Асосий мавзулар
7 сентябр 2017

Ўзбекистонда пахтага сафарбарлик бошланди

Ўзбек расмийларининг мамлакатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, шифокор ва педагоглар теримига жалб этилмаслиги ҳақидаги иддаоларига қарамай, бу йил ҳам пахтага оммавий сафарбарлик бошланди.

«Элтуз» нашрига 6 сентябрь куни тошкентлик ҳашарчилар Жиззах далаларида пахта теришга олиб кетилгани ҳақидаги маълумот келиб тушди. Шунингдек, Жиззахдаги барча ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари 7 сентябрдан пахта теримига чиқарилиши ҳақида маълумотлар бор.

Йиғилишларда ўқитувчи ва шифокорларга пахта бўйича босимлар кучайтирилгани, ҳокимлар теримчиларни далага кунлик чиқиш тарзида жалб этишни режалаштиргани айтилмоқда.

Милиция кузатуви ва йўқламаси асосида

5 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида, энг аввало, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт ходимлари учун пахта йиғим-терими эълон қилинди.

«Элтуз» мухбирининг билдиришича, бу ҳақда муассасаларга 4 сентябрь куни кечга яқин хабар берилган.

Буйруқ шаҳар ҳокимлигидан бўлгани, шу асосда халқ таълими бўлими бошлиғи топшириғига кўра, таълим муассасаларига ва шифохоналар раҳбарларига 5 сентябрь куни эрталабга ходимларини теримга тайёрлаши айтилган.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театри биноси ёнида 5 сентябрь куни тонг саҳардан барча ташкилотлар ходимлари тўпланди.

Халқ таълими бўлими, мактаб директорлари, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда ИИБ ходимлари кузатуви ва йўқламаси асосида ҳар бир ташкилотдан 30-40 фоиз ходимлар сафарбар қилинди. Улар соат 6:00 да автобусларда пахта далаларига йўл олди.

Теримнинг биринчи оғир куни

Гулистон шаҳридаги болалар диспансери ҳамшираси «Элтуз» мухбирига теримнинг биринчи куни жуда оғир кечгани, сув ва озиқ-овқатда муаммога дуч келингани, даладаги иш вақти узоқлиги тўғрисида билдирди:

«Бу йилдан умидимиз катта эди. Терим мавсумида ўз иш жойимизда бўлишимизни кутган эдик. Аммо ундай бўлиб чиқмади. Кеча кечқурун менга бўлим бошлиғимиз телефон қилиб, тонгги соат 5-30 да театр биноси олдига теримга шай ҳолда етиб келишимни талаб қилди.

Дабдурустдан келган хабар мени ва оила аъзоларимни довдиратиб қўйди. Биринчидан, пахта бўлишини кутмаган эдик, гарчи бунга ишониш қийин бўлса-да. Иккинчидан, далага чиқишга тайёр эмасдим. Болаларимни кимгадир ташлаб кетишим ёки ўрнимга далага чиқишга одам топишим зарур эди. Қўшниларимга тайинлаб, саҳарлаб етиб бордим. Ҳаттоки далага олиб чиқишга овқат қилишга улгурмадим, натижада куни бўйи оч қолдим. Бунинг устига, далага сувни ҳам кеч олиб келишди ва кун иссиғида сувсизликдан қийналдим. Энг ёмони, автобус ҳам бизни олиб кетиш учун кеч етиб келди. Қоронғуда соат 20-00 дан ошганда уйга етиб келдим. Жуда узоқдаги далага олиб боришганди. Болаларим уйда овқат-нонсиз қолиб кетди».

Таълим вазирининг ёлғони

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида АҚШ Сенатининг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси вакиллари иштирокидаги учрашувда ҳукумат расмийлари мамлакатда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида гапирганди.

24 августда айтилган бу гапларга ишонган мактаб ўқитувчиси «Элтуз» мухбирига умидлари пучга чиққанини айтади:

«Наҳотки, ҳаммаси эртак эди. Олий маълумотли ўқитувчиларни алдаб, эрмак қилиш яхши ишми, ахир?! Вазиримиз ўз нутқида «ўқитувчиларнинг ҳаммаси олий маълумотли, далага ҳайдаса, мажбурласа чиқиб кетавермайди-ку”,, деган маънода гапирганди. Тўғри, биз ҳар кимга бўйин эгавермаймиз. Аммо директор “далага чиқмасанг, аризангни ёзда, кет!” деб турса, қўлимиздан нима келади? Ишдан ҳайдаш билан таҳдид қилишгандан кейин мажбур бўламиз далага боришга».

