Асосий мавзулар
20 ноябр 2023

Хива мулозимлари хўжакўрсин шоу учун қарзини давлатнинг мусоровози билан тўлади

Биринчи раҳбарга ҳамма ëқни чиройли кўрсатиш учун ясатилган хўжакўрсин ҳашаматга Потёмкин қишлоғи дейилади.

Потёмкинские дере́вни — бу 1787 йили Рус шаҳаншохининг хотини иккинчи Екатерина кўзини шамғалат қилиш учун ботқоқ устида тахта ва қоғоздан ясатилган обод қишлоқ.

Бу хўжакўрсин бутафор қишлоқни княз Потемкин ясаттирган эди. Потемкин қишлоғи деган термин реал воқеаликни беркитиб ëлғон ҳашаматли декорация қуришга айтилади. Бугун Мирзиëевни «Потемкин қишлоқлари» билан алдашмоқда. Фақат битта фарқ бор – княз Потемкин ўзининг ясама қишлоғини ўз чўнтагидан ҳаражат қилиб ясаттирган. Бугунгилар бўлса тадбиркорни қақшатиб, йўталтириб “томсувоқ” қилишмоқда.

2022 йил Хоразм вилоятига Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев борди. Ташрифи доирасида Ўзбекистон раҳбари Хивага ҳам борди. Хива архитектураси – худди япон шеърияти каби мукаммал.

Унга ҳеч нарса қўшишнинг ҳам, олишнинг ҳам кераги йўқ. Бошингизни кўтариб қарсангиз, кўнглингиз кўтарилади. Аммо Хива шаҳар ҳокимлигининг лаганбардор мулозимлари бу қадимий шаҳар деворларига улкан плазма мониторлари ўрнатиб, Мирзиëев ташрифини Шимолий Кореядаги Ким Чин Эр каби улуғлаб кўрсатишни орзу қилдилар. Орзуга айб йўқ.

Гадой ҳам “мерс” минишни орзу қилади, лекин тешик тўрвасига қараб туриб, ўз иштаҳасини модерация қилади.

Аммо Хива шаҳар хокимлиги мулозимлари ўзларининг таги тешик бюджет тўрвасига қараб ҳам қўйишмади. Ë хон ўлади, ë эшак деган каби таваккал қилиб, Урганчдаги S-Ikbol телеканалига бир миллиард сўм турадиган тўртта лед экран мониторни заказ қилишди.

Пулини президент кетганидан кейин берамиз, дейилди. Элтуз кўрган ҳужжатда Хива шаҳар ҳокимлиги хусусий канал яъни S-Ikbol телеканали буюртма асосида 4 та Led монитор буюртма бергани акс этади. Президент келиб кетганидан кейин Хива шаҳар мулозимлари қараса, чўнтакда ҳемири йўқ.

Қабулхонада хусусий телкеканал эгаси Сардор «қарзини қистаб» ўтирибди. Шу пайт хоким Ободонлаштириш бошқармасига амр бериб «сен тўла қарзни» дейди. Элтуз кўрган ҳужжатларда расман Хива шаҳар ҳокимлиги хусусий канал яъни S-Ikbol телеканали буюртма асосида 4 та Led монитор буюртма бериб унинг тўловини Ободонлаштириш бошқармаси балансига ўтказиб, тўловини қиламан деган, аммо ўша пул халигача тўлиқ ундирилмаган. Гап 1 млрд дан кўпроқ сўм хақида кетмоқда. Оз пул эмас. Хусусий телеканал қарзни ундириш учун комхозни судга берди. Шу пайтгача суд орқали ўша Давлат мулки бўлган мусоровоз Камаз 53 б05 l5 Е – баҳолаш орқали 831.540.600 сўм пул чиқарилган бўлиб, қонуннинг 56 моддасига муофиқ 10% арзонлаштирилган холда яъни 748,386.540 млн сўм сифатида ундирилган. Хусусий канал эгаси Элтуз мухбири билан суҳбатда «пул сарфлаб Led монитор олиб келиб ўрнатсагу, аммо бу пулнинг ярмини ҳам ололмасак?» дея чапагидан ўт чиқди. Гапнинг энг қизиғи давлат Хива кўчаларини саранжом саришта, чинни чироқ қилиш учун мусоровоз ажратсаю бу мусоровозни суд қарз учун хусусий телеканалга берилсин деб ажрим чиқарса. Хива комхози ҳам мана қарзинг, энди қопилиб ўтир дея мусор машинани хусусий телеканал ховлисига ташлаб кетса. Бу холатда Хива кўчасидаги мусорни ким тозалайди? Шаҳар ҳаëтининг зарур қисми бўлган машинани қарз эвазига бериш ғояси кимнинг қовоқ калласидан чиқди? Давлат мулки нима, давлат номидан қарз олиб, бермаслик нима, деган саволларга жавобни Каримов даврида мактабни қоридорда нос чекиб тугатган иккичи раҳбарлар қайдан ҳам билади. Нега бу ҳокимлар қўлидан келса келмаса хўжакўрсин ҳашамат қилгиси келади? Ҳикоямиз бошида айтганимиз княз Потемкин ўзининг хўжакўрсин қишлоғини ўз чўнтагидан ясаттирган эди. Потемкин лаганбардор ва алдоқчи бўлса ҳам давлат мулки дахлсиз эканини биларди. Шу ўринда Хива раҳбарларига икки оғиз сўз айтсам. Ўзбекистон президенти соғ салим турса Хивага яна кўп келади. Сиз хўжаминорга лед монитор осиб, комхоздаги қолган мусоровозлар тақдирини хатарга қўйманг.

Раҳбарлар келиб кетаверади, аммо ҳеч бир ëшулли мусоровознинг ишини қила олмайди. Ўнта раҳбардан битта мусоровоз фойдалироқдир.

Тағин ўқинг
26 октябр 2024
11-декабрдан 15-декабргача Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрида Жорж Фридерик Ҳанделнинг “Тамерлано” операси машҳур режиссёр Стефано Поданинг замонавий ...
19 ноябр 2018
Ижтимоий тармоқда Наманганнинг 5-микрорайонида қурилаётган Эйфель минораси нусхасининг дастлабки фотосуратлари пайдо бўлди. Парижнинг машҳур Эйфель минораси нусхаларини бугунги кунда ...
30 декабр 2016
Ўзбекистонга Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин очиқ саҳнага қайтган Юлдуз Усмонова, шунингдек унинг қайтиши билан катта саҳнадан «сал чеккага ...
17 апрел 2019
Президент Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллий муқобиллари мавжуд импорт дориларнинг давлат харидларини тақиқлаш тўғрисидаги яқинда қабул қилган фармони ижтимоий тармоқларда норозиликларга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...