Cатира
25 январ 2018

Шу ҳоким ҳам одамми?

Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини тўғрисида гап кетганда шундай саволни ўртага ташлаш адолатсизлик бўлмаса керак.

Бутун интернет бўйлаб тарқалиб кетган бу ҳақоратларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтиш шарт эмас. Аммо шундай жиҳатлари борки, айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куяди.

Аввало, ҳокимнинг вилоят миқёсида бўлиб ўтган видеоселекторда айтган гаплари давлат раҳбариятининг мазкур фожеа муносабати билан кўрган ва кўраётган чора-тадбирларига жуда улкан соя бўлиб тушди.

Энди бутун халқ ҳукуматнинг бу чора-тадбирларини миннат ўрнида қабул қилмаслигига ким кафолат беради?

Азадор оилаларга берилган бор-йўғи 80 миллион сўм (тошлоқлик ҳар бир марҳумга минг доллардан ҳам тўғри келмайди) ҳомийлик ёрдамини бутун бошли вилоят ҳокими миннат қилиб турганидан кейин яна нима деб ўйлаш мумкин?!

Яна «таъна қилаётганим йўқ», деяётганига ўласизми. Таъна, миннат бўлмаса, нима бу гаплар?!

Яхшиям чўнтагидан бермаган. Акс ҳолда қолган халқни ҳам ўлмаганига пушаймон едириб, терисини тириклайин шилиб олармиди бу ҳоким.

Бошқа томондан, «ҳоким менинг одамим» деб уларнинг нуфузини кўтаришга ҳаракат қилаётган президентнинг ишончига берилган зарба эмасми бу?

Ҳоким тириклайин оловда ёнган 16 нафар тошлоқликка эмас, улар ўлгани учун «айбдор қилиниши» эҳтимолидан фол очиб, «бечора участка нозири»га ачиняпти.

«Ёзса ёзаверсин», деяпти ҳоким матбуотдан, жамоатчиликнинг фикридан қўрқмаслигини билдириб.

Бу гаплари билан шунчалик оғзи шалоқлигига қарамай, яна уни шу пайтгача мансабида ушлаб турган президентга орқа қиляптими?

Аслида давлат раҳбарининг орқасига урилган ханжар эмасми бу?

Ҳокимнинг ҳақоратларини эшитиб, бир вақтлар Андижон воқеалари ҳақида гапирган ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад исён қатнашчиларини «шўрванинг кир кўпиклари», дея атагани ёдга тушади.

Ҳар ҳолда Хуршид Дўстмуҳаммад депутат ëзувчи эди. Халқимиз бу «эркалик»ни уни севгани учун кўтара оларди.

Лекин иш қидириб, рўзғор ташвишида ўзга юртларга отланган чоғида тириклайин ёниб кетган ҳамюртларига ҳатто ўлимидан кейин ҳам бир оғиз яхши сўзини раво кўрмаган валломатнинг ҳақоратларини халқимиз кечирармикин?

Қолаверса, азадор халқнинг ярасига туз сепган бу ҳокимнинг ўз мансабида қолиш-қолмаслик масаласи халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши кераклигини айтаётган давлат раҳбари учун ҳам бир имтиҳон кабидир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 сентябр 2016
Ўзбекистон Ички ишлар органлари ҳақида қонун қабул қилиниши ортидан, Ички ишлар вазирлиги тизимида кадрлар алманиши кузатилмоқда. Бироқ, экспертлар фикрича ...
15 октябр 2015
Хоразмга сафари пайти ҳокимликнинг тунги мажлисида журналист Малоҳат Эшонқулова ёзиб олган аудиоёзувлар Ҳазорасп ҳокими Ўктам Қурбоновнинг иккиюзламачилигини фош қилган. ...
9 феврал 2016
9 феврал куни Швецияда таниқли уламо Обидхон қори Назаровга суиқасдда уринишда айбланган Юрий Жуковскийга чиқарилган ҳукмга нисбатан аппеляция маҳкамаси ...
14 июн 2023
“Хоразм йўл қурилиш” МЧЖда бўлим бошлиғи лавозимида ишловчи шахс Хива туманидаги оилавий корхонага тегишли 8500 квадрат метр ер майдонига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...