• Суратда: Алишер Таксанов марҳум президент Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Каримов билан
Document UZ
11 октябр 2018

Алишер Таксанов: менимча, судда Каримовнинг ўғли ютади

Москванинг Тверь тумани суди 24 октябрда Ислом Каримовнинг биринчи хотинидан бўлган ўғли 52 яшар Пётр Каримовнинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари» устидан даъвоси юзасидан суд ишини бошлайди.

Пётр Каримовнинг даъвосига кўра, 2016 йилнинг 2 сентябрида отаси Ислом Каримов ўлганидан сўнг у катта лавозимдаги ишидан ҳайдалган. 

Суддан у ойликлари ва товон пули ундиришни сўрамоқда. «Элтуз» нашри Пётрни узоқ йиллардан буён танийдиган, у билан бирга ўқиган, бугунги кунда Швейцарияда яшаётган собиқ ТИВ мулозими Алишер Таксановни суҳбатга тортди.

Фото: Алишер Таксанов Пётр Каримов билан Тошкент халқ хўжалиги институти ёнида, 1988 йил баҳори. Алишер Таксановнинг шахсий архивидан.

Алишер, эшитган бўлсангиз, яқинда Пётр Каримов «Ўзбекистон ҳаво йўллари»ни ойликларини ундириш учун судга берди. Наҳотки Ислом Каримовнинг ўғли пулга шунчалик зор бўлса?  

Мен уни Халқ хўжалиги институтига кирган йилидан бери яхши биламан. У оддийгина йигит эди. 1983 йили у билан бир факультетда, фақат турли мутахассилик бўйича ўқиганмиз. Кейин у армияга кетди ва қайтгач мендан икки курс пастда ўқиди.

Отаси ўша пайтда молия вазири бўлган Ислом Каримов эканини ҳам билмасдик. Бу билан у ҳеч мақтанмаган.  Кейинчалик унинг уйида бўлганимда, қанчалик камсуқум яшаганини кўрганман.

Тошкентдаги уч хонали квартирада онаси билан яшарди. Ягона қимматбаҳо нарсаси  «ВМ-12» видеомагнитафони эди.  У шунга ҳам хурсанд эди. Машина олишни орзу қиларди. Уйи яқинида гараж қурганди. Лекин, билишимча, барибир машина ололмади.

Ўқишни битказиб, аспирантурага кирди. Санкт-Петербургда ўқиди. Ўша ерда 1995 йили диссертациясини ёқлади. 

Унинг «Ўзбекистон ҳаво йўллари»даги каръераси ҳақида нима дея оласиз? 

У ерга ўтишидан олдин, билишимча, у Москвадаги Ташқи иқтисодий алоқалар банки вакилининг ўринбосари бўлиб ишларди.  Кейинчалик бу банк «Азия-Инвест» деб номланди.  Ўша ерда у муовин эди.

«Ҳаво йўллари»дагилар ўз ғаразларидан келиб чиқиб, президентнинг ўғли бўлгани, юқорида қандайдир «томлари» бўлиши, унинг қўллаб-қувватловига эга бўлиш учун ўзларига тортган бўлишса керак, албатта. 

2016 йили отаси ўлганидан кейин эса унинг кераги бўлмай қолди. Унинг кетига тепишди. Улар учун энди Пётрнинг бир чақалик қиммати қолмади. Бу сиёсий тизимнинг қанчалик худбин эканини кўрсатади.

Пётрнинг отаси ёки сингиллари Лола ва Гулнора билан муносабати қандай эди?   

Билишимча, унинг отаси ва сингиллари билан ҳеч алоқаси йўқ эди. 1996 йили мен Москвага борганимда ундан «Сенинг фан кандидати бўлганингни отанг биладими?» деб сўраганимда: «Мен у билан алоқа қилмайман. Унга ҳеч хабар қилмаганман», деган.

Нафси ҳакалак отган сингилларидан фарқли ўлароқ, у жуда оддий яшарди. Оддийгина кийинарди. Ҳатто у қандайдир уйда эмас, элчихонанинг меҳмонхонасида яшарди. Банк ҳам ўша ерда эди. 

Билишимча, у cингиллари (Гулнора ва Лола Каримовалар) билан ҳам алоқа қилмасди. Ҳатто катта синглиси Гулнора 2000 йили элчихонада маслаҳатчи бўлганида ҳам. Масалан, «Казачий переулок-12» да жойлашган элчихона меҳмонхонадан икки қадамлик йўл эди, лекин бир-бирлари билан гаплашишмасди.

«Синглинг билан гаплашиб турасанми?» деганимда, «Йўқ» деб жавоб берган. 

Сизнингча, у суд жараённи ютиб чиқа оладими? Билишимизча, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ширкати ҳозирча бунга ҳеч муносабат билдирмаяпти.

Агар у Ўзбекистонда судлашганида эди, ютишига ишониш қийин бўларди. Ўзбекистонда унинг имконияти чекланган. Лекин у Россияда туриб ҳаракат қиляпти. У яхши адвокат топиши мумкин. Ўзи ҳам анойи эмас. 

Бунинг устига, бу жараён сиёсий жанжалга сабаб бўлади. «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га бу нарса сира ҳам керак эмас, бу шароитда улар ҳеч нарса қила олмай қолади. Ўйлайманки, Пётр ютиб чиқади.

PS: Пётр Исломович Каримов Ўзбекистоннинг олдинги президенти Ислoм Каримовнинг биринчи хотини Наталья Кучмадан бўлган ўғлидир.

Узоқ йиллар Ўзбекистон Фанлар академиясида ва Ботаника институтида ишлаган Наталья Кучма Чкалов номидаги авиация заводи бош директорининг қизи эди.

Журналист Қудрат Бобожон суҳбатлашди
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 май 2019
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан расман қабул қилинган қонун лойиҳаси Сенат томонидан ими-жимида ўзгартирилган ҳолда маъқулланди. Депутатлар бошқача қабул қилиб, ...
11 март 2019
Фарғона вилоятининг Бағдод туманидаги 16-ўрта мактабнинг 8-синф ўқувчиси 7 март куни чақалоқли бўлди. Бу мактаб тумандаги Каримбобо қишлоғида жойлашган. ...
25 декабр 2023
Тошкент шаҳар ИИББ тарқатан расмий хабарга кўра, Ўзбекистонда ягона “вор в законе” Бахти Ташкентский номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг ...
19 апрел 2018
Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, жувон дўппи тикишни опаларидан ...
Блоглар
8 феврал 2025
Шу пайтгача «Анора» деган икки фильм олинди. Биттаси етим қизнинг ашлачи бўгани ҳақида¸ яна биттаси ...
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...