ART-DURBIN
1 апрел 2024

Бир рассом яшаб ўтганди…

«Меъморлар кераксиз деб улоқтирган тош сарой пештоқидан ўрин олди». Бу гап бир вақтлар Урганчда яшаб ўтган рассом Сапo Дўсчон ижоди ҳақида ëзилган ҳикматли сўздир.

Рассом Сапo Дўсчон тасвирий санъат бўйича махсус таълим олмаган. Шу боис унинг асарлари совет даврида узоқ вақт профессионал кўргазма ва музейлардан узоқ тутилди.

«Ўқимишли» рассомлар уни камситиб «сен ҳаваскорсан, сен фақат профсоюз линиясида кўргазма қила оласан» дейишди.

Бу камситишлар ортидан рассом ўз асарларини ҳаммага ҳам кўрсатмайдиган бўлди.

Хотин, бола-чақа қилмай, ўзини ижодга бағишлаган расссом эл орасида Сапо Орқайин деган ном олди.

Ичида ҳузур ҳаловати бўлган одамни Хоразмда «орқайин» дейишади.

Рассом Урганчдаги драма театрида бутафорачи бўлиб ишларди.

Спектакллардаги ботирлар кўтарган қилич ва хонлар ўтирган тахтларни ясарди Сапо Орқайин.

1983 йили Урганчда сувратлар галереяси очилганида музей коллекциясида Сапо Дўсчоннинг битта ҳам асари йўқ эди.

Ўша пайтдаги «қоидага» кўра, фақат ўқиган рассомлар асаригина музейга қўйиларди.

1984 йили Урганч сувратлар галереясида Бош мухофиз бўлиб ишлаган Шухрат Бобожон «ҳар қандай қоиданинг истисноси бор» дея рассом асарини кўтариб, Тошкентга олиб борди.

Ўзбекистон ССР маданият вазирлиги тасвирий санъат бўлими ҳамда вазирлик қошидаги давлат эксперт комиссияси рассом тақдирини ҳал қиладиган инстанция эди.

Ўша пайтда вазирликда бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган санъатшунос Маргарита Соколова рассом Сапо Дўсчон ижодини қўллаб қувватлади.

Асар кўриб чиқилаëтган пайтда комиссия аъзоларидан кимдир «рассом қаерда ўқиган» деб сўради. Шунда Шуҳрат Бобожон «рассом Туркманистоннинг Мари шаҳридаги билим юртни тугатган» деб жавоб берди ва бу жавоб комиссия учун етарли бўлди.

Рассом Сапо Дўсчон асари 400 совет сўмига нархланди ва музей бу пулни тўлади.

Аммо бу ерда пулдан ҳам кўра мухим жиҳат бор эди.

Сапо Дўсчон СССР маданият вазирлиги тарафидан профессионал рассом дея эътироф қилиниб, асари музей коллекциясидан ўрин олганди. Ўша давр қоидасига кўра, СССРдаги барча музейлар ягона фонд ҳисобланар ва де юре Сапо Дўсчон асари Репин расмлари билан тенг қиймат касб қилганди.

Бу бир кичик ғалаба эди.

Эндиги вазифа Сапо Дўсчоннинг буюк рассом эканлигини элга кўрсатиш эди.

Ўша пайтда Москвадаги Суриков номли рассомлик акадимиясида ўқиëтган Даврон Йўлдошев каникулда Урганчга келиб, рассом Сапо Дўсчоннинг хозирги тил билан айтанда «пиар компаниясига» бош қош бўлди.

Рассом  Сапо Дўсчоннинг катта кўргазмасини Урганч музейида очиш режаси тузилди.

Ўша пайтда Маданият бошқармаси бошлиғи бўлган Йўлдош ака Юсупов бу режани тасдиқлаб берди.

Кўргазма очилишидан олдин Хоразм телевидениясида Сапо Дўсчонга бағишланган бир соатлик кўрсатув эфирга узатилишини ўша пайтда ТВда раҳбар бўлган драматург Қуронбой Матризоев режага киритди.

Кўрсатув сценарийсини ёзишни мен зиммамга олдим. Мен ўша пайтда ТошДУ журналистика факультетида ўқир ва ёзги практикани вилоят телевидениесида ўтаётган эдим.

Таниқли кинооператор Алберт оға рассом Сапо Дўсчоннинг Фурқат кўчасидаги  уйига бориб, унинг ижод лахзаларини кинолентага мухрлади.

