Асосий мавзулар
5 январ 2025

Тешик кроссовка ёки Халқнинг ўғирланган гази

Бугунги мақоламиз Ўзбекистондаги энергетика инқирози, Россияга қарамлик ва ўтган йилга якун ясаган бечора ўзбек дамасчисининг бир жуфт тешик кавуши ҳақида.

Ғайрат Дўстов иши, айрим ҳамкасбларимиз таъбири билан “Ғайратгейт”, ўзбек жамоатчилигида катта муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди, чунки у бугунги кунда барчага таалуқли бўлган газ танқислиги билан боғлиқ қийинчилик ва тизимли муаммоларни очиқ кўрсатди. 42 яшар дамасчи ҳибсга олиниши билан бир зумда ижтимоий адолат ва халқнинг овози эшитилиши учун кураш қаҳрамонига айланди.

Тўғри кўп ўтмай “қаҳрамон соҳта экан”, “хотини билан ажрашганлиги”, “ногирон онаси” икки йил бурур ўлгани билан боғлиқ бир бирига қарама-қарши фикрлар ҳам тармоқда тарқалди. Бу ҳақда кўпиртиришни бас қилайлик, метан экологик тоза ёнилғи эмас, деган фикрлар ҳам янграй бошлади.

Лекин моҳиятга диққат қилайлик, Дўстов метан газ танқислиги гапира туриб ҳукуматни очиқ танқид қилгани ортидан ҳибсга олинди. У мамлакатда қазиб олинган газ қаерга кетаётганига, нега оддий халқ бундан бенасиб қолаётганига ҳукуматдан изоҳ талаб қилди. Ўзининг тешик красовкасини кўрсатди ва бу майда безорилик дея малакаланди.  

Ўткан 2024 йилда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 60 миллиарддан ошгани, газ қазиб чиқариш суръати тўхтамагани фонида, мамлакатдаги табиий газ заҳираларига  Россиянинг “Газпром” ширкати тўлиқ хўжайинлик қилаётгани ўртага чиқди. 

Маълум бўлишича Россиянинг Ўзбекистонга газ экспорти қарийб уч баравар ортган, яъни Россия ўзимизнинг газимизни ўзимизга экспорт қилмоқда. Шунингдек, Москва ва Тошкент ниҳоят кичик АЭС қуриш бўйича шартнома имзолаган.

Журналист Крис Риклтонга башоратларига кўра, кириб келган 2025 йилда Ўзбекистон яна ҳам кўпроқ Россияга қарам бўлади. 

Унинг норозилиги, бир кеча-кундуз навбат кутишдан сўнг, ёқилғи тугаганидан келиб чиққан бўлса-да, охирги пайтларда кўпчиликда тўпланиб келаётган ижтимоий адолатсизлик ҳиссини ўзида мужассам этган эди.

Тармоқларда тарқалган видеода Ғайратнинг эски-тешилган кроссовкасини кўрсатиши кўпчилик учун энергетика танқислиги ва ижтимоий муаммоларнинг рамзига айланди.

Ҳукумат томонидан унинг «майда безорилик»да айбланиб ҳибсга олиниши муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, ҳақиқатни яшириш ва танқидчиларнинг оғзини ёпишга қаратилган ҳаракат сифатида қабул қилинди.

Бу ижтимоий тармоқларда катта норозилик тўлқинини келтириб чиқарди. Фаоллар ва оддий фойдаланувчилар «Ғайратга_озодлик» каби челленжлар ва унинг оиласига ёрдам кампаниялари орқали инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишга чақирдилар.

Айни пайтда Ғайрат Дўстовнинг Ватанга ҳиёнат қилмадим деган иқрори судда янгради.

«Нима бўлганда ҳам, Ватанга хиёнат қилмадим, хиёнатчи эмасман», — деди cудда тоби қочган Ғайрат Дўстов ўзининг аҳволи ҳақида гапирар экан.

Унинг сўзларига кўра, куч ишлатар тизим ходимлари томонидан қийноққа солинмагани маълум қилинди.

Ғайрат Дўстовнинг ушбу баёноти унинг атрофида юзага келган турли миш-мишларга жавоб бўлди.  

У Ватанга садоқатли эканини яна бир бор таъкидлади. Бу эса яна бир бор ватанга кимлар ҳиёнат қилди деган риторик саволни пайдо қилди.

Мамлакат табиий бойликларини мамлакат халқига сотиш ҳуқуқини Россияга бериб қўйган ва ўз халқини қарз ботқоғига ботирган ҳукумат рахбарларими? Ёки Дамасига ёнилғи қуя олмаган киракашми?  

Эътибор беринг, воқеалар Ўзбекистон  Москванинг рус тили бўйича қопқонига аллақачон тушгани.  Бу йил эса кремлни пуштипанох деб билган Ўзбекистондаги оила бошқаруви янада авторитарлашади деган прогноз чуқур илдиз отган паллада юз бермоқда.

Суд жараёнининг шаффоф бўлмагани ва Дўстовнинг ҳибсда экан соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар жамоатчилик ғазабини кучайтирди. Суд жараёнини ёритган журналистлар суд мажлисларидаги кечикишлар ва тўсқинликларни қайд этдилар, бу эса адлия тизимига бўлган ишончни янада заифлаштирди. Бу орада кўпчилик раҳбарларнинг жиноятлари кечирилаётгани, лекин оддий фуқароларга жазо муқаррар бўлаётганини танқид қилди.

Албатта, Дўстовнинг қамоқдан озод этилиши жамоатчилик босимининг ютуғи сифатида кўрилди, аммо бу Ўзбекистондаги адолат, шаффофлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида тизимли ўзгаришларга бўлган эҳтиёжни янада яққол кўрсатди.

Унинг тарихи нафақат энергетика инқирозини, балки адолат ва ҳуқуқий тенгликка бўлган умумий талабларни ҳам ўзида акс эттиради.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳукумат Ғайрат Дўстов ишидан жамиятнинг адолат ва сўз эркинлигига бўлган талабини англаб, тизимли ислоҳотлар ўтказиш шартлигини тушуниб етиши лозим.

Бундай воқеалар муаммоларни жазолаш йўли билан эмас, уларга шаффоф ечим топиш орқали ечиш зарурлигини кўрсатади. Энергетика муаммоларини ҳал қилиш билан бир қаторда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимида адолатни таъминлаш ва танқидга нисбатан тоқатли ёндашувни ривожлантириш ҳукуматнинг асосий вазифасига айланиши керак.

Элтуз Ўзбекистондаги энергетика инқирози ва сўз эркинлиги билан боғлиқ воқеаларни ёртишда давом этади. Каналимизга обуна бўлинг. 

Тағин ўқинг
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
26 октябр 2024
11-декабрдан 15-декабргача Алишер Навоий номидаги Давлат академик Катта театрида Жорж Фридерик Ҳанделнинг “Тамерлано” операси машҳур режиссёр Стефано Поданинг замонавий ...
17 август 2021
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов ўзининг фейсбук саҳифасида Афғонистондаги сўнгги воқеаларнинг Ўзбекистонга таъсирини бундай изоҳлади: ...
1 феврал 2018
Тошкентда 14 февралдан совуқ сув учун тарифлар ошиши билдирилди. «Сувсоз» идораси хабарига кўра, янги нархлар пойтахт ҳокимлиги томонидан 29 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...