Асосий мавзулар
29 март 2019

РТдан ваъз: Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида

Бизни емиргувчи иллатлар ҳақида гапирсам. Бу калимани юз йил олдин Маҳмудхўжа Беҳбудий айтган эди. Мавзуга киришдан олдин аввалги сафар эшитган пластинкани яна тингласак…

Махтумқули ғазалини Комилжон Отаниëзов қўшиқ қилиб айтяпти. Бу қўшиқни эшитган Ҳиндистон бош вазири Комилжон Отаниëзовга фил совға қилган. Москва зоопаркидаги фил аслида Комилжон акага ҳадя қилинган фил авлоди.

Қўшиқда ваъдага вафо ҳақида гапирилади. Бунинг тескариси эса хиëнат ва алдов…

Манманлик

Бизни кемиргувчи иллатлардан бири – манманлик. Агар кимдир бозорга паттачи бўлса, бурнидан қурт ëғилади. Золимга айланади. Умуман, зеҳниятда кўрилган нарса шуки, кимки бошлиқ бўлса, қамчисидан қон томади. Қўл остидагилар эса лаганбардорга айланади. Нега шундай? Буни билмайман.

Эстония президенти Керсти Кальюлайд

Расмдаги аëл Эстония президенти Керсти Кальюлайд. У Мюнхендаги конференцияда одамлар орасида ўтирганида танишмадиям. У мажлис залидаги эл қатори оддий ўриндиқда ўтирарди.

Мунозаралар пайтида қўл кўтариб савол бермоқчи бўлди. Мажлис модератори унга қараб, ўзингизни таништиринг, деди. Бу зарифа аëл ўрнидан туриб, «Мен Эстония президентиман», деди. Зални енгил табассум қоплади. Бўлар экан-ку девдай тансоқчилару шотирларсиз юрса ҳам.

Бир пайтлар Ўзбекистон ҳам Эстония ҳам битта давлат аъзоси эдик. СССРдаги 15 республикадан бири эдик. Бугун Эстония Европа Иттифоқи аъзоси ва шенген таркибида. Лекин эстонлар совет даврида мустақиллик учун фаол курашган эди. Балки нияти йўлдош бўлиб шу кунларга етдимикин. Майли, мен учун бу аëл энг гўзал сиëсатчи ва нафосату заковат тажассуми. Қўшиқда айтилгани каби – «одобини, ибосини кўринг…».

Майда ўғирлик

Бизни кемиргувчи иллатлардан яна бири – майда ўғирлик. Киноларда бонкани ўмарган ўғрини кўрсам, руҳан бонка эгаси эмас, балки ўғри тарафида бўламан. Аммо ўзи каби қашшоқнинг оғзидаги бир бурда нонини тортиб олган каламушдан нафрат этаман.

Бу воқеа ўтган йил 20 декабрда бўлган экан, бугун айтиб беришди. Россиянинг Челябинск деган олис жойида ишлайдиган ватандошимиз янги йилни бола-чақам билан кутай деб Наманганга келаëтган эди. Тошкент аэропортидаги бер-берлардан омон ўтган бу йигит совға-салом тўла чамадони билан такси кира қилади.

Таксичи унга «Иккита одамнинг пулини берсангиз, якка ўзингизни олиб кетаман», дейди.

Наманганга яқинлашган пайтда машина тўхтайди. «Машина бузилди. Орқага ўтиб итарворинг», дейди шўпир мижозга.

Кўнгли тоза ҳамюртимиз шартта тушиб, машинанинг ортидан итаради. Шу пайт багажнигида йигитнинг чамадони, салонда пальтоси турган машина газ бериб мингга қўйиб қочиб кетади.

Икки кундан кейин ўғри қўлга олинди. Аммо Россиядан Ўзбекистонга меҳмонга келган ҳамюртимизнинг тирриқ бўлган таъби яхшиланмади. Ўғри қамалди. Шартли жазо олиб, яна такси миниб юрибди. Амнистия бўлди, авф қўлланди, деймиз.

Чиқиб келаëтганлар фариштадай кўринади бизга. Аслида ўғри, каззоб, фирибгар кўпи. Чиқа солиб яна бировни қақшатади. Одатда статистика ҳужжатларидаги ўмарди, ўғирлади, деган сўзлар унча таъсир қилмайди. Аммо биров кўз ëш билан сизга ҳикоя қилса, одамнинг кўнгли чўкар экан. Шу бечора мардикор ўзбекни қақшатиб чамадонини олган ҳам ўзбек. Шу водийнинг боласи. Кошки шу чамадонни ўмаргани билан бойиб битиб кетса экан.

Яна бу ўғри қўлга олинганида қариндошлари келиб аризани қайтиб ол¸ пайғамбар ҳам кечирган, деб дағдаға қилгани ортиқча бўлган.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 апрел 2019
2018 йил декабрь ойида Сирдарё вилояти жиноят ишлари суди Сардоба пахта тозалаш заводидаги талон-торожликлар бўйича ишни кўриб чиқди. Айбланувчилар ...
29 апрел 2023
Рассом Туз: Тарих улуғ мураббий. Устозлар ëди муқаддас.  Матчон Суқулиш: Туз оға бугунги гунам эртанг учун тарих. Сиз бугуннан ...
19 июл 2017
Президент Мирзиёевнинг келаси ойдан Давлат Солиқ Қўмитани фискал идора сифатида тугатиши, унинг фаолияти Молия вазирлиги ва прокуратурага бўлиб берилиши ...
2 апрел 2018
Ўзбекистоннинг иқтисодий қон томири, олтин-валюта захираларини ўзида сақловчи Марказий банкнинг яна бир юқори мулозими, 23 йил давомида собиқ раис ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...