Асосий мавзулар
6 сентябр 2024

Юмурто барак сири – РТдан ваъз

РТ: Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман.

МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ишитамиз. Ничиксизла мўччи ойбика, хўжик биррило. Хиводайи Гулнора бийи, Исмойил олқош, Сопоргул опо, Сўлтонпошшо апкала, ҳокимла, Матчон бувони Москвадайи асрак охтиқлори ничиксизла…

РТ: Матчон суқилиш иним мен сенга айтсам одамлар иккига бўлинади. Элтузни обуна бўлиб ўқийдиганлар ва билдирмай ўқийдиганларга. Билдирмай ўқийдиганлар ҳам иккига бўлинади. Ютубда кўрадиганлар ва рассом туз саҳифасини ўқийдиганлар.

МС: Оғо ман сиза ойтсом тозолиқло иккига бўлинади. Хўш ховорло, ҳам шум ховорло. Одомло шум ховоро қизиқади. Ўлган қотқан, кортада утизғон, аварияа учроб қоро қон бўғон аркакла ари ойирип арип арсиз қолғон хотинло. Аласа шумховор ишитамиз.

Шумхабарлар

РТ: Олтиариқлик 72 яшар ота 41 яшар ўғлини пичағ билан сўйиб ташади. Ўғил гўрда. Қотил ота қамағда.

МС: Иван Грозний ўрис юртдо болосини ўлдирвади. Репин даян художникни расми бо, шунничикин.

РТ: Самарқандда СССРни тиклаш тарафдори бўлган 74 ёшли самарқандлик пенсионер жазоланди. Унга суд 3 йилга озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

МС: Курт бир тийн, гоз мут, свет мут, кадила хиррик зомоно қойтжакади қон тошоғон.

РТ: Тошкентлик А.Абдусаломов Телеграмм тармоғида ақидапарастлик, радикализм ва жиҳод ғоялари тарғиботи билан шуғуллангани учун судланди.

20 яшар А. Абдусаломов Телеграмдаги «Аshadiylar» гуруҳида турли нашидлар, «Soldiers of Allah», «Axi Anta Xurrun», «Биродарларга насиҳат» каби ўндан ортиқ видеоларни улашиб келган.

Ушбу видеолар суд-диншунослик экспертизасида мавжуд давлат тузумига қарши, жанговар жиҳодга чорловчи, ақидапарастлик тарғиботи деб баҳоланди.

Тошкент вилояти суди фуқаро А.Абдусаломовнинг ҳали ёш эканини, айбига тўлиқ иқрорлигини инобатга олиб унга 2 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

МС: Ина бирдом бирдом. Киштала бирдом бирдом… 

РТ: Россиядаги аварияда 8 ўзбек ўлди. 3 ўзбек майиб мажрух. 11 йўловчи минган мошин йўлда онтарилиб кетди. Мирзиëев топшириғидан кейин ўзбеклар ўлиги давлат ҳисобидан Ўзбекистонга обкелиниб кўмиладиган бўлди.

Видео ҳаëт қандай бешафқат

Отасининг улфатини сўйган новвой қамағда.

Ҳужжатларда исми Ш.Ш.А. шаклида қисқартирилган эркак отасининг улфатини сўйиб ўлдирди.

У Чилонзор тумани 12 даҳа, 59 уй олдида жойлашган новвойхонада навбатдаги иш кунини бошлаган. Туш пайтида новвойнинг отаси Умаров Абдумўмин Шаймарданович новвойхонада дўсти Узбеков Акбар Жамолхонович билан ароқ ичиб ўтиради. Буни кўрган новвой Ш.Ш.А. отасининг улфати Узбеков Акбарга бу ерда ичмасликни буюради. Маст ҳолатдаги Узбеков Акбар эса жавобан новвой йигитни ҳақоратлайди.

Шундан сўнг Ш.Ш.А. Узбеков Акбарни ўлдириш мақсадида ошхона пичоғини унинг ўпкасига ва кўкрак қисмига бир неча марта санчади. Жабрланувчи оғир жароҳатлар сабаб воқеа жойида ўлди.

Улфат гўрда, новвой қамағда. Арақ шишаси экспертизага олиб кетилди.

МС: Исқоқ исқоқ исқоқ.

Исқоқникина борсоқ.

250 громни урсоқ

Кампирдан тоëқ есак…

Ниёзовнинг амалга ошмаган ғояси

1991 йилнинг 13 декабри куни Ўзбекистон ССР, Қозоғистон ССР, Тожикистон ССР, Қирғизистон ССР ва Туркманистон ССР раҳбарлари Ашхободда йиғилишди.

Беш кун аввал 1991 йилнинг 8 декабрида Беловеж ўтлоғида Елцин, Кравчук ва Шушкевич учлиги СССР давлатини расман тугатгани ортидан «етим қолганлар жийноқи» эди бу.

Савол худди бир кунда ҳам отаси, ҳам онаси ўлган етимнинг саволи каби эди.

«Энди нима қиламиз? Ким бизани ипимиздан тортиб юради? Эгаси ўлган қўйдекмиз» 

Чунки бу беш республика раҳбарлари янгиланган иттифоқ шартномасига қўл қўйиб, СССР таркибида яшашга хозиру нозир  эди. Хатто бу шарт Ўзбекистон мустақиллик декларациясига ҳам киритилган эди.

СССРдан ажралиб мустақил бўлиш, туркманча айтганда ипи узилган туядай ўзбошдоқ бўлиш бу беш  совет коммунист раҳбарларининг  планида йўқ эди. 

Ҳатто СССР тарқалиб кетса ҳам бу беш республикадан сайланган СССР халқ депутатлари эртаматтан Москвадаги съездлар саройига боргани латифага ҳам айланиб улгурганди.

Бу советпатраст ўрта осиë депутатларини съездлар саройи фарроши супурги билан ҳайдаган. «Кетинглар энди. СССР йўқ бўлди» дея.

Хуллас 1991 йилнинг 13 декабри Ашхободда «эшак ўлдирадиган даражада совуқ» эди.

СССР йўқолганидан қўрққан бу беш рахбар апти башараси эса ундан ҳам совуқ эди.

Мажлисни очган Туркманистон ССР Компартия биринчи котиби  Сапармурод Ниëзов таклиф киритди.

«Модомики СССР тарқалиб биз кўчада қолдик. Ўз бошимиз чорасини  ўзимиз кўра қолайлик. Бешаламиз бирлашиб битта давлат бир юмуруқ (мушт) бўлиб яшайверайлик. СССР даврида ҳам бизда газ, электр энергия сохаси, суғориш тизими, метеорология умумий эди. Туркистон харбий округи деган армия қўшини ҳам бешаламизга бир эди. Диний тарафдан ҳам беш республикани бир муфтий бошқарарди. Шуни сақлаб қолиб бирлашиб, ягона давлат бўлиб бир-биримизга суяниб яшасак. Буни Ўрта осиë иттифоқи деб номласак.»

Тарихга муҳрланган тарихий ва балки энг тўғри таклиф эди бу! Ўзини билимдон деб билган Назарбоев ҳам, ўзини либерал демократ деб билган Ақаев ва ўзини энг шум деб билган Каримовдан бундай ақлли гап чиқмаганди.

Абсурд шундаки Ниëзовни бу уччаласи «ахмоқ, келди келмади  бир довдир» деб билишарди. Ҳатто Каримов битта катта йиғинда Ниëзовни «қўтоқбош» деб ҳам атаган эди.

Яна 1991 йил 13 декабрга қайтсак. Ниëзовнинг таклифидан Қозоғистон Компартияси биринчи котиби Назарбоев қўрқиб кетди.

«Славянларни хапа қилиб қўйишга қандай журъат қила оламиз» дея у мажлис танаффусида Каримовга ўз хавотирини айтди. Каримов ҳам Ўрта осиëдаги бешта собиқ совет давлатининг бирлашиб яшашига қатъий қарши эканлигини билдирди. Бу икки номенклатура яратиғи Ниëзов таклиф қилган ғояни блоклаб қўйди. 

Бунинг ўрнига бу иккаласи СНГ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги» деган бўйинтуруқ остида яна Москвага бўйсунишга рози бўлишди. 

Тарих улуғ мураббий. Аждодлар ëди муқаддас.

МС: Ина гарак бўсо, Новви давади Навоий отомиз, соясонда ëтомиз

Хужайраларгача синган қўрқоқлик

Каримов Ўз ССР госпланидаги ишдан кетиб Қашқадарë коммунистлари бошлиғи бўлиб, «Яшасин СССР» деб шиор кўтариб юрган 1988 йили Германиядаги ўзбек ойдинлари «Истиқлол байроғи» деган 52 бетлик журнал чиқариб, нормал почта ва контрабанда усулида Ўзбекистонга етказишган эди.

