Cатира
16 март 2018

«Мясорубка гўштни қиймалайди» деб айтишга қўрқадиган «экcперт»лар

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича 15 март куни ўтган суд мажлисида Республика суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, журналистга нисбатан қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги иддао рад этилди.

Суд иштирокчилари журналистнинг терговда қўлланган қийноқлар ҳақидаги баёнотини эшитиб даҳшатга тушишгани, суд тиббий экспертизаси хулосаси эшиттирилгач эса ҳафсаласи пир бўлганини «Элтуз»га билдиришди.

«Менга ҳам бир вақтлар қийноқлар қўлланилган эди, масалан, терговда устимдан қайноқ сув қуйиб юборишган, бироқ Бобомурод судда гапирган қийноқлар ҳақида эшитиб даҳшатга тушдим», дейди судда иштирок этган, 10 йил қамоқда бўлган собиқ сиёсий маҳкум Аъзам Турғунов.

Суд тиббий экспертизаси

Республика суд тиббий экспертизаси хулосаси суд мажлиси бошланиши биланоқ ҳакам Зафар Нурметов томонидан ўқиб эшиттирилган.

Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров талабномаси билан 7 март куни чиқарилган ажримга кўра ўтказилган суд тиббий экспертизаси “Бобомурод Абдуллаевнинг танасида жароҳат – қийноқ излари мавжуд эмас”, деган тўхтамга келган.

Суд тиббий экспертизаси Бобомурод Абдуллаевнинг чап қўлида шиш борлигини тасдиқлаган, бироқ унинг қачон пайдо бўлгани номаълумлигини билдирган.

«Бобомуродга суд тиббий экспертизаси тайинлаш тўғрисидаги талабнома қондирилганида эрта суюнган эканмиз…», деди мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова «Элтуз» мухбирига.

Қийноқлар изи йўқолганми?

Бобомурод судда бошқа айбланувчилардан фарқли равишда «мутлақо айбига иқрор эмаслигини», бу иқрор ундан муттасил қийноқлар ёрдамида олингани ҳақида гапирган.

Малоҳат Эшонқулованинг билдиришича, Бобомурод 2017 йилнинг 28 сентябрида уни 2-3 нафар бақувват кимса «Нексия» автомобилига босиб олиб кетишгани, йўлда унинг бошига қора қоп кийгизишгани ҳақида гапирган.

Уни шифтига, деворларига, ҳатто полларига темир илгаклар ўрнатилган ерўлага олиб киришиб, ўнг қўлини деворга кишанлаб қўйишган.

“Мени ўша ертўлада ёғоч билан, синтетик арқон билан, пластмасса қувур билан тўхтовсиз, навбатма навбат калтаклашди… Ана шундай қийноқлар давомида ҳушимни йўқотардим. Улар менга совуқ сув қуйиб, ҳушимга келтиришарди…», дея иқтибос келтиради «Элтуз» суҳбатдоши Бобомуроднинг суддаги нутқидан.

Шунингдек, журналистнинг судда билдиришича, терговчи Тўрақулов уни ечинтирган пайти орқасидаги яраларни кўриб, «Эрмитаж бўлиб кетибди-ку, қаерда олдинг бу жароҳатларни?» деган.

Бироқ суд тиббий экспертизаси хулосасида бу қийноқлар ҳам мутлақо инкор этилади.

Айблов хулосаси

Экспертиза хулосасига кўра, Бобомуроднинг қийноқларга оид иддаосини рад этгач, маҳкама «эскичасига», бунинг устига, рус тилида давом этган.

Прокурор Баҳром Қобилов 100 варақлик айблов хулосасининг асосий қисмини ўқиб берган.

Бунга кўра, «Бобомурод Абдуллаев “Ўзбекистон халқ ҳаракати” лидери Муҳаммад Солиҳ билан «ўзаро жиноий тил бириктириб, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, давлатни ағдариш, рангли инқилоб қилишдек ғараз мақсадни кўзлаган…

Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида давлат расмийларини, Каримов ва унинг оиласини халқ олдида обрўсизлантиришга қаратилган мақолалар ёзган…

Шавкат Оллаёров ва Шавкат Салаев Бобомуродни ҳукумат сирларига оид маълумотлар билан таъминлаб турган.

Ҳаётхон Насриддинов ҳам Бобомуроднинг гумашталаридандир…”

Бобомурод ва Оллаёровдан бошқа судланувчилар «айбини тан олишган»

Қизиғи шундаки, айблов хулосаси бўйича судья Нурметовнинг сўровига қораловчи Баҳром Қобилов, судланувчилар ва уларнинг адвокатлари «эътирозлари» йўқлигини билдиришган… Биргина Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровдан ташқари.

«Элтуз» суҳбатдошига кўра, адвокат Майоров судда айблов томонига бир қанча эътирозлари борлигини билдирган.

Судья Нурметовнинг панжара ортидаги судланувчиларига юзланиб, «айбингизни тан оласизми?» деган саволига Равшан Салоев «қисман тан оламан», дейди. Ҳаётхон Насриддинов эса «тан оламан», дея жавоб беради. Шавкат Оллаёров «тан олмайман», дейди.

«Бобомурод Абдуллаевнинг «мутлақо тан олмайман», деган жумласи эса ўтирганларнинг қарсаклари билан олқишланди», дея билдиради Малоҳат Эшонқулова.

Адвокат Майоров жамоатчиликка ўз позициясида қатъий қолаётганини билдирди.

«Биз ўз фикримизда қатъий қоламиз, шубҳасиз, қийноқлар бўлган. Аксинча бўлганида Бобомурод Абдуллаев бу ҳақда энг майда деталларигача батафсил гапириб бермаган бўлар эди», деди адвокат Майоров суддан кейин журналистлар ва дипломатлар билан суҳбатида.

Маҳкама сўнггида суд ўз ишини 26 мартда давом эттириши айтилган, «Элтуз» нашри Бобомурод Абдуллаев суди билан боғлиқ жараёнларни кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 апрел 2016
Америкалик қўшиқчи 57 яшар Принс ўзининг Миннесотадаги овоз ëзиш студиясида ўлик холда топилди. Қўшиқчи ўлими ҳақида унинг матбуот котиби ...
5 май 2017
Шавкат Мирзиёев Қозоғистонга 29 апрел ташрифи чоғида Қозоғистон президенти Назарбоев билан бирга Caspian Food виночилик хўжалигида бўлди. Хусусан унинг ...
9 август 2016
«Адолат» газетаси (05.08.16) қарийб 25 йилдан кутилаётган милиция тўғрисидаги қонун қабул қилиниши мумкинлиги тўғрисида мужда берди. Газетанинг ёзишича, «Адолат» ...
23 феврал 2017
20 февраль куни Ўзбекистон томони Тожикистоннинг “Сомон Эйр” компанияси учоғини қабул қила олмаслигини билдиргани ҳақида хабарлар чиқди. 25 йиллик ...
Блоглар
16 август 2018
Дунёда энг узоқ муддат қамоқда ўтириб чиққан 64 ёшли журналист Муҳаммад Бекжон «Алвидо, Жаслиқ!» китобининг ...
3 август 2018
Бир пайтлар нефтбазадан бензин, солярка олиб чиқиб сотар эдик. Яширинча олиб чиқар эдик, ишчиларига пул ...
2 август 2018
Муҳаммад Бекжоннинг «Алвидо, Жаслиқ!» китобидан навбатдаги қисм 1999 йилги Тошкент портлашларининг асосий гувоҳи Зайниддин Асқаров ...