Асосий мавзулар
4 декабр 2023

X-Factor пагонларни тан олмайди

Ниҳоят Ўзбекистондаги қўшиқ шинавандалари қалбини ларзага солаётган шоу томошаларига навбат етиб келди – Элтузнинг қаттиқ Икс фактори ёки Х-Фактор пагонларга ишонмайди.

X Factor шоусининг учинчи жонли эфирида Миллий гвардия капитани Даврон Абдусаломов томошабинларнинг энг кам сонли овозини олди ва лойиҳани тарк этди.

Ўтган сафар  Даврон “Ошиқлар гул тутар…” кўшиғини бўғилиб зўрға айтганига қарамай

ҳакамлар уни қутқариб қолишган эди.

Жюри орасида Лола Йўлдошевадан бошқа хаммаси Миллий гвардия капитани Давронга овоз беришган эди.

Бунинг оқибатида X-Factor фаворитларидан бири Юлдуз Муса лойиҳадан бадарға бўлди.

Лола ўз инстаграмида кўз ёш тўкиб, продюссерлардан нолиди.

Жасминдан кутмаган эдим бундай ҳаракатни деганди. Жасмин эса капитанни қўллаб-қувватлагани, унинг дастидан ҳали узоққа борадиган истеъдодли Юлдуз Муса шоудан бадарға қилингани учун тармоқларда сазойи қилинди.

Лекин пагонли Давронга кўрсатилган ошиқча марҳамат, тўғрироғи ҳакамларнинг айиқлик хизмати, медвежье услуга акс таъсир кўрсатди. Жасминнинг севгисини қозонган капитан шоуни тарк этди.   

Пати юлинган Жасмин ҳам X-Factorдан кетаманга тушди. Лекин, продюссерлари талабига кўра қолди.

Англашимизча, ҳомийлар ва продюссерлар юқоридагилар нимани истаса шуни қилишмоқда.

Ўзининг Инстаграм каналида ашулачи Влада Ким X-Factor саралаш босқичидаги чиқишлари шоу дастурдан қирқиб ташланганига норозилик билдириб, уни ўз ихтиёри билан тарк этганини айтди.

Очиқ-сочиқ либосларда, йиртиқ жинсидаги чиқишлари билан кўринган Влада Ким X Factor ҳаками Лола Йўлдошева командасидаги уч қизнинг бири эди.

Ўтган якшанба у жонли шоуда кўринмади. Ҳакамлар Влада Ким “оилавий сабаб” лойиҳани тарк этганини айтишди.

Лекин, Владанинг айтишича, унинг лойиҳадан кетишига сабаб оилавий бўлмаган.

“Бошқа баъзи қатнашчилар қатори менинг биринчи чиқишим ҳам телевизорда кўрсатилмади. Саралашнинг охирги босқичларида пайдо бўлдим. Томошабинлардан финалга қандай ўтиб қолганим ҳақида саволлар кўп бўляпти, чунки улар мени бошида кўрмаганлар. Томошабинлар менинг саҳнада биринчи чиқишимни кўрмаган бўлсалар, қандай қилиб менга овоз беришлари мумкин, деган савол туғилади. Мен бунинг сабабини ташкилотчилардан суриштиришга қарор қилдим. Нима учун бундай бўлди? Мен суриштиришни бошлаганимда, 12 финалистнинг бири эдим. Лекин улар менга бунинг сабабини сизга тушунтириш мажбуриятимиз йўқ, дея жуда қўпол жавоб беришди. Афсуски, бундай муомила инсоннинг ҳис-туйғуларини топтайди.  Мен учун эса – одамлар ўртасидаги яхши муносабат ва ҳалоллик муҳим фактор. Бу нарса йўқ экан қанақа муваффақият ҳақида гапириш мумкин, – дея билдирди Влада Ким.

Шундай қилиб, нафақат Лола Йўлдошеванинг командасида, бутун X Factor-да биргина қиз қолди. Қолган олти иштирокчининг барчаси эркаклар.

Аммо, ҳомийлар ва продюссерлар томошабинларга ҳукмини ўтказа олмайди. Бу сафар томошабин Миллий гвардия капитанига “йўқ” деди.

Шоу қоидасига кўра, ҳар жонли эфирда  томошабинларнинг энг кам овозини тўплаган қатнашчи лойиҳани тарк этиши керак.

Бундан ташқари кам овоз олган яна икки қатнашчи ўлим гуруҳига тушади. Улардан кимни қолдириш кимни кеткизиш жюриларга ҳавола.

Бу сафар Муҳаммад Али ва “Минор” гуруҳи шу заиф халқа бўлди.