Шу журналдан биттаси почта билан артист Тўлқин Тожиевга ҳам етиб борган эди. Қўрқиб кетган Тўлқин Тожиев дарров ТВга чиқиб “мен СССР тарафдориман. Душманлар менга мустақиллик ғоясини тиқиштирди» деб гапирган эди.

Журнал шоир Рауф Парфининг «Биз бугун ватанимизнинг қоровули эмас, эгаси бўлмоғимиз керак» деган сўзини биринчи варақда алоҳида қўйган.

Журналда Ўзбекистон ССРнинг руслаштирилгани ва 1987 йил Жумабозордаги халқ исëнининг бостирилиш тафсилотлари ëзилади.

Журналда «Миллий озодлик ғояси сўнмаган юрт» деган катта бир мақола ҳам бор. Мақола Украина мустақиллиги учун курашаëтганлар ҳақида ҳикоя қилади. 

Орадан 40 йилга яқин вақт ўтса ҳам  ўз эрки учун курашаëтган Украина мавзуси актуал ва  бу мақола ҳануз эскирмади.

Журнал охирида эса ўқувчиларга хитоб қилинади.

«Юртдош! Қўлингиздаги мажмуани ўқинг ва ëру биродарларга ўқитинг. Нусха чиқариб халқ орасида тарқатинг!

Тўлқин Тожиев мисолида бу хитоб амалга ошмаганини кўрамиз. Аксар ўзбеклар бу мажмуани олиши билан ëқиб юборган.

Қўрқоқлик суяк суяги, ген ва хужайраларигача кириб кетган эл бу  ўзбек эли.

МС: Оғо қўйинг би гаплани. Шу йимирто барак моззими, ë қўтир барак?

Юмурто баракнинг қўтир баракдан фарқи

ТВ да директор бўлиб ишлаганимда бизнес бўйича ўнлаб тренингларда қатнашганман.

Урганч, Тошкент, Олмаота, Бишкек, Москва, Лондон, Висконсен ва Санта Фе шаҳарларида ўткан бу тренингларда устозлар замонавий капитализм шароитида бизнес имконларини ҳижжалаб ўргатишди.

Бу билимларга таяниб Урганчда энг модерн ва кўп пул топадиган ТВ канал яратдим. 

Эркин бозор талабларига тўла риоя қилгани боис гуллаб яшанаган бу Телекомпания сайлов пайтида диктатор Каримов хархашаси боис махаллий манқурт замҳоким Ботир Рахимов деган коррупционер ва туғма овсар томонидан ëпиб ташланди.

Бунга  бугун тўхталмайман.

Қоғозларим орасида Е. Рахманов деган бизнес мушовирнинг маслаҳатига кўзим тушиб қолди. Бизнес қилмоқчи бўлган қизларга асқотар дея эркин таржима қилиб қўйдим.

«Демак сен хотин қизсан. Айтайлик гўмма ëки торт пишириб, бизнес қимоқчисан. Балки юмирто барак пиширарсан, чунки бу контент тансиқ ва юмурто барак севган сегмент анча бой.

Демак бошладик.

Кўчада бир нотаниш эркакни кўриб қолдинг. Сен тўғри унинг олдига бориб «Мен емакни зўр пишираман Айниқса сизга ëқадигани классно чиқади» дейсан.

– Бу приëмни номи директ маркетинг.

Бой ва ақлли одамлар кўчада юрмайди. Улар баъзан музейга боришади. Масалан мен икки марта Алишер Бурханични Тошкент давлат санъат музейида телехларсиз жимгина юрганини кўрганман. Хуллас сешанба куни ëки якшанбада музейга борасан. Чунки душанба музей ëпиқ. Ўзинг билан яна бир дугонангни ҳам овол. 

Сен Беллолининг «Чўмилаëтган хотин» асарига диққат билан қараб турганингда ëнингда турган эркакка қараб дугонанг шипшитади. 

«Бу санъатга ошно қиз емакларни классно пиширади».

– Бу реклама.

Бой ва ўзини тутвоган эркаклар яхши ресторанда томоқ ичади.

Хуллас сен ресторанда бир эркакни кўриб қолдинг. Ўрнингдан туриб тўғри унинг олдига борасан ва унинг олдидаги қадахни олиб элликта қуясан. Киви сокими, арақми ëки виски. Буни вазиятга қараб тўғрилайсан. «Лутфан сиз билан ичгим келди» дейсан Мона Лиза табассумини ëнгсилаб.

