Анонс
9 ноябр 2024

Тошкентда илк тил байрами қандай уюштирилган эди?

Кузда кетиб кузда қайтдим совет армияси сафидан. Бизни армия сафига олий ўқув юртларининг кундузги бўлимидан чақиришганди. Бу эса ноодатий эди, армияга оддий аскарлар етишмай қолган эмиш.

Офицерлар довдираб қолишганди, бутун ҳарбий қисмлар русчани яхши биладиган ақлли, олифта, гапқайтарар йигитлар билан тўлиб тошганди. Икки йиллик хизмат ўтди-кетди, лекин алам қиладиган жойи шундаки, қайтиб келсак, ўша қонун бекор қилинибди. Нимаям дердик, буям пешонадан бўлса керак.

Тошкентга келганимда декабрь ойининг бошлари эди, ўқишлар аллақачон бошланиб кетганди. Ётоқхона масаласи қийин бўлди, бизга талабалар шаҳарчасидаги 85-ётоқхонадан жой беришди.

Ётоқхона икки қисмдан иборат эди, киришда чап томонда университетнинг физика факультети талабалари, ўнг томонида эса хориждан келган турли факультетлар талабалари яшарди.

Менга ўхшаб хизматдан қайтган журналистика факультети талабаларига ўша хорижлик талабалар истиқомат қилаётган ётоқхонадаги бўш жойлардан беришганди.

Ўзбеклар яшайдиган чап қисмдаги чала таъмирланган кўримсиз хоналарда темир каравотлар, оддий идиш-товоқлар, хуллас, уларнинг яшаш тарзи худди уларнинг ўй-фикрлари каби оддий, одмигина эди.

Ўнг томонда эса афғон, араб, ҳинд, вьетнам ва Африка мамлакатларидан талабалар яшарди. Уларнинг хоналарида диван-креслолар, рангли телевизорлар қўйилганди, салкам шоҳона яшардилар, бироқ уларнинг аксарияти ўқишга асосий эътибор қаратишмасди… Хуллас, хорижлик талабалар билан яшашдан кўнглим тўлмади, ижарага жой топиш ҳаракатига тушиб қолдим.

Янги курсдошларим энди ўзимдан икки ёш кичик йигит-қизлар эди. Ҳафталар ўтган сайин улар билан чиқишиб кетдим. Улар кенг ва чуқур дунёқараши ва илмга чанқоқлиги билан эътиборимни тортарди.

Айниқса, хоразмлик икки йигит – Қудрат ва Рашид бошқача эди. Уларнинг дарслардаги баҳслар давомида фақатгина дарсликлар билан чекланиб қолмай, бошқа илмларни ҳам мутолаа қилишлари яққол сезилиб қоларди.

Кунларнинг бирида Қудрат яшаётган квартирасига меҳмонга таклиф қилди. Шанба куни уларнинг Қорақамишдаги квартирасига бордим. Мени хоразмчасига кутиб олишди. Қизиғи, улар ўзаро Хоразм шевасида гаплашарди, уларнинг гапларини баъзан тушунмай қолардим.

Ўзаро суҳбат ва баҳслар давом этди, ўша куни деярли гаплашмаган мавзумиз қолмади, адабиёт, санъат, тарих ва келажак, дунё тараққиёти. Суҳбатимиз шу даражада қизиб кетгандики, ҳатто тонг отиб кетганини сезмай қолибмиз.

Ниҳоят улар билан хайрлашарканман, истасангиз биз билан бирга квартирада яшашингиз мумкин, деб қолишди, ўйлаб кўраман, дедим. Талабалар шаҳарчаси томон пиёда юриб кетарканман, айни муддао, ажойиб, дилкаш йигитлар, дея хаёлимдан ўтказдим. Орадан бир ҳафта ўтгач, уларнинг квартирасига кўчиб келдим.

Орадан уч ойлар ўтиб Хоразм шевасини бемалол тушунадиган бўлиб қолдим. Қудрат ва Рашид доимий равишда ўзбек ва рус тилларидаги китоб, газета ва журналларни ўқирдилар.

Рашид фалсафий фикрлашни яхши кўрар, ҳар бир сўзнинг маъносини чуқур билишга, рус, араб ва инглиз тилларини имкони қадар ўзлаштиришга интиларди.

