Вақт машинаси
1 май 2017

1-май – Рўзи Назар вафот этган кун

Рўзи Назар темир парда ортида яшаган туркистонликларга таъсир ўтказган яловбардор эди.

У киши чоп этган «Ҳур Туркистон учун истиқлол газетаси» ни ҳали Совет Иттифоқи мавжуд бўлган саксонинчи йилларда ўзбекистонликлар яширинча мутоала қилар, Ғарбий Германияда нашр қилинган бу газета Ўзбекистонга Венгрия ва Болтиқбўйидан етиб келгани ҳақида хабарлар бор.

rasm1272
Рўзи Назар чоп этган «Turkistan» истиқлол газетаси 1970-80 йилларда Мюнхенда чоп этилган ва Ўзбекистонда тарқатилганди

Рўзи Назар ака Совет Иттифоқи деган мамлакатда кўзи кўр қулоғи кар тили лол бўлиб яшаган зиëлиларнинг зеҳнига таъсир қила олган эди.

Рўзи ака баҳтли инсон. У СССРнинг парчаланиши, большевизмнинг мағлуб бўлиши Туркистон тупроқларнинг руслардан озод бўлишини орзу қилди ва бу орзусига эришди.

Эътиборингизга, Eltuz.com бундан роппа роса бир йил аввал чоп этган Мавлон Шукурзоданинг таъзия мақоласини ҳавола этамиз.

rasm61
Рўзи Назар мустақиллик йилоларида илк бор Ўзбекистонга сафар қилишга муваффақ бўлди

Туркистон ўз ботиридан айрилди

Рўзи Назар (Рўзмуҳамад Умирзоқов) 1917-йили Марғилон шаҳрининг Гулвардор маҳалласида туғилган. Отаси уста Умурзоқ ўз касбини санъат даражасига етказган, махалланинг обрўли кишиларидан бўлган. Онаси Тожинисо Холмат қизи саводли, шоиртабиат, зийрак, форс ва араб тилларини яхши билар, мактаб очиб, махалла қизларига сабоқ берарди.

Рўзи Назар 20-йилларда Марғилондаги ўрта мактабда таълим олиб, 30-йилларда еса Тошкентга келиб ўқийди. 20–30-йилларда Ўзбекистонда бўлаётган барча тарихий воқеаларнинг гувохи бўлади. 1940-йили армияга чақирилади. Одесса шахрида Рўзи Назарни кимё-мудофаа курсига ўқишга жўнатадилар. Курсни тугатгач, ҳарбий унвон олиб, мухандис сифатида ҳарбий қисмга қайтиб келади. 1941 йилнинг ёзида II Жаҳон урушида иштирок этган Рўзи Назар жангларнинг бирида ярадор бўлиб, немислар оккупация қилган ерда қолиб кетади.

rasm1274
Суронли Иккинчи Жаҳон уруши йилларида Рўзи Назар кўп туркистонликлар жонини сақлаб қолган инсон

1942-йилдан бошлаб Украинада Вермахт ҳузурида ташкил қилинган Туркистон легиони қисмларининг (Проскуров шаҳрида) бирида аввал рота, кейинчалик эса немис офицери унвонида батальон командири вазифасида хизмат қилади. 1944 йилдан бошлаб Рўзи Назар Вермахт ҳузурида тузилган барча легионлар учун мўлжалланган ўқув марказида инструктор лавозимида, уруш тамом бўлгунга қадар эса Берлинда Туркистон миллий бирлик қўмитасида турли лавозимларда фаолият юргизади.

Уруш тугагач, Рўзи Назар Ғарбий Германиянинг Розенҳайм шаҳрида қолади. 1946-йили немис миллатига мансуб Линда хонимга уйланади. 1947-йили Зулфия-Силвия Назар, 1955-йили эса ўғли Эркин-Эрик Назар туғилади.

Рўзи Назар 1946–1951-йиллар Ғарбий Германиянинг Мюнхен шахрида тузилган сиёсий бўлмаган INKOPOR (International Committee for Politikal Refugees) халқаро ижтимоий ташкилотнинг вице-президенти лавозимида хизмат қилади. Лекин у сиёсатдан узоқлашмайди. Боймирза Хайит билан биргаликда АBN (Antibolshevik Blokk Nations) сиёсий ташкилоти Президиуми аъзолари бўлиб, Туркистон озодлиги учун курашни давом эттирадилар.

1951-йилнинг 7-ноябрида АҚШ Давлат Департаментининг таклифига биноан АҚШга келади. 1951–1954-йилларда «Америка овози»нинг ўзбек бўлимида турли вазифаларда фаолият юргизади.

1954–1957-йилларда Колумбия университетида ўзбек тили ва маданияти фанидан дарс беради.

rasm1273
Рўзи Назар германиялик Линда исмли рафиқаси билан

1955-йилнинг бахорида Рўзи Назар Индонезиянинг Бандунг университетида бўлиб ўтган Осиё–Африка мамлакатлари Халқаро конференсиясида собиқ Туркистон легиони офицери сифатида Туркистондаги ахвол бўйича маърузаси билан чиқиш қилади. Рўзи Назар 1955-йили АҚШ фуқаролигини олганидан сўнг Марказий Осиё халқлари ва ўзбек тили мутахассиси сифатида Пентагонда ноҳарбий хизматчи сифатида фаолият юргизади.

Рўзи Назар 1960–1969-йилларда АҚШнинг Туркиядаги харбий миссиясида хизмат қилиб, офицер унвонига сазовор бўлади.

1969–1972-йилларда Рўзи Назар Пентагоннинг Ўрта Осиёсини тадқиқ қилиш дастури рахбари лавозимида ишлайди. Кейинчалик Американинг Европадаги харбий миссиясида, сўнг АҚШ армиясининг Ғарбий Германиядаги стратегик тадқиқотлар гурухини илмий ходими сифатида хизмат қилади.

Рўзи Назарнинг катта тажрибаси, билими кўп йиллар АҚШнинг Туркия ва Германиядаги дипломатик ваколатхоналарида хизмат қилишга йўл очади.

Рўзи Назар 1984- йили нафақага чиқади ва «Central Asian Affairs Consultants Inc.» хусусий ташкилотини тузиб, сиёсий-маърифий фаолиятини давом эттиради.

1958 йили Эргаш Шермат, Исоқжон Нарзиқул, Мақсуд Бек, Ҳусайин Икром, Шарифжон Али Беклар билан биргаликда Рўзи Назар Туркистонликларнинг Америкадаги жамиятини тузишда иштирок этади.

1992 йилнинг май ойида, 52 йиллик жудоликдан сўнг Рўзи Назар Ўзбекистонга кириб келади…

2015 йилнинг 1 майида Рўзи Назар оламдан ўтди.

Мавлон Шукурзода,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 ноябр 2017
1917 йилнинг 27 ноябрида Умумтуркистон мусулмонларининг IV қурултойида Туркистон мухторияти ташкил топди. 200 делегат иштирокида ўтган қурултойда янги ҳукуматнинг ...
20 май 2016
Машҳур фаоллардан бири ва Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси етакчиси Е.Урлаева кўп бора оғир воқеаларни бошдан кечиргандан кейин 9 март ...
5 январ 2016
Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асоссиз, уйдирма айбловлар билан қамоқда қолаётган ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг оила аъзоларига Янги йил “совға”си ...
23 ноябр 2016
Аввалига ижтимоий тармоқда фейк аккаунтлар орқали тарқалган, Гулнора Каримованинг ўлгани ёки тириклигига оид хабарлар тезгина ўзини жиддий дея санаган ...
Блоглар
16 декабр 2017
Бундан 31 йил олдин Совет раҳбарияти Олмаота ëшларининг исëнини шафқатсизларча бостирган эди. АҚШ конгреси кутубхонасига ...
14 декабр 2017
14 декабрь куни таниқли фоторассом Умида Аҳмедова ўзининг фейсбук саҳифасида бузилаётган Киночилар уйи ҳаробаларини суратга ...
12 декабр 2017
«Ижтимоий фикр» барака топсин, яна раҳбарга ёқадиган, ақлини таниганларнинг истеҳзосига сабаб бўладиган навбатдаги сўрови натижасини ...