Зийраклик билан унинг галстугини тўғирлаб қўясан ва секин билдирмай билагини силаб «Дарвоқе, мен жуда лаззатли емакни классно  пишира оламан». дейсан хўрсиниб.

  • Буни ати пиар.

Эртанги бой оталар бугун  университетда ўқийди. Юрфак, восточка, дипломатия, нархоз… Хуллас битта келажаги порлоқ, ота энаси баққувват йигитни нишонга оласан. Мураккаб махинация, миш миш, тармоққа сиздирилган скрин ва аудиолар ëрдамида уни курсдош қизлари билан уриштириб қўясан.  Қизлар бир-бирини чачини юлиб, оғзидан оқ кириб, қора чиқяпти. Жанжал авжига чиққан пайтда худди қанотли малак каби келиб  «Юр Музаппар кетдик бу ердан» дейсан. Қиз бола деганга уруш жанжал ярашмайди. Ҳеч йўқса менга ўхшаб классно емак пиширса бўмайдими» дейсан.

  • Буни ати қора пиар.

Кафеда сени бир эркак кўриб қолди. У сенинг олдинга табассум билан яқинлашади ва «Сени яхши емак пиширади деб айтишди.  Ростдан ҳам кухнядаги қоплон сенми» дея сўрайди. 

  • Бунинг ати брэнднинг эл орасида танилиши дейилади. 

Битта тадбирга бориб қолдинг. Қўй суруви каби қизлар юрибди бири биридан чиройли. Уларга махлиë бўлиб турган эркак ëнига бориб беписанд қараб сочларингни тузатасан ва ўзинга ўзинг «Мен ниҳоятда мазали емак пишира оламан. Аммо емак пиширдим деб ҳеч кимдан ҳеч нарса олмайман» 

– Бу энди демпинг.

Бой одамлар театрга боради. Муқимийга эмас, «Илхом» ëки Қамариддин тоғанинг «Шамси қамар» театр студиясига.

Сен театрга бориб яхшироқ устивошли эркакка «Мен жуда яхши емак пишираман. Сен мен пиширган тортдан тотиб кўрган учинчи одамсан» деб унга устига тел рақами ëзилган кичик контейнерни узатасан.

– Бу тармоқ маркетинги. Гербалайфнинг бир тури.

Дарвоқе, у одам сўраб қолиши мумкин. Бу тортни мендан олдин еган икки киши ким деб. Жавоб мана бу «Саида ва Комил» 

Результатга гарантия.

Сен чақирилган тадбирга бормай қолдинг. Касалсан. Менустрация кеган ëки геморойинг ирғиган, балки мигрен… Аммо тадбирда барча сени қандай томоқ пиширишингни мақтаб гапириб ëтибди. 

– Бу энди раскрутка қилинган  савдо  маркаси. Бренд шон шўҳрати. 

Сен  яна музейга келдинг. Битта бой ота эркак сенга қаради. Сен  табассум қилиб «Исмим Дилпуз» дейсан.  Чунки Дилпуз Тошкентда энг мазали юмирто барак пишириши билан танилган. Лекин сенинг исминг Дилпузмас. Аммо Дилпузни ўзи буни сендан илтимос қилган. Ўзингни Дилпуз деб таништир деб. Бу ишинг учун сенга Дилпуз бир сават ширинлик беради. 

– Бунинг оти франчайзинг.

Сен бир гала қиз ўртоларинг билан ресторанга бориб қолдинг.  

Ресторатор яъни емакхона эгаси билан суҳбатлашяпсизлар. 

Мадина қанақа қилиб ошлампур ва гулхоним пиширишини айтиб берди. Сумайя бўлса қовоқ манти, Ойша билан Маймуна эса қўй қўлидан димламани мазали пишира олиши сирини достон қилди. Сен бўлсанг юмурто баракнинг қўтир баракдан фарқини айтдинг.

– Бу энди  тендер.

Нима кўп, Ўзбекистонда фестивал кўп. Йўллар амига кириб кетган бўлса ҳам барча пул фестивалга рахсод қилинади. Хуллас сен битта фестивалга боряпсан. Аммо сен ҳали бормасингдан олдин, дугонанг ҳаммага сени қандай мазали юмирто барак пиширишинг ҳақида ëзилган откриткаларни тарқатиб чиқди.

– Буни номи пресс-релиз тарқатиш дейилади. 