У бу йилги терим ҳар галгидан кескинроқ тартибда бўлишини тахмин қилади. Ҳолбуки, Ўзбекистон халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов Кун.uz нашрига берган интервьюсида: «Сўнгги 5-6 йилнинг ичида мактаблар пахта йиғим-теримига умуман жалб этилмаган”, деган эди.

Ошкоралик даври тугадими?

Ўзбекистонда Халқаро пресс клуб кўрсатувларида жонли эфирлар орқали халқнинг дарди, муаммолари очиқ-ошкора айтила бошлагани неча йиллардан бери бош кўтара олмайдиган зиёлиларда умид пайдо қилган эди.

«Аммо натижа нима бўлди? Пресс клубнинг иши вақтинча тўхтатилди ва жонли эфирлар бекор қилинди. Ҳаммаси шу пахта муаммоси сабабли эканлигини эшитдик. Шундай экан, давлат ўзи мажбурий меҳнатга бош бўлса, биз оддий ходимлар нима ҳам қила олардик?!» деди гулистонлик ўқитувчи «Элтуз» мухбирига.

«Элтуз»нинг Андижондаги мобил мухбири бу йил пахта терими сал кечроқ бошланишини, бироқ вазият ҳамон аввалгидек эканини билдирди.

«Пахтани 15 сентябрдан дейишяпти. Аммо аллақачон штаб тузилиб, теримчиларнинг рўйхати шаклланиб бўлган», дейди у.

Мобил мухбирнинг айтишича, ҳукумат аввалига пахтага чиқармаймиз деб ваъда бериб қўйган, аммо эндиликда ўқитувчи ва шифокорларга ўз ташаббусимиз билан пахтага чиқамиз, деган мазмунда тилхат бериш мажбурияти юкланган.

Халқ таълими вазири: Ҳуқуқ бузилишига фаолларнинг ўзлари айбдор

Халқ таълими вазири ўқитувчилар мажбурий меҳнатига оид баёнотларида ўқитувчиларни ҳеч ким мажбурлаб ишлатмаётганини иддао қилган.

«Ўзи учун маблағ ишлаши – марҳамат. Уйи даланинг олдида бўлса, бунинг ёмон жиҳати йўқ. Ўзбекистоннинг бойлиги учун чиқиб, ўзининг яна пул ишлаб олиш имконияти бор. Лекин мажбуран ҳеч ким бу ишга жалб этилмайди”,- деганди Иноятов.

Халқаро пресс клубнинг куни-кеча бўлиб ўтган тадбирида эса у педагогларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига ҳукумат юритаётган сиёсатни эмас, балки жамоатчилик, ўқитувчининг ўзи, мактаб раҳбарияти, туманлардаги фаолларини айблади.

«Улар ўқитувчини ҳимоя қилишмайдими? Ёки у ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қилмайдими, деган масала турибди. Нима учун ўқитувчи ўз ҳуқуқи бузилишига ўзи йўл қўйиб беради», дея савол ташлади гўёки дунё бехабар вазир.

Мажбурий меҳнат айнан ҳокимият органлари томонидан ташкил этилаётгани учун ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳеч ким ҳимоя қилмаслигига бундай примитив усулда ишонтиришга уриниш эса кўпгина амалдорлар ҳали ҳам ёлғон сиёсатдан воз кеча олмаётганини кўрсатади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 март 2016
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон янги туғилган чақалоқларни «тожикларнинг миллий маданиятига бегона» туркий сўзлар билан исм қўйишни тақиқлайдиган қонунни имзолади ...
15 май 2017
Алпомиш фильмида рол ўйнаб танилган кино ва театр актрисаси Гавҳар Шарипова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга мактуб йўллаб, ўтган йили ...
29 ноябр 2016
Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида аҳолининг кўзи қўшни мамлакатлар худудига ўтган магистрал газ қувурларига тушади. Ўзбекистон газининг аксарияти қўшни давлатлардан ташқари, ...
11 сентябр 2017
Ҳолливуднинг машҳур киноактери Стивен Сигал 9 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Asian Fight 2017 Халқаро жанг турнирида қатнашмади. Шу куни ...
Блоглар
21 сентябр 2017
Бўлмади. Кўпчилик зиёлиларнинг кутгани бўлмади. Ўзини 26 йилдан буён мустақил деб биладиган, кўксига уриб бу ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. ...
18 сентябр 2017
Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза ...