Асосий мавзулар
19 ноябр 2018

The Herald: Шотландиянинг биров билмайдиган ширкати Ўзбекистон устидан назорат ўрнатмоқда

Шотландиянинг The Herald газетаси Ўзбекистоннинг йирик компаниялари устидан ўз назоратини ўрнатаётган сирли фирма ҳақидаги навбатдаги суриштирувини эълон қилди. «Элтуз» нашри эътиборингизга мақолани айрим қисқартиришлар билан тақдим қилади.

Суриштирув муаллифи David Leask (Дэвид Лиск), The Herald бош мухбири.

Ўзбекистон телевидениеси бир вақтлар Буюк Британиянинг энг бой одами бўлган миллиардер Алишер Усмонов улкан сармоялар ёрдамида ўз мамлакатини тиклашга ёрдам бераётгани ҳақида хабар қилди. Аммо қоғоз излар Шотландиянинг “бир кунлик фирма”си томон етакламоқда. Бош репортёр Дэвид Лиск суриштиради.

Шота Арвеладзе бахтли инсон. “Рейнжерс” ва “Аякс”нинг собиқ ҳужумчиси бир ярим мавсумдан буён қачонлардир Ўзбекистоннинг қудратли футбол клуби бўлган “Пахтакор”ни бошқармоқда ва ҳаммаси яхши давом этяпти.

Янги спорт кийимидаги грузин ажойиб уй стадиони ўртасида турган ҳолда тасвирга олиш гуруҳига ўз жамоасининг унутилган йиллари нега ортда қолганини ҳикоя қилмоқда.

“Бу йил жамоа барчани хурсанд қилмоқда,- дейди яхшигина  рус тилида кучли акцентда гапираркан грузин. – Алишер Бурхоновичнинг шарофати билан ҳаммаси ўзгарди. Маъмурият. Мураббийлар. Ўйин фалсафаси”.

Бехосдан айтилган исм бир вақтлар Британиянинг энг бой одами ҳисобланган, Бирлашган Қиролликда кўпроқ “Арсенал”нинг собиқ акциядори сифатида танилган ўзбекистонлик миллиардер Алишер Бурхонович Усмоновга дахлдордир.

Аслида жаноб Арвеладзе миллиардернинг исмини тасодифан айтиб қўйгани йўқ. Чунки “Пахтакор”нинг мураббийи O’zbekiston 24 давлат янгиликлар каналида жаноб Усмонов ҳақидаги ярим соатлик лавҳада кўриниш берди.

“Дахлдорлик ҳисси” номли бу мадҳ-шоу кўринишидаги ҳужжатли фильм биринчи бор шу йил ёзда кўрсатилди. Мазкур фильм “Пахтакор”нинг тикланишида ва Тошкентда 1950 йилларда қурилган очиқ ўйингоҳ ўрнига қиймати 100 миллион долларлик ўта замонавий стадион қуриш бўйича улкан режаларнинг ҳаракатланувчи кучи жаноб Усмонов эканига томошабинларда шубҳа қолдирмайди.  

Аммо ушбу фильмда Усмонов клуб хўжайини экани ҳақида бирор марта эслатилмаганини таъкидлаш лозим. Аслида эса “Пахтакор”нинг расмий ҳақиқий эгаси Ўзбекистондаги янги ўйингоҳга эмас, балки Арвеладзенинг “Айброкс”даги собиқ уй стадионига яқинроқ жойдан бўлиши мумкин.

“Пахтакор” Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган SFI Management Group номли “хорижий” компания томонидан ўтган йили сотиб олинган. Бу компания бирор марта акциядорлари кимлигини очиқламаган ва нега “хорижий” сифатида кўрсатилганини тушунтирмаган.

Аммо The Herald томонидан қўлга киритилган корпоратив рўйхат ҳужжатлари SFI биттагина акциядорга эга эканлигидан далолат беради. Бу Жанубий Ланаркширнинг Дуглас шаҳридаги собиқ дўконда рўйхатга олинган Quality Trade Supplies дир.

Қисқача айтганда, QTS Шотландияда кундан кун хунук шуҳрат топаётган чекланган шерикликлардан бири, Transparency International ўзига хос қобиқ вазифасини бажарувчи “пул ювиш воситаси” деб атаган, Марказий разведка бошқармаси эса фирма мазкур мамлакатнинг халқаро обрўсига путур етказишидан огоҳлантирган тузилмадир.

QTS ҳеч қачон ҳисоб-китобга оид ҳужжатларни тақдим этмаган, ҳеч қандай якуний бенефициарини маълум қилмаган. Гарчи фирма бирор бир ноқонуний саъй-ҳаракатларни содир этгани ҳақида тахминлар бўлмаса-да, у нима қилаётган бўлса, барчаси корпоратив сирларга чулғанган. Шунчаликки, унинг SFI даги роли Ўзбекистондаги корпоратив шаффофликни кузатиб бораётганларда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Чунки SFI нафақат “Пахтакор”га эгалик қилади. Компания “ишонч” асосида мамлакатдаги давлат саноатининг катта қисми устидан назорат ўрнатди. Ўзбекистон раҳбарияти билан келишувлар доирасида мамлакатдаги энг йирик “Ўзметкомбинат” металлургия заводи ва сайёрамиздаги энг ифлосланган жойлардан бири – улкан Олмалиқ мис-руда комбинатини бошқаради. Шунингдек, SFI ўз таъсир доирасини дори-дармон, бошқа металлар ва суғурта компаниялари устидан давлат монополияси ҳисобидан янада кенгайтиришга интилмоқда.

Ўзининг оташин репортажида O’zbekiston 24 “Ўзметкомбинат”даги сармояни ҳам, Олмалиқдагини ҳам жаноб Усмонов билан боғлади, аммо миллиардернинг ҳақиқий ролига тўхталиб ўтмади. “Дахлдорлик ҳисси” ҳужжатли фильми Ўзбекистондаги улкан ўзгаришларни шарафлади. Совет даврининг авторитар ҳукмдори, 2016 йилда вафот этган Ислом Каримовнинг аввалги режими тугади, мамлакатнинг янги етакчилари жаноб Усмонов каби эмигрант-олигархлар билан иқтисодий манфаатларни бўлишишга тайёр.

“Алишер Усмонов мамлакатимиздаги қатор муҳим лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда”, дейди янгиликлар канали каптарларнинг само узра парвози видеотасвири фонида. O’zbekiston 24 шундай лойиҳалардан бири – Тошкент металлургия заводи қурилишини мадҳ этади ва у Усмонов “кўмаги”да амалга оширилаётганини айтади.

Ҳозир қизғин иш бораётган, қиймати 278 миллион евро бўлган бу лойиҳа Ўзбекистоннинг ҳали янги президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўтган йили йирик хорижий инвестиция сифатида тақдим этилган эди. Ўтган ойда The Herald бу инвестиция QTS томонидан киритилганини аниқлади. Тошкент металлургия заводи энди “Пахтакор”нинг рақиби “Бунёдкор”нинг уй стадиони қарама-қаршисида SFI билан битта офисни бўлишиб турибди.

Шотландия ва Буюк Британиянинг эгаси кимлиги номаълум бўлган бошқа қатор “бир кунлик компания”лари Ўзбекистоннинг, жумладан, пахта саноатига ва Тошкент шаҳридаги нуфузли офис мажмуаларига инвестиция киритмоқда.

The Herald SFI ва QTS га ўзларининг якуний бенефициарлари номини маълум қилишни сўраб мурожаат этди. Аммо биз жавоб олмадик.

Лондон университетининг Шарқ ва Африка тадқиқотлари мактаби илмий ходими Алишер Илҳомов шаффофлик йўқлигидан жуда хавотирда.

“Олмалиқнинг хусусийлаштирилиши ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш каби келишувларнинг очиқ эмаслиги Ўзбекистонда янги типдаги авторитар режим пайдо бўлаётганидан дарак беради”, дейди у.

“Умуман айтганда, Каримовнинг собиқ режими совет усулидаги бошқариладиган иқтисодиётни сақлаб қолишга асосланган бўлса, Мирзиёев режими бизнесга нисбатан анча дўстона бўлиб чиқди ва хорижий сармояларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда”, дея қўшимча қилди жаноб Илҳомов.

“Аммо янги режим худди аввалгиси каби коррупцияга қарши етарли даражада чоралар кўриш имкониятига эга эмас ва шунинг учун давлат хизматчилари ва, асосан, олигархлардан иборат нодавлат сектор ўртасида махфий келишувларга эришишга мойилдир.

Бу эса аста-секин, биз Россия ва Қозоғистонда кўриб турганимиздек, нисбатан либерал иқтисодий тизим даҳшатли коррупция билан уйғунлашиб кетганга ўхшаш ҳолатга ўхшаб бормоқда”.

Мамлакатга аслида кимлар сармоя киритаётганини аниқлашга интилаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи ўтган ойда Буюк Британия ҳукуматини SLP га таъсир ўтказишга чақирди. Буюк Британия ҳукумати ислоҳотларни кўриб чиқмоқда.

Буюк Британия парламенти қуйи палатасининг ўзгаришлар учун кампаниясига бошчилик қилаётган депутати Элисон Телисс жараён “оғриқли даражада секин” кечаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, вазирлар Ўзбекистондан келаётган хабарлардан хавотирга тушиши керак.

Тадқиқотчи ва ёзувчи Ричард Смит: “Биз икки пантомиманинг гувоҳи бўляпмиз. Жаноб Усмонов QTS томонидан назорат қилинадиган SFI Management Group орқали мамлакат иқтисодиётининг катта қисмини бошқараётгани Ўзбекистонда сир эмас”, дея хулоса ясади.

Бу пайтда эса Буюк Британия ўзини худди якуний бенефициарларни очиқлашни талаб қилаётгандек кўрсатмоқда. Шунга қарамай, қонун қабул қилинганидан буён бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, QTS ўз бошқарувчилари ҳақида ҳеч нарсани маълум қилмаса ҳам жазосиз қолмоқда.

“Ойлар ўтиб, шаффофлик ҳақидаги чиройли сўзларга қарамай, Буюк Британия учун маълумотларни ошкор этиш ҳеч қандай қийматга эга эмаслиги ойдинлашиб бормоқда”.

Давлат телеканалларининг сўзларига кўра, жаноб Усмонов ўз мамлакатини тиклашга ёрам бераётган ватанпарвардир. Бироқ у ягонами? Ўзбек эмигрант-олигархларидан яна бири, минерал саноат соҳасида миллиардер Фаттоҳ Шодиев ҳам SFI га алоқадор. Унинг Лондондаги вакили The Herald билан интервьюда бу фактни бир неча бор рад этди.

Айни пайтда SFI назоратига ўтганидан сўнг “Пахтакор”да нафақат менежер ўзгарди. Клубда янги президент – Бобур Қобулович Шодиев пайдо бўлди. Россия ОАВлари у жаноб Шодиевнинг жияни экани ҳақида хабар бермоқда. Жаноб Шодиевнинг Буюк Британиядаги вакили бу фактларни шарҳлаш учун ўз мижози билан боғлана олмади.

«Элтуз» таржимаси. Мақола оригинали 14 ноябрь куни The Herald сайтида босилган.

Тағин ўқинг
9 октябр 2023
Журналист Ибрат Сафо ёзади: Ўзбекистонда 8 ой ичида 25 минг нафарга яқин бола ота ёки онасиз яшашга мажбур бўлибди. ...
4 май 2018
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 30 апрель кунги ташрифи чоғида сўзлаган нутқида Ўзбекистонни ўз ота юрти дея таърифлади. «Ота ...
5 май 2016
Ўзбекистон фуқароси 36 яшар Муборакхон Усмонова ўз жазмани 55 яшар Азиз Чалишқон (Aziz Çalışkan) тарафидан 27 апрел оқшомида бўғиб ...
18 май 2020
Президент Мирзиёев қизининг эри, президент хавфсизлик хизмати раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаровнинг туғилган кунига атаб ўзбек шоу-бизнеси ва спорт ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...