Асосий мавзулар
12 март 2018

Зеҳниятимиздаги тузалмаётган яра

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи аксарият давралардаги гурунгнинг мавзуси бўлди. Зеро, узоқ йиллар бир-биридан узиб қўйилган қардош халқларнинг қайта яқинлашуви фонида бу табиийдир.

Бу гурунгларда кўтаринки руҳдаги гап-сўзлар билан бирга хавотир оҳангидаги мулоҳазаларни ҳам эшитишга тўғри келди.

Мирзиёев Тожикистон билан чегараларни очиб ташлади, энди террорчи ва наркоташмачи гуруҳларнинг Ўзбекистонга кириб келиши осонлашмайдими, деган хавотир эди бу.

Энг эътиборлиси, чегаралар очилиши шундай фикр уйғотганлар қаторида ўзини зиёли деб билганлардан тортиб, оддий аҳоли вакилларигача бор.

Бу хавотир Ислом Каримов режимининг икки халқни ажратиш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари боис зеҳниятимизни қоплаган қўтир яра ҳали
тузалишга юз тутмаётгани аломати ўлароқ таассурот уйғотди.

Аслида чегараларни тамбалаш, миналаштириш халқни террорчию наркотиклардан эмас, режимнинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилгани кундек аён эди.

Террорчилар ва наркофурушларнинг энг катталари пана-пастқам йўллардан яшириниб эмас, Тошкентда ўтирган амалдорларнинг ижозати билан Ўзбекистонга бемалол кириб кела олишини биладиганлар ҳам топиларди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи Ўзбекистон олий раҳбарининг Душанбега илк сафари эмас.

2000 йилда Ислом Каримов Тожикистонга катта дабдабаю асъаса билан борганди. Икки халқнинг биродарлиги ҳақида достонлар битилганди.

Аммо Душанбедан қайтар-қайтмас икки давлат дарвозаларидаги қулфлар каттароқларига алмаштирилди, миналаштирилган майдонлар кенгайтирилди.

Бундан Ўзбекистонга наркотиклар кириши камайиб қолмади. Режим манфаати учун зарур бўлганда террорчилар ҳам бемалол кириб келаверди.
Зеҳниятимизга Тожикистон билан чегараларни очсак, Ўзбекистонга “жиноий элементлар” кириб келади, деган ишонч сингдирилди.

Шавкат Мирзиёев эса Душанбега кучли бир самимият билан борди. Президентнинг “мен сизнинг олдингизга очиқ чегаралар билан, очиқ қалб билан келдим”, деган сўзлари бу самимиятнинг асоси эди.

Шавкат Мирзиёев Душанбега ўзаро яқинлашув учун амалий ишларни бошлаб юборгандан сўнг борди. Унинг бу ташрифи Тожикистонга борганидан сўнг ваъдаларни қалаштириб ташлаган Каримовнинг сафаридан шу жиҳати билан ҳам фарқ қилди.

Икки халқнинг қон-қардошлигини тиклаш йўлидаги амалий қадамлар зеҳниятимиздаги қўтир ярани тузатадиган кучли бир малҳам бўлиши билан бирга Каримов режимининг нақадар қабиҳ эканига ҳалигача ишонгиси келмаётганларга навбатдаги тарсаки ҳам бўлса, не ажаб.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 май 2016
Республика Бош прокуратураси Тошкент шаҳрида жойлашган олий ўқув юртлари ўқитувчи-профессорларидан пора олмаслик ҳақида кафолат хати ëздириб олди. Бу кафолат ...
13 май 2019
Боя сайтда фирибгарлик айби билан қўлга олинган мансабдор ҳақида бир мақола пайдо бўлди. Кейин кириб қарасам, мақола ўчиртирилган. Ва ...
5 август 2020
Мирзиёев бошқарувида ташқи сиёсатда, бир томондан, Россия ва унинг геосиёсати билан боғлиқ муносабатлардаги миллий манфаатлар борасида кўпчилик норозилигига сабаб ...
22 апрел 2022
Азиз дўстлар, ойлар султони  рамазон ойида сизлар билан суҳбат қилиш бахтига мушарраф бўлганимдан севиниб сувутларга чиқиб кетмоқчиман. Мана кунлар ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...