Асосий мавзулар
11 ноябр 2022

РТдан ваъз: Фин билан Пиннинг фарқи

Рассом Туз: Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.
Матчон Суқилиш: Ничиксизлар, мўччи ойбика ҳам хўжик биррила?
РТ: Матчонбой сен фин билан пиннинг фарқини биласанми?
Матчон Суқилиш: Овонг оғо. Пин бу дўрт сифрли парол. Телефонни пини бор масалан. Фин аса Финляндияда яшийдиғон манглайи қоролар.
РТ: Ўзинг манглайи қорасан, Матчон суқилиш.
Матчон Суқилиш: Дўғри ойтосиз оғом. Манглайи қоро бизларни ўзимиз. Николай пошшони вақтинда финландия ҳам, хива хонлиқи ҳам ўрисни мустамлакаси ади. Николай оғдорилғондан кейин финлар Москваға бориб Ленинни ëқосиннан олиб бизлар инди сизлар билан ўйнамиймиз даб, мустақилликни талаб атдила. Бизаниклар аса Ленина ўрден барип, подхолимчилиқ атиб охиринда йўқ бўлиб гетдилар. Давлат Ризойўп дайан одомлор Хоразм дўлатини соқлаб қоламиз, охир бизлара Ленинни ўзи гарантия барди дап Чичерин билан учрашганда ойтвади. Кейин Давлат Ризаепни халқ душмани дап отип тошодилор. Ўрисо ишонгон шуннин бўлади.
РТ: Ҳа, Матчонбой гапларинг тўғри. Хоразм давлатчилигининг йирик арбоби Давлат Ризаев қонхўр Сталин ўлганидан кейин Хрушчев даврида реаблитация қилиб оқланди. Номига Урганчдаги 5 сон мактаб интернат қўйилди. Лекин мустақилликдан кейин бу жадид отамизнинг номини мактабдан олиб ташлашди.
Матчон суқилиш. Дуз оғо пинларни навчун сўлладингиз ахир?
РТ: Ўз тараққиëтини Россиясиз белгилаган Финландия халқ таълими бўйича дунëда биринчи.
Матчон суқилиш. Овонг оғо, ишитдим. Пин тизимини кўпия атжаклар.
Финнинг мактаб аро недур муроди?
Финландия таълим тизими ҳақида айтиб берсам, халқ таълим вазири  лабига  учуқ тошмайдими мабодо.
Матчон суқилиш: сиз монго ойтиб бараваринг. Қўйинг у ўнг вазир, чап вазирларни.
РТ: Биринчидан, бу таълим тизими дин ва бошқа мафкуралар таъсиридан кучли иҳота қилинган бўлиб,  ўқувчига чўпчак эмас, билим беришни кўзда тутади.
Иккинчидан, барча болалар – тенг, деган принцип. Салим окамгиларни невараси ҳам, мусорчи Потма холани қизи ҳам бир хилда таълим олиши кафолатланади. Тенглик принципига кўра, ҳар бир фин мактаби ўқув жараёнини амалга ошириш учун тенг имкониятларга эга: мутаносиб молиялаштириш, бир хил ускуналар.
«Кучли ва кучсиз» таълим муассасаларига бўлиниш мавжуд эмас.  Эллик бешинчи мактаб зўр, Энамяхшидаги мактаб онтарилиб ëтибди, деган нарса йўқ.
Финлар, шунингдек, бир мавзуни бошқасига зарар етказиш учун ўқитиш қабул қилиниши мумкин эмас, деб ҳисоблашади — мактабларда ҳар бир дарс тенг равишда ўрганилади.
Ўқитувчиларга ота-оналарининг ижтимоий мавқеи юқори бўлган болаларга имтиёз бериш тақиқлаб қўйилган. Барча болалар биргаликда ўқийдилар ва кучли мактаб ўқувчилари ва «учлик» ва ҳатто ногирон болалар — ҳеч нарса синфдаги болаларнинг тенглиги принципини бузмаслиги керак.
Учинчи принцип – текин таълим тамойили
Финляндия деярли барча мактабларни текин қилган давлатдир. Талабанинг овқатларини давлат тўлаб беради. Ҳукумат асосий таълимдан бошқа тўгараклар ва  ҳар қандай синфдан ташқари ишларни тўлиқ молиялаштиради: музейлар ва кўргазмаларга бориш, саёҳатлар ва бошқалар. Бундан ташқари, давлат дарсликлар, иш юритиш ва ҳатто планшет компютерлар учун пул ажратади. Ҳар бир мактабда болаларни бепул автобусда дарсларга олиб бориш имконияти мавжуд.
Индивидуаллик принципи
Ўзбекистон жамиятини бахти қаро қилган нарса – жамоа ва тўда зеҳнияти. Фин таълим тизими, бунга қарши ўлароқ, индивидуализмни қўллайди. Мактаб таълими жараёнида ҳар бир алоҳида ўқувчининг қобилиятлари учун мавзу курсини индивидуаллаштириш муҳим ўрин тутади: синфда болалар ўрганилаётган мавзу бўйича ўзларининг топшириқларини олишади. Талабанинг дарсдаги муваффақиятига қараб, уй вазифаси ҳам шаклланади – кимдир янада мураккаб материални олади, кимдир эса оддий материални олади.
Талабаларнинг натижалари индивидуал қобилиятларга қараб баҳоланади – бу муҳим. Академик кўрсаткичлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ҳар бир талаба Финляндия мактабида дарсдан ташқари ўқитувчи билан қўшимча дарслар олади.
Махсус «қўшимча ўқитиш таълими» ҳам мавжуд, уларда она тили фин тили бўлмаган хорижлик (масалан, ўзбек) мактаб ўқувчилари  ўқишади.
Амалийлик принципи
Финлар учун ўқишдан мақсад – ҳаëтда илғор комил инсон бўлиш.
Финлар «ёки биз ҳаётга тайёрланамиз, ёки имтиҳонларга тайёрланамиз. Шу иккисидан биринчисини танлаймиз,» дейишади.  Шу сабабли Финляндия мактабларида якуний мактаб имтиҳонлари мавжуд эмас ва ўрта ва олий ўқув юртларига киришда ўрта мактаб давомида олинган ўртача баллар ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, катталар ҳаётида муҳим бўлган амалий кўникмаларга эътибор берилади.
Ўқувчилар орасида, масалан, рассомликка қўли келишгани бўлса, ўз ижоди ҳақида портфолия  яратишади, веб-сайтлар очиш асосларини ўрганиш, солиқларни ҳисоблаш каби келгуси ҳаëтда асқотадиган машғулотлар қилинади. Шунингдек, синфда танланган касбнинг иш мажбуриятларини ўрганиш шаклида ҳам, икки ҳафта давомида ҳақиқий иш билан ҳам иш стажини ўтказиш имконияти мавжуд. Масалан, фин мактабида сувоқчилик, кафел ëпиштириш ëки гипкий камень ясаш бўйича икки ҳафталик курс олиш мумкин. Бу амалий кўникма албатта келажакда керак бўлади.
Ишонч принципи
Ўзбек мактабида ўқитувчи ўқувчини, ўқувчи эса ўқитувчини ўзига душман деб билади. Ишонмайди. Фин мактаби эса ўзари ишонч устига қурилган. Ушбу принцип иккита постулатани ўз ичига олади. Биринчиси, давлатнинг ўқитувчиларга тўлиқ ишончи. Давлат таълим дастури, аксарият ҳолларда, умумий ўқитиш тавсияларини ўз ичига олади: ҳар бир ўқитувчи қайси ўқитиш усулидан фойдаланишни ўзи ҳал қилади. Иккинчи, тамойил-болаларга тўлиқ ишонч: синфда, агар мавзу унга қизиқиш туғдирмаса, бола ўзи истаган нарсани қилиши мумкин.
Бу тамойил ўқувчиларга етук одам дея қараб уларга  нисбатан ҳурмат муносабатидан келиб чиқади. Финляндия мактаби синфда танлов эркинлигини англатади.
Ихтиёрий равишда ўрганиш принципи
Таълим жараёни ўқишни истаган болаларнинг ўқишини англатади. Ўрганмасанг уриб ўлдираман, деган воқеликнинг тескарисидир фин таълим тизими. Финляндия ўқитувчилари, албатта, боланинг эътиборини мавзуга жалб қилишга ҳаракат қилишади, аммо агар болада қизиқиш ёки қобилият бўлмаса, ўқитувчилар талабани «оддий», амалий ишларга йўналтирадилар. Сендан математик чиқмаса, ботаник бўласан деб, шу йўналишда таълим беришади. Ва ҳеч ким «иккичи»  экансан деб, талабани изза қилмайди. Умуман, Финляндия мактаб ўқувчилари  ижобий ёки салбий эмас. Финляндия мактаб таълимининг энг муҳим вазифаларидан бири –  ўқувчини аниқ келажакка ҳозирлаш. Кимдир осмонўпар бинолар дизайнери бўлади ва кимдир автобус ҳайдовчиси бўлади.
