Дайжест
7 апрел 2016

Буни рўйхат дейдилар ёки ўйин-кулгидан қорни тўқ халқ

Март ойида шундоқ ҳам ўйин-кулгидан бўшамайдиган Ўзбекистон телеканалларининг куни туғди. Бу ёғи 8 март, бу ёғи Наврўз билан бўлиб, қайси телеканалнинг қулоғини бураманг, карнай-сурнайнинг ғат-ғати, замонавий дўмбираларнинг тиринг-тиринги тинмади. Ҳали «бахтиёр» ўзбек аёлининг «фаровон ҳаёт» ҳақидаги гап-сўзлари тугамасдан туриб, ўзбек хотин-қизларининг садоқати рамзига айланган «кўп йиллик стажли бева шоирка» Зулфия номидаги мукофотни олган ёшгина қизчаларнинг президентга ташаккур ва садоқати акс этган интервьюларнинг кети узилмади. Наврўз байрами ҳам ўзбекчани биладиган-билмайдиган «юлдуз» хонандалар шоусию «тинч, фаровон ва бахтли» ҳаётимизга шукроналар айтишга баҳона бўлди.

Шундай бўлса-да, Eltuz.com Ўзбекистон телеканалларидан муштарийларни қизиқтириши мумкин бўлган айрим мавзуларни топишга ҳаракат қилди.

Чеченни орқа қилиб, ўзбекни талаган ўзбеклар

Криминал мавзуда тегишли органлар томонидан тайёрланган кўрсатувларнинг навбатдагиси Москванинг Қозон вокзалида ишлаш учун Россияга борган ўзбекларни талаш, таъмагирлик ва талончилик билан шуғулланган жиноий тўда ҳақида бўлди.

«Ўзингдан чиққан бало» номли бу кўрсатувдаан маълум бўлишича, асосан андижонлик ўзбеклардан иборат бўлган бу тўда аъзолари ўзларини чеченларнинг одами деб таништирган ҳолда Россияга келган ватандошларидан узоқ вақт давомида «доля» олиб келган.

Кўрсатувда жабрланувчилар ҳам қатнашиб, жиноий тўда ўзларидан қандай қилиб пул олгани, қўрқитгани кабилар ҳақида гапириб берди.

Жиноятчиларнинг яқинлари эса улар уйига кўп пул юбормагани, фарзандларининг бундай иш билан шуғулланишидан бехабар бўлганини кўзда ёш билан таъкидлади.

Тўда ҳақида фикр билдирган оддий одамлар, жабрланувчилар бу жиноятчилар ўзбек халқининг шаънини ерга ургани, юзини ерга қаратгани, ўз халқига нисбатан бундай йўл тутиши ифлослик эканини билдирди. Бир респондент эса уларни ватан хоинларига тенглаштириб, шунга яраша жазо тайинлаш кераклигини уқтирди.

Кўрсатувдан кўзланган сиёсий жиҳатни эса муаллифнинг ўзи айтиб қўя қолди.

«Бундай тўдалар томонидан йиғилган пуллар айрим жойларда террорчилик ҳаракатларини содир этишни молиялаштиришга ҳам сарфланаётгани сир эмас», деди муаллиф ва Андижон воқеаларини ҳам шу мавзуга боғлади.

«Андижон воқеалари ташкилотчилари ҳомийларининг пули эвазига қилган ишлари ҳали ҳам халқимизнинг ёдидан чиқмайди», деди у қатъият билан.
Албатта, унинг бу хулосалари ҳали Андижон воқеалари ҳақида тўлиқ хулоса бермайди. Андижонда аслида нима бўлгани, нега юзлаб одам қурбон бўлгани масаласи тўлиқ ва мустақил ўрганиб чиқиладиган кунлар ҳам келиши турган гап.

«Душман»га айланган ўқувчисига тарбия бермагани учун энди устозлар ҳам балога қоладими?

Албатта, бу сафарги шарҳимиз ҳам «Муносабат» кўрсатувига муносабатсиз кемтик бўлиб қолади. Чунки бу кўрсатув ўз мақсад-моҳияти билан ўзбек жамиятининг бугунги аҳволини яққол кўришга имкон беради.

«Муносабат»нинг «Муносабат плюс» деган эгизи ҳам бор. Унда одатда бирор кино ёки ҳужжатли фильм намойиш этилиб, кейин студия меҳмонларининг фикр-мулоҳазалари эшитилади.