Ҳал қилувчи овозни бериш Лола Йўлдошевага қолди. Бу Лола учун Жасмин командасида бўлган Муҳаммад Алига қарши овоз бериб, уни бир ҳафта олдин қилган хатоси учун ўч олиш фурсати эди. Аммо, Хонқали братнинг қизи ундай қилмади.

Шундай қилиб, “Минор”  гуруҳи X Factor ни тарк этди.  Шундай қилиб, лойиҳада беш ашулачи қолди.

Лола Йўлдошева командасидаги Ҳайринисо X Factor фаворити сифатида кўрилмоқда.

Шунингдек, “свисток” овозли Шохруххон Ҳалимхонов кўп овоз тўплаганлар орасида бўлди. Майкл Жексон қўшиғига ҳам у “свисток” овозини канда қилмади.

Ҳакамлар генерали Равшан Комилов, свистокка ўз эътирозини билдирди. Унинг ижросини танқид қилган шляпалик ҳакам ҳам эътироз билдириб «Майкл Жексон гўридан тикка турди» деди. Лекин йигитни ва унинг хуштагини Лола ва Жасмин астойдил ҳимоя қилишди.   

Хоразмлик Жавлон Сапаев ҳам фаворитлар қаторида.

Лола Йўлдошева томирида хоразмлик қони оқишини айтар экан келаси жонли эфирда  Жавлон Сапаевдан “Чангак Лазгиси”ни кутишини айтди.

Жавлон ҳам, “гап йўқ сестра, ман Жаҳонгир Отажоновнинг Чангак Лазгисини айтсам, сиз ўйнасангиз бўлди” деди.

X Factor да қолган яна икки ашулачи Улуғбек Хафизов ва Муҳаммад Али.

Шоу фаворитларидан бири Улуғбек Хафизов чиқишидан аввал Жасмин унинг онасига ёзган мактубини ўқиб бериб яна қовун тушургандай бўлди. Улуғбек эса онасининг портретини кўтариб чиқиб навбатдаги қўшиғини кўзёшлар билан ижро қилди.  Ҳар ҳолда бу шоу продюссери шляпалик Иброҳимнинг эътирозига кўра, бу муҳлисларнинг ҳис туйғулари билан ўйнашишга ўхшаш тақиқланган усулдир.

Лекин бу фикр қолган ҳакамларнинг Улуғбек Ҳафизовни қўллашига ҳалақит бермади. Шоунинг шафқатсизлиги билан ном қозонган шляпалик ҳаками Муҳаммад Алининг жозибали версал фонидаги Гангам стайл қўшиғи ижросини ҳам  ер билан бир қилди.

Навбатдаги қўшиқчи Ҳайринисо Акбарова. Ўша жозибали овози билан ҳаммани ўзига мафтун қилган Лоланинг сўнгги фаворити бу гал узун сочларини ўрим қилиб, оқ бантиклар тақиб, озарбайжонча қўшиқ ижро қилди.

Шоу ҳаками Равшан Комилов кўпинча Европача қўшиқлар куйлайдиган хонандалар шарқона қўшиқни эплаёлмаслигини писанда қилиб, шоуда қолган ягона аёл иштирокчи Ҳайринисо Акбарованинг эса ҳар қандай йўналишдаги қўшиқларни куйлашга қодир профессионал хонанда эканлигини эътироф этди.

Шоу якунида ҳаёт учун Минор билан беллашган Муҳаммад Али италянча “Белла Чао” қўшиғини куйлаб муҳлислар ишончини яна бир бор қозонишга муваффақ бўлди.

Демак, the show must go on, яъни томоша давом этади. Элтуз каналини кузатиб боринг. Каналимизга обуна бўлинг.

Тағин ўқинг
22 октябр 2023
Элтуз порталига келган сўнгги бешта шикоят хатини ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Андижон Хоразм вилоятларидан келган. Дастлаб ...
18 апрел 2017
Охирги йилларда аксарият ўзбекистонлик юртдошларимиз орасида Путин, Рамзан Қодиров ва Эрдўғон каби авторитар лидерларга ҳайрихоҳлик ортиб бораётгани кишининг диққатини ...
13 декабр 2019
Таниқли мухолифатчи Муҳаммад Солиҳ президентни популизмда айблади. Популизм нима ўзи? Популизм лотинча populus, яъни халқ деган маънони беради.  Халқнинг олдига чиқиб, ...
2 ноябр 2024
“Биз учун ҳамма санъатлар ичида энг муҳими кинодур” деган эди пролетариат доҳийси Владимир Ильич Ленин ўтган асрнинг 1925 йили. Бугун ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...