Маъсулият принципи
Финляндияда ўрта таълим принципи иккита асосий босқичга бўлинади: Қуйи мактаб (биринчи олти синф) ва юқори мактаб (еттинчидан тўққизинчи).
Ушбу асосий 9 йиллик мактаб курсида болалар кўплаб фанларни ўрганадилар: Саводхонлик ва она тили, ҳаётни тушуниш, санъат ва мусиқа, хунармандлик ва жисмоний тарбия. Кейинчалик табиий фанлар ва гуманитар фанлар, хорижий тиллар, шунингдек, компютер саводхонлиги каби факултатив курслар қўшилади.  Финляндияда фанлараро таълим асослари мавжуд. Финляндия мактабларида қўшимча 10-синф ҳам мавжуд бўлиб, у фанлар бўйича ўртача балларини оширишни истаганлар учун тақдим этилади. Шундан сўнг, талабалар қаерга боришни танлашади: бирон бир амалий мутахассисликни эгаллаш учун касб-ҳунар коллежига ёки университетларда ўқиш учун ўзига хос тайёргарлик вазифасини бажарадиган лицейга йўл олишади. Шу тариқа мактабни тугатган финлар катта ҳаëт бўсағасида кўзларини уфққа тикканича қатъият ва ишонч билан туришади. Улар фин таълим тизимининг мевалари.
Матчон суқилиш: Қўйинг финларни оғо. Фин нерда – биза нерда. Туя қайда – чукки қойда даганнин. Ман сиза ўзимизни системани айтиб барсам. Тошкентдаги 213-инчи мактаб ўқитувчисини 9-синф ўқувчиси акасина айтиб урдирди. Ўқишини эплайолмоғони учун дакки эшитган 9 синф ўқувчиси акасина телефон қилади. Шу мактабни ўткан йили битирган ака ўртоғи билан галиб, мактаб ўқитувчисини ерга ëтириб дапкилаб уриб-уриб ташайди. Муаллимни урғон безорила Миробод туман қомақинда.
РТ: Матчонбой, ўзигни бос. Вазифамиз марифат. Одамларга тушунтириш.
Матчон суқилиш. Одамлар барибир тушунмийди. Тизимни шок услубида қўллаш керакми ëки йўқ?
РТ: Мен шок терапия тарафдориман. Худди вақтида Отатурк Туркияда ëки яқинда Саакашивли Грузияда қўллагани каби. «Аста секин, ўзимизга мос, барча тизимдан яхшисини олиб ўзимга лойиқ қиламиз» деган ëлғон билан 30 йил ўтди.
30 йилда етишган жоҳил поданинг инсониятга зарари беқиëс.
Аммо зинҳор фойдаси йўқ. Улар ўқишни билишмайди. Ҳарф танишади. Балки матнни ўқий олади, аммо тушунмайди нима ўқиганини.
Бир амаллаб сарлавҳани ўқиб, тагига алмойи-жалмойи комент ëзади.
Шу сўкишни ҳам тўғри ëзолмайдиган пода. Фин таълим тизими ҳарф таниттириш баробарида ўқувчининг зеҳнини чархлайди.
Матчон суқилиш. Шуни аниқ атип тушунтиринг. Болани зейнини нишатиб чархлийди. Новви билан чархлийди. Эгав биланми?
РТ: Масалан, ўқувчи қўлига матн берасиз. Бир варақ. Айтайлик квант физикаси, ОМ қонуни ëки ғишт қандай қуйилиши ҳақидаги илмий матн. Ўқувчи матнни ўқиб бўлгач, қўлидан қоғозни олиб, «нимани тушундинг балам, ўратепача қилиб гапириб берчи» дейсиз.
Вазир Қўчқоровга ўхшаб «Ааааа» деса, демак бу бола фин услубида ўқитилмаган.
Ҳамма болалар ўқиши аниқ. Аммо турли хил таркибдаги матнларда маълумот топиш, уни тушуниш, баҳолаш ва ўқиган нарсангиздан турли хил ҳаётий вазиятларда фойдаланиш бошқача.
