Асосий мавзулар
30 октябр 2017

Собиқ спикер «эсдан чиққани» эслатилди

Марҳум президент Ислом Каримов замонида жиноий жавобгарликка тортилган жуда кўп амалдорлар амалдаги давлат раҳбари даврига келиб юксак лавозимларга тайинланмоқда.

Энг салмоқли мисол – бугунги ҳукумат раҳбари Абдулла Орипов. Бош вазир ўринбосарлигидан қувилиб, йўли турма сари тушганида кўринмас қудратнинг ғойибона кучи билан аллақайси ўқув муассасасида кафедра мудири лавозимида кун кўриб келаётганида кутилмаганда бошига қайтадан бахт қуши қўнди.

Ўзбек автомобиллари билан қилган фирибгарликлари учун эрта-индин қамалиб, энди юлдузи сўнади, деганимизда яна бир-икки амалдор қайтадан амал курсиларига ўтирди.

Лавозимидан четлатилган Козим Тўлаганов бир «Дамас» пулни банкка олиб топшириб, видеога олиниб, инидан чиқарилмай юрган бир пайтда янги президент уни ҳам янги юксак лавозим билан сийлади.

Мисолларни жуда кўп келтириш мумкин ва бундай ҳолатлар бошқа кўплаб коррупционерларнинг яна лавозимларга қайтишга бўлган умидини алангалатиб юборган кўринади.

«Дунё ўзбеклари» сайтида эълон қилинган «Юксак дидли ўзбек ҳуқуқшуноси» сарлавҳали мақолани ўқиб, «юлдузи сўнмаган» собиқ амалдорлардан яна бири ҳокимият осмонида қайтадан порлашни истаётганини сезмай илож йўқ.

Тўғри, у ўз истагини ўзи баён этаётгани йўқ, бошқалар қўли билан тандирнинг тафтини билишга, биз қолиб кетяпмиз, деган ишора беришга уринмоқда.

Бу кишимиз бир вақтлар ёшлар ўртасидаги оддий маиший жанжал туфайли ўғлини урган «жиноятчилар»ни узоқ йилларга қаматиб юборган, бунинг ортидан гап-сўз кўпайгани учун марҳум президент ўз қўриқчиларига калтаклатиб (шундай эшитмалар бор), мансабидан қувиб солган Эркин Халилов бўлади.

Мақола муаллифининг мақсади ана шу шахсни яна юксак мартабаларда кўриш. Тўғрироғи, Халиловнинг ўзи биров орқали ўзининг борлигини эслатиб қўйишни истаётгандек таассурот уйғотади мақола.

Муаллиф «президентимиз адолатни тиклаш учун тинмай ҳаракат қилаётгани»ини айтиб, гапни узоқдан олади. Кейин эса Халиловни мақташга, у яна юксак лавозимларни эгаллашга муносиблигини уқтиришга ўтади.

«Эркин Ҳамдамович Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бўлиб ишлаган 2005-2008 йилларда Ўзбекистондаги энг демократик даргоҳ мана шу ерда эди десам адашмайман», дейди муаллиф камтарликни йиғиштириб қўйиб.

Гўёки Э.Халиловнинг сиёсий саҳнадан қувилганига сабаб Ислом Каримовнинг самимий бўлмаганлиги, кейинчалик бу унинг амалида билинганини қистириб ўтади.

Мақола сўнггида муаллиф андишани ҳам унутиб қўйиб: «Мен ўйлайманки, Эркин Ҳамдамовични Президентимиз Шавкат Миромонович мендан-да яхши биладилар ва яқин орада ўз ёнларига чақириб, Қонун ижодкорлиги билан шуғулланишларига имкон яратиб берадилар», деб ёзади.

Мана шундай кунларга ҳам етдик. Собиқ коррупционерлар ҳокимиятга қайта бошланганидан илҳомланган қолганлари президентга мени ҳам қайтаринг, дея очиқ илтижо қилинадиган замонда яшаяпмиз…

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 октябр 2018
Москванинг Тверь тумани суди 24 октябрда Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан бўлган ўғли 52 яшар Пётр Каримовнинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ...
30 март 2018
Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев ижтимоий тармоқда милиция ходимларини ҳақорат қилганлар жазоланишини билдирди. ШИИББ маълумотларига ...
21 июн 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни президент Мирзиёевнинг Андиржон 17-18 ...
25 феврал 2024
Бугун ўзбекистонлик профессор олим ва мухолифат арбоби Ботир Норбоев вафот этган кун. У 2019 йилнинг 24 февраль куни 72 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...