Асосий мавзулар
25 ноябр 2016

Каримов даври тарихий шахсларга адолатли эдими?

Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан келадиган, келмайдиган ишлар ҳақида қоп-қоп гапирмоқда.

Биттаси Қорақалпоғистонга бориб, экологиясини яхшилаб беришни ваъда қилса, бошқаси Хоразмга бориб, мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантириш ҳақида фалсафа сўқиб келяпти.

«Халқ сўзи» газетаси номзодларнинг сайловолди учрашувлари тўғрисида ёзар экан, «сиёсий хато»га йўл қўйиб қўйишдан қўрққанидан бўлса керак, Шавкат Мирзиёевнинг учрашувларини ёритишда фақат ЎзАнинг материалларига таянмоқда. Бошқа номзодлар учрашувлари ҳақида бемалол ўз мухбирларининг мақолалари орқали хабар бериб ётибди.

Аввал ҳам бир эслатгандик, Ш. Мирзиёев марҳум президент Ислом Каримовнинг номидан фойдаланиш ҳуқуқини хусусийлаштириб олган кўринади. Унинг учрашувлари ҳақидаги барча мақолаларда биринчи президентнинг номи бор, бошқа номзодлар эса ҳатто марҳумни эслаб ҳам қўймаяпти.

Яна бир жиҳат шуки, бу учрашувларни ёритишда Ўзбекистонда фаолият юритадиган норасмий интернет сайтлари жудаям эмас-ку, аммо бирмунча эркин экани кўриняпти. Масалан, «Кун.ўз» сайти Ш.Мирзиёевнинг Жиззахдаги учрашувига бағишланган мақоласида муваққат президент Ўзбекистонни узоқ йиллар бошқарган арбоби Шароф Рашидов номини тилга олиб, совет даврида унинг хотирасига беҳурматлик қилингани ҳақида гапирганини ёзди. Ҳолбуки, ЎзАнинг худди шу мавзудаги мақоласида бу ҳақда бирорта ҳам сўз йўқ эди.

«ЎзЛиДеп номзоди “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик” нақлига амал қилган ҳолда собиқ Иттифоқ тузумида Ўзбекистонда кўпчилик олиму-фузалолар, юртнинг энг сара фарзандлари, давлат арбобларига нисбатан, гарчи улар ўзлари яшаган тузумга хизмат қилган бўлса-да, адолатсизлик қилингани ҳақида куюнчаклик билан сўз юритди.

Хусусан, шундай тарихий шахслардан бири Шароф Рашидов бўлиб, у ўз халқига ва собиқ тузумга садоқат билан хизмат қилганига қарамай, вафот этганидан сўнг унинг қабри кўчирилгани, хотираси беҳурмат қилингани, оила аъзолари таҳқирланганини таъкидлади», деб ёзди «Кун.ўз»

Шу билан бирга, мазкур сайт Ш.Мирзиёев «Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидов номи оқланганини қайд этгани»ни ҳам маълум қилган.

Бош вазир келгуси йили Шароф Рашидов таваллудининг юз йиллигини бутун мамлакат бўйлаб кенг миқёсда нишонлаш, ўзи туғилиб ўсган Жиззах туманига унинг номини бериш ва ёдгорлик мажмуаси барпо этиш мақсадга мувофиқлигини ҳам айтибди.

Албатта, халқимиз ҳаётида ўзига хос ижобий из қолдирган тарихий шахсларнинг хотирасига ҳурмат билан қараш мақтовга сазовор. Аммо яқин тарихдаги, яъни Каримов давридаги айрим ҳолатларни эслаб, Ш.Мирзиёевнинг Ш.Рашидов баҳона айтган гаплари носамимий эмасмикин, деган хавотир келади кўнгилга.

Чунки генерал Собир Раҳимов, давлат арбоби Акмал Икромов, шоир Ҳамзанинг номи қатағон қилингани, уруш йиллари 14 та етим болани ўз бағрига олиб, одамийликнинг буюк тимсолига айланган Шомаҳмудовлар ҳайкали пойтахтнинг қаровсиз бир четига чиқариб ташлангани ана шундай хавотирга асос бўлади.

Ахир бу пайтда ҳам Ш.Мирзиёев ҳукумат тепасида ўтирганди-ку. Балки у ўз раҳнамосининг сўзидан чиқа олмай, гарчи бу хатти-ҳаракатларни маъқулламаса ҳам жим ўтирдимикин?! Энди бу хатоларни тузатиш йўлини тутармикин?…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 сентябр 2017
Президент Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72 сессиясида қатнашиш учун АҚШга россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг Airbus A340-313 шахсий самолётида борди. ...
11 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг мактабларни 11 йиллик тизимга қайтариш, бунинг учун коллежларни ёпиш таклифи Ўзбекистондаги кўпчилик томонидан олқишланмоқда. 18 июн куни ...
7 ноябр 2017
«- Бегжонов! Охирги марта қайтараман, чиқар қўлингни! Ҳозир войсковойларни чақираман! Ўзингни ҳам, камерадаги сафдошларингни ҳам дабдаласини чиқаришади, тушундингми!? Йигитларга ...
6 март 2017
Амакиси президент бўлган Ўзбекистондаги тузумнинг танқидчисига айлангани ортидан 2006 йил кузида руҳий касаллар шифохонасида банди этилган жиззахлик журналист Жамшид ...
Блоглар
26 апрел 2018
Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ансамбли артистлари Тошкент метросида 9-майга кунига атаган акцияларни бошлашди ва бунга қарши ...
26 апрел 2018
Андижон шаҳридаги 18-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси 22 апрель куни ўсмирлар ўртасидаги ўзаро жанжалда пичоқбозлик қурбони ...
24 апрел 2018
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 24 апрель куни Хоразм вилоятида минглаб талаба ...