«Муносабат плюс»нинг 11 мартдаги сонида эса «турли диний гуруҳларга қўшилиб кетган ватан хоинлари» ҳақидаги фильм кўрсатилди ва студия меҳмонларнинг «сиёсий ҳушёрлиги» инсон ҳуқуқларини салгина англайдиган жамият учун қўрқинчли даражага етганини намойиш этгани билан эсда қолди.

Айниқса, «Маҳалла» жамғармаси масъул ходимаси бўлган аёлнинг айтганлари соғлом фикрли инсонда: «Жамиятимиз шунчалик жоҳиллашиб кетдимики, марказий телеканал орқали бундай гаплар бемалол янграмоқда?» деган ҳақли саволни туғдиради.

«Маҳалла» жамғармаси вакиласининг айтганлари қуйидагилар: «Маҳаллаларда ўша “душман”ларнинг ота-оналарини, керак бўлса, изза қилиш керак… Чет элга кетаётганларнинг ҳар биттаси билан алоҳида суҳбат қилиш керак, нега кетяпсан, ким билан кетяпсан, қаерга кетяпсан, деб сўраш керак, рўйхатини олишдан ташқари шу ишларни қилиш керак».

Студияда ўтирганлардан бирортаси: «Ахир биз ўзи қайси асрда яшаяпмиз, ҳуқуқий демократик давлат қуряпмиз, деган оғиз кўпиртиришларимиз қаерда қолди», деб луқма ташлаб ҳам қўймади.
Аксинча, кўрсатув бошловчиси Қуддус Аъзамов оловга мой сепиб, қатағон қилиниши керак бўлганлар рўйхатини кенгайтириш таклифини ўртага ташлади.

«Ўша йўлдан адашганларнинг устозларини ҳам сўраш керакдир. Устозлар ҳам бундай тарбия учун ота-оналар қатори жавоб бериши керак эмасми?» деди бошловчи ўз топилдиғидан хушнудлигини яширмай.
Инсон ҳуқуқларини қўя турайлик, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига ҳам зид бўлган бу каби чақириқлар нега марказий телеканал орқали янграмоқда, деган ҳақли савол туғилади. Бундан мақсад шундоқ ҳам қўрқув исканжасида яшаётган халқни янада чўчитиб қўйиш учун атайин эфирга узатилмаётганмикин?

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, кўрсатувда иш излаб хорижга кетаётган юртдошларимиз ўша «айрим диний оқимларга кириб қолаётгани» таъкидланиб, улар яна қора бўёқларда намоён этилди.

«Ўзимизда ҳам иш кўп, ишлаган хор бўлаётгани йўқ, ҳамманинг томорқаси бор, ўша томорқалардан яхши даромад қилса бўлади», деди бутун бир ҳукумат ҳал эта олмаётган бу масаланинг ечимини осонгина топганидан ғурурини яширмаган студия меҳмонларидан бири.

Бирор киши юз минглаб ёшлар нега ишлагани чет элга кетяпти, деб сўрамади. Асл ижтимоий-сиёсий сабаблар билан ҳеч ким қизиқиб кўрмади ҳам.

Имтиёзу имкониятсиз мамлакатлар ҳақида эртак

«Муносабат»нинг яна бир сони «бахтиёр» ўзбек ёшларига яратиб берилаётган «чек-чегарасиз имкониятлар» мавзусига бағишланди. Албатта, кўрсатув «ғоявий душманлар ҳамласидан сақланиш» хусусидаги фикр-мулоҳазаларсиз бўлмади.

Ўзиям ёшларимиз бундай «имкониятлар»дан шунчалик илҳомланиб кетган эканки, сиёсий йўналишдаги кўрсатувни шеърхонликка айлантириб юборди. Бири қўйиб бири ватанпарварлик ҳақидаги шеърларни қаторлаштириб ташлади.

Энди кўрсатувдаги пафосларни айтмай ҳам қўя қолай, десангиз унинг моҳиятини аниқ очиб бера олмай қолиш ташвиши тушади бошга.

Студияга чақирилган ёшгина қизча яқиндагина коллежни битириб, 53 гектар ерга эга фермер хўжалигини бошқараётгани, бу орқали халқ дастурхони тўкин-сочинлигига ўз ҳиссасини қўшаётганидан гапириб қолди. Майли, омадини берсин ҳали она сути оғзидан кетмай туриб пахтаю буғдой етиштиришни эплаётган бўлса.

Лекин фермерларнинг ҳокимликдаги йиғинларида қандай шалоқ гаплар айтилишини кўп эшитган, ўқиганимиз учун деҳқон қиз бундай йиғилишларда юзи қизармай ўтираверар эканми, деган истиҳолага бордик.

«Ўзбекистондаги каби мана сенга имконият, мана сенга имтиёзли кредит деб ёшлар учун барча эшикларни очиб қўйган, уларни эъзозлайдиган бошқа бирорта мамлакат йўқ», деб юборди яна бир ёш қизча.

Унинг бу гапларидан студияда қарсакбозлик бўлиб кетди. Бу қарсакбозлик унинг лофига студияда ўтирган тенгдошлари берган баҳо бўлди.

Умуман, кўрсатувни томоша қилиб, айтилаётган ёлғонлар қанчалик оғир тош босса, қарсакбозлик шунчалик кучайгани билинди. Эссиз ёшлар!

Рўйхатга тушганлар экрандан ҳам тушиб қолди

6 март куни ўзбекистонлик машҳур боксчи Руслан Чагаев жаҳон чемпиони унвонини ҳимоя қилиш учун рингга чиқди. Юлдуз Усмонова Ўзбекистон гимнини ижро этди.

Дунё спорт ҳамжамияти бу жангга бефарқ бўлгани йўқ. Фақат бир вақтлар Русланни кўтар-кўтар қилган, унинг ҳар бир қадамини ёритиб келган Ўзбекистон телеканалларигина бу воқеани гўёки кўрмади.

Ҳатто «Спорт» телеканали ҳам мум тишлаб ўтирди. Руслан жанг ўтказаётган бир пайтда бу телеканал ўзбеклар учун «ўзига хос, ўзига мос» бўлган чанғи спортини кўрсатаётган эди!

Албатта, Русланнинг бу беллашуви эфирга узатилмагани, ҳатто янгиликлар дастурларида ҳам тилга олинмаганининг асл сабабларини «қора рўйхат»дан излаш кераклигини кўпчилик тушунади. Юлдуз Усмонова ҳам ҳар қанча ҳаракат қилмасин, ҳали-бери «қора рўйхат»дан ўчириладиганга ўхшамайди.

Аммо Абдулла Ориповга келганда бу расмийларни нима жин урди экан? Шоир Муҳаммад Юсуфнинг юбилейи бўлган йили ҳатто дазмолни ёққанда ҳам унинг шеърлари янграйвериб, у ҳақдаги кўрсатувлар намойиш этирлавериб одамни хуноб қилганди.

Айримлар Алишер Навоийдан кейин ўзбекнинг энг зўр шоири деб баҳолаётган Абдулла Орипов ахир бир умр шу тузум учун хизмат қилганди-ку. Денгизи қуриган ўзбекка «денгиз» топиб берган ҳам у эди-ку. Нега у ҳақда эплаб бирор сўз айтмади телеканалларимиз?

А.Ориповнинг 75 йиллик юбилейи учун Ўзбекистон телеканалларида вақт топилмагани сабабини яна ўша «қора рўйхат»дан излаш керакмикин?

Замонамизнинг забардаст шоиригаки муносабат шундай бўлса, Руслан ёки Юлдузга ўхшаганлар бу яқин орада телеканаллар эфиридан умид қилмаса ҳам бўлиши аёнлашади.
Ҳар ҳолда буни рўйхат дейдилар! Унга тушиш бор, чиқиш йўқ шекилли.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 июн 2017
39 инчи Халқаро Москва кинофестивали танловида Россияни тамсил қилган уч асосий кинодан бирини Тошкентда туғилган рассом ва режиссер Рустам ...
4 сентябр 2017
Бу мақолани Арипов Бош вазир қилиб тайинланган 2016 йилнинг 12 декабрида ëзгандим аммо янги одамга шанс берайлик, эски гапларни ...
13 июл 2016
Турли нашрлар ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекнаво рахбари Фарҳод Жўраевнинг хонандага саҳнага чиқиш эмас, руҳшуносга учраш тавсиясини бергани ҳақидаги хабар ...
19 ноябр 2015
Ижтимоий тармоқлар 17 ноябрга ўтар кечаси Каримов «юрак ўйноғидан ўлди» деб ҳабар тарқатгани ортидан Ўзбекистон президенти Покистон Ислом Республикаси ...
Блоглар
16 ноябр 2017
Сал аввалроқ ўзбек матбуотида Меҳнат вазирлиги ва Миграция агентлиги масъуллари Росссияга сафар қилиб, кўплаб учрашувлар ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа ...
10 ноябр 2017
9 ноябрь куни Тошкентга Пуйоль келди, биласиз-а? Карлес Пуйоль «Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси. Жамоа тарихидаги энг ...