Cтокголмда машинани оломон устига ҳайдаган кишининг ўзбек экани гумон қилинмоқда
Стокголмдаги теракт бўйича Ўзбекистон ватандоши ушланган. Фото: Aftonbladet.se
Бу ҳақда ëзган, Швециядаги нуфузли Aftonbladet нашрига кўра, 7 апрел куни машинани олиб қочиб оломон устига ҳайдаган шахс 39 ëшда ва тўрт фарзанднинг отаси.
Хабарда гумонланувчининг исми айтилмайди. Нашрнинг билдиришига кўра, у Стокголмнинг чекка қисмида яшайди ва қурилиш ширкатида ишлайди.
Шунингдек, юк машинаси Spendrups пиво ширкатига мансуб экани маълум.
Элтуз мухбири гумонланувчининг оилавий фотосуратларини кўрди аммо журналистик этика нуқтаи назаридан эълон қилмасликка қарор берди.
Гумондорнинг таниши рад қилади
Қўлга олинган эркакнинг аёл таниши Aftonbladet мухбири билан суҳбатда, у «ҳеч қачон сиёсат ёки дин ҳақида гапирмагани, фақат иш ва оиласига пул жўнатиш ташвишида бўлгани»ни билдириган.
Аёлга кўра, унинг тўрт нафар фарзанди бор ва у ўзбекнинг терактга алоқаси борлигига ишонмайди.
Aftonbladet маълумотига кўра, ушланган ўзбекнинг фейсбукида ИШИДга оид ташвиқот материаллари топилган. Аммо фейсбукда ташвиқот мақолалари мавжудлиги унинг террорчи эканлигини исбот қилиш учун етарли эмас.
Нима бўлган эди?
Еттинчи апрел куни, номаълум шахс юк машинасида Стокголм марказий кўчаси Дроттнинггатанда бир неча одамни босиб кетган ва Åhlens cавдо маркази биносига бориб урилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра тўрт нафар одам ҳалок бўлган, 15 одам жабрланган.
Швед ҳукумати ҳодисани теракт дея баҳоламоқда.
Кундузи пойтахт марказига борадиган йўллар, жумладан метро станциялари тўхтатилган.
Афтонбладет бошқа бир хабарида шунингдек, Стокголмнинг Арланда аэропортига яқин Маршта мавзейидан ушлаб келинган бу шахснинг айбига иқрор бўлганини билдирган эди.
Шунингдек, швед матбуоти хабарларида унинг шериги ҳам қидирилаётгани айтилади.
Интернетдаги айрим мунозара сайтларида 7 апрел кечқурун ушланган шахс 39 ёшли Рустам Аҳмедов эканини айтишмоқда.
Аммо бу исм расмий ҳабарларда йўқ.
Элтуз воқеани кузатишда давом этади. Нашримизни кузатиб боринг
Қудрат Бобожон
Швеция, Стокхолм
Eltuz.com