Фин таълим тизими дунëда энг яхши эканлигини ўрганган тадқиқотчилар айнан шу нарсага эътибор қаратдилар. Талабалар нафақат адабий ва бадиий парчалар, балки бизнес услубидаги матнларни ҳам таҳлил қилишади. Кўрсатмалар, реклама,учоқ парвозлари жадвали, ишга жойлашиш учун сўровномаларни ҳам ўқиб, нима тушунганини маллимга айтиб беришади.
Аснода фин ўқувчилар зарур маълумотларни топишда, айниқса, билимдонга айланишади. Матнни танқидий баҳолаш ва матн ҳақида ўз фикрини аниқ ифодалашни уддалашади. Фин таълим тизими боғчадан бошланади. Ва финлар болалигиданоқ ҳодисалар, ҳодисалар ҳақида турли нуқтаи назарларни ўзаро боғлаш ва уларнинг маъносини талқин қилишга ўргатилган. Бир мисол, Финландияда ўқиш ва уқиш даражаси биринчи ўринда бўлса, ҳамма мақтайдиган Голландия Финляндиядан анчагина пастда 10-ўринда зўрға турибди.

Монголия молбоқари

Хозирги ўзбек таълим тизими касал. Даволанишни истамайдиган касал. Ҳар қандай касал укол олишдан ëки операциядан қўрқади. Аммо доктор авторитар йўл билан бу касални даволаши керак. Каравотга камар билан бойлаб қўйиб бўлса ҳам, бу касални кўтига укол тиқиш керак. Бўлмаса ўлади.

Матчон Суқилиш: Дуз оғо сиза бир савол, дунëни ҳамма еринда, ҳатто сарапоëндам хиндистондан галганла компютер зўтиб ўтиради. Шунда навчун Хиндистон дўлати сўвиниб сувитлара чиқмийди. Хозир бир ўзбек Монголияда мол боқса ҳам шуни мақтаб ўзбекистонлини қоро, Монголояда мол боқадўн даражага етибди дпр мақтаниб, кино қиладилар. Навчун? Балони баллики борми Монголияда ўзбека…
РТ: Матчонбой, бу гапингга Рассом Туз эмас Рассом Анзур Бухорий жавоб беради.
МС. Имом Бухорийни ишитвадим лекин, Анзур Бухорий даяанам чиқибдими, тўбаттим.

Рассом Анзур Бухорий фарëди

Ўзбекистон кейинги пайтда занжирини узган йиртқич каби талавасада. Янги Ўзбекистон ўнлаб катта ҳаражатли, пафос ва понтдан иборат ва кўп холлардан умуман фойда келтирмайдиган ҳамда мутлақо кераксиз проектлар генераторига айланди.
Хозир Ozbekistonlik деган модний проект борасида ох воҳ авжида. Бу проект маъноси нима? Нима ўзи бу?
Чет дўлатда  юрган талантли, ўз соҳасида илгари кетган  ва иши чандон  юришган ўзбекларни қидириб топишади.  Уларни ясантириб, олдига камера қўйиб,  пўн билан интерьвю олишади «Мухташам юз йил» стилидаги мусиқаларни  пўнда гумбиллатиб. Ҳар эҳтимолга қарши камера олдида аши ўзбеклар билан сариқ савзига оши софий палов  қилиб, кўк чойди дамлаб ичиб «бизани ҳали миллий илдизимизни сичқон кемирмади» деган маънода поза қилишади. Мессдеж юворишади миллатга. Журналист ҳам «онқарая, ошди ҳалиям қўлда еяптия чет дўлатда коттта ойлик осаям. Ўзбегим ашнақаде» деб ҳайбаракалла қилади.
Хуллас менинг қитмир ичимда бу проектга қарши исëн алангаланди. Саволлар чиғди.  
Қондай қилиб бу ўзбекистонликлар чет дўлатга кетиб қолди? Нега улар ўз ватанида иш, хурмат ва эътибор кўрмади? Мабодо худойим кўрсатмасин улар четга чиғмай Ўзбекистонда қолиб кетганида не аҳволга тушарди? Очдан ўларди, хойнахой.
Нега, черт возьми, улар ҳақида бугун эслаб қолишди?
Нега масалан Ла Скалада чўп силкиб дрижерлик қилиб турғон ўзбек Тошкандаги Навоий театридан иш топмади?  
Нега  топ-менеджер  бўлиб Теслада ишлаëтган Матқовулга Асакадаги қадрдон  Узавтосаноатда иш топилмади? Нега? Кимдир жувоп берадима?
