Асосий мавзулар
28 феврал 2017

Жамол Камол: «Каримов номи аэропортга қўйилмасин»

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Тошкент Халқаро аэропортига Каримов номини бериш ҳақидаги президент қарорига эътироз билдириб Мирзиёевга мактуб ёзди.

«Менинг назаримда, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарор бироз шошилинч қабул қилинганга ўхшайди», дея фикр билдиради 77 ёшли адиб ўз мактубида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарорини 25 январ куни имзолаганди.

Кўплик қилмасмикан?

Қарор, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобил заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини беришни кўзлаган.

Жамол Камолнинг президентга ёзган хатига кўра, «марҳумнинг фаолияти ҳолис сарҳисоб этилиб, оқи оққа, қораси қорага ажратилмаган».

Унинг фикрича, Мирзиёев эътироф этганидек, «адолатли демократик жамиятнинг атиги пойдеворини қура олган» шахс учун «Музейлар, боғлар, олий ўқув юртлари, кўчалар, ҳайкаллар, жамғармалар…» жуда кўплик қилади.

«Шунчалар саҳоват кўрсатиш жоизмикан. Бунинг устига, Тошкент халқаро аэропортининг айни шу ном ила аталиши, тўғрисини айтганда тасаввурга сиғмайди», дея писанда қилади адиб сал истиҳола билан мамлакат президенти номига ёзган мактубида.

«Абадийлаштириш» аллақачон бошлаб юборилган

Қарорда, шунингдек ўтган йилиёқ Каримов хотирасини абадийлаштириш йўлида анча ишлар қилиб қўйилгани қайд этилади.

2016 йил октябр ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилган.

Тошкент шаҳар, Яшнаобод тумани «Фарғона йўли» кўчасида жойлашган жоме масжидига «Ислом ота жоме масжиди» дем ном берилган.

2016 йилнинг 2 декабрида эса «Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилинган.

Шунингдек қарорга кўра, ҳар йили, Каримов туғилган сана 30 январ кунини кенг нишонлаш, «2 сентябр кунини хотира куни сифатида ёд этиш», ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритилиши лозим.

Эътирозга ўрин йўқми?

Кекса адибнинг фикрича, бундай қарор халқ муҳокамасига қўйилиши, керак бўлса референдум орқали ҳал қилиниши керак.

Бугунги Ўзбекистон худудида минг йиллар давомида «не-не давлатлар, салтанатлар қурилгани» ҳақида ёзаркан, шу ўринда, «мамлакатнинг асосий дарвозаси» саналган Халқаро аеропортга муносиб, тарихий шахслар сифатида Алишер Навоий ва Соҳибқирон Амир Темур номларини келтиради.

«Боболар таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесилса, айни муддао бўлар эди», дейди у.

Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистонни шафқатсизлик билан бошқарди.

У ҳокимиятда экан, Ўзбекистон дунёнинг энг авторитар давлатларидан бирига айланди.

Очиқ муҳокамалар бўлмаган, танқид учун жазо қўлланиладиган Каримов даврига ҳос ўзбек жамиятида ҳукумат қарорлари ортиқча бир шошқалоқлик билан ижро этиб келинади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган, Жамол Камол 1938 йили Бухорода туғилган. Ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи. Франсуз шоири Буало ва Шекспир асарларини ўзбек тилига ўгирган ва қатор мукофотлар соҳибидир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 март 2016
“Миллий тикланиш” газетаси “Миллий тикланиш” демократик партиясидан президентликка номзод бу сайловда иштирок этишга рағбат кўрсатмаганини ёки унга фаол бўлишга ...
29 октябр 2018
Сўнгги олинган хабарга кўра, «Америка овози» радиосининг Истанбулда ҳибсга олинган, Малик Мансур тахаллуси остида ишлайдиган 49 ёшли мухбири Абдумалик ...
15 апрел 2022
Рамазон ойининг жума куни паспортига қашшоқ дея ëзилган улус олдига чиқиб гапираркан, айнан рўза ойи бўлгани учун ҳам ҳиссиëтларимни ...
21 май 2024
Вертолети онтарилиб ўлган Эрон президенти минглаб одамларни қатл қилган шарафсиз бир жаллод эди. Ит ўлимида ўлди десак ҳаққимиз кетади. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...