Зироат Ҳошимова ва унинг куëвлари
Президентнинг куëвлари бир-бири билан низолашмоқда. Президентнинг хотини Зироат Ҳошимова эса Иноятов назоратида. Бу иддаолар устига қурилган тахминлар бугунги кўрсатувда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг энг ишонган давлат амалдорлари МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг собиқ раиси Рустам Иноятовнинг жосусларидир. Бундай ақл бовар қилмас иддао билан “Элтуз”га мактуб йўллаган шахс ўзининг «ҳукуматда муҳим вазифа» бажаришини ўткан сафарги кўрсатувда таъкидлаган эди.
«Ҳукуматда муҳим вазифа» бажарувчи аноним шахс йўллаган мактуб икки қисмдан иборат.
Мактубда, шунингдек, Ўзбекистон ҳокимиятининг юқори эшелонларида президент Каримов ўлимидан сўнг юз берган эврилишлар таҳлил қилинган.
“Элтуз” мазкур мактубдаги даъволарнинг баъзиларини текширди. Баъзиларига аниқлик киритди. Ўзининг ҳукуматдаги манбалари орқали мактубда келтирилган маълумотларни қисман тасдиқлатди.
Мактуб билан танишганлардан бири уни йўллаганлар “янги бош вазир учун йўл очиш мақсадида амалдаги бош вазирни ëмонотлиқ қилиш” мақсадини кўзлаган, дея фикр билдирди.
Айни пайтда Ўзбекистон бошқарув элитасининг ëпиқлиги боис барча иддаоларни текшириш имкони йўқ. Аммо биз тақдим этилаётган маълумотларнинг Ўзбекистон келажагига таъсири ва потенциал аҳамиятини инобатга олиб, мактубниниг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз. Ҳукм чиқариш азиз ўқувчиларга, маълумотни текшириш Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига ҳавола. Мактуб-мақола “Зироат Ҳошимова ва унинг куëвлари” дея сарлавҳаланган.
Зироат Ҳошимова ва унинг куëвлари
Ким Шавкат Мирзиёевга катта куёви Ойбек Турсуновни президент администрациясига қўйиш маслаҳатини берган бўлса, куёвнинг характери қандайлигини ва бундай тайинлов қандай оқибатларга олиб келишини яхши биларди.
Ким Ойбек Турсуновнинг акаси Отабекни ички ишларга қайта тиклашни тавсия қилган бўлса, оқибатлари нима бўлишини жуда яхши биларди. Бундай ташаббуслар фақат бир мақсадни кўзлаганди – президент обрўси ва эътиборини тушириш.
Улар ака-укалар ҳалол ишлай олмасликлари ва ўзганинг мулкини тортиб олишдан бошқасига ярамасликларидан яхши хабардор эдилар. Ёшлигидан товламачиликка ўргатилган шахснинг қўлидан бошқа иш келмайди. Бугун матбуот ака-укаларнинг қилмишлари тўғрисидаги анчайин тўғри маълумотларга тиқилиб кетган.
Кичик куёв Отабек Умаров масаласида ҳам айни услуб қўлланилди: оператив ва тергов иши ҳақида заррача тасаввурга эга бўлмаган ғўр йигитга хавфсизлик хизматида масъулиятли вазифа топширилди.
Отабек Умаровнинг мутлақо тажрибасизлиги ва унга келадиган маълумотлар оқими чекланганини олдиндан билган бизнинг қаҳрамонлар – Зайнобиддин Низомиддинов, Абдулла Арипов ва Очил Раматов ўз таниш-билишларини ишга солиб, Отабек Умаров атрофига хавфсизлик хизмати ходимларини жойлаштира бошладилар.
Отабек Умаров болалигидан жамоатчилик эътиборидан четда ўсди. Аммо у ҳақда на Қўқонда ва на Тошкентда маълумот деярли бўлмаганидан унумли фойдаланишди.
Етарли билимга эга бўлмаган, узоқни кўра олмаган ва бир-бирига адоват руҳида бўлган Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров ашаддий душманларга айланди ва бир-бирини ғажиб тамом қилди.
Аҳвол шу даражага етганки, улар ўртасидаги адоватни ҳаттоки президентнинг уринишлари ҳам тўхтата олмайди. Икки куёв аввал бошданоқ уларнинг ҳар бир қадами президент имижига таъсир қилишини яхши тушунишлари керак эди.
Афсуски, Ойбек ҳам, Отабек ҳам бу оддий ҳақиқатни англайдиган даражада онгли эмас. Бу ерда уларга ўрнак сифатида Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф Иноятовни мисол қилиб келтириш мумкин.
Кошки икки куёв у каби узоқни кўра билсалар ва сабрли бўлсалар эди. Кичик давраларда икки куёв Шариф Иноятовни қанчалар ёмонлашмасин, бирор бир жиҳатдан унга тенглаша олишмайди.
Абдуллаевга қарши кампания
2019 йил бошида Ихтиёр Абдуллаев ва Отабек Муродов гуруҳларига қарши кампания бошлатилди.
Улар содир этган жиноятларни тафтиш қилиш бўйича ташкил этилган махсус гуруҳга президент ўз куёви Отабек Умаровни бошлиқ қилиб қўйди. У ёш ва тажрибасиз бўлган куёвининг аллақачон махсус хизматлар ходимлари таъсири остига тўлалигича тушиб қолганини билмас эди.
Отабек Умаров гуруҳига у билан яқин бўлиб олган ходимлар тиқиштирилди. Махсус хизматлар оперлари, биринчи навбатда, Жаҳонгир Эгамов, Ихтиёр Абдуллаев ва қолганларни айнан ўзлари назоратлари остида ушлаб туришга Отабек Умаровни кўндиришди.
Ўзбекистон Республикаси ДХХсининг ташландиқ тергов изолятори эшиклари уларга очиб берилди. Ана ундан кейин бу оперлар тергов – оператив гуруҳи аъзоларининг ўзларига қарши “уруш” бошладилар. Аниқроғи, тергов – оператив гуруҳи аъзоларини ёппасига ёллаш бошланди.
Ёллашга нолойиқ ёки Отабек Умаровга ва президентга тўғридан-тўғри маълумот етказиб бера олувчи муҳим ходимларга қарши компроматлар уйдирилди ва бу компроматлар Отабек Умаров қўлига топширилди.
Тажрибасиз Отабек Умаров эса кўзини чирт юмиб, уларни махсус гуруҳдан четлатди. Шундай қилиб, махсус хизматлар оперлари махсус гуруҳни тўлиқ назорат қила бошлади.
Кичкина одамнинг катта ишлари
Аниқроғи, оддий тезкор ходим Зоир Тоирович гуруҳни жиловлаб олганди. Зоир Тоирович яшин тезлигида махсус гуруҳнинг раҳбарларини ҳам қўлга олди.
Жаҳонгир Эгамов, Ихтиёр Абдуллаев, Ашраф Эшонхўжаев ҳибсга олинган илк кунларда Зоир Тоирович уларнинг ҳар бири билан шахсан оператив суҳбатлар ўтказди. У ўз ишини битириб бўлгандан кейингина гумондор шахслар билан суҳбатлашиш имкони бошқа ходимларга берилди.
Жаҳонгир Эгамов, Ихтиёр Абдуллаев ва Ашраф Эшонхўжаев билан суҳбатлардан кейин Зоир Тоирович махсус гуруҳга алоқаси бўлмаган ўз яқинлари билан номаълум манзилларга қатнай бошлади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Ихтиёр Абдуллаев президентдан яширган материалларни (президентга қарши компроматлар ва ҳукуматнинг юқори эшалонларида ДХХга ёлланган шахслар рўйхати ва бошқа ҳужжатлар) айнан Зоир Тоировичда сақланмоқда.
Махсус гуруҳ юзлаб ДХХ, ИИВ, прокуратура ва бизнес вакилларини ДХХ тергов изоляторига чақиртирди. Уларнинг кўпчилиги билан айнан Зоир Тоирович суҳбатлашди.
Тартибга мувофиқ, терговдаги шахс билан оператив ходим cуҳбатидан кейин терговчи терговини ўтказиши керак. Аммо Зоир Тоирович тажрибасида бу тартиб нари борса 100 тадан 10 ҳолатда кузатилди.
Сиздириш
Бу кампания пайтида Зоир Тойирович Ботир Турсунов, Ойбек Турсунов ва Улуғбек Турсуновга қарши кўплаб компроматларни Отабек Умаровга сиздирди. Бир вақтнинг ўзида ўз одамлари орқали уларга Отабек Умаровга қарши компроматларни сиздириб борди.
Шу билан бирга, ДХХ ва ИИВдаги ёлланган ходимлар орқали ўзига ёқмаган ходимлар ва бизнесменлар ҳақида умумий маълумотларни ошкор этди.
Ихтиёр Абдуллаев тергови бораркан, ОАВда Отабек Умаров, Ойбек Турсунов ва президентнинг бошқа оила аъзолари ҳамда президентнинг шахсан ўзига қарши чиққан мақолаларни эслайсизми?
Бу айнан Зоир Тойирович хизматлари туфайлидир.
Зоир Тоирович ва унинг ҳомийлари режасига мувофиқ, кампания сўнггида майдонда на Отабек Умаров, на Ойбек Турсунов ва на ДХХ раиси Абдусалом Азизов қолиши керак эди. У мақсадли равишда ДХХ раиси Абдусалом Азизовни Отабек Муродов ва Ихтиёр Абдуллаевга боғлади ва шу йўл билан Ихтиёр Абдуллаев ва бошқалар ҳақида маълумот тўплаган асосий шахс сифатида ўзини президентга яқинлаштиришга уринди.
Рустам Иноятовнинг Шавкат Мирзиёевга таