Кўзқараш
4 декабр 2019

Ярим тунда отган (т)онг манзаралари

(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб)

1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек билан шоир Омон Матжоннинг уйида меҳмонда бўлганимизда, у ерга биз каби меҳмон бўлиб келган кишилардан бири Муҳаммад Солиҳ ҳақида: «Солиҳ замонамиздан анча олдинга ўтиб кетган, биз ҳозир уни тушунмаймиз, аммо кейинроқ  унинг замони  келади ва одамлар уни тушуна бошлайди», деган эди.

Ўзи бир завод директори бўлган, аммо шеърга ва шеър ёзишга иштиёқманд бу одамнинг гапи мени ҳайратга солганди ўшанда.

Чунки мен учун Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари шу пайтгача мен ўқиган шоирларнинг шеърлари орасидаги энг тиниқ шеърлар эди. Аммо йиллар ўтиб, бу одамнинг гапида жон борлигига  амин бўлдим.

«Тушуниш» деганда бу одам онгли ёки «онгсиз» равишда Муҳаммад Солиҳнинг шеърларидаги услуб хусусиятлари ёки ўзбек шеъриятига у олиб кирган янгича ташбиҳ шаклларинигина эмас, балки мутлақо янги бир маънавий поғонани, юксакликни ҳам назарда тутганини англадим.

Ҳақиқатан ҳам, қарийб 30 йилдан бери Муҳаммад Солиҳ шеърларининг унинг Ватанида тақиқланиб келаётганини  фақат шоирнинг сиёсий фаолияти билан изоҳлаш масалага жўн ёндошув бўлар эди. Бугун шоирнинг шеърларига қўйилган узун замонли бу тақиқ фақат сиёсий эмас, балки маънавий бир илдизга ҳам эга эканлигини англаш қийин эмас.

Омманинг маънавий эҳтиёжи бозор лапарчилари савиясида бўлган, ожизларни, адолатни топтаб, мансаб курсисига тирмашиш доктринаси ва ҳирсга, бойлик орттиришга йўналтирилган ҳайвоний истак мутлақ устувор бўлган бир жамиятда Муҳаммад Солиҳнинг шеърларига эҳтиёж бўлмаслиги табиий ҳол эмасми?

Шоир шеърларини «сиёсий сабабларга кўра» тақиқлаган ўғрилар ҳокимиятининг ўзи шу жамият маънавияти маҳсули эмасми?

Олдинги диктатор И.Каримов ўлганида «қалбимнинг қуёши сўнди», дея ёқа йиртиб йиғлаганлар ва бугунги кунда бу қотилнинг издошига мадҳиялар тўқиётган ва ҳамду санолар айтаётган қофиябозлар «асарлари» жамиятнинг асосий емишига айланган минтақада М.Солиҳ шеърларининг тақиқланишидан ва унинг бундай жамиятда севилмаслигидан ҳам мантиқлироқ нарса борми?

Ўзбек адабиёти учун қилган улкан меҳнатларига қарамай, на советлар пайтида, на ундан кейинги мустақиллик йиллари давомида биронта мукофот ёки титул олмаган, мукофот олиш у ёқда турсин, Ўзбекистон мустақиллигининг илк йиллариданоқ шеърлари тақиқ остига олинган Муҳаммад Солиҳ ҳануз ўзбек жамиятига келажакдан келган бир ўзга сайёралик каби бегоналигича қолмоқда.

Бу унинг энг табиий ижтимоий мақомидир. Умрининг деярли ярми қувғинда кечганига карамай, унинг «Менга шундай бир тақдир ёзгани учун Аллоҳга тинмай шукр қиламан», деган эътирофи замирида ҳам шу гизли ҳикмат ётади.

Аслида М.Солиҳ тарафидан олинган бу «бегоналик» советлар давридаёқ яққол кўзга ташланган эди.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон билан суҳбатда Муҳаммад Солиҳ совет даврида ёзган мақола ёки насрий асарларида совет атрибутикаси ва тимсолларини тарғиб қилмаган нодир шахсиятлардан бири эканлиги айтилди ва бу ҳам бир ҳақиқатдир.

Совет режими ва ундан кейин келган посткоммунистик режим шоирни «ҳазм» қилолмаслиги ҳақида  шоирнинг ўзи бундай башорат қилган эди:

«…Ҳамма ухлар. Ухлайди барча.
Ёлғиз қолдинг дарча ёнида-
Ёлғиз ҳазм бўлмаган парча
Улкан қушнинг жиғилдонида.
(«Учоқда», 1981)

Яъни ҳамма ухлаётган учоқда бир киши уйғоқ, уйғоқлиги учун ҳам ҳазм қилинмаган (тирик), ассимилацияга учрамаган бир фард (шахс) ўтирибди учоқда.

Айни тимсол М.Солиҳнинг  “Ҳали пайдо бўлмади жануб” шеърида ҳам бўй кўрсатади:

«Ҳали пайдо бўлмади жануб,
Ҳали ухлаб ётар кунчиқар.
Менинг тонгим отди ўртаниб,
Ярим тунда отиб жунжиқар.

Уйғондингми, илож йўқ ҳайҳот,
Бирдан кўзлар уйқудан тонса.
Энди қўлларингни сен уйғот,
Қулоғингни уйғот, – сен тонгсан…» (1979)

Бу шеърда ҳам «ҳаммадан олдин» уйғониб, ярим кечада отган тонгга айланган бир шахс тимсоли акс эттирилган.

Фақат бир марта, «Гулистон» журналининг 1976 йилги сонларидан бирида М.Солиҳнинг совет таъсиридан «стерил» тозалигига қарши бир мудоҳала қилинди: журналнинг ўша пайтдаги муҳаррири Асқад Мухтор М.Солиҳнинг «НАМОЙИШДА» номли шеъри якунида, шоирдан изн сўрамай, «Ленин» деган сўзни тиркаб қўйди.

Чунки совет анъанасига кўра, намойишлар ҳеч қачон Ленинсиз, социалистик инқилобнинг бу йўлбошчиси сиймосисиз тасаввур қилина олмас эди.

НАМОЙИШДА

Елкансиз кемадай мен каловланиб,
Одамлар ичида бораман.
Турфа кўйликларда товланиб
Намойишга оқар оломон.
Қуёш теккач, турфа ранг сачраб
Менинг кўзларимга юқади.
Сўнг чеҳра, башара ва юзлар ичра
Сенинг сиймонг сузиб чиқади.
 
Албатта, шоир муҳаррирнинг бундай «ташаббус»идан қаттиқ ранжиди ва унга кескин шаклда ўз норозилигини билдирди.
 
ОЗОД ҚУШНИНГ «ЭРКАТОЙ»ЛИГИ

Шоирнинг совет режимига мутлақо ёт, бегoналиги ҳақида гапирар эканмиз, айни пайтда, шуниси қизиқ-ки, ўзининг мақолаларидан бирида Муҳаммад Солиҳ ўз шахсига нисбатан  «cовет эркатойи» деган жумлани ишлатганини кўрамиз. Табиийки, бутун руҳияти аксилсовет бўлган бир ижодкорнинг ўзига нисбатан бундай сифатни бериши заъмирида ётган аччиқ киноя ва ҳатто заҳархандани кўрмаслик мумкин эмас.

«Совет эркатойи» жумласи аслида унинг совет режими цензурасининг бутун ”ҳушёрлиги” ва босқиларига қарамай, шеърларида доим ўз дунёқарашини ифода эта олганигa ишора эди. Бу хусусни шоир ўз шеърида бундай ифода қилади:

ШЕЪРИЯТ САНЪАТИ

Аёллар юзидан буюк инқилоб
Сидириб ташлаган паранжиларни,
Афу этинг, ўзимча ишлатдим шу тоб –
 Юпун сўзларимга кийдирдим барин.
«Шеъринг мавҳум», дея қилмангиз пичинг,
Шеър нозик паранжи ичида яшар –
 Уни ҳам сидириб ташламоқ учун
Балки лозим бўлар яна бир Ҳашар.

(Инкилоб)
1985

 
Яъни бу эркатойлик озод бир қушнинг эркатойлиги эди. Калтабин цензуранинг «қуш тили»ни англамаслиги бу эркинлик гарови эди, совет режими ҳали эркин қуш билан ўз манфаатларининг кесишаётганидан хабари йўқ эди. Шоир эса аллақачон тақиқ дарвозасида тешик  очган эди:

ТАҚИҚ ДАРВОЗАСИ

Юмган бўлдим ёлғондан кўзимни,
Уйқу дори солдим шуур оғзига.
Ва секин етаклаб бордим ўзимни
Тақиқнинг нақшинкор дарвозасига.
 
Қўлим дарвозага қўйганим замон,
Ёқамдан ушлади ногаҳон ҳайрат:
Унга тaшдан тамба урилган экан
Девнинг ҳассасидай баҳайбат!
 
Дарвоза ортида эса менингдек,
Кимдир нафас олар, кимлигин билмам…
-Наҳот, тамбаланган,- дея қотдим тек,-
Бу шўрлик дарвоза у ёғидан ҳам?!

1983

Яна шуни таъкидлаш лозимки, шоирнинг бундай “эркатой”лиги ўз асарлари учун совет давлатидан қўш-қўш медаль ва орденлар олаётган «қаҳрамон» совет ёзувчиларнинг эркатойлигига диаметрал тескари моҳиятдаги эркатойлик эди. Бу эркатойларнинг биринчиси Руҳ, иккинчиси Режим эркатойлари эди.

Ва бу «эркатойлик»нинг яна бир муҳим жиҳати шунда эдики, унда советларнинг нишондор эркатойларида кўзга ташланган қул зеҳниятига хос мутелик, яъни Масъулиятсизлик эмас, балки озод бир инсонга, буюк бир истеъдодга хос бўлган улкан бир Масъулият зоҳир эди. Бу Санъат, Сўз, Маънавият, Халқ ва Ҳақ олдидаги масъулият эди.

ШЕЪРНИНГ ТАРЖИМАИ ҲОЛИ

Шеърнинг ўз таржимаи ҳоли бор, бу таржимаи ҳол шу шеър муаллифининг таржимаи ҳолидан анча каттароқдир. Чунки шеър ёзилиб, нашр қилинганидан сўнг у шу шеърни ўқиган ва севган бутун бошли бир халқнинг таржимаи ҳолига айланади, яъни халқ бу шеърни ЯШАЙДИ –  шеър бевосита ва билвосита қайсидир маънода миллионларнинг ҳаёт тарзига дўнади. Бундай миқёсдаги шеърни ўзгартириш ҳуқуқи, руҳоний ҳуқуқ, менимча, ҳатто муаллифнинг ўзига ҳам берилмаган…  

Муҳаммад Солиҳнинг ўз шеърларидан бирини, «У бирдан ўзини бахтиёр сезди” шеърини бир фотосуратга мослаб ўзгартирганини кўрганимда бошимдан шундай фикрлар кечди ва айни пайтда шоирнинг «Шаффоф уй» шеърида ифода қилинган, муайян бир юксакликдаги шахснинг ҳеч қачон ўз шахсий ҳаёти бўлмаслиги, у муҳaққақ равишда доим эл кўзи ўнгида қолишга маҳкумлиги ҳақдаги образни эсладим.

Муҳокамамиз мавзуи бўлган шеърнинг асл матни қуйидагидай эди:

У БИРДАН ЎЗИНИ БАХТИЁР СЕЗДИ

У бирдан ўзини бахтиёр сезди –
Юраги капалак сингари енгил.
Унинг ҳазил қилгиси келди,
Алдагиси келди унинг кимнидир.
Чўнтагига ноннинг ушоғин солиб,
Хиёбонга борди. У ерда
Дайди кабутарга нон бераётиб,
Секин шивирлади: «Мен – бойваччаман!»
1978

Бу шеър 1970 йилларда ўзбек шеъриятида чоп этилган энг танилган шеърлардан биридир. Шеър шуниси билан фавқулодда ва янги эдики, бу шеърнинг на шаклида, на унда ифода қилинган кайфиятда, на «фабула»да ўша пайтда ўзбек совет шеъриятида удум бўлган шеърий «поза»ни – муаллиф зиммасига  юкланган “ижтимоий-сиёсий юк” оғирлиги ва жиддиятидан чимирилган қошларни (шоирда ёки шеърда) топиш мумкин эди.

Худди матнда айтилгани каби «капалак енгиллиги» бор эди бу шеърда. Бу занжирдан мосуво руҳнинг ҳафифлиги эди.

Энди бу шеърни шеър ёзилганидан роппа-роса 40 йил ўтганидан сўнг «Фейсбук»да шоир бизга тақдим этган янги бир шакл ва заминда, янги персонажлар иштирокида кўринг: каптар ўрнида – оққуш, хиёбон ўрнида – кўл, кўл бўйида эса оққушга дон бераётиб, «Мен бойваччаман»,  деётган шоир.

Шеърнинг бу кўринишида йўқотилган нарсалар: мағрур оққушда – каптар хокисорлиги, муҳташам кўлда – хиёбон маъюслиги, кўл бўйида ўтирган шоир тасвирида эса аввалги матнда шаҳар хиёбонида ёлғиз кезиб юрган шоир образида мавжуд булган Фақирлик ифодаси йўқ.
 
Умид қиламизки, шоир кейинроқ шеър устидан (ва айтиш мумкинки, шоирнинг кўплаб мухлислари туйғулари устидан ҳам) расмга мослаб ўтказилган бу «эксперимент»дан воз кечиб, уни эски ҳолида қолдирган, негаки бу матн кейинроқ интернетда кўзга ташланмади.

Ижоди халқ манавиятининг бир қисмига айлангани туфайли ўз ижодига «тузатишлар» киритиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш, менимча, ижодкор орзу қилиши мумкин бўлган энг катта мукофотлардан биридир.
 
ШОИР ВА УНИНГ СЎЗИ
 
Муҳаммад Солиҳ асарлари ўзининг бутун максимализми, романтизми билан ва ҳукмрон совет воқелигига мутлақ бегона бўлганига карамай, совет даври ўзбек адабиётида шу пайтгача ёзилган энг реалистик, ҳаётий асарлардан бўлди.

Унинг ҳар қандай ижтимоий буюртма, «сиёсий юк»дан, яъни носамимийликдан холи шеърлари ўзбек шеъриятига узоқ йиллардан бери унут бўлган табиийликни, тирикликни қайтарди. Ўзбек китобхонини воқеликка, совет режими сунъий равишда бунёд этган совет воқелигига эмас,  балки умумбашарий воқеликка қайтарди.

Муҳаммад Солиҳ шахси мисолида жамиятда шу пайтгача «шоирнинг ҳаёти ўз йўлига, унинг ёзганлари ўз йўлига» қабилидаги ҳеч қаерда эълон қилинмаган, аммо ҳамма томонидан жимгина қабул қилинган тушунчага қарши бир муқобил, бир алтеранатив пайдо бўлди: жамиятдаги янги шоир образи энди илгаригидай савдойи, тарки дунё қилган дарвиш, сўзининг ўзига алоқаси йўқ бир банги илҳом бандаси эмас, балки ўз сўзининг орқасида турган ва унинг масъулиятини ўз зиммасига олган бир реалист, аммо айни пайтда собит бир идеалист сифатида намоён бўлди.

Яъни жамият Муҳаммад Солиҳ ижоди ўрнагида фавқулодда бир маънавий мақом, чин маънодаги Сўз масъулияти мақоми билан юзма-юз келди.

Ўзбек жамиятида янгича маънавий категориялар билан майдонга чиққан шоир ўз зиммасига олган Сўз масъулиятини қуйидаги сатрларда ифодлайди:

СЎНГГИ ИМКОН

Гоҳо қувонч кирар юракка:
Менда ахир имкон бор ҳали
«Шеър – севги» деб алдамасликка
Озодликни севган инсонни!
Бисотимда имкон бор, ахир –
Қаламни синдириш имкони!

1975


Ёзар экан, ҳаётидаги энг сўнгги сўзини айтаётгандай ёзиш, айтадиган сўзи қолмаганида эса сўзни тўқишдан, ўзини ҳам, ўқувчини ҳам алдашдан тийилиш, яъни қаламни синдириш имкони борлиги шоирга улкан руҳий кўтаринкилик, илҳом ва некбинлик бахш этади.

Бу максимализм, бу руҳий ҳолат унинг кундалик ҳаётида ҳам айнан шу тарзда рўй кўрсатди.

Совет даврида ва, умуман, аксарият даврларда Сўз ва Ҳаёт ўртасидаги фарқ Ҳаёт ва Мамот ўртасидаги фарқдай катта бўлган. Ҳамма ҳам гапирганидай яшаб, яшаганидай гапира олмаган.

Муҳаммад Солиҳнинг Сўзи ва унинг Ҳаёти ўртасида тафовут бўлмаганини кўрсатувчи шундай бир ибратли воқеа ҳақда шоирнинг дўстлари менга гапириб берган эди.

Муҳаммад Солиҳ ўз ишлари билан Москвага бориб, у ердаги меҳмонхонaлардан бирида турган пайтида у ердаги ошхонада хизмат қилувчи бир ошпаз йигит билан бошқа бир одам ўртасида жанжал чиқади ва асли касби қассоб бўлган бу йигит жанжаллашган одамнинг бўйнига улкан бир қассоб пичоғини тираб, уни гаровга олади.

Воқеа бўлаётган жой –  меҳмонхона коридорига тумонат одам тўпланиб, ҳеч ким кўзи қонга тўлган бу одамнинг ёнига бориб, гаровга олинган одамни қутқаришга журъат қилолмай турган пайтда ўз хонасида шеър ёзиб ўтирган Муҳаммад Солиҳ шовқин-суронни эшитиб, коридорга чиқади ва юқорида баён этганимиз мудҳиш саҳнани кўради. Меҳмонхона коридорига гиламлар тўшалгани учун шоир оёғига шиппагини кийишга ҳам ҳафсала қилмай, оёқ яланг ҳолда ҳаёт-мамот ўйини кетаётган жойга қараб юради.

Одам ўлдиришга тайёр турган қассоб қўлидаги пичоқни гаровга олинган одамнинг бўйнига тиқиб юбормаслиги учун шоир жуда сокин ва эҳтиёткор ҳаракат қилиб, унга яқинлаша бошлайди ва ўртада бир ярим метрча қолганида бирдан қассобга ташланади ва чаккасига калла уриб, уни ерга қулатади ва ҳушидан кетган қассобнинг қўлидаги пичоқни олиб, гаровга олинган одамни қутқаради…    

Шоир ўз ҳаётини таҳлика остига қўйиб, бошқа бир одамнинг ҳаётини қутқариш сингари бир қаҳрамонлик қилишдан бор-йўғи бир неча дақиқа олдин энг нозик туйғуларга тўла шеърий сатрлар битиб ўтиргани – шоирнинг Шеъри  ва унинг Ҳаёти ўртасида ҳеч қандай масофа йўқлигини намоён қилади.

Бу драматик воқеа шоирнинг илк шеърларидан бирини эсимизга солади:
 
БИР БОР ЭКАН, БИР ЙЎҚ ЭКАН
 
Бир бор экан, бир йўқ экан,
Қадим замонларнинг бирида
Баҳодир ўтган экан…
Қора ўрмонларнинг бағрида
Арслон яшар экан баҳайбат…
Буви! Нега баҳодирлар ҳаммаси
Фақат қадим замонларда ўтаверади?
Арслончи, қани ўша арслон, Бувижон?
Нега у ярим тунда, ғафлатда ётган
Мени уйғотмайди, Наъра тортмайди?!

1976

Яъни шоир қаҳрамонлар фақат эртаклардагина бўлишига ҳеч рози бўлмаган, Сўз ва унинг амалдаги ижоботи шоир маънавий дунёси учун доим муҳим бир жиҳат бўлган.  

Шоирнинг «Оқ кўйлаклар» шеърий тўпламида чоп этилган қуйидаги шеърда ҳам шоир Сўзи ва унинг Ҳаёти мустаҳкам бир боғ-ла боғланганини кўрамиз:  
   
СЎЗ ДАРДИ

«…Қоғоздан мен қўрқиб ўсдим.
Шу боис, тунларим бефайз.
Сен-чи, қўрқмайсанми, дўстим
Тунда, қоғоз билан юзма-юз?
 
Кўз ёшингга ботириб қалам,
Қўрқинчли эмасми бўзламоқ,
Оқ қоғознинг юзига қараб
Фақат ҳақиқатни сўзламоқ?
 
Қўрқинчли эмасми, чироқ атрофида
Бадбашара сўзларнинг рақси,
Қоғоз – кўзгу, титрамайсанми
Унда пайдо бўлса ўз аксинг?
 
Ўлаётган одам лабига
Кўзгу тутган киши каби, ваҳм
Босмайдими, кўзгуни тутсанг
Ҳақиқатнинг лабига сен ҳам?..
 
Ниҳоят ким дардингдан кулса
Ва сени бу қоғоздан, Сўздан –
Қўрқинчингдан айирмоқ бўлса,
Қўрқинчли эмасми сенга?…»

ДАВРНИ ИККИГА БЎЛГАН ЖАҲД

(”Ўзбек адабиёти Муҳаммад Солиҳсиз ўзбек адабиёти бўлолмаслигини билганлари ҳолда Ўзбекистонда Муҳаммад Солиҳ ҳақда лом-мим дейишмайди”. Рауф Парфи. «Озодлик» радиоси)

Ўзбек адабиёти 1970 йил ўрталаридан то 1990 йилгача бўлган қисқа бир муддат ичида олдинга қараб жуда улкан бир одим ташлади ва, ҳеч шубҳасиз, ўзбек адабиётининг бу илгарилашидаги марказий рол Муҳаммад Солиҳга оид эди. Муҳаммад Солиҳ адабиёт майдонига кириб келганида «классик»ликни  иддао қилган кекса коммунист ёзувчилар «Бу бола бизнинг адабиётимизни йўқ қилмоқчи», дея айюҳаннос солдилар. Муҳаммад Солиҳ эса уларгa: «Қўрқманг, мен сизнинг адабиётингизни йўқ қилолмайман», деб жавоб берди. Чунки зотан, уларнинг коммунистик, сохта адабиёти йўқликка маҳкум бўлган адабиёт эди.

Муҳаммад Солиҳнинг шеърлари ўша давр учун шу қадар янги эдики, ҳатто унинг тенгдоши ва дўсти бўлган шоирлардан баъзилари «булар шеър эмас», дейишгача боришди. Аммо орадан бир неча йил ўтгач, ўзлари инкор қилган бу асарларнинг шеър, шеър бўлганда ҳам ўзлари илгари ҳеч тасаввур қилолмаган юксакликдаги шеър намуналари эканлигини тан олишди.

Муҳаммад Солиҳ шеърларининг ўша давр учун нақадар янги, фавқулодда асарлар бўлганига доир яна бир воқеани эслайман. 1980 йил бошларида, Москвадаги Адабиёт институтида ўқиб юрган кезларимда институтга ўша ерда ҳарбий хизматни ўтаб, уйига, Ўзбекистонга қайтаётган бир аскар бола келди. У ўзининг шеър ёзишга қизиқишини ва Муҳаммад Солиҳ шеърларини севишини айтиб қолди, шунда мен унга Муҳаммад Солиҳнинг яқиндагина нашрдан чиққан «Оқ кўйлаклар» китобини кўрсатдим.

У китобни қўлимдан олиб, ярим соатча китобга муккасидан кетиб ўқиди ва кейин бирдан ўрнидан сакраб туриб, кўзларида ваҳший бир ҳаяжон билан: «Мана шу шеърларни ёзган одам бизнинг замонамизда яшаяптими-а? Шу одам биз билан бир ҳаводан нафас олаяпими-а?» дея узундан-узун хитоблар қилди, ваъз ўқиди. Бу киши ҳозир Ўзбекистонда анча танилган шоирлардан бири.

Бугунги китобхон ўзбек шеъриятининг ва, умуман, ўзбек адабий-фалсафий тафаккурининг бугунги савиясини худди шундай бўлиши керакдай, бу бир нормал, кундалик адабий жараён самараси сингари қабул қилади ва бунда бир ҳайратланарли нарса кўрмайди.

Аслида эса бу 15 йиллик давр ичида ўзбек адабиётида мислсиз бир юксалиш юз берди, хусусан, Муҳаммад Солиҳ шахси ва унинг ижоди намунасида ўзбек китобхони ва халқ ақл бовар қилмас кучли бир руҳий сафарбарликка, яъни Жаҳдга гувоҳ бўлди.

Ишонаманки, келгусида 20-аср ўзбек адабиётини ўрганувчи закий тадқиқотчилар бу давр адабиётини иккига бўладилар: биринчиси, Муҳаммад Солиҳ адабиётга кириб келгунча бўлган давр ва иккинчиси – у адабиётга кириб, ўз фаолиятини бошлагандан кейинги  давр. Албатта, баъзиларга бу фикр жуда иддаоли эшитилиши мумкин, аммо адабиётни чуқур англаган ва унинг тараққий этиш қонуниятларини билган олимлар буни ҳеч инкор этолмайдилар.

МАҚСУД БЕКЖОН
04.12.2019

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 декабр 2018
Ўзбек мухолифати лидери, шоир Муҳаммад Солиҳ туғилган куни арафасида унинг Янгибозордаги туғилиб ўсган уйига дўстлари, сафдошлари, мухлисларидан иборат бир гуруҳ ...
7 апрел 2018
Амир фармонида нуфузли кишилардан иборат мажлис, давлат хазинасини таъсис этиш ва мамлакат бюджетини белгилаш, пойтахтда босмахона очиш, саноат ва ...
12 июл 2017
Фарғона вилоятининг барча туманларидаги аксарият мактабларнинг ўқитувчилари баклашка (салқин ичимликлардан бўшаган елим идиш) йиғишга мажбурланмоқда. «Бизнинг мактабимизга бир кунда ...
14 декабр 2015
Шу кунларда, Озодлик радиоси ва бошқа бир қатор сайтлар тарқатган хабарларга кўра Ўзбекистон бўйлаб МХХ, милиция ва маҳалла фаоллари ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...