Асосий мавзулар
1 октябр 2024

Рус армияси полковниги ва Ҳизбуллоҳ етакчиси ўлдирилди – 600’70

Россия ҳарбий полигони ёнди, Рус полковниги ва Ҳизбуллоҳ етакчиси ўлдирилди, Россия мактабида ўзбек тили дарси ўқитиш таклиф этилди, Украинанинг Угледар шаҳри қуршовга олинди ва бу 600 секунд

Россия қуролли кучлари полковники Алексей Коломейцев ўлгани ҳақидаги хабарлар тасдиқланди. Украина мудофаа ахборот хизматининг баёнот беришича, Коломейцев Россия босқини етакчиларидан бири бўлган ва 924 рақамли дрон авиацияси марказини бошқарган. 51 яшар полковник 27 сентябрь куни Москва вилоятининг Коломна шаҳрида ликвидация қилинди. Ушбу операция Украина ҳарбий кучлари ва Москва вилоятидаги маҳаллий хуфия гуруҳ иштирокида амалга оширилган.

+++

Исроил Мудофаа Кучлари (IDF) Ҳизбуллоҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилганини маълум қилди. IDFнинг X аккаунтида бўлишилган баёнотида шундай дейилади: «Ҳасан Насруллоҳ энди дунёни қўрқита олмайди.» Бу баёнот Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга берилган бир қатор тунги зарбаларидан кейин эълон қилинди. Мазкур зарбаларда Исроил Насруллоҳ ва бошқа Ҳизбуллоҳ қўмондонларини нишонга олганини билдирди. Ливандаги радикал шиаларнинг Ҳизбуллоҳ ҳаракати раҳбари Шайх Ҳасан Насруллоҳ Яқин Шарқдаги энг машҳур ва нуфузли шахслардан биридир.  Жума куни Байрутга қилинган ҳаво зарбасида нишонга олингани хабар қилинган Ҳасан Насруллоҳ, Исроил томонидан ўлдирилиши хавфи сабабли, бир неча йиллардан бери омма ўнгига чиқмаётган эди. Эрон билан яқин алоқаларига эга бўлган мазкур сирли шахс Ҳизбуллоҳни бугунги кундаги сиёсий ва ҳарбий кучга айлантиришда муҳим роль ўйнаган ва гуруҳ тарафдорлари орасида ўта мўътабар шахс ҳисобланган. Насруллоҳ раҳбари бўлган Ҳизбуллоҳ ҳаракати Фаластин қуролли ҳаракати, ҲАМАС, шунингдек, Ироқ ва Ямандаги  қуроллиларга жангчиларни тайёрлашда ёрдам бериб келади. Ўзбекистонда террорчи ташкилот сифатида рўйҳатга олинган Hizbulloh гуруҳи ўз етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилганини расман тасдиқлади.

+++

27 сентябрда Россиянинг Тамбов вилоятига яқин ҳарбий полигонда ёнғин содир бўлди. Полигоннинг нима сабабдан аланга ичида қолгани номаълум. Маҳаллий бошқарув вакиллари ва фавқулотда вазиятлар вазирлиги ёнғин ҳақида баёнет бермади. Шунингдек Россиянинг яна бир муҳим объектларидан бирида ёнғин чиққан. 28 сентябрда Брянск вилоятидаги дарахни қайта ишлаш заводи ёниб кетди. Аланга умумий хисобда 1000 квадрат метр ҳудудни қамраб олган. Ушбу ёнғин сабаблари ҳам оммага ошкор қилинмади.

+++

28 сентябрь куни Россия қуролли кучлари Украинанинг Сума вилоятидаги шифохонага ҳужум қилди. Шаҳид дронлари ҳужуми натижасида 10 киши ўлган, 22 киши оғир жароҳатланган.

+++

27 сентябрь куни Махачкаладаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан бири портлади. Натижада 13 киши ўлди, қурбонлар орасида икки ёш бола ҳам бор. 23 киши жароҳатланган. Фожиага сабаб бензиннинг ёниб кетишида дея таъкидланмоқда. Шаҳобча эгаси бўлган тадбиркор терговга жалб қилинди. 28 сентябрь куни Доғистонда мотам эълон қилинди.

+++

АҚШнинг Виржиния ва Флорида штатлари бўйлаб Ҳелен бўрони авжланди. Табиий офат қурбонлари сони 69 нафарга етди. 26 сентябрь куни бошланган табиий офат 1851 йилдан бери қайд этилган энг кучли бўрон экани қайд этилди. Тахминан 1 миллион аҳоли электр-энергияси таъминотидан узилиб қолди.

+++

New York Post газетасида нашр этилган мақолада хабар берилишлича, Тожикистондан АҚШга келган 8 нафар қочқин Филаделфиядаги ЛГБТ жамиятига ҳужум режасини тузишда гумонланиб қўлга олинган. АҚШга жанубий чегара орқали кириб келган тожикистонлик мигрантлар Ислом Давлати террорчи гуруҳи аъзолари бўлганлар.   Улар Нью-Йорк, Филаделфия ва Лос-Анжелесни қамраб олган операция давомида қўлга олинган. Tаъкидланишича, улар «кофирлар»га ҳужум қилишни режалаштиришган.  Бироқ, бу ҳужумни қандай амалга ошириш ниятида бўлишгани ва ҳадафларининг аниқ манзиллари номаълум бўлиб қолмоқда. Аввалроқ ФБР директори Кристофер Рей Ислом Давлати террорчи гуруҳлари АҚШга очиқ чегара орқали кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

+++

Россия қўшинлари Донецк ҳудудларига босқинни давом эттирмоқда. Донецк жанубидаги Угледар шаҳри деярли тўлиқ қамал қилинди. Ҳудуддаги Покровск, Селидово, Торетск ва Купянскда ҳам вазият жиддийлашмоқда.

