Асосий мавзулар
15 январ 2025

Россия қарзлари ва санкцияга юз тутаётган ўзбеклар – 600’85

Америкада ёнғин, Россиянинг қарзи 415 миллиард доллардан ошди, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган Улуғбек Шодмоновга тегишли ширкат Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишда айбланмоқда. Ва бу 600 секунд.

7-январ куни Лос Анжелесда бошланган ўрмон ёнғинлари бир неча кун давом этиб тахминан 12 минг бинога талофат етказди. Умумий ҳисобда жами 180 минг киши эвакуация қилинди. Қурбонлар сони 24 нафарга етди. Ёнғин шаҳарнинг Итон ва Паллисейдс туманларига жиддий зарар берган.

+++

Германиянинг амалдаги канцлери Олаф Шолтснинг канцлерликка номзоди тасдиқланди. Номзодни Социал демократик партия илгари сурди. Олаф Шолтс Берлинда партия қурултойида нутқ сўзлаб ойликларни кўтариш, ижтимоий ҳимояни яхшилаш ва ксенофобияга қарши курашишини маълум қилди. “Путин армияси Украинага бостириб кирди. Лекин Германиянинг айрим партиялари Кремлнинг сафсаталарини ёйиб юрибди” деди Шолтс. Шу сўзларни айтган канцлернинг ўзи Украинага 3 миллиард евро ёрдам пакетини блоклаб қўйгани жамоатчиликни ҳайрон қолдирмоқда.

+++

Айни пайтда Германиянинг ультра ўнг ҳисобланган “Германия учун альтернатива” партияси номзод сифатида Алиса Вайделни илгари сурди. Ушбу партия илк мародаба Бундестаг канцлерлигига ўз номзодини кўрсатмоқда. Алиса Бейдел ўз нутқида “Украинадаги эскалацияни тўхтатиш керак. Путин ва Трампнинг учрашуви уруш тўхташига яхши ишора бўлиши мумкин” деди. Шунингдек, номзод Алиса Вайдел “Шимолий оқим”дан Россия газини импорт қилиш зарурати ҳақида гапирди.

+++

Борис Жонсон Путинни уят сўз билан сўкиб ҳақоратлади. Буюк Британиянинг собиқ бош вазири эстониялик журналистга интервю берар экан “Кремлнинг ҳаракатлари архаик ва ёввойи. Ҳозир империялар йўқ. Эстония, Латвия, Литва ва Улраина мустақил давлатлар. Улар Россия империясининг вассал эмас. Путин, ҳаммаси тугади. Мийяси суюқ бўққа айланган аҳмоқ, империя деган нарса аллақачон йўқ энди” деди.

+++

Америкалик конгресмен Ўзбекистоннинг цемент қироли бўлган Улуғбек Шодмонов устидан тергов-суриштирув ўтказишни талаб қилди. Улуғбек Шодмонов Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш ва Ўзбекистон Президенти собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновга суиқасд қилишда айбланмоқда. 8-январ куни Бирлашган Араб Амирликлари Улуғбек Шодмоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилди. Озодлик радиоси тақдим этган маълумотларга кўра Улуғбек Шодмонов Отабек Умаровга яқин бўлган. Унинг исми “Офис” масаласи тафтиши давомида юзага чиққан эди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ёз ойларида Отабек Умаровга тегишли Дарҳондаги офис тадбиркорлар ва юқори мансабдорларга босим ўтказишда айбланган эди. Арман тадбиркор Овик Мкртчяннинг таъкидлашича Улуғбек Шодмонов унга “Дмитрий Ли ва Комил Алламжоновга қарши компромат тўплашни” буюрган. Режага кўра Овик Мкртчянга тегишли ГОР инвестмент компанияси ва компания директорлар кенгашидаги Майк Помпео воситасида Дмитрий Ли ва Комил Алламжоновга нисбатан АҚШ санкциялари жорий қилиниши керак бўлган. Тадбиркор Овик Мкртчян Дмитрий Ли ва Комил Алламжоновга тузоқ қўйишга рози бўлмаган. Шундан сўнг цемент қироли Улуғбек Шодмонов арман тадбиркорини ўғирлаб кетиб 85 кун давомида қийноққа солишни буюрган. Ҳозирда АҚШ конгресмени Уесли Хант Шодмонов ва унинг ЮЖиЖи компанияси устидан тергов-суриштирув олиб боришни талаб қилмоқда. Украинанинг “Миротворец” маркази ҳам Улуғбек Шодмоновга нисбатан санкция қўллаш талаби билан чиқди. Улуғбек Шодмоновнинг ЮЖиЖи ширкати Россияга қўйилган санкцияларни четлаб ўтишда айбланган.

+++

Украина ҳарбийлари Курск вилоятида илк маротаба Шимолий Корея аскарларини асирга олишди. Икки аскар ҳам тирик, улар Киевга етказилди. Ҳозир аскарларни Украина махсус хизмати сўроқ қилмоқда. Украина хавфсизлик хизмати спикери Артём Дехтеренконинг таъкидлашича, асир аскарлар рус, инглиз, украин тилларини билмайди. Бир аскар ёнидан рус исм фамилияга берилган ҳарбий билет чиққан. Иккинчи аскарда эса ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Сўровда уларнинг иккови ҳам ҳарбий ўқув машқларга кетаётганини, урушдан бехабар бўлишганини билдиришган.