Сен ўша фестивалда микрофон олдига бориб, хом гўштдан илдирма ижжонни қандай мазали тайорлашинг ҳақида гапирдинг. 

Икки кундан кейин фестивалдагиларнинг ярмиси ичи ўтиб, духтрга ëтди. Уйида сен айтган хом ижжонни еб гижжа бўлиб баннисага тушишган. 

–  Улар ëмон  реклама қурбони бўлишди.

Сен навбатдаги фестивалга келиб, бешта сўтак йигитчани топасан.  Уларга қараб, ҳар биринг бешта клиент обкелсанг мендан сабойга битта контейнерда юмирто барак олишасан деб айтасан. Улар обкеган бешта клиент ҳам ҳар бири бештадан одам обкелиши керак. Шу тариқа мамлакатнинг ярми сен пиширган юмирто барак ейиш учун ўчертга туради.

– Буни оти «Ахмадбой стайл».

Айтайлик, сен ресторан эгасининг олдига келиб, яхши томоқ пишира олишингни айтасан ва мана бу схемани таклиф қиласан.

Кимда ким юмурта барак заказ қилса падаркага  зарғалдоқ контейнер ичида торт олади сабойга абкетиладиган. 

– Бунинг оти протекционизм.

Сен битта фествалга Дулпуз билан билла келасан. Дилпуз Наполеон тортни зўр қилади, сен эса юмурто баракни. Барчага «биз биргамиз» деган месседж айтилади. 

– Бу стратегик  ҳамкорлик дейилади. 

Сен Тўхтажонга юмурто ва ун берасан. У юмурто барак пиширади сен эса сотасан. Ҳар уч клиентдан бирисининг пулини Тўхтажон олади. 

– Бу уже акционерное общество.

Хуллас сен хунуксан. Қўлингдан балоям келмайди. Юмурто барак тугул юмуртони чақиб товада қовуришниям билмайсан. Аммо ҳамма сени яхши пазанда мазали томоқ пиширадиган қиз деб мақташини истайсан. Яхшиям отанг министр. У катта бир тадбир қилиб, ошпаз ëллаб, банкет қилади. Бюджетдан пули тўланган юмурто баракларни ҳамма сен пиширдинг деб ўйлаб мақтайди. 

– Бу давлат субсидияси дейилади.

Админстрациядан тилпон қилиб сенатга келган ўрис делегацияси учун айнан сен пиширган юмурто баракнинг ҳар донасини 50 доллардан сотиб олиб дастахонга қўйиш буюрилади.

– Ўзбекистонда бунинг номи бозорда лидер статусига эгалик дейилади. 

Ҳамма энди сен пиширган юмирто баракни ейдиган бўлди. Сен энди давлат ҳисобидан Парижга бориб олимпиадачилар дастахонини юмурто барак, қўтир барак билан тўлдирасан. 

– Бу янги бозорларни ишғол қилиш дейилади.  

Сен бир-бирини уриб ташайдиган боксчилардан икки минг долларлик заказ олдинг. Аммо юмирто барак пиширишга эриняпсан. Сенинг ўрнингга Тўхтажон пиширади. Унга минг доллар берасан. 

– Бу  аутсорсинг.

– Министр отанг сенга 10 минг доллар нақд беради. Сен эса бу пул юмурто барак сотувидан тушган виручка деб банкага қўясан. 

– Буни пул ювиш дейилади. 

Юмурто баракнинг қўтир баракдан фарқи нимада? Қўтир баракка юмурто билан биргаликда эт ҳам қўшилади. 

– Бу  энди тижорий сир. Худди Кока Кола сири каби.

МС: Оғо газни пасайтирип. Тормозо урип мошинни четроқо олинг. Очинг ални уринг потяни.

Ассалом Ўзбекистон, Жума Муборак!

Тағин ўқинг
26 ноябр 2018
«Элтуз» нашри ўз суриштирув гуруҳи томонидан йиғилган маълумотлар асосида тайёрланган фильмнинг иккинчи қисмини эътиборингизга тақдим қилади. Фильмнинг дастлабки қисмида ...
15 май 2016
«Панама ҳужжатлари» дея ном олган маълумотларда ўз маблағларини ҳориждаги офшорларга яширган 100 дан ошиқ ўзбекистонликларнинг ҳам исм фамилиялари, манзилларигача ...
10 апрел 2017
9 апрел куни эрталабдан, одамлар оқими Дроттнингатан марказига интила бошлади. У ерда юз берган террор ҳужумига қарши мотам митинги ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...