Мабодо мен Теслада инженер бўлганимда ўлсам ҳам   Ozbekistonlik,  лойиҳасига интервю бермасдим. Қасам ичаман, тепиб ҳайдардим. Бор йўқал, дердим агар улар қўнғироқ қилса. Албатта аввалига бу эътибор менга ëқиб ëғдай эрирдим.   «Ниҳоят жалап оникс.  Наконец-то, блять! Мен фақирни эслашдия!» – деб бақириб, бошимни қиммат кулбам деворига тарс-тарс урардим. Ишкопдан энг қиммат  кастимни олиб кийиб галстукка олтин қисқичниям илардим. Жундор қўлимга эса ялтиллаган  Breguet Classique соғатини тақиб қўлтиғимга Sauvage Elixir исли сувини шўриллатиб сепардим. Қўшни, қариндош, синфдош, партадош, курсдош, камерадошлар ва айниқса анжандаги  автозаводагилар менинг ҳам  отим ўзганини кўриб, ҳасаддан ўлиблар қолсин, деб ўйлардим. Қоранг – ишим юришдия. «Сен отнинг кейинги аяғисан, одам бўмийсан» деганларнинг гапи капейка бўлиб чиғди. Мен чет дўлатда бомж бўғоним йўқ. Помойкадан емак еб, социалдан садақа олиб итнинг кейинги аяғи бўлиб, бўйин эгиб юрмайман. Аксинча. Барчага кўрсатиб қўйдим қондай пул топишни. Ишим юришди. Охирги эмас, биринчи туя бўлдим. Бойман. Ўзимга тўқман. Мен ўзим яшайдиган ҳашаматли пентхаус мутфагида устига пил расми туширилган 110 рақамли чойни дамлаш учун намойишкорона чоғланаман. Қайси гўрда ëтган, устига пахта расми туширилган сипатсиз чинни чойнакни кавлаб топиб, чой шопираман. Мана мен ўзбеклигини унутмаган ватанпарвар. Бойлик чўққисидан сизга назар солмоқдаман кибор ва башанг…
Аммо бирдан кўзим ëшга тўлади. Томоғимга нимадир тиқилади. Эски аламлар йил ошган шароб каби кучайиб ичимни мушукдай тимдалайди. Асакадаги автозовут КППсида турган барзанги мени ҳатто ичкарига ҳам қўймай кўтимга тепкани эсимга тушади. Холбуки, мен  рацпредложение билан келувдим. Ўзбекистонда итдан бир тийин қарз бўлиб, гадой каби тимирсилаганим эсимга тушади. Мен ҳам одам эдимку, ахир инсон парзанти. Бошимни силашга бир мехрибон қўл йўқ эди. Аммо юзимга шаппат урадиганлар қуйруқ каби навбатга тизилганди. Чунки қарздор эдим. Қарзни узиш учун қарз олардим. Камбағал гадой бўғаним учун хотиним бетимга тупуриб энасиникига кетиб қолди.  Мен бўлсам аламдан молдай арзон барматуха ичиб ерларга думаладим. Бу юртни елкамди чуқури ҳам кўрмасин. Ўлсам ҳам чет дўлатда ўлай деб чиғиб кетдим. Ўзавтосаноат «кетингни арт» деб  менсимаган чизмаларим чет дўлатдагиларни ҳайрон қолдирди ва улар менга ишаниб лавозим, пул, ресурс ва имконият беришди. Шу тариқа энг бой одамга айландим. Нос тупласам юз долларлик қоғозга туплаб, ўраб ғижимлаб ўттизинчи этаждаги пентхаусим айнагидан пастга улоқтираман. Носдиям итидан чекаман. Шведский нос. Албата, мен Ўзбекистон ватаним қўлловисиз шу даражага етканимни қишлағимдагилар ҳам  билсин дейман… Лекин, охирги моментда мен бу фикримдан қайтаман.
–  Йўқ, асло!!! Не-не-не, какое интервью? Нохия! – дейман мен кўзимдан шар-шар оққан кўзëшларимни 14 минг евролик пиджагим  Brioniнинг енгига артиб.  
Warning:  
Анзур Бухорий фикри бошқа ўзбекистонликлар, хусусан  Нью-Йорк ëки  Ашхабаддаги ўзбеклар фикрига тескари бўлиши мумкин.  
Но это не дает вам права. Яъни мени қарғаш ҳуқуқи йўқ сиз афтодаларда.