+++

Россия Афғонистон орқали Жанубий Осиёга газ экспортини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақида 11 январ куни Афғонистон миллий телевидениеси мамлакатнинг Савдо ва саноат вазирлигига таяниб хабар берди. Шу ўринда бу газ транзити Ўзбекистон орқали ўтадими, бу газ Ўзбекистондан олинаётган ва Россияга экспорт қилинаётган газ бўладими деган саволлар пайдо бўлади. Ҳозирча бунга жавоб йўқ. Чунки ҳукумат Ўзбекистоннинг газ экспортидан олаётган даромадини очиқламайди.

+++

13 январ куни Россиянинг Тула вилояти марказида ҳарбий госпитал ёниб кетди. Госпитал яқинида Тула Императорлик қурол заводи ва Тула кремли жойлашган. Олов бутун госпиталга тарқалиб, бинонинг том қисми қулаган. Расмий маълумотларга кўра қурбонлар йўқ, 57 киши эвакуация қилинган.

+++

Жаст стоп оил ҳаракатининг эко фаоллари Чарлз Дарвин қабрини таҳқирлашди. Фаоллар мармар қабртошига 1,5 ДEАД деб ёзишди. Бу ёзув саноатлашувгача бўлган даврдан бошлаб то ҳозирги давргача ер юзидаги ҳарорат 2024 йилда илк маротаба 1,5 градусга кўтарилганини англатади. “Биз 1,5 градус чегарасидан ўтдик. Биз олтинчи бор оммавий қирилиб кетиш хавфи қаршисида турибмиз. Дарвин буни билса гўрида тик турган бўлар эди” деди экофаоллардан бири. Маҳаллий полиция қабрга зарар берган аёлларни қўлга олди. Реставраторлар қабртошни тиклашга киришишди.

+++

Морган Станлейнинг собиқ банкири Крейг Кеннеди Россияни молиявий инқироз кутаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра 2022 йил ярмидан бошлаб Россиянинг корпаратив қарзи 71 фоизга ўсган ва  $415 млрд доллардан ошган. Financial times мутахассиси Мартин Сандбу Россиянинг ҳарбий иқтисодиёти омонат қарта уйни эслатади деди. Аксарият кредитлар ҳарбий саноатга йўналтирилган. Бу эса яқин келажакда кредит инқирози юзага келиб, вазият назоратдан чиқиб кетишини англатади.

+++

Варшавада “Путин” номли фильм намойиши бўлиб ўтди. Маҳаллий матбуот фильмни танқид қилмоқда. Режиссёр эса фильм Россия махсус хизматини қизиқтириб қўйди деди. Полшалик Патрик Вегининг “Путин” номли фильми катта экранларга чиқди. Тез орада фильм ўнлаб давлатлар телекранларида намойиш этилади. Виртуал Путин кўринишини яратишда энг сўнгги суний интеллеcт технологияларидан фойдаланилган. Кинотанқидчилар фильмга шубҳа билан қарамоқда. Россия махсус хизматлари эса кино ижодкорларини Линкедин тармоғидан қидириб топиб уларнинг ҳар бирига боғланишмоқда. Махсус хизмат вакиллари турли исмлар остида ижодкорларга 100 минг доллар таклиф қилиб картина скринерини беришни сўраган.

+++

8 январ кечаси Россиянинг Энгелс шаҳрида нефт базаси ёниб кетди. Ёнғинни ўчириш 4 сутка вақт олди. Ёнғин Украинанинг дрон ҳужуми ортидан чиққан. Маҳаллий аҳоли ҳаво сифати бузилгани ҳақида шикоят қилишган. Бироқ губернатор маъмурияти шикоят изоҳларни ўчириб юборди. Саратов ва Энгелсда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Саратов аэропорти ёпилиб, мактаб ўқувчилари масофавий таълимга ўтказилди.

+++

REALBOTIX компанияси одам бўйи баробарида аёл шаклидаги роботларни ишлаб чиқарди. Кибер аёл эркин гаплаша олади, ҳис-туйғуларини ифодалай олади. Тегажоғлиқ қилинса жаҳл билан жавоб қайтаради. Тактил жиҳатдан тирик одамга ўхшайди. Робот аёлнинг нархи 175 минг ақш доллари деб белгиланган.

+++

Россиянинг яширин флотига тегишли деб гумон қилинаётган Эвентин нефт танкери Болтиқ денгизида буксирга олинди. Танкер Россиянинг Уст Луга пунктидан Миср томон ҳаракатланган. Саёзликка келиб қолган танкер бошқарувни йўқотиб Германия соҳилларига бориб тўхтаган. Эвентин бортига 99 минг тонна нефт ортилгани маълум бўлди.

Ва бу 600 секунд.  Айни пайтга келиб Элтузнинг ютуб каналидаги обуначилари сони 720 мингдан ошди. Ёнгинангизда юз берган аммо сиз билмаган воқеалардан хабар топмоқчи бўлсангиз Элтузга обуна бўлинг. Агар каналимизни қўллаб қувватламоқчи бўлсангиз, спонсорлик тугмаларини босинг. Соғ бўлинг! 

Тағин ўқинг
17 феврал 2023
Эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги 33-сонини тақдим этади. … Ўтган ҳафта Озодликда чиққан тадқиқот муаллифи профессор Кристиан Ласслетнинг даъво ...
5 апрел 2020
Чор даврида охранка, совет даврида ЧК, ГПУ, НКВД, КГБ, мустақиллик даврида эса СНБ асосан миллат манфатига зарар келтирди ва ...
31 июл 2024
Швециядаги улфатлар таклифи билан якшанба кунги шашликхўрлик ўз ўзидан сиёсий мавзуга кўчди. Ва мен мезбонлар изни билан сухбатни Элтуз ...
30 август 2024
Босқинчига ëрдам берган юртдошларингизни таниб олинг РТ: Мана ҳафта зувв этиб айланиб, яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...