Асосий мавзулар
30 март 2017

30 март – Тошкентда илк бор АҚШ компютерлари намойиш қилинди

1988 йили Тошкентда бир неча кун давом этган кўргазма томошасига узундан-узоқ навбатга туришганини эслайман. Мен журфакда ўқирдим ва бир неча курсдошларим билан кўргазмага кириш учун эрталабдан ВДНХга етиб бордик.

rasm1051
Tошкент, 1988: Қўмпартия мулозими Шукрулло Мирсаидов кўргазма очилишида лентани қирқмоқда. фото: Аманда Мерулло.

Кўргазма Рейган ва Горбачев ўртасида Женевада имзоланган маданият алмашинуви доирасида ўтказилганди.

Оддий одамлар оғирини енгил қилишга қаратилган бу техник анжомлар, бизнинг тасаввуримиздаги дунёни «радиактив кулга» айлантирувчи техникага мутлақо ўхшамасди.

Яна бир томони, ўша пайтда расмий тили русча бўлган Тошкент учун кўргазма ўзбек тилида гидлар қўйилиши билан ҳам фарқли эди.

Ўша куни мен ва бир қанча ҳамкурсларим дарсга бормадик, турнақатор навбатда, кейин эса кўргазма павильонида куни бўйи қолиб кетдик. Эртаклардаги каби кўрмаганлар кўришни, кўрганлар яна бир бор киришни орзу қилган кўргазма эди бу.

Тасаввурларнинг ўзгариши

rasm1049
Tошкент, 1988: Кўргазма гиди (Michael Haney) компютер жихозларини намойиш қилмоқда. фото: Аманда Мерулло.

Компютер техникаси ҳақидаги тасаввурим у пайтлар, университетимизнинг физика математика кафедраси, кибернетика кабинетига қўйилган, ҳаётдан йироқ, бахайбат ва примитив, советларнинг ЭВМ ҳисоблаш машиналари даражасида эди.

ЭВМ дарси бизга фақат бир чорак ўқитилган. У ҳам бўлса аллақайси мураккаб математик амални бажариш даражасида. Бу дастурнинг номи нима экани, нимага асқотиши мумкинлиги ҳозиргача эсимда йўқ. Совет пропагандасига йўғрилган лекцияларда кўпроқ «чириб бораётган Америка империализмини технология сохасида доғда қолдираётганимиз» ҳақида конспектлар ёзиш талаб қилинарди.   Бу дарсларнинг энг зерикарли бўлганини эслайман холос.

Ўзбек тилли америкалик бизга компютерлар қандай ишлашини тушунтираркан, оддий чўпон қўйларини компютер ёрдамида қандай бошқаришини видео экранида намойиш қилиб кўрсатди, эртакдаги каби…

Тили чучук америкалик билан ўзбекча гаплашиш менга ёқди. Уни кўпроқ тинглаш учун саволлар бердим.

«Мен бўлғуси журналистман, менга қандай асқотиши мумкин бу рақамли техника?»

У менга узоқ масофадан туриб матн ёки видео қандай узатилиши, компютерда мақола ёзиш қанчалик осон ва қулай эканини тушунтира бошлади. Компютер экранидаги ўзбек тилида терилган матнни кўрсатиб, қандай енгил таҳрир қилиш мумкинлигини намойиш қилди ва тезгина принтердан чиқариб қўлимга берди.

Мени лол қолдирган нарса силлиқ қоғозга тип тиниқ босилган кирилча «ў,қ,ғ,ҳ» ҳарфлари ва атиги бир неча кунлик кўргазмани деб, ўзбекча ҳарфларни дастурлаштирган америкаликлар бўлди.

Ўзбек тилида ҳатто механик ёзув машинкаси чиқаришга қудрати етмаган совет мамлакати ватандоши учун бу чинакам мўъжиза эди.

Кўпларни қизиқтирган кўргазмадаги америка автомобилидан ҳам кўра, мени ўша компютер кўпроқ қизиқтирди, вақти келиб шалоғи чиққан «Москва» машинкамни шундай компютерга алмаштиришни орзу қилдим, орзуим ушалганини ўқувчим аллақачон тушунган бўлса керак.

Тағин, хотирамда қолгани талабаларнинг совет полиэтилен пакети билан американикини солиштиришгани бўлди. Ёпиштирилган чокидан сўкилиб кетадиган совет пакетидан фарқли американики унча мунчага йиртилмасди.

rasm1052
Кўргазмада тарқатилган эсдалик нишон

«Университетнинг эшиги ёпилса очилмайди»

Бир нечта курсдошлар кўргазмадан тилимиз бурро бўлиб қайтдик. Кўксимизда кўргазмадан эсдалик нишон, дарсликларимиз унинг рекламаси туширилган пластик сумкада.

Бироқ, эйфория узоққа чўзилмади. «Совет матбуоти тарихи» деган фандан кирадиган Пидаев деган домла мен билан қаттиқ жиқиллашиб қолди.

Домла лекциясига кечикиб келган талабани аудиторияга қўймаслик учун унга, тагдор қилиб «Эшикни нариги тарафидан ёпиб қўйишингиз мумкин» деди.

Талаба у томонидан ёпишга урингани билан очилиб кетаверди. «Ёпилмаяпти домла».

Кимдир ҳиргойи қилди: «Университетнинг эшиги-ё очилса ёпилмайди»… Кулги кўтарилди.

«Ҳукуматимиз бирор техника тугул нормал очилиб ёпиладиган эшик ҳам чиқармаган», бу гапим домланинг ғазабига керосин сепгандай бўлди.»Ғарбга сотилган сизларга ўхшаган талабалар билан мен имтиҳонда гаплашаман!».

Тезгина америка пакетлари, дермантин қопланган совет папкаларига алмашди. Ёзги имтиҳонлар яқинлашиб қолган эди. Домлага имтиҳон топширишим қийин бўлди, у мени «советларга ёт унсур» сифатида сўроққа тутди.

Кейинчалик диплом ишимни ҳам журналистикадан йироқ «Япон шеъриятида шакл ва мазмун» деган мавзуда ёқлашга мажбур бўлдим.

rasm1054
«Эрк» газетаси – компьютерда терилган илк ўзбек газеталаридан бири бўлган

Мафкуравий диверсия

Вақт ўтиб, бизга илк бор замонавий медиа мўъжизасининг қандай ишлашини кўрсатган ва компютер нашр ускунасига ўзбек ҳарфларини киритган инсоннинг кимлигини билдим.

Унинг исми Бил Фирман эди. Америка кўргазмасидаги ўзбек тилли иккинчи гид эса «Америка овози» журналисти Абдулла Чиғатой бўлган.

Ўша йили нафақат менинг домлам, балки улар дарс берган ўзбек совет журналистлари ҳам америка техникаси кўргазмасига ғайирлик билан қарашган.

«Совет Ўзбекистони», «Права Востока», «Тошкент оқшоми» газеталарида ТАСС мухбирлари Кружилин ва Хисомовларнинг «Мафкуравий диверсия» сарлавҳаси остида кўргазмага ва АҚШга қарши мақолалари ҳам босилган эди.

Кейинчалик, Америка дипломатлари Ўзбекистондаги «Эрк» Демократик партиясига ихчам босма ускунаси – компютер ва лазер принтерини совға қилишди.

Шу ускуна келтирилган кундан бошлаб «Эрк» газетасини чиқаришда, айни фаолияти ва Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлгани учун қамоққа ташланган Муҳаммад Бекжон билан анча вақтгача бирга ишлаганман.

Ўзбекистон тарихидаги компьютерда терилган илк газетани чиқарган журналист Муҳаммад Бекжон 18 йил энг сўннги қўнғироққача қамоқда қолди ва фақат 2017 йилнинг 22 февралида, 63 ёшида қамоқдан чиқди.

Варақа шаклидаги мухолифатнинг дастлабки «Эркин сўз», «Туркистон», «Хоразм», «Ҳуррият» каби газеталар ўша ускунада терилган.

Давр айланиб ушбу мақола Американинг Intel ширкати яратган процессорлик компютерда терилди.

Eltuz.com сайтининг ўзи ҳам, фалакнинг гардиши билан, Американинг энг мукаммал серверларидан бўлган хостингида ишлай бошлади.

Америка компютерлари журналистиканинг анъанавий шаклига шиддатли таъсир ўтказди, уни ўзгартирди ва бу ўзгаришлар ҳозир ҳам давом этмоқда.

Қудрат Бобожон

Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 ноябр 2016
Ўзбекистонлик 31 яшар йигит фирибгарликда айбланиб АҚШ тарафидан халқаро қидирувга берилди. 2000 йилда Green Card ютиб АҚШда истиқомат қила ...
25 январ 2016
Қамоқхона бошлиғи ўринбосари порахўр бўлиб чиқди “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ...
12 декабр 2016
Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) ўзининг Facebook даги саҳифасида ўзбек поп мусиқачиси 30 яшар ...
14 апрел 2016
«Ҳуқуқ» газетаси ана шундай қўшмачилардан иккитаси қўлга олиниб, одам савдосида айланиб, қонуний жазога тортилганини маълум қилди. Ёзилишича, Бухоро шаҳрилик ...
Блоглар
19 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда дин арбоблари, жамоат ва давлат идоралари вакиллари билан ўтказилган ...
9 май 2017
Болалигимизда Дўстжон дадамнинг Улуғ Ватан уруши иштирокчиси эканлигидан фахрланардик. Ҳар 9 май байрами арафасида дадамни ...
8 май 2017
3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишлаб “Олтин қалам” мукофотларини топшириш маросими журналистлар ва ...