Асосий мавзулар
30 май 2017

30 май – улуғ шоир Эркин Воҳидов вафот этган кун

Эркин Воҳидов 2016 йилнинг 30 майида 79 ёшида вафот этди. У 1936 йил 28 декабрда Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилди. Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати бўлди. Ошкоралик йилларида айни номдаги қўмита раиси бўлди, уни ошкоралик даври ва айни қўмита тугагунга қадар бошқарди…

Шунингдек, у парламент депутати бўлсада, умрининг сўнгги йилларида фаолият олиб бормагани, оғир хасталикка учрагани маълум. Бироқ Эркин Воҳидов кўплаб мухлислари дилида гўзал ташбеҳли шеърлари билан қолди.

Шоирнинг «Тирик сайёралар» китобига кирган шеърларини мен ҳам ёшлигимдан ёд олиб, севиб ўқирдим.

Йўл четида беҳол ётибман,
Не бўлди деб сўрар киши йўқ.
Ишим йўқдир бу олам билан
Бу оламнинг иши йўқ…

Ошкораликнинг сўнгги кунлари

Шоир билан менинг чорраҳам кесишган давр 1991 йилнинг, адашмасам, июл ойи охирларида, август путчи дея тарихга кирган воқеалар арафасида, Ўзбекистон парламентининг Ошкоралик қўмитаси тугатилиши кунларида кечди.

У пайтларда республикада ошкоралик руҳи кезар. «Бирлик» ва «Эрк» партиялари оёққа тураётган давр, Эркин Воҳидов Ўзбекистон парламентининг Ошкоралик қўмитаси раиси эди.

Эрталаб Ёзувчилар Уюшмасига борганимда Эркин Воҳидовга ўқ узилгани, шоирнинг касалхонага олиб кетилгани ҳақида гаплар тарқаганди.

«Октябр инқилоби» ҳиёбони (ҳозирги Амир Темур) ва Ўзбекистон меҳмонхонаси атрофидаги марказий чоррахада Эркин Воҳидовнинг «Волга» автомабилига устма уст ўқ теккан. Ҳайдовчининг сўзларига кўра, иккита ўқ машина ойнасининг Эркин Воҳидов ўтирган бурчагини тешиб ўтган эди.

Мен бу ҳақда ўша пайтларда энг илғор саналган «Комсомольская правда» газетасига телефонда хабар бердим.

Эртаси Ошкоралик қўмитаси раиси Эркин Воҳидовга суиқасд бўлгани ҳақидаги хабарим газетада босилди.

Газета мендан тағин воқеа тафсилотларини кутар. Қаттиқ шок холатига тушган Эркин Воҳидовни касалхонага ётқизишган. Ҳаммадан кўра унинг мен билан учрашгиси йўқ эди.

Хабар босилгач мухолифатдаги дўстлар, бир-икки кун кўзга кўринмай туришим лозимлигини маслаҳат беришди.

Эртаси эса Тошкентдаги уйимга мен йўқлигимда милиция ходимлари келди.

Бироқ орадан кўп ўтмай йўлда мени фуқаролик кийимидаги йигитлар ушлаб «Жигули» машинасида олиб кетишди.

Путч русумидаги маҳкама, ёки «тройка»

Мени марказий ҳиёбон яқинидаги КГБ ертўласига олиб киришди. Шубҳасиз мен адвокат талаб қилдим.

Мени дастлаб сўроқ қилган фуқаролик кийимидаги ўзини танитмаган шахс устимдан кулиб, Горбачевнинг ҳам, Ёзувчилар Уюшмасидаги «суянган тоғ»имнинг ҳам куни битганига шаъма қилди.

Унинг гапидан мени қандайдир «тройка» суд қилишини, ўзим эса аллақайси «бешинчи колонна»дан эканимни англадим. У пайтда хали ментларнинг жаргонига тушунмасдим.

Мени подвалдаги, деразаси йўқ, мебелдан фақат битта стули бор бир хонада икки кун давомида ушлаб тергов қилишди.

Тергов кечқурун, менинг шахсимни аниқлаш билан бошланди, гарчи шахсим эрталаб «аниқланганди».

Адолат нуқтаи назаридан айтиш керак, бутун тергов давомида менга қийноқ қўлланилмади. 90-йилги «тройка» КГБнинг Москва буйруғига итоатини англатар, бугунги кун ўзбек турмасидаги бўлаётган гаплар билан солиштирганда, 37-йиллар пародиясига ўҳшарди.

Қизиғи шундаки, судловчиларнинг биттаси ёлғондакам ғазабга минар, иккинчиси мулойимлик билан менга сув олиб келар, учинчиси эса камгап бўлиб орада бир икки савол бериб қўярди.

Уларни аввалига мен чизган детектив манзара – суиқасд бўлган майдон, кўпроқ снайперлар, машина ойнасини тешиб ўтган ўқлар қизиқтирди.

Кейин эса бу хабарни кимлардан ва айнан кимдан эшитганимни суриштиришди.

Гап кимнидир сотиш кераклиги ҳақида бораётганини сезиб, аввалига гапни олиб қочмоқчи, вақтни озроқ чўзиб кейин «айб»ни бўйнимга олиб қўя қолмоқчи бўлдим.

Аввал гувоҳ, кейин асосий гумонланувчи, кейин эса айбдор мақомига ўтдим.

Кейин менинг терговдаги кўргазмамга қарши ва Муҳаммад Солиҳни қоралаш мақсадида берилган Ёзувчилар Уюшмасидаги бир қулоқнинг кўргазмасини кўрсатишди…

Тағин бир сутка КГБ ертўласида қолдим.

«Учувчи михлар»

Эрталаб терговчи бир тахлам газетани келтириб олдимга ташлади. Ўзбекистондаги деярли барча марказий газеталар «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Совет Ўзбекистони», «Правда востока», «Тошкент оқшоми», «Тошкент ҳақиқати», «Қишлоқ ҳақиқвти» газеталари менинг қанчалик «разил туҳматчи» эканим ҳақида ёзиб чиққан эди.

«Комсомольская правда» газетаси эса «Летающие гвозди» номли мақола чоп этган, унга кўра воқеа гувоҳлари эндиликда шаҳар марказида кетаётган машина ойнасини қандайдир михлар тешиб ўтганини билдиришганди.

Мени шаҳардан чиқмаслик шарти билан қўйиб юборишди. Ўртада август путчи бошланди. Тергов унутилди. «Ошкоралик қўмитаси»нинг тугатилгани, «тройка» ва Эркин Воҳидовга қарши суиқасд ҳақидаги гаплар ҳам.

Бу гапларни мен бугун бизга кўплаб фалсафий шеърлар қолдирган, охир оқибат «фирқа дафтари»ни ҳам улоқтирган шоир ўлими боис эсладим.

Менинг англашимча Путч арафасида унинг машинасига узилган ўқлар аслида «Ошкоралик қўмитаси»га, ошкоралик даврига, парламентдаги халқ овозини ўчиришга қарата отилган ўқлар эди ва улар мўлжалга текканди.

Балки бундай ҳам эмасдир, бироқ умрининг сўнгги даврида мамлакатни узурпация қилган шахс ва унинг атрофидагилар билан бир парламентда ўтириш, ҳақиқатни айтмасликка маҳкумлик шоир учун қанчалик оғир кечиши мумкинлиги ҳақида ўйладим…

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 март 2017
27 феврал куни Тошкентдаги кўп қаватли бинода содир бўлган ёнғин ҳалокати акс этган видео қўйилди. Бунда пиёдалар йўлагига парковка ...
25 июл 2016
Шу тариқа йигирманчи асрда бошланиб йигирма биринчи асрда ҳам 15 йил яшаган видео-васвасага нуқта қўйиладиган бўлди. Япониянинг Sony ширкати ...
2 сентябр 2017
Ўзбекистонда ҳар йили талабалар пахта теримига мажбурий жалб қилинади. Иловадаги анимацион видео айни муаммо ҳақида: Нима учун Ўзбекистонда бундай ...
25 январ 2016
Қамоқхона бошлиғи ўринбосари порахўр бўлиб чиқди “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ...
Блоглар
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза ...