Мажбурий обуна тўхтатилса, қоғоз газеталар ўлади
Ўзбекистонда мажбурий обунанинг тақиқланиши кўплаб маҳаллий газета ва журналларнинг ёпилишига олиб келиши мумкин.
11 январь куни «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар» порталида эълон қилинган “Ўқитувчи мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бандига кўра, эндиликда ўқитувчиларнинг «босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш қонун билан ман этилади».
«Молиявий аҳволимиз чатоқ. Бу йил атиги 400 та обуна бўлди. Мажбурий обуна йўқ бўлиб газеталар ёпилиш арафасида», деди «Элтуз» мухбири билан суҳбатда ўз исмини очиқлашни истамаган Фарғона вилояти газеталаридан бирида ишловчи ходим.
Газета ходимининг сўзларига кўра, шу пайтгача у ишлайдиган газетанинг доимий обуначилари ўқитувчилар бўлиб келишган.
Унинг тағин билдиришича, мажбурий обунага йўл қўймаслик ҳақида айтилаётган бўлса-да, маҳаллий газеталарнинг «юқорида танкаси борлари илиниб оляпти».
«Масалан, «Водий гавҳари» деган журнал ва газета бор. Ўшанинг муҳаррири Андижон вилояти ҳокимининг жияни бўлади. «Саодат», «Ҳуррият», «Халқ сўзи» каби марказий газеталар қатори унга ҳам давлат ташкилотчилари ишчиларига мажбурий обуна қилдирилди», дейди газета ходими.
Рассом Туз
Eltuz.com