Бу лента кўрсатув мобайнида эфирга узатилди.

Кўрсатувни жонли эфирда ўша пайтда Урганч музейи бош мухофизи бўлиб ишлаган Шуҳрат Бобожон олиб борди.

Сапо Дўсчон асарлари Пикассо, Руссо ва Пиросмани каби дунëга машхур рассомлар асарлари билан муқояса қилинди.

«Ўқимишли» рассомлардан бирига бу кўрсатув ëқмади, аммо бу рассом «ўзгараëтган ижтимоий фикрга бўйсунишдан» бошқа чора йўқлигини тушунган эди.

Рассом Сапо Дўсчонни «реабилитация» қилишга СССР матбуоти сафарбар қилинган эди.

Совет Ўзбекистони санъати деб номланган журнал ходими бўлиб ишлаган шоир Асқар Маҳкам атай Тошкентдан Урганчга келиб, рассом   Сапо Дўсчон ҳақида мақола хозирлади.

Ниҳоят Урганч суратлар галереясида рассом  Сапо Дўсчонннинг умр бўйи чизган юзга яқин асари бирваракайига намойиш қилинадиган кўргазма очиладиган кун етиб келди.

Кўргазма каталогини чоп қилиш СССР даврида жуда қийин масала эди. Махсус изн лозим эди.

Ўша пайтда матбуот қўмитасида ишлаган хозирда мархум Улуғбек Йўлдошев каталог масаласини ижобий ҳал қилиб берди.

Одатда маъюс юрадиган рассом Сапо Дўсчон юзига табассум югурган эди.

Йиртиқ яроқ кийимларда кўришга одатланганимиз рассом ўша куни башанг кийинганди.

Кўргазма энг юксак савияда очилди.

Ўша пайтда Москвадан келган санъатшунос Арсеньев экспозиция  марказидаги расмни «кўргазмада қўйиш ҳавфли бўлган антисовет санъат» дея баҳолади.

Москвалик санъатшуносни хуркитган асар «Ленин Хивада» деб аталганди. Асар марказидаги Ленин Хивага мусибат келтирган образ ўлароқ гавдаланганди.

Аммо ўша даврда ўз муаммолари билан ашир-нашир бўлган Москва олис музофотдаги рассом назоратига ҳафсала қилмади.

Рассом Сапо Дўсчон кўргазмага қўйган асарларини музейдан уйига олиб кетмади.

Рассом халқдан илхомланиб яратган асарларини халққа иъном қилди. Бундан каттароқ саҳийликни мен ҳали учратмадим.

Асарлар музейнинг доимий фондидан абадий ўрин олди.

Бу ҳикоянинг ижобий томони, рассомнинг кўзи тирик пайтида қадрлангани.

«Рассомни тушуниш учун у туғилган ерга боринг», Бу гапни немис шоири Гете айтган.

Урганчга борсангиз албатта музейга кириб рассом Сапо Дўсчон асарлaрини кўринг.

Рассом ўз ҳаëтидаги илк ва ягона кўргазмасини «Қўшиғимсан Хоразм» дея номлаган эди.

Рассом бугун ҳаëтда йўқ. Аммо у чизган расмлар музейда ўз юртини тараннум қилган қўшиқ каби янграб турибди.

«Меъморлар кераксиз деб улоқтирган тош сарой пештоқидан ўрин олди»

Тағин ўқинг
3 май 2019
Кўриб турганингиз уй оддий ўзбек мулозимининг уйи. Уй эгаси давлатдан аниқ суммадаги маош олган ва тижорат билан  шуғулланиши қонунан ...
27 апрел 2021
Ботир Зокиров 1936 йил 26 апрель куни опера тенори Карим Зокиров оиласида туғилди. Тошкентдаги ўрта мактабни тамомлагач, Тошкент давлат ...
7 август 2021
Барчага марҳабо. “Элтуз”чилар дам олишдан қайтяпти бирин-кетин. Ишни бошлашдан олдин соатларни тўғрилаб олсак.  1. Рассом ТУЗ Ўзбекистонда мажбурлаб вакцинация ...
9 январ 2021
Оқ қуëним аломат,отини қўйдим СаломатДикир-дикир ўйнайди,лимон берсам емайди. Жиззахлик талаба Сайфиддин Оканов Шавкат Мирзиёевга ўзи ёзган шиғирни ўқиб берди. ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...