МС: Оғо, бу дардисарни ким таржима қилди?
Анзур Бухорийнинг манзур мактубини  Рассом Туз аслиятдан таржима қилди.
МС: Дуз оға, шу дасангиз тозо Ўзбекистон ҳаққинда шеър ëзвадим. Кўна ўзбекистонда фермерлар ўроқ катман билан ишлар ади, тозо ўзбекистонда торохтр билан ишлийди.
РТ: Айтчи Матчон жўқи шеърингни
МС: Торохтр даганинг қонглтр чалак
Вëнинда, бëнинда икки дигиржак
юз доллар барсанг ерингни суриб баражак
Трактор даган фермер учун галажак
Трактор бўлмаса фермер ўлажак…
РТ: Матчонбой, пахтани трактор билан териш кераклигини сен ҳам тушунибсан охири. Лекин бу ҳақда журналистлар ëзиши керак.
МС: Пул барсангиз ëзади журналистлар.
РТ: Бутун дунëда журналист редакциядан ойлик ëки гонорар олиб ишлайди. Газета журнал ëки телерадиоканал эса рекламадан пул топиб ëки грант асосида мухбирларни ва ўз фаолиятини таъминлайди. Бутун дунëда блогерлар фолловерларининг сонига кўра тармоқдан пул олади ëки шунчаки хобби ўлароқ текин ишлайди. Титаник чўкаëтганини кўрган мухбир кема капитанига қараб «сени чўкканингни ëритишим учун пул бер» демайди. Миллиардерларни фош қилган рахматли Пол Хлебников йилига 40 минг доллар ойлик оларди. Хлебников фош қилгани ортидан миллиардерларнинг акция нархи тушиб миллионлаб зарар кўришарди. Ўша миллиардерлар агар Хлебников улар ҳақида ëзмаса йилига бир миллион бериб туришга рози эди. Аммо Хлебников редакциядан ойлик олиб яшашни маъқул билди. Чунки у маслак  одами эди.
Узун киришдан сўнг Ўзбекистондаги матбуот реаллигига ўтсак. Ўзбекистондаги барча нашрлар мухбирлари ва бемаза қовун уруғидай кўпайган блогерлар ўзлари ëзмоқчи бўлган воқеа қаҳрамонларидан пул олади. «Пул берсанг, проблемангни чиғориб» бераман. дейди. Саводсиз бир жинни видеони ëқиб, пул олган одами ҳақида алжираб ўтиради. Одамларам матбуот шунақа бўлар экан деб кўиникиб ҳам кетишган. Бирор тадбирга чақирилса бақлажон.уз ҳам «договор юборади», пулини тўлаб қўйинг деб. Илгари одамлар ресторандаги машшоққа пул бериб, ашулла айтиришарди. Хозир «журналистга» пул бериб мақола ëздиришади.
Бўйнидан боғланган ит овга ярамайди. У  эгаси берган суяк ва кулба эвазига вовуллайди.
Бутун бошқа сохалар каби журналистикани ҳам ўлдириб кўмиб қўйишди Ўзбекистонда. Бир сурув тиланчи эса  журналист ниқобини кийиб пул эвазига «биннасалар» ëзиб ëтибди.
Туядан сўрашибди нега бўйнинг эгри? деб. Туя «қаерим тўғри» деб жавоб берибди.
МС: Шўрда бир тўхтаб олиб, ëнқи гапни ойтинг
РТ: Ассалом Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
12 июл 2016
У 16 йил фермерлик қилди. Отасининг ҳам суяги далада қотган, қирқ йил давомида пахта етиштириш билан шуғулланган. Аввал отасига, ...
2 сентябр 2016
Таъзияни ТРТ давлат телеканали намойиш этди. «Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек ...
21 март 2019
Россиянинг Ёқутистон республикасида 36 яшар аёлнинг зўрлангани иддаолари ортидан марказий осиёлик мигрантларга, жумладан ўзбекларга қарши митинглар, таҳдидлар, тўқнашувлар авж ...
5 ноябр 2016
Ўзбекистон Халқ шоири, Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов 5 ноябрь куни эрталаб АҚШнинг Хюстон шаҳрида 75 ёшида вафот этди. Eltuz.com ...
Блоглар
26 ноябр 2022
Нукусдаги воқеаларни ўрганиш бўйича парламент комиссияси таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, намойишларда қатнашиб ...
3 ноябр 2022
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва ...