Асосий мавзулар
9 январ 2017

Ўзбекистон ТВси: «Биз сизни бахтиёр қиламиз»

Шўролар даврида бир фантастик фильм бўларди. Ерликлар яхши ўзга сайёраликларга ёмон сайёрадошлари устидан ғалаба қозонишига ёрдам бериши ҳақида эди бу фильм. Ўша фильмдаги «Биз сизни бахтиёр қиламиз», деган машҳур сўзлар эсда қолган.

Ёмон қаҳрамонлар ижобийларини манқуртларга, ўзларига сўзсиз бўйсунувчи зомбисимон махлуқларга айлантираётганида шу сўзларни тинимсиз айтиб турганини кўриб, бу ҳаракатларнинг мазмунини тушунмай, мафтун бўлиб томоша қилганмиз.

Бу психологик таъсир усулининг қандай самара беришини кейинчалик англаб етдик. Инсонга ҳар доим бир гапни айтиб, сен шундайсан, деяверилса, унинг ўзи ҳам шу гапларга чин дилдан ишониб, ўзлигини йўқотар, миясига нима қўйилса, ўшандай шахсга айланиб қолар экан.

Бугун Ўзбекистон телеканалларини кўрсангиз, моҳиятан ҳаммаси «Биз сизни бахтиёр қиламиз»га ўхшаш фундаментал асосда фаолият юритишига гувоҳ бўламиз. Йигирма беш йиллик бу фаолият халқнинг аксарият қисмининг ўзлигини, қадр-қимматини, эркин фикрлаш қудратини йўққа чиқаришига етарли бўлди, деб бемалол айтиш мумкин.

Чунки Ўзбекистонда бугун исталган одамга микрофон тутинг, йил бўйи даладан бери келмаса-да, косаси оқармаган Қўчқор акалар ҳам, тани темирдан бўлмаса-да, турмуш қийинчиликларидан тўйиб, бундан кўра ўлим кетганим яхши эди, деяётган Аломатхонлар ҳам «фаровон ҳаётдан шукроналик туйиб» юрганини айтади, десак ишонаверинг.

Ахборот бермайдиган «Ахборот»лар

Янгиликлар дастурлари ҳар қандай жиддий телеканаллар юзини кўрсатадиган кўзгу ҳисобланади. Шунинг учун улар дунёда ҳатто сўнгги сонияларда рўй берган воқеа-ҳодисалар ҳақида бошқалардан кўра тезроқ, батафсилроқ хабарлар бериш ҳаракатида бўлади.

Афсуски, Ўзбекистоннинг бошқа телеканалларини айтмай қўя қолайлик, энг асосийлари ҳам халққа дунёнинг, ҳатто ўз мамлакатининг муҳим янгиликларини етказишни ўзининг асосий вазифалари сирасидан чиқариб ташлаганига кўп йиллар бўлди.

Бугун Ўзбекистон телеканаллари янгиликлар дастурларининг формати алмисоқдан қолган, замонавийликдан анча йироқ бир алфозда. На эътиборни тортади, на фойдали.

Мана ўша формат. Янгиликлар дастури давлат раҳбарининг биров билан учрашгани ёки қарор қабул қилгани ҳақидаги янгилик билан бошланади. Агар президент ўша куни ТВда кўрсатадиган бирор иш қилмаган бўлса, дастур парламент фаолиятига доир қандайдир хабар билан очилади.

Шу хабарлар ҳам умумий гаплардан нарига ўтмайди. Агар ўша куни дунёнинг бир четини сув олиб, инсоният ҳаёти хавф остида қолмайдими, телеканалларга фарқи йўқ. Форматдан чиқиш мумкин эмас.

Бу «асосий янгилик»лар тугагандан сўнг, албатта, «мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал тараққиётини, фаровон ва тинч-осойишта ҳаётимизни яққол намоён этадиган» лавҳаларга ўрин берилади.

«Жаннатдан дарак»лардан сўнг дунё хабарларига ўтилади. Энди бу ёғи ёки қизиқарли ҳаётий воқеалар, ёки турли фалокатлар ҳақидаги лавҳалардан иборат бўлади. Гўёки жаннат ва дўзах ўртасидаги конрастга гувоҳ бўласиз.

Масалан, Ўзбекистонлик мардикорлар минган автобус Россия ёки Қозоғистонда аварияга учраб, қанчадир ҳамюртимиз ўлгани айтилмайди, аммо бошқа қайсидир мамлакатда автоҳалокат содир бўлиб, бир-икки одам ўлса, албатта, ЎзТВ бундан сизни хабардор қилади.

Дунёнинг дўзахини кўриб, юртимиздаги «фаровонлик ва тинчлик»ка шукроналик айтаётган пайтингизда яна битта «жаннатдан дарак»ни томоша қиласиз, шу билан кўнглингиз жойига тушиб, янгиликлар дастури тугайди.

Маҳаллий телеканалларнинг янгиликлар дастурлари нега бундай бир қолипда? Уларга эски пўстини ташлаб, янги форматга ўтишига нима тўсқинлик қиляпти? Бу саволларга жавобларни Ўзбекистон телеканалларининг «отахонлари» қачон очиқлайди?

«Заряди» тафаккурни мажруҳ қиладиган ток-шоулар

Бугун Ўзбекистон телеканалларида ҳам ток-шоулар модада. Қайси каналга бураманг, албатта, ўз ток-шоуси бор.

Мамлакат бўйича энг асосий ток-шоу «Ўзбекистон» телеканалида эфирга узатиладиган «Муносабат». Бошловчиси халқ машҳур мультфильм қаҳрамони номи билан Қундуз амаки деб атайдиган Қуддус Аъзамов.

Ўзбекистон исталган соҳада эришган «улкан ва мислсиз ютуқлар» бўладими, юртимиздаги «беқиёс демократик ва ҳуқуқий ўзгаришлар» бўладими, ҳаммасини шу ток-шоудан топасиз.

Тадбиркорларимизга яратиб берилаётган «дунёда муқобили йўқ шарт-шароитлар» ҳақида билиб олмоқчимисиз, «Муносабат»ни кўринг. «Энг эркин ва холис матбуот» қайси давлатда эканига қизиқасизми, «Муносабат»ни томоша қилинг.

Терроризм, экстремизм, оммавий маданият нима эканини билмоқчимисиз, марҳамат, Қуддус амаки бу борада сизга беминнат ёрдам беради.

Баъзан бу кўрсатувни кўргандан кейин «бу маддоҳлар, лофчилар даврасими ёки мақтанчоқлар клубими», деб ўйлаб қоласиз. Тўғрисини айтганда, «Муносабат» кўрсатувида «қўйилган пахталар» тонналаб бўлса керак, халқ минг машаққат билан етиштирган пахта мана қаёққа кетяпти, деган хаёлга ҳам боради баъзан одам.

Ўзбекистон ТВсини шарҳлаган бир лавҳамизда «Муносабат» ток-шоуси ҳақида: «Тўғриси, бу кўрсатув «Ким кўп мақтанади» конкурсига ўхшади. Бири спорт жиҳозлари ишлаб чиқариш билан мақтанса, бошқаси гўзаллик салони очгани, келинлар либослари ижарасини йўлга қўйгани, ўқув марказлари ташкил этгани, ҳозир қанчадир ёшни иш билан таъминлагани, қанча шогирди алоҳида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганини айтиб мақтанди», деб ёзган эдик.

Бошқа каналлардаги ток-шоулар ҳам Қундуз амакининг эртакларидан қолишмайди. Мавзулар ҳам майда-чуйда – ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ошириш, қайнона-келин можароси, оилада ким устун бўлиши керак ва ҳоказолар.

Энг афсусланарлиси, ҳеч қайсисида халқнинг ғам-ташвиши, уни қийнаётган муаммолар, уларнинг ечимлари тўғрисида бир оғиз гапирилмайди. Ҳаммаси умумий гаплар, маддоҳлик, мақтанчоқлик, ҳукумат манфаатининг тарғибот-ташвиқоти.

