Асосий мавзулар
21 январ 2020

Олтинларимизни нега сотяпмиз?

Ўзбекистон сўнгги йилларда тобора кўпроқ олтин сотмоқда. Шунга қарамай, мамлакатнинг ташқи савдо айламасида салбий сальдо ҳажми ошиб боряпти. 

Масалан, мамлакат 2018 йилда 70 тонна олтин сотган бўлса, 2019 йилда тахминан 5 миллиард долларга 110 тонна олтин экспорт қилди.  

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 90-100 тонна атрофида олтин қазиб олинади. 

Марҳум президент Ислом Каримов даврида бу олтинларнинг тақдири номаълум эди. Қанча олтин сотганимиз, қанча қазиб олганимизгача мавҳумлигича қолиб кетаётганди. 

Лекин Шавкат Мирзиёевнинг “ошкоралик замони”да эса бу борадаги рақамлар бирмунча ойдинлашди. 

Марказий банк раиси биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов тилла сотувига оид ижтимоий тармоқларда авж олган муҳокамаларга жавобан ўтган йили валюта бозоридаги интервенциялар ҳажми 3,8 миллиард доллар бўлгани, бу эса ишлаб чиқарилган олтин ҳажмидан камроқлигини билдирди.

Ташқи савдога оид кўрсаткичларни солиштирганимизда, юқорида келтирилган расмий рақамларга кўра, Ўзбекистон олтин сотиш ҳажмини йилдан йилга ошириб бораётганини кўриш мумкин. 

Хўш, бу нимадан дарак беради?

Аввало, Ўзбекистоннинг сўнгги икки йилдаги ташқи савдо айланмаси ҳажмига эътибор қаратиш керак бўлади. 

UzStat маълумотларига кўра, 2018 йилда ташқи савдодаги салбий сальдо $ 5,2 млрд бўлган бўлса, 2019 йилда $6,4 млрдни ташкил этган. 

Ўзбекистоннинг ўтган йилги ташқи савдо ҳажми 2018 йилдагига нисбатан аввалги йилдагидан 26,2 фоиз кўп бўлгани, бир томондан қараганда, қувонарли кўрсаткич. 

Аммо ташқи савдодаги салбий сальдо ҳажми ошиб бораётгани ҳақида бундай деб бўлмайди. 

Экспортда қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо металлар улуши жуда катта, яъни 5,1 миллиард долларни ташкил этади. 

Жами 17,9 миллиард долларлик экспортимизнинг учдан биридан сал ортиқроғи шу товарлар ҳиссасига тўғри келмоқда. 

“Сўнгги икки йилдаги статистика фонида таҳлил қилсак, мамлакатимиз тилла сотиш орқали экспорт-импортдаги мувозанатни имкон даражасида сақлаб қолишга интилаётганини тахмин қилиш мумкин”, дейди “Элтуз” билан суҳбатда иқтисодчи Санжар Ақилов.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон янги технологик ускуналарни сотиб олиш орқали ўз саноатини модернизация қилиш жараёнида турибди.

Бу жараёнда экспорт-импорт мувозанатини сақлашда шу вақтгача меҳнат мигрантларининг юборадиган маблағлари етакчи роль ўйнаётган эди.

“Аммо сўнгги вақтларда технологик ускуналар сотиб олиш ҳажми ошгани, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш суммалари кўпайгани каби омиллар ортидан меҳнат мигрантлари юбораётган маблағ ташқи савдодаги мувозанатни сақлаб қолиш учун етарли бўлмай қолди. 

Ҳукумат бу мувозанатни солиқ ва божхона тарифларини муқобиллаштириш, яъни қайсидир жойда камайтириш, қаердадир кўпайтириш орқали ечиш ҳаракатида бўляпти”, деди иқтисодчи. 

Унинг фикрича, Ўзбекистон каби ривожланиш йўлига ўтаётган давлатлар учун ташқи савдодаги сальбий савдо ҳажми ошиши ижобий ҳолат эмас.

Ҳозирча Ўзбекистон бунинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида ўзи ишлаб чиқараётган олтиндан фойдаланмоқда. 

“Лекин бу жараённинг узоққа чўзилиши яхшиликка олиб келмайди. Биз ташқи савдодаги мувозанатни олтин сотувисиз сақлаб туриш йўлини қилишимиз керак. Ҳозирча барча умид янги технологияларга тиккан пулимиз ўзини тезроқ оқлашида”, деди “Элтуз” суҳбатдоши Санжар Ақилов.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Хоразм вилоятининг Шовот, Жиззах вилоятининг дўстлик, ...
19 ноябр 2021
Тошкент вилояти Ўртачирчиқ ҳокимлиги биносида 43 ёшли депутат Феруза Бабашованинг депутатлик иши ва одоб-ахлоқи муҳокамаси бўлиши режалаштирилган йиғилиш депутатнинг ...
21 август 2020
Мезон кечди. Қандай шошиб кечди бу мезон. Ҳосил тўла араваси лойларга ботиб Сочи оқарди. Мезон кечди. Қандай маъюс кечди ...
4 сентябр 2017
ЎзМТРКда йил давомида узлуксиз раис алмашувидан сўнг тағин Алишер Хўжаев раис бўлди. Уни шу йилнинг февралида Мирзиёев ишдан бўшатган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...