Икковлон ҳам шеър ёзарди, Қудрат ўша пайтларда япон фалсафий учликларига алоҳида меҳр қўйганди. Хоразм тарихи, санъати ва адабиёти ҳамда буюклари ҳақида деярли ҳар куни фахр билан тўлқинланиб ҳикоя қилишарди.

Биз соат сайин билимларимизни ошириб борардик. Фақат бир нарсадан чўчирдик, гўзал қизларни севиб қолишдан. Ҳа, бу соҳада қийин эди, университетда бири биридан гўзал, ширинсухан қизлар жуда кўп эди, қайси бирига қарашни билмай эсанкираб қолардик.

Ичимиздан биронтамиз бир қизга кўнгил қўйсак, тамом, ишлар пачава бўларди, ўша йигит камгап, билимга иштиёқсиз бўлиб қоларди.

Ошиқнинг севги-муҳаббат саҳнаси тўсатдан поёнига етиб қолса, туппа-тузук ақли расо йигит бўлиб соғайиб кетганинг қуллуқ бўлсин, деб ярим чин маънода ҳазиллашардик. Бир куни оғир хўрсиниб Қудратга қараб, “Қизлар билармикан ўғрилигини” дегандим, у шартта шеър ёзиб ташлаганди.

Ўша йиллари дунё сиёсат майдонида ўзгаришлар ҳам илдамлаб кетганди. Олмаотадаги талабалар намойиши фожеасини учовлон алоҳида таҳлил қилдик ва бу Совет Иттифоқининг муқаррар равишда қулашининг аниқ белгиси, деган якдил хулосага келгандик.

Кейин Ленин асарларини қунт билан ўргандик. У социализм ҳақида хулосага қандай асосларда келганини билиш учун Фейербах, Карл Маркс ва бошқа файласуфларнинг асарларини алоҳида ўқидик. Қизиғи шундаки, биз бошқачароқ хулосалар чиқардик.

Баҳсларимиз кундан кунга қизир ва чуқурлашиб борарди. Кунларнинг бирида уйга олиб келинган рус ва ўзбек тилларидаги янги газеталарни ўқиб ўтириб, рус тили байрами ўтказилгани ҳақидаги мақолага кўзим тушди.

Ўйлаб қолдим, рус тили байрамини ўзига хос тантаналар билан ўтказишибди. Ёнгинамда китоб ўқиб ўтирган Рашид билан Қудратга мурожаат қилдим. Йигитлар, қаранглар, рус тили байрами ўтказишибди, дея тўхтаб қолдим.

Иккови ҳам менга ҳушёрлик билан назар ташлашди, кутилмаганда биз ҳам ўзбек тили байрамини ўтказамиз, девордик бир овоздан. Фақат қандай қилиб, дедим. Келинглар, тил байрами кечаси режасини тузамиз, деди Қудрат ва қўлига ручка билан қоғоз олиб ёзишни бошлади. Ҳаш-паш дегунча режа тайёр бўлди.

Режага кўра ташаббускор гуруҳ тузилиб, ўзбек тили байрами ўтказиш ҳақида Тошкентдаги барча ўқув юртлари хабар бериладиган, тил байрамига ўзига хос кўринишларда иштирок этишни истаган барча ижодкор талабалар жалб этиладиган бўлди.

Байрамда кимдир шеър ўқийди, кимдир ашула айтади, рақсга тушади, яна кимдир ўзбек тили ҳақида маъруза тайёрлайди. Биринчи навбатда, университетнинг журналистика ва филология факультетлари талабалари жонбозлик кўрсатишлари керак, дейилди.

Айтгандай, бизнинг байроғимиз ҳам бўлади, деди Қудрат. Байроғимиз қанақа бўлиши керак, деб сўрадим ундан. Биз тарихий яшил байроғимизни кўтарамиз, деди у.

Эртасидан Қудрат астойдил ҳаракат бошлади. Талабалар шаҳарчасига бориб талабалар билан учрашув ўтказибди. Қувонарлиси, Тошкентдаги барча талабалар ўзбек тили байрами ўтказишни тўла қўллаб-қувватлашган.

Йигитлар ўзбек тили байрами ўтказиш ташаббуси билан ТошДУ комсомол комитети раҳбарига учрашган, боши қотган комсомолчилар республика комсомол комитети раҳбариятига мурожаат қилиб, рухсат сўраш кераклигини айтишган.

Қудратнинг айтишича, Салим иштирокида бир гуруҳ талабалар республика комсомол комитети раҳбари билан шахсан учрашиб, байрам ҳақидаги режаларини тўла баён қилишган. Ташаббускор гуруҳ иштирокчиларининг гапларини эшитган комсомол раҳбари капалаги учиб, ранги оқарган ҳолда бу жиддий масалани юқоридаги катта раҳбарлар билан келишиб, бир ҳафта ўтиб жавобини айтишини маълум қилган.

Айтилган вақт келиб ташаббускор гуруҳ иштирокчилари комсомол раҳбари қабулига боришганида у қочиб кетган. Ўша замон раҳбарлари ўз она тили байрами ўтказиш ҳақидаги таклифни эшитиб ваҳимага тушиб кўкариб қолишган. Вақтлар ўтса-да, юқоридан ҳеч қандай садо чиқмаган.

Тоқати тоқ бўлган ташаббускор гуруҳ аъзолари (ўзбек тили байрами ўтказиш учун маданият уйи каби жойларни беришмаган) ўзбек тили байрамини талабалар шаҳарчасида 9 қаватли ётоқхоналар олдидаги ялангликда ўтказишга қарор қилишган.

Байрам бошланишига беш минутлар қолганида байрам саҳнаси рўпарасига ҳукуматнинг қора рангли хизмат машиналарида шляпали раҳбарлар келиб, ғудайиб саф торта бошлашди. Уларнинг ичида республика комсомолининг раҳбари, ҳукумат, туман раҳбарлари ва бир қанча казо-казо раҳбарлар бор эди.

Улар байрам аҳли – талабаларга қовоғидан қор ёғиб совуқ назар ташлаб гезарганларича тик турардилар. Ниҳоят ўзбек тили байрами шодиёнаси бошланди.

Ўртада бошловчилар Минҳожиддин ва Гулчеҳра тантанани очди. Маърузалар, шеърлар, рақс ва куйлар давом этди. Ёшлар ўзбек тилини улуғладилар.

Томошабин сифатида бир четда турардим, орқа томонда ғалати овозлар эшитилгандай бўлди, ҳайрон бўлдим. 86 –ётоқхона томонга қараб юрдим, кўзларимга ишонмасдим, ётоқхона орқасида махсус кийим, каска, қалқон ва резина калтаклар кўтарган бир неча юзлаб милиция ходими буйруққа шай бўлиб саф тортиб туришарди. Бу даҳшат эди!

Ортимга қайтдим, байрам авжида эди. Чамаси бир соатлар ўтиб тарихда биринчи марта ўтказилган ўзбек тили байрами якунланди. Фахр туйғуси билан тўлқинланган талабалар тарқади. Казо-казолар яна лом – лим демай қора машиналарида жуфтакни ростлашди. Ниҳоят ўша куни кимга байрам, кимга ғам бўлди.

Эртасига “Комсомолец Узбекистана” газетасида “А дальше…” сарлавҳаси остида талаба ёшларни миллатчиликда айблаган мақола чоп этилди. Кейинчалик ўзбек тилини қўллаб-қувватлаган ҳаракатлар янада оммалашиб кетди, ниҳоят куни келиб ўзбек тили давлат тили деб эълон қилинди.

Ҳайрат

Тағин ўқинг
6 август 2020
Лос-Анжелесда жуда қимматга баҳоланган учта инвестиция объекти бир вақтнинг ўзида сотувга қўйилди. Ҳашамдор кўринишдаги ушбу виллалар 5,995 миллиондан 6,495 ...
16 ноябр 2021
Наманган шаҳридаги маҳалла профилактика инспектори ўз раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ички ишлар вазирига йўллаган мурожаатномаси ортидан унинг ўзи жиноят ...
8 январ 2024
2019 йилнинг июлида интернетда таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст “Пуфак” сарлавҳали мақола эълон қилдию, Арипову, Ортиқхўжаевларнинг хейт компанияси нишонишга айланди. Ёзувчи ...
6 август 2024
Элтуз Порталига келган навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Cурхондарё, Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Наманган вилоятларидан. Дастлабки мурожаат Сурхондарё вилоятидан келган. Музработда аҳоли канализация ҳидидан безор бўлмоқда. «Ассалому алайкум элтуз бобо,  биз Сурхондарё вилояти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...