+++

Калининград шаҳридаги 7 мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота оналари ўқув дастуридан орқада қолишаётганидан норозилик билдиришди. Россия нашрлари миллати ўзбек бўлган 6 нафар  ўқувчи сабаб синфнинг ўзлаштириш ва интизом кўрсаткичлари пасайиб кетганини иддао қилмоқда. Ўқитувчилар мигрантлар сабаб рус ўқувчиларига ўзбек тилини ўрганишни тавсия қилмоқда. Гарчи бу тавсиялар рус пропаганда нашрлари томонидан истеҳзо қилинаётган бўлсада, бу бирдан бир тўғри йўлдир. Масалан, энг илғор саналган Швециядаги таълим қоидаларга кўра, ота оналар ва ўқувчилар истагидан келиб чиқиб мактабларда мактабларда она тили, жумладан ўзбек тили синфлари жорий қилиниши кўп йилладан бери анъанага айланган.

+++

Туркиянинг Денизли шаҳрида суд Ўзбекистон фуқароси Сожида Қаландарова устига кислота қуйиб ўлдирган Ўзгур Гунден бир умрлиқ қамоқ жазосига ҳукм этилди. Ҳодиса 2022 йилнинг 9 май куни Туркиянинг Помуққала туманидаги Карҳайит маҳалласида жойлашган бир меҳмонхонада содир бўлган.

+++

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Суди 409 млн 700 минг сўмга бир дона «BYD SONG PLUS DM-i CHAMPION» ва 630 млн 400 минг сўмга икки дона «BYD CHAZOR DM-i» русумли транспорт воситаларини харид қилмоқда.

+++

Сайлов 2024. Бош вазирнинг ўринбосарлари Жамшид Ходжаев ва Зулайҳо Маҳкамовалар депутатликка ўз номзодларини қўйишди. Улар депутат сифатида сайланса, амалдаги қонунчиликка кўра, ҳукуматда эгаллаб турган лавозимларини тарк этишлари керак.

+++

Ўзбекистон ҳукуматида парламент депутатлигига номзодини қўйган мулозимлар шахси ошкор бўлди. Булар: ЎзЛиДеПдан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Раъно Турдибоева. «Миллий тикланиш» демократик партиясидан: Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев. Экологик партиядан: Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев, Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Шукуров«Адолат» СД партиясидан: Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари Гулнора Рахимова. Улар ҳам депутатликка сайланган тақдирда ўз лавозимини тарк этади. Маълумот учун, Сайлов кодексининг 72-моддасига кўра, депутатликка номзоди кўрсатилган шахснинг ўз номзоди тегишли бир мандатли сайлов округидан овозга қўйилишига ёки партия рўйхатига киритилишига рози эканлиги, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза ёзади.

+++

Бойсундаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» конида юз берган портлаш оқибатлари ҳануз бартараф қилинмади. Ҳудуд газдан заҳарланаётган бир пайтда мутасаддилар ҳақиқатни яшириш билан банд.  Журналист Шерзодхўжа Қудратхўжаев билан учрашган бойсунлик оқсоқоллар ҳаммаси яхши, ҳеч қандай ваҳима йўқ дейишди. Учрашувдан кейин айни шу жойдан видео олган маҳаллий ёшлар эса газ қўлансасига чидаб бўлмаётганини таъкидламоқда. Атрофда ишчилар йўқ, тез ёрдам машиналари турибди деди аҳоли вакиллари.

+++

Синов муддатини ўтаётган ўқитувчи ўқувчини ўтирган партасидан тортиб олиб, калтаклади.  Таъкидланишича, рус тили фани ўқитувчиси Р.О. синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган, расман у 188-мактабга ишга қабул қилинганлиги бўйича ҳали буйруғи чиқмаган. Воқеа ўқитувчининг дастлабки иш кунида содир бўлган.

+++

Бу 600 секунд эди. Айни пайтга келиб Элтузнинг ютуб каналидаги обуначилари сони 681 мингдан ошди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг. Агар каналимизни қўллаб қувватламоқчи бўлсангиз, суперчат, суперстикер ва супер рахмат тугмачаларини босинг,  соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
14 феврал 2018
Миллий хавфсизлик хизматининг Тошкент марказий сайилгоҳида жойлашган бош қароргоҳи бошқа жойга кўчирилаётгани ҳақида «Элтуз»га маълумотлар етиб келди. У ерга ...
23 март 2018
Швециянинг пойтахти Стокголмда 21 март куни қозоқ, турк, эрон, ўзбек, уйғур диаспораси вакиллари Наврўз байрамини нишонлашди. Наврўз тадбирига мезбонлик ...
17 октябр 2016
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон матбуоти бош вазирнинг виртуал қабулхонасини салкам «адолат уйи»га тенглаштириб қўйди, десак хато бўлмайди. Ҳозир ҳар бир ...
5 март 2020
«E’zoz Max» хусусий бандлик агентлигининг Бирлашган Араб Амирликларига ишга жўнатиш ваъдасига ишониб катта пул тўлаган ўнлаб одам аросатда қолди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...