча кундан буён қўшнилари тарафга ракета отишда давом этмоқда. 3 ноябрь куни Япония тарафга отилган учта ракета отилган. Токио улардан бири қитъалараро баллистик ракета бўлганини иддао қилди. Отилган ракеталарнинг учови ҳам Япон денгизига бориб тушган
+++
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин, агар Пхенян ядро қуролини ишга солса, Қўшма Штатлар Шимолий Корея режимига барҳам беришини билдирди.
+++
Жорий ҳафтада Европа Иттифоқи Украинага 2023 йил учун 18 млрд евро миқдорида молиявий ёрдам тақдим этади. Бу ҳақда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билдирди.
+++
Америка Қўшма Штатлари эса қиймати 400 миллион доллар бўлган янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага 1100 та Phoenix Ghost камикадзе дрони, M1117 русумли 250 дона бронетранспортёр, 40 та бронекатер ва Чехияда сақланаётган камида 45 дона Т-72 танкини етказиб беради. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингҳ маълум қилди.
Ажратилган маблағнинг бир қисми Киевга ҳарбий ёрдам ажратишни мувофиқлаштириш бўйича Германияда штаб ташкил этишга сарфланади. Пентагон вакиласига кўра, мазкур штаб ҳарбий персонални машқ қилдириш билан ҳам шуғулланади.
Бундан ташқари, АҚШ Hawk зенит-ракета мажмуаларини янгилаб, уларни Киевга йўлланажак галдаги ёрдам пакетларига киритади.
+++
Украина президенти Володимир Зеленский, агар Балидаги G20 саммитида Россия президенти Владимир Путин иштирок этадиган бўлса, у ёққа бормаслигини билдирди.
+++
Луганск вилоятидаги Макеевка қишлоғи яқинида Россиянинг Воронеж вилоятидан сафарбарликка жалб қилинган ҳарбийлар батальони йўқ қилинди.
Россия нашрларидаги хабарларга кўра, у ерда 500 га яқин рус аскари ҳалок бўлган, фақат 41 нафар ҳарбий тирик қолган.
Мазкур маълумот ҳарбийларнинг хотинлари томонидан тасдиқланган. Улар эрларининг ҳеч бир тайёргарликсиз тўғридан-тўғри фронтга йўлланганидан норозилик билдиришган.
+++
«Украина Афғонистондаги 10 йиллик уруши давомида СССР йўқотганидан икки баравар кўп рус самолётларини йўқ қилди. 9 ой давомида Украинада 278 рус самолёти йўқ қилинди, Афғонистондаги урушда эса 118 совет учоғи йўқотилган эди», – дея муқояса қилди Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Залужний.
+++
Ҳиндистонлик етакчи роҳиб камбағалларни сабрли бўлишга чақирди. Ҳинди муллаларининг тиллага ўчлиги Лондон биржасидаги олтин нархининг мунатазам ўсиши кафолатидир.
+++
“Нарсалар эҳтиёжга кўра қадрланади”. Хабарларга кўра, Москвада дафн ашёлари кўргазмаси ўтди. Айниқса, ғассоллар ва гўрковлар ўртасида ўликларни тез кийинтириш бўйича ўтказилган конкурс иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ўликларга кийдириладиган либосларга ҳам, алламбало тобутларга ҳам кўзлари ёниб қараганлар кўп бўлди. Урушда юз минг аскаридан ажраган Россияда дафн бизнеси, жумладан ака Шариф Ўзбекистонга олиб сотган кийган орқаси кесик кастим ва ҳашаматли тобутлар савдоси бугун айниқса долзарб…
+++
Бу Элтуз каналидан сўнгги 600 cекунд ичида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимиз эди. Кун давомида биз билан қолинг, каналларимизга обуна бўлишни унутманг.

@eltuz

Тағин ўқинг
25 май 2023
Навоий номли  ўзбек тили адабиëт университети бировнинг лойиҳасини ўзлаштириб давлатдан 2 миллиард сўм  ундирмоқчи бўлганми? «Адабиëт университети надур?» Рассом ...
26 март 2016
Ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси, маҳкум Аъзам Фармоновнинг умр йўлдоши Озода Ёқубова 10 йилдан буён Тошкентдан 1500 км узоқдаги олис, экологик ...
7 январ 2022
Азизлар мана яна сиз билан юзма юзман. Ҳазрати Заҳириддин Бобур лутф қилишича қозоқ бу туркнинг ботирлик ҳислати экан. Шу ...
20 апрел 2019
Кўплаб манбаларда Муҳаммад CАВ туғилган кунлари турлича талқин қилинади, бироқ саҳиҳ дея аталган кўп манбаларда 571 йилнинг 20 апрели ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...