Асосий мавзулар
24 июл 2017

Андижон коллежларидаги юзлаб ўқитувчилар ишсиз қолмоқда

Мактабларнинг 11 йиллик таълимга қайтиши ортидан Андижондаги коллежларнинг юзлаб ўқитувчилари ишсиз қолмоқда.

Андижон шаҳридаги 2-сон Маиший хизмат касб-ҳунар коллежи муаллимининг сўзларига кўра, раҳбарият йиғилиш ўтказиб, кўплаб коллежлар қатори уларнинг коллежи ҳам ёпилиши мумкинлигини айтган. Маълум бўлишича, қабул жараёнида мазкур коллежга биронта ҳам ўқувчи хужжат топширмаган.

“Мактабларга 11 йиллик таълим тизими қайтгач, бизнинг коллеждаги 25% ўқитувчи “сокрашения” бўларкан, деган гап-сўзлар юрган эди. Таътилга чиққандан сўнг ҳам қабул муносабати билан ишлаб юрдик. Ремонт қилдик. Хоналарни жиҳозладик. Ўтган ҳафта йиғилишда коллежимиз ёпилиши мумкинлиги ва ўқитувчилар ўзларига бошқа иш қидиришлари лозимлигини айтишди” – дейди муаллим.

Коллежда 100 га яқин ходим бор. Педагоглардан бирининг эътироф этишича, маиший касб-ҳунар коллежларига одатда 9-синфни битириб, нуфузли коллежларга кира олмаган ва борар жойи йўқ “иккичилар” ўқишга киришади. Аниқроғи, мажбуран жойлаштирилади. Мактабларда қолиб ўқиш имконияти юзага келгач, биронта ҳам ўқувчи мазкур касб-ҳунар даргоҳига қизиқиш билдирмаган.

Айримлар иш излаб ҳорижга кетишни кўзламоқда

“Бизнинг коллежимиз анча нуфузли коллежлардан бири, шундай бўлса-да биздаям қабулда ўқувчилар оз. Қанчамиз “сокрашения” бўламиз, қай биримиз, ҳали билмаймиз, таътилдан қайтсак маълум бўларкан. Кўпчилик ҳозирданоқ иш қидиришга тушган” – дейди Андижон педагогика коллежида ишловчи ўқитувчилардан бири.

Ҳозир коллеж ўқитувчиларидан айрим омади чопганларигина мактабга ишга жойлашмоқда. Иш топа олмаётганларидан айримлари ҳатто порталга иш сўраб мурожаат этмоқчи бўлаётганликларини айтишмоқда. Яна айримлари эса охирги чора сифатида хорижга ишга кетишни мўлжалламоқда.

Узоқ йиллардан бери коллежда ишлаб келган А.Д. ҳам ишлагани Россияга кетмоқчи. Айтишича, мактабга уни ишга олишмаган. Негадир иш сўраб борган коллеж ўқитувчиларини мактабларда унчалик хушлашмаяпти.

“Мактаблар 11 йиллик таълимга ўтаркан, – дейишганида мен қувонгандим. “Ўқувчилар мактабга қайтса, биз ҳам бемалол мактабга ишга киришимиз мумкин, ахир олий маълумотли педагогмиз-ку”, – деб ўйлагандим. Аммо мактаблардаги аҳволни кўргач, тарвузим қўлтиғимдан тушди. Ўзларининг ўқитувчилари 0,25, 0,5 ставка ишлашаётган экан. Шунга мактаблардаги дарс соатлари ўз кадрларидан ортмас эмиш. 0,5 ставкага ишга олишди ҳам дейлик. Эркак киши озгина маошга қандай қилиб рўзғор тебратади? Қанчадан-қанча малакали шифокорлар хорижга ишга кетиб қолганди, энди навбат ўқитувчиларга келибди” – дейди коллеж ходими.

Ишсиз қолаётган муаллимлар тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаяпти

Маълумки, президент Шавкат Мирзиёев фармони билан жорий ўқув йилидан бошлаб, мактабларда 11 йиллик таълим тизими ташкил этилмоқда.

20-21 июн кунлари республика бўйича 9-синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари иштирокида мактабларда таълимни 2 йилга узайтириш бўйича сўровномалар ўтказилди. Унда қатнашчиларнинг 75 фоизидан ортиғи бу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Айрим коллеж ўқитувчиларининг айтишича, улар бу жараёнга ўтиш тайёргарлик билан, бир неча йил муддатдан сўнг юз беради, – деб ишонишган. Бироқ ҳеч қанча ўтмай бу ташаббус мамлакат бўйлаб қўллаб–қувватланди.

Андижонда жами 117 та касб-хунар коллежи бор. Андижон вилояти касб-ҳунар коллежлари бошқармасида ишловчи манбанинг маълумот беришича, коллежларнинг 25-30 фоиз ўқитувчисигина ишда қолади. Қолганлар ишдан бўшатилади.

Андижон вилояти хокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон шаҳридаги ёзги амфитеатрда шу соҳа мутасаддилари билан учрашув ўтказган. Бироқ учрашувда 11 йиллик таълимнинг ижобий томонлари, кутилаётган натижалар ҳақида гап борган.

Ҳоким шунингдек, кадрлар етишмовчилиги юзага келиши мумкинлиги ва бу масала олий ўқув юрти битирувчилари ҳамда коллежлардаги ўқитувчилар ҳисобидан қопланиши айтган. Бироқ манбанинг қўшимча қилишича, мазкур учрашувда ҳам, бошқа йиғилишларда ҳам ишсиз қолаётган ўқитувчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган.

Айни кунларда коллежларда ҳам, мактабларда ҳам янги ўқув йили учун қабул жараёни кетмоқда. Туман мактабларидан бирида ишловчи ўқитувчининг сўзларига кўра, уларнинг мактабида 65 фоиз бола 10-синфга қоладиган бўлган. Ота-оналарнинг кўпчилиги худди шу сўровномада айтилганидек фарзанди ўқишни мактабда давом эттиришини хоҳламоқда.

Маълумотларга кўра, Андижон вилоятидаги 740 та мактабдан 738 тасида 1504 та синф очилади ва 31 мингдан зиёд ўқувчи ўқишни давом эттиради. Бироқ коллежлардаги иш ўринларини йўқотаётган муаллимлар тақдири ҳозирча ҳеч кимни қизиқтирмаяпти.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
18 сентябр 2017
Хоразм вилоятида оммавий пахта терими 10 сентябрдан бошлаб юборилган. Вилоятдаги “Нажот” Инсон ҳуқуқлари ташкилоти тарқатган хабарга кўра, пахта теримига ...
16 декабр 2019
Таниқли сиёсатчи ва шоир Муҳаммад Солиҳ “Бегона” фильмининг 7-қисмида 80-йилларнинг оҳирида Ўзбекистонда халқ иродаси билан совет тузумига қарши миллий ...
17 май 2023
Мексика АҚШ чегарасидаги кўлда балиқчилар тўрига ярим чириган жасад илинди. Текширилса, бу жасад Ўзбекистоннинг Челак туманида яшаган қашшоқ бўлиб ...
25 ноябр 2023
Ota – Abduvali Abdullaev qidiruvga berilgan. O‘g‘il – Rahmatulla Abdullaev bir qator sudlarga ayblanuvchi sifatida qatnamoqda. Ota-bola sanoqsiz tadbirkorlardan ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...