Асосий мавзулар
26 феврал 2018

Каламушларни ушланг!

Каламушлар кема чўкаётгани учун эмас, балки уларга қарши курашишга бел боғлагани учун қочиш ҳаракатига тушиб қолди.

Бир неча кун олдин Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашид Қодиров ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқатилган ва бу хабарлар зўр бериб инкор этилаётган пайтда бир нашрнинг у мамлакатни тарк этиш чоғида ортига қайтарилгани ҳақидаги маълумоти кўпчиликнинг назаридан четда қолганди.

Ўша хабарга ишонилса, 22 февраль куни хорижга чиқиб кетишга отланган Рашид Қодиров Тошкент халқаро аэропортида чегара хизмати томонидан тўхтатиб қолинган. Унинг ўғли Алишер Қодиров аллақачон Ўзбекистондан қочиб улгурган.

Ниҳоят, Бош прокуратура вазиятга ойдинлик киритди ва Р.Қодиров ҳибсга олиниб, Жиноят кодексининг «товламачилик» (165-модда), «ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» (205-модда) ва «пора олиш» (210-модда) моддалари бўйича айбланаётганини маълум қилди.

Шу ўринда собиқ бош прокурорнинг ўғли Алишер Қодиров ҳақида қисқача маълумот бериш ўринли кўринади.

ОАВда тарқатилган маълумотларга кўра, А.Қодиров «Консул» хусусий адвокатлик идораси, консалтинг фирмалари, Bang&Olufsen, Choppard, Svarovski ва Montblanc каби люкс тоифадаги дўконлар хўжайинидир. Унинг адвокатлик идораси орқали прокуратура билан боғлиқ масалаларни «ҳал қилиш» нархи 250 минг доллардан 20 миллион долларгача бўлган.

Яъни бой тадбиркорлар учун аввалига прокуратура орқали «муаммо яратилган», Рашид Қодировнинг ўғли уларга қудратли отаси соясида «холисона хизмат кўрсатган».

Мазкур маълумотларни келтиришимизга сабаб шуки, Ўзбекистон бойлигини чорак асрдан кўпроқ вақт давомида талон-тарож қилганлар бу мулкларни ўз номига эмас, анъанага кўра, энг яқин инсонлари, оила аъзолари ёки уларга бўйсунувчи кимсалар номига ўтказиб қўйган.

МХХнинг собиқ раҳбари Рустам Иноятов қудрати «соя»сида орттирилган бойликлар унинг яқинлари номига дунёнинг турли давлатларида сақланаётганига оид маълумотлар ҳақида яқинда «Элтуз» нашри эълон қилган маълумотлар ҳам сўзимизни исботлаб турибди.

Яқин ўтмишимизда халқнинг қонини сўриб, улкан бойлик орттирган амалдорларнинг бир қанчаси ҳозирча юртни тарк этиб улгургани йўқ.

Рашид Қодировнинг қамалиши эса уларнинг келажаги анча қоронғу эканига аниқ ишора бераётир. Унинг ўғли аллақачон юртдан чиқиб кетгани эса катта каламушларнинг четга чиқишига қандайдир тўсиқ қўйилган бўлса-да, каламушзодаларнинг ҳали қочиш имконияти борлигини кўрсатиб турибди.

Бу маълумотлар яқинда Шавкат Мирзиёевнинг кўча жаргонида «ичкарига олинган» деб айтилаётган МХХ амалдорлари «булбулдек сайраётгани» ҳақидаги гаплари ортидан юзага чиқяпти.

Демак, МХХ ёки Бош прокуратура ҳимоясида халқ бойлигини талон-тарож қилганлар ҳақида кўплаб маълумотлар тез орада юзага чиқади.

Айни шу хавфни ҳис қилаётган каламушлар бугун кемадан қочиш ҳаракатига тушиб қолганини ишонч билан айтишга асос бор.
Эндиги вазифа уларнинг қочиб кетишига йўл қўймасликдир. Улар ватан олдида, халқ олдида жавоб бериши керак.

Биз улар деяётган одамларимизнинг номлари эса кўпчиликка маълум. Каримов даврида ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб, халқимизнинг қонини ичганлар, юртимиз бойлигини ташмалаганлар ўз қилмишларига яраша жавоб бериши адолатли жамият қуриш йўлидаги муҳим қадам бўлиши лозим.

Уларнинг жавобгарликка тортилиши эса халқнинг ҳукуматга нисбатан ишончини ошириш билан бирга бугун мансаб курсисига ўтирган амалдорлар учун ҳам сабоқ бўлади.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 июн 2017
Андижонлик шифокорларнинг берган маълумотларига кўра, кейинги пайтларда ари чақишидан шикоят қилиб мурожаат қилувчи беморлар тез-тез учрамоқда. Бу беморларнинг аксарияти ...
10 октябр 2016
Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик ...
30 октябр 2021
29 октябрь куни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманлараро фуқаролик судида шоир Йўлчи Рўзиевнинг Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Юсмоновага қарши ...
30 декабр 2016
Айни кунларда «мустақил газета» деган баландпарвоз мақом билан чоп этиладиган «Ҳуррият» нашрининг илк сони чиққанига 20 йил тўлаётир. Шу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...