Мана шундай кўрсатувларни кўриб, бу ток-шоулар аслида халқнинг тафаккурини фалажлаш ниятида намойиш этилмаяптимикин, деган хаёл ўтади кишининг кўнглидан.

Қабристон сукунати кунлари

27 август куни президент Ислом Каримовнинг оғир касалликка чалингани ҳақида пайдо бўлган хабарлар ортидан Ўзбекистон телеканаллари ҳам неча кунлар «инсульт» бўлмаса-да, шунга яқин бир дардга дучор бўлди, деб бемалол айтиш мумкин.

Халқ, мамлакат учун энг критик бўлган ана шу кунларда ЎзТВ ўзининг қанчалик нотавон эканлигини яна бир бор намойиш этди, аммо «юзи қизармади».

«2 сентябрь тунига яқин, давлат раҳбарининг вафот этгани расман айтилгунига қадар Ўзбекистон халқи мамлакатнинг шу пайтгача абадий деб билган президентининг на ўлик, на тириклигини билди. Билса ҳам миш-мишлардан, Интернетдаги мустақил манбалардан билди», деб ёзган эдик ўша кунлардаги шарҳимизда.

Халқ бир неча кун мавҳумликда қолди. ТВ эса у истаётган, кўришни, эшитишни хоҳлаган бирорта лавҳа, хабарни бера олмади.

ТВнинг бу сассизлиги кўпчиликни ғазабга келтирди. Фейсбук фойдаланувчиларидан бири: «Ўзбекистон ТЕЛЕВИДЕНИЕси ўзбек халқига энг сўнгги янгиликларни айтолмаса, нима номаъқул еб ўтирибди? … Қачонгача қўрқасан? Қачонгача оғзингга мум солиб ўтирасан? … Йўқ, сен қўрқасан! Ўз соянгдан қўрқасан! Сен хато қилишдан қўрқасан! Сен доим қўрқиб яшадинг!» деб ёзишгача борди ўша кунларда.

Президент вафоти муносабати билан мотам эълон қилинган 3 кун давомида эса Ўзбекистон телевидениеси совет давридаги энг «гуллаган» даврига қайтгандек бўлди. 3 кун халқ ТВ орқали ахборот олиш имкониятидан маҳрум қилиниб, фақат ғижжагу танбурнинг минғир-минғирини тинглашга маҳкум этилди.

Шундан бери айримлар ЎзТВни совет телевидениесининг инкарнациядан кейинги, яъни ўлимидан сўнг руҳи бошқа танага кўчган кўриниши деб била бошлади.
ТВда сайлов имитацияси

«Буюк раҳнамо»дан кейин Ўзбекистон тарихидаги илк янги президент сайловини мамлакат телевидениеси олдинги сайловлардан фарқли ёритишига, тўғриси, деярли ҳеч ким ишонгани йўқ. ТВмиз эса бу ишончсизликни тўла оқлади.
Сайловолди кампанияси Марказий сайлов комиссияси тимсолида ҳукумат белгилаб берган сценарийга тўлиқ амал қилинган ҳолда ёритилди.

«Аввалги сайловларни ёритиш, бу мавзуда таҳлилий кўрсатувлар тайёрлаш тажрибасидан келиб чиқилса, ўзбек телеканалларининг ўзини бундай тутаётганида ҳеч қандай янгилик йўқ», деб ёзган эдик бу ҳақда ўз вақтида.

ЎзТВда сайлов ҳақида сон-саноқсиз кўрсатувлар намойиш этилди. Лекин бирортасида номзодларнинг сайловолди дастурлари ўзаро муқояса қилиниб таҳлил этилгани йўқ, баҳо берилгани йўқ.

Сайловга бағишлаб тайёрланган давра суҳбатлари, интервьюларда эса «Ўзбекистонда очиқ-ошкора, демократик сайлов ўтказиш тизими»нинг дунёда энг яхшилардан экани тўғрисидаги гап-сўзлардан бошқа бирор мулоҳаза юритилмади.

Номзодлар ҳақида, улар президент бўлса, мамлакатни нималар кутиши ҳақида халқни мулоҳазага, фикрлашга чорлайдиган бирорта лавҳа эфирга узатилмади.
Бир сўз билан айтганда, сайловолди кампанияси даврида Ўзбекистон телеканаллари ҳукуматнинг сайлов имитациясида ўзига хос ролни ўйнаб берди, холос.

ТВда қачон ўзгариш бўлади?

Ўрисларда «не рыба, не мясо» деган ибора бор. Ўзбекчага буни «на ўлик, на тирик» деб таржима қилса, тўғрироқ бўлса керак.

Ўзбекистон телеканаллари бугун ана шундай на ўлик, на тирик бир ҳолатдадир. Уни бу аморф ҳолатдан чиқариш мумкинми?

Сўнгги вақтларда эркин матбуотда ЎзТВнинг фаолияти қаттиқ танқид қилиб келиняпти. Уни бошқараётган шахслар шаънига ҳам аччиқ гаплар айтиляпти. Шахсларга оид маълумотлар қанчалик тўғри ёки нотўғри эканига баҳо бериш ниятимиз йўқ. Аммо ТВ фаолиятига оид гапларнинг аксарияти ҳақиқат эканига шубҳа йўқ.

Янги президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошлиғи сифатидаги дастлабки қадамлари йиллар давомида ижобий ўзгаришлар кутиб яшаган халқ кўнглида некбинлик уйғотмоқда. Бу қадамлар эртанги кунга ишончни қандайдир тиклагандек таассурот уйғотаётир.

Сўнгги кунларда президент олимлар билан учрашди, тиббиёт ходимлари билан учрашди. Уларнинг фаолиятига доир яхши ўзгаришларни ваъда қилди.

Бошқа соҳа вакиллари ҳам президент улар билан учрашиб, дардини тинглаб, умидбахш кунлар ҳақида гапиришини интиқлик билан кутяпти.

Кўпчилик қатори журналистлар кўнглида ҳам ижобий ўзгаришлар бўлишига умид пайдо бўлган. Бизга қачон навбат келар экан, президент журналистларнинг ер қадар пасайган обрўсини тиклашга йўл очадиган қандай ҳаракатларни амалга оширар экан, деган савол қийнамоқда уларни.

Бир нарса ҳақиқат: Ўзбекистон телевидениеси ва босма нашрлари учун чинакам эркинлик ва демократия сари йўл очиш фақат ва фақат давлат раҳбарининг сиёсий иродасига боғлиқ!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 май 2016
Eltuz.com манбасининг айтишича, бош вазир ўринбосари, айни пайтда «Ўзавтосаноат» АК бошқарув раиси, Машинасозлик, электротехника ва авиация саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни ...
14 апрел 2017
Ўзбекистон матбуоти, илк бор мижозларнинг мобил операторларга қарамлиги масаласини кўтарди. Ўзбекистонда мобил алоқанинг қимматлиги, операторлар хизмати сифати пастлигидан шикоят ...
5 апрел 2016
«Ўзбекэнерго» гапни «мамлакат энергетика хавфсизлиги, экспорт мажбуриятлари ва электр энергиясига тобора ортиб бораётган эҳтиёжларни қондириш учун «Ўзбекэнерго» тизимидаги электр ...
15 апрел 2017
15 апрел куни ёзувчи Нодир Норматовни таниқли рассомлар, ижодкорлар сўнгги йўлга кузатишди. Марҳум Тошкентдаги «Яланғоч ота» қабристонида дафн қилинди. ...
Блоглар
28 июл 2017
Шу йилнинг 26 мартида Тошкентнинг «Гранд-кафе» емакхонасида содир бўлган бу воқеада жамиятдаги шафқатсизлик, ҳокимият амалдорларининг ...
23 июл 2017
Бундан юз йил бурун Туркистонда рўй берган бу воқеа минтақанинг бўлинган мамлакатларида бугун турлича талқин ...
22 июл 2017
Эътироз билдиришга уриниб ҳам кўрманг, чунки бу бугуннинг ҳақиқати. Ўзбекистоннинг қайси вилоятига борманг, пахтазорда юрган, ...