Рашиджон Қодиров тергов қилиниб, уйига қўйиб юборилганми?
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими 23 февраль куни телефонда «Элтуз» мухбирига собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олинмаганини, бошқа бир манба эса унинг сўроқ қилиниб, қўйиб юборилганини айтди.
Айни пайтда собиқ бош прокурорнинг ҳибсга олинмагани, бир нечта сайтларда эълон қилинган бу хабарлар миш-миш экани ҳақида 23 февраль куни Uznews.uz сайти «раддия» билдирди.
Бироқ Uznews сайти прокуратуранинг номи келтирилмаган манбасига таянади. Бош прокуратуранинг расмий сайти эса бу ҳақда раддия бермаган.
Қодировнинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги хабарни «Элтуз» нашри ўзининг бир нечта манбасига таяниб 22 февраль куни билдирган эди. Манбаларнинг айтишича, Қодиров Зангиота туманидаги ҳовлисидан қўлига кишан солиниб олиб кетилган.
Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ўша куни бир неча собиқ мулозим ҳам сўроқ қилинган.
Улар орасида МХХнинг ўтган ой ишдан олинган собиқ раиси Рустам Иноятовнинг ҳам борлиги иддао қилинмоқда.
«Элтуз» нашри воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Eltuz.com