Асосий мавзулар
24 январ 2017

«Чапани» ишга киришди

«Ҳуррият» газетаси (18.01.) янги президентнинг сўнгги вақтлардаги чиқишларидан илҳомланиб, «Чапани чапдан турганда» (рукннинг номи) нималарни айтиб юбориши мумкинлигини ҳукуматга кўрсатиб қўймоқчига ўхшайди.

Шу рукн остида фельетонсимон мақолалар эълон қилмоқ шижоатида йўлга тушган бош муҳаррирга пахта қўйиш ниятида (яхши маънода) бўлганлар навбатга ёзилишини сўраймиз…

Энди биз зўрга пахта қўялар пешма-пеш ҳамма зиналару босқичларда бири бирига жой бермай, бир-бирининг устидан босиб, деҳқон етиштириб берган пахтани экспортга юборишнинг ўрнига катталарнинг (….)га босишга ўрганмаган журналистларнинг мақоласини кутамиз, деган иддао кўрингандек бўлди бу рукн ортида.

Яъниким, газета халқнинг дарди очиқ ёзилган муаммоли мақолаларни кутамиз, демоқчи бўлгандек ишора берди.

Ҳозирча газета истеҳзони шўролар даврида бир вазир машҳур Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асарини тушунмай: «Мен ўқиб тушунмаган китобни ўқувчилар тушунармиди», деб мактаб кутубхоналари учун сотиб олинадиган китоблар рўйхатидан ўчириб ташлаганини эслаб ўтади.

Кейин эса бу йил газетанинг обуна (мажбурий обуна бўлиниши шарт бўлган газеталар) рўйхатидан ўчириб ташланганини илинтирган муаллиф бош муҳаррирга маслаҳат беради.

Тўғридан тўғри кўрсатмайди, аммо жамиятдаги муаммоларни ур, ўшанда ҳурмат топасан, обуна ҳам жойига тушади, деб бош муҳаррир тимсолидаги дўстига мурожаат этади.

Гап орасида муаллиф газ муаммосини қистириб ўтади. Сирдарёда газ йўқлигини айтар экан, бош муҳаррирга қарата: «Сенга ўхшаган хонада ўтириб мақола ёзадиган дўстларимга кўзимга чалинган ана шундай нуқсонлар ҳақида ёзиб, ҳаётда нималар бўлаётганини етказиб туришни дилимга туйиб қўйдим», дейди.

Мақолада бош муҳаррирнинг юқоридаги гапларга жавоби ҳам эълон қилинган. У муаллифга «мужик»ча мурожаат этар экан, бўлар-бўлмас гапларни эмас, асосли гапларга таяниш, яъниким ишни эҳтиёткорлик билан бошлаш заруратини эслатади.

«…осмонга тош отиб ўйнама, биттаси бўлмаса, бошқаси қайтиб келиб, бошингни ёради», деб мулоҳаза қилади бош муҳаррир афтидан шу пайтгача тутиб келган йўли тажрибасидан келиб чиқиб.

Сўнг у нафақат ўз дардини, республикадаги аксарият газеталарнинг муаммосини дастурхон қилади: «…биргина обунадан тушадиган тушумга қараб қолганмиз. … қалами найзадай журналистларни ижодий сафарларга жўнатишга қуриб етмайди… Кимнингдир қўлига қарам бўлса, ёзгани ҳам шунга яраша бўлади. Буни биласан, «Еган оғиз уялар».

Мана шу икки-уч қатор гапда бугунги ўзбек журналистикасининг ёзуғи битилган. Бунинг учун «Ҳуррият»ни мақтасак, эркин журналистиканинг устидан кулган бўламиз.

Лекин янги президентнинг ғайрат-шижоатидан, сўнгги вақтларда халқимизга улашаётган ишончидан келиб чиқилса, ўзбек журналистикаси ҳам бу жараёнга қўшилишга уринишидан балки қувониш керакдир, деган ўйга ҳам боришингиз мумкин.

Шунга қарамай, бир нарсани эсдан чиқармайлик: ҳукумат чизиб берган доирада ўйнаш (журналистика маъносида) «оқ теракми, кўк терак» ўйнаш эмас. Чунки болаларнинг бу ўйинида озми-кўпми адолат бор.

«Ҳуррият»нинг чапаниси айтадиган гаплар ҳам ҳар доим халқнинг кўнглидаги айтмишлар бўлса, бош муҳаррир «обунадан тушадиган тушумга қараб қолганман, журналистларимни ижодий сафарларга жўнатишга қурбим етмайди», деб ёзғиришига ҳожат қолмайди.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2019
Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко баёнотига кўра, Ўзбекистон президенти мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини ўрганаётир. Матвиенконинг айтишича, ...
18 август 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта ҳатни ўқиймиз. Дастлабки мактубни ойликлари ва қайта ҳисоб пулларини тўлиғича олишмаганини иддао қилаётган “Паблик ...
10 феврал 2020
Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида 7 февраль куни юз берган ​этник можарода 10 киши ўлди. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ...
28 март 2019
1797 йили АҚШда дунëдаги илк кир ювадиган машинага патент олинди. Шу тариқа бундан 219 йил аввал инсоният, хусусан, аëлларнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...