Дайжест
22 феврал 2016

Қийинлаштирилган «прописка», «бузғунчи ғоялар» ва муомаладан чиқарилган адабиёт

Ўзбек газеталарининг бугунги мавзулари “чиғатой адабиёти ва тили” атамасини муомаладан чиқаришга бел боғлаган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Бухорода тадбиркорлар қурган биноларни “юртбошимиздан” дея тақдим этилиши, журналистлар саволига жавоб бермаётган амалдорлар, Тошкент шаҳри эшикларининг вилоятлардан келиб ишлайдиган фуқароларнинг вақтинчалик пропискасига қўйилаётган янги тўсиқлар ҳақида бўлди.

Энди чиғатой адабиёти ҳам йўқми?

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Германияда Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий конференция тўғрисида мақола эълон қилди.

Мақолада айтилишича, ундаги маърузаларда “адабиётимиз тарихи тўғрисида, хусусан, “чиғатой тили” ва “чиғатой адабиёти” каби эскича тушунчалар” ҳам қулоққа чалинган. Ўзбекистон делегацияси аъзолари бунга муносиб изоҳ бериб, ҳозир бундай атамалар ишлатилмаслиги, балки бу маъноларда муомалада “эски ўзбек тили”, “эски ўзбек адабиёти” деган иборалар қўлланилиши мақсадга мувофиқлигини айтиб ўтган.

Мақола муаллифи, Амир Темур тўғрисида ёстиқдай-ёстиқдай бир неча китобдан иборат ёзган асари сохтакорликка тўла экани учун эркин давраларда қаттиқ танқид қилинган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али энди “чиғатой адабиёти ва тили” атамасини муомаладан чиқаришга жиддий бел боғлаган кўринади. У ва тарафдорлари халқаро адабий давраларда ҳам ўз фикрини ўтказишга уриниши бунинг исботи бўлса ажаб эмас.

Президент Бухорога боғ совға қилгани ҳақида

Бухорода амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган мақолада “Кўҳна ва боқий Бухоро” мажмуаси бутун бир шаҳарга бағишлаб қурилган дунёдаги ягона монумент экани даъво қилинади.

“Мажмуада “Биз киммиз?”, “Кимларнинг авлодимиз” деган саволларга теран ва аниқ жавоб мужассам. Бу боғ юртбошимизнинг биз, бухороликларга бебаҳо туҳфасидир”, дейилади мақолада.

Ҳозир Ўзбекистонда қайсидир бир туманда тадбиркор томонидан ўз пулига қурилган тўйхона ёки кўримлироқ дўконни ҳам “Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, мустақиллик меваси” сифатида тақдим этаётган маҳаллий ОАВлардан бундан ҳам ортиқ “бебаҳо туҳфалар”ни кутиш мумкин.

Мум тишлаган ташкилотлар

“Правда востока” газетаси айрим ташкилотлардан оддийгина маълумотларни олиш учун жуда кўп вақт кетаётгани ёки умуман ҳеч нарса олиб бўлмаётганидан ёзғиради.

Хусусан, газета “Камолот” уйларини олишга муваффақ бўлган бир неча йигит-қизнинг исми ва телефон рақамларини олиш учун “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатидан деярли бир ой жавоб кутган.

Қашқадарёлик пенсионер аёлнинг нега унинг уйига суткасига бор-йўғи бир неча соатгина электр энергияси берилаётгани тўғрисидаги мурожаатига эса “Ўзбекэнерго” давлат акциядорлик компанияси умуман жавоб бермай қўя қолган.

“ОАВ вакиллари ҳар доим турли матбуот анжуманлари, семинарлар, давра суҳбатларига таклиф этилади. Бу ерда муассасаларнинг муваффақиятли фаолияти ҳақида турли рақамлар айтилади. Аммо бу муассасалар фаолиятининг аниқ йўналишлари ҳақида материал тайёрлашга келганда жўшқин иштиёқ қаёққа йўқолади?” дея истеҳзо қилади газета.

Навбат “интернет маданияти”га

Интернет таҳдидига қарши курашга отланган Ўзбекистон жамиятини энди “интернет маданияти”ни шакллантириш масаласи кўпроқ ташвишга солаётган кўринади.

Бу маданиятни шакллантиришга мамлакатдаги сиёсий партиялар ҳам бел боғлагани шундан далолат беради.

Хусусан, Либерал-демократик партия нашри “XXI аср” ва Социал-демократик партия нашри “Адолат” газетасида айнан шу мавзу кўтарилди.
“Адолат”чилар мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан фикр алмашиш учун хорижий ижтимоий тармоқлар ўрнига партиянинг forum.adolat.uz форумини таклиф этган. Аммо бу форумда Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати фикрига алтернатив масалаларни ҳам муҳокама қилса бўладими, деган саволга ойдинлик киритилмаган.

“XXI аср” эса ЎзЛиДеПчилар бир неча йиллардан бери “Хавфсиз интернет” лойиҳасини ўтказиб келаётгани ҳақида ёзар экан, “ҳозирда бузғунчи ғояларнинг аксар қисми “ўргимчак тўри” орқали тарқалаётгани сир эмаслиги”ни таъкидлайди.

“Вақтинчалик прописка” ҳам қийинлашди

Тafsilot.uz интернет нашри Тошкент шаҳрига вилоятлардан келиб ишлайдиган фуқаролар учун вақтинчалик прописка масаласида ИИВдан олинган расмий жавобга асосланиб, бу масалада амалга киритилган янгиликлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича, энди вақтинчалик пропискага қўйишни илгаригидек участка инспекторлари эмас, паспорт столи амалга оширади. Бунинг учун 10 дан ортиқ турдаги ҳужжатлар йиғиш талаб этилади.

Бу ҳужжатлар рўйхатини кўриб, Тошкент шаҳрида вақтинчалик пропискага қўйиб, қонуний яшаш имконияти янада пасайганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Нашрнинг билдиришича, амалдаги қонунчиликка кўра, вилоятлик фуқаро Тошкентда вақтинча пропискадан ўтмасдан яшаса, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, яшаши учун унга уйини берган шахс уч бараваридан ўн бараваригача, уни ишга қабул қилган мансабдор шахс эса беш бараваридан ўн беш бараваригача жаримага тортилади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 март 2021
11 март куни жиноят ишлари бўйича Музработ тумани судида блогер Отабек Сатторий устидан суд бошланди. Сатторий товламачилик, туҳмат ва ...
28 январ 2019
26 январь куни Янгиобод турбазаси раҳбари Али Тўхтаевга Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 23 январда чиқарган 42-қарор асосида Тошкент вилояти ...
12 август 2018
«Жаслиқда бир ойларча ўтирганимиздан кейин вазият бироз юмшайди. Тушлик, кечки овқатлардан кейин 5 дақиқа бўлсаям бир-бирларимиз билан гаплашишга имкон ...
22 феврал 2023
Янгийўл тумани Нуробод МФЙда уйи ёниб кеткан аёлга ёрдам ҳар томондан оқиб кела бошлади. Аёл уйини қайта тиклаб беришмоқда. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...