Асосий мавзулар
25 октябр 2023

Фақат байрамда эсланадиган ўзбек тили

Ўзбек тилига давлат мақоми берилиши талаб қилинган бу кадрларни менинг азиз дўстим марҳум Абдулазиз ака Маҳмудов суратга олганида мен ҳам айнан ўша ерда эдим. Бу тасвирлар 1989 йил олинган.

Шунингдек ўзбек тили байрамини 1988 йили ташкил қилган биринчилар қаторида бўлганимдан фахрланаман. 9 февраль куни талабалар шаҳарчасидаги майдонда ўтган «Тил байрами» дея аталган бу митингдан лавҳалар камдан кам шахсларнинг архивларида сақланган бўлса керак.   

21 октябрь тил байрами куни тил ҳақида кўп гапирилди.  Жадид бобомиз Исмойилбек Гаспирали «Тил миллат ривожидаги бирламчи унсур» деган эди. Шу боис бу мавзу кўпроқ гапирилишга мухтож.  21 октябр кунги расмий тадбирлардан кўра, кўпроқ менга ëққани Қашқадарë вилояти Касби туманидаги 14 мактабнинг 43 яшар адабиëт муаллимаси Хуршида Отоуллаеванинг дарси бўлди.

Ҳуршида ўзбек мактабининг Она тили ўқитувчиси.

Аслида бундан 96 йил муқаддам Бокуда туркологларнинг биринчи қурултойи бўлиб ўтган ва турк тили масаласининг асосий йўналишлари белгилаб олинган эди. Айнан ўша қурултойда Фитрат таклифи билан ОНА ТИЛИ деган тушунча қабул қилинган эди. Кейин эса 1929 йилдаги Самарқанд тил ва имло конференциясининг адабий тил ҳақидаги қарорида бошқа тиллардан кирган сўзларнинг ҳаммаси “ўзбек тилининг темир қонунига” бўйсунган ҳолда ёзилиши ва ўқилиши, яъни ўзбекчалаштирилиши белгилаб қўйилди.

1941 йили уруш бошланганида хабар тили аниқ бўлиш эҳтиëжи туғилгани боис тил  Қаҳҳор айтган «қуюшқон» ичига тиқилди. Бундан олдин, 1938 йилда тил ҳақида гапирган деярли ҳамманинг тили кесилган эди.

Шундан кейин, то 1985 йили Михаил Горбачев келиб ҳуррият ато қилиб гапиринглар, дегунча ҳеч ким гапирмади. Каримов даврида яна сукутга чўмдик.  Мана энди яна гапира бошладик. Аммо йиллар давомида рус КГБси сингдирган «ТУРКЧИЛИК БУ ОЛАБЎЖИ» деган қўрқув ўз ишини қиляпти.

Тошкентга келган АҚШлик  турколог дўстим нуқул ўрисча эшитганини ëзсам, мени «Фашист» деб аташди. Хамза «эмчак » сўзини ишлатган, десам «Идеаллаштирма» дея тамға кўтариб келишди. Ўз вақтида «Идеаллаштирди» деган айб билан неча юз ойдинлар сибирга сургун бўлган эди.

Айтайлик, “х” ва “ҳ” товушлари фарқланмаслигини, уларни бирлаштириб юбориш тилга салбий таъсир этмаслигини айтсангиз, мадраса ëнида ўсиб ҳужра кўрган консерватив қараш соҳиблари “араб сўзларида бор, тарихан шундай, қолаверсин” деб турволади. Лекин “унда унлиларни ҳам, тарихдан келиб чиққан ҳолда, олд ва орқа қаторга бўлиб, тегишли ҳарфлар киритайлик” деб кўринг, ўша кишиларнинг ўзлари дарҳол тўнини тескари кийиб, “халқ шунга ўрганиб бўлди” дея оғзингизга кишан солмоқчи бўлади.

Менинг фикрим: Бу борада мутахасислар сўзини эшитиш керак. Этник худбинлик ëки мафкура қопқонида бўлганлар эмас билгичлар гапирсин. Билмаганлар эса билсин.

21 октябрь тил байрами ҳақида ўқиганларим ичида энг яхшиси Меҳриноз Аббосова ëзган шеър бўлди.  Меҳриноздан мақтов қарзим бор эди. Мана уздим қарзни. Яхшини яхши дейман. Сиëсатга диагноз қўйган шоирага офарин дейман.

21-окт(й)абр

Октабр–октябрь – аросат фасл,

Тугал бир мезон йўқ, қонун йўқ, кор йўқ.

Қасддан таҳқирланиб келдинг муттасил,

Сенингдек тўкис йўқ, сендек афгор йўқ.

Пишмаган мевасан, на баҳор кузсан,

Кимга нима фойда бор-у йўқлигинг?

Илмилиқ хаёлсан, на олов, музсан,

На тирик, на мурда – севгим, кўҳлигим.

Аёлдек улуғсан, аёлдек ночор,

Фақат байрамларда тушасан ёдга.

Онгимни ғажийди даҳшатли савол:

Айт, қачон қайтасан, ёруғ ҳаётга?!

Тағин ўқинг
18 май 2023
1914 йилнинг 18 майи дея тарих ëзилган бу сурат марказида турган Абдуллабекнинг эвараси, шу кунларда Тошкентда яшаëтган Умида Ҳақназар ...
25 феврал 2020
Шу куни уйқуга ётиш эълон қилинганидан сўнг тахминан тунги соат 2 гача ухлолмадим. Антоненконинг аслида ким эканлиги ҳақда бош ...
18 март 2023
Рассом Ўрумбай Охуновнинг юз йиллик таваллудига бағишланади Қирғизистондаги биринчи профессионал рассом Ўрумбой Охунов 1923 йил 21 мартда Наврўз байрами ...
28 сентябр 2018
Андижон вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати шифокори А.нинг «Элтуз»га билдиришича, бундан 5-6 кун олдин вилоят ҳокимлиги вакили (А. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...