Асосий мавзулар
21 март 2024

Cанкцияларни четлаб ўтишнинг КГБча ёки Комиловча усули

Пруссия қироли Фридрих Вильгельм I нинг “уруш уруш билан, аммо тушликни вақтида қилиш керак”, деган ибораси машҳур.

Олмон қироли агар аскар вақтида овқатини емаса, ундан яхши аскар чиқмаслигини қасд этган.

Иккинчи томондан, овқатни вақтида еган аскар албатта яхши урушади, деганимас.

Масалан, ўзбек мулозимларининг кўпчилиги – ёмон аскар. Шунга қарамай, уларнинг ҳаммаси тушликни вақтида қилади. Бошқа овқатларни ҳам кўп ва хўб ейди. 

Аммо роппа-роса икки йил олдин ана шу ёмон аскарлардан бирининг яхши номи чиқди.

Ўзбекистоннинг узоқ йиллик ташқи ишлар вазири, собиқ КГБ генерали Абдулазиз Комилов Сенатда “Украинанинг бўлгинчи ДХР ва ЛХР республикаларини тан олмадик, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олдик”, деб баёнот берди.

Баёнот кўм-кўк осмонда момоқалдироқ гумбурлаб яшин чақнагандай эффект берди.

Ниҳоят, Тошкентдан садо чиқди, деб ёзди дунё хабар агентликлари. Тармоқлар Комиловни тарбиялаган ва “ўрис олигархларини Ўзбекистонга яқинлаштирмаган” Каримов бовосини эслаб кўз ёш тўкволди.

Орадан икки кун ўтиб Комилов касалхонага тушди ва кейинроқ вазирликдан истеъфо берди.

Шу тариқа Ўзбекистоннинг топ дипломати Сенатда берган тарихий баёноти учун “жазоланган” бўлди.

Ҳаммаси мантиқий.

Аммо, лекин, бироқ…

Орадан роппа-роса икки йил ўтиб Сенатдаги баёнотнинг парда орқаси, аниқроғи, Путин билан бир сафда собиқ КГБда хизмат қилган Абдулазиз Комиловнинг шахсий мотивлари аслида қандай бўлгани фош бўлмоқда.

Буни фош қилган эса Комиловнинг ўзи! Янада аниқроғи, у ва ўғлининг Кремл олигархлари билан Ўзбекистонга кўчган олди-бердилари.

Комиловнинг яккаю ягона отиғи Дониёр Комилов охирги пайтларда Ўзбекистонда янги бизнес империя қураётган олигарх сифатида бўй кўрсата бошлади.

Бунгача у Россияда ўртамиёна тадбиркорЎзбекистонда эса бобоси Шароф Рашидов ҳақида китоб ёзган автор сифатида жуда ҳам тор доирада билинган. Абдулазиз Комиловнинг собиқ ходими, дипломат ва ёзувчи Алишер Таксановнинг айтишича, Дониёр китобнинг кириш қисмини ёзган, қолганини Сунъий интеллект ёзиб ташаган. Майли, ёзиш ва ёздириш Дониёрнинг қонида бор – ҳозир гап ёзувчилик истеъдоди эмас, пул топиш иқтидори ҳақида. Айнан иқтидор.

Хуллас, Дониёрнинг олдин Каримов, кейин Мирзиёев даврида иқтидорда бўлган отаси Абдулазиз Комилов 2022 йил 17 мартида Сенатда қилган баёнотида бир ўқ билан иккита қуённи урди!

Биринчидан, ўша пайт Кремл босқини қаршисида ундан масофаланишни талаб қилаётган Ғарбга “мана биз ўрис биланмасмиз”, деб кўрсатиб қўйди.

Иккинчидан ва энг муҳимиРоссиянинг Ғарб санкцияларига тушган олигархларихусусансанкциялар сабаб ўзининг қатор бизнесларини Дониёр Комилов номига расмийлаштираётган ўзимизнинг бухоролик қоракўз  Искандар Маҳмудовни Ғарбнинг Украина урушидан кейин янада кучайган санкцияларидан ҳимоя қилди.

“Уран кон-металлургия комбинати”“Сибирь Алюминий” ва яна кўплаб бизнеслар эгаси бўлган миллиардер Искандар Маҳмудов Қрим аннексиясидан буён Путинга яқин олигархлар қаторида санкцияда.

“Калашников” концернининг ҳам ягона эгаси бўлган Маҳмудов 2018 йилда Путиндан “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденини олинган.  

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Маҳмудовнинг охирги йилларда Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёрга ўтказиб берган ёки унинг номига сотиб олган компанияларидан айримлари мана булар:

·         Petroleum Technology Group МЧЖ (UNG Petro “заправка”лари ва «Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи”ни сотиб олган)

·         “Прогрессгортех” МЧЖ (Ўзбеккўмир” АЖ акцияларининг 45 фоизини сотиб олган)

·         “Metropol Group” МЧЖ (Тошкентниннг Сайилгоҳидаги собиқ МХХ биносини сотиб олган)

·         “Delta Global Dynamics”, 

·         “Progressgortech-Asia”, 

·         “First Premium Alliance”

2022 йил молиявий ҳисоботларига кўра, кичик Комилов Искандар Маҳмудовга тегишли йирик мис-олтин корхонаси бўлган “Уран кон-металлургия комбинати”нинг ҳам бенефициар эгасига айланди.

Энг қизиғи Маҳмудов бу компанияларни ўзининг Лондонда яшайдиган яккаю ягона ўғли Жаҳонгир Маҳмудовга эмас, балки ўзига ҳеч қандай қариндошлик риштаси бўлмаган Абдулазиз Комиловнинг ўғлига ўтказиб беряпти. 

Нега?

Биринчидан, бу олди-бердилар схемасини Маҳмудов эмас, балки Кремл чизяпти.

Иккинчидан, қариндошлик бўлмаса, бошқа кўринмайдиган ришталар бор.

Бу ришталар Абдулазиз Комиловни тўғридан-тўғри Кремлга, Путин ва унинг ФСБси ҳамда олигархларига боғлайди. Қолаверса, Комиловнинг Россия фуқароси ва Москвада доимий рўйхатда туриши ҳақида ўз вақтида кўп ва хўп ёзилган.

Собиқ ўзбек дипломати Алишер Таксановнинг ёзишича, президент Каримов бу ришталардан яхши хабардор бўлган, аммо Кремл ўзига қарши ҳар-хил ўйинларни қилмаслиги учун бу ришталардан фойдаланган.

Сенатдаги баёнотга қайтсак. Комиловнинг баёноти янги гап эмас. 

Ўзбекистон худди шу баёнотни 2014 да, Қрим аннексияси пайтида ҳам берган, ундан кейинги йилларда БМТдаги овоз беришларда ҳам худди шу позицияни таъкидлаб келган.

Бу ерда янги нарса баёнот эмас, балки рус ва ўзбек олигархияларнинг чатишуви.

Абдулазиз Комилов фақат собиқ ташқи ишлар вазиригина эмас, балки Ўзбекистонни қарийб чорак аср бошқарган ва ҳануз катта таъсирга эга Рашидовлар кланининг раҳбари ҳисобланади.

Шу маънода ота-бола Комиловлар Кремлнинг навбатдаги узоқни кўзлаган стратегиясининг муҳим қисми бўлиши мумкин.

Ва бу стратегияни тадбиқ қилишда Комилов ўйнаган “жертва” роли ортиқчалик қилмади. Ҳа, айнан “жертва” – Украинани қўллаган ўзбек жамоатчилиги, Украина ва албаттаки, Комилов шахсий муносабатларни ўрнатган Ғарб назарида Комилов ўшанда қурбон қилинганди. 

Ваҳоланки, қурбонлик бўлиб кўринган нарса, энди аён бўлишича, оддийгина схема – санкцияларни айланиб ўтиш схемаси бўлгани ойдинлашмоқда. 

Бутун бойлиги ва келажаги Кремль ва унинг олигархларига боғлиқ Комилов Кремлга қарши борармиди? 

Савол – риторик.

Элтуз каналига обуна бўлинг. Каналимизни қўллаш учун экраннинг пастида, ўнг томонда жойлашган рахмат тугмачасини озроқ ҳомийлик пули ўтказинг. Бу билан ўзбек жамияти ривожи учун ҳисса қўшган бўласиз. Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
30 май 2019
Кристиан Ласслет Коррупциялашгани билан танилган Ўзбекистон давлати ўзини ислоҳ қилишга уринаётган бир пайтда янги суриштирувлар давлат ва хусусий сектор ...
28 сентябр 2018
Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 июлидан йўл ҳаракати қоидаси бузилгани тўғрисида маълумот юборган шахслар мукофотланади. Адлия ...
25 январ 2024
Суратдаги бу шахсни танийсизми? Танимаган бўлсангиз, ҳозир ипучи бераман: 5600 сўм? – Эсладингизми? …. Ҳа, топдингиз! Бу ўша «2020 ...
5 июн 2020
Оҳ ëз, қандай соз! Мана, ўлмаган қул сиз билан яна бир ëзнинг бошида гаплашиб турибмиз. Ëзни яхши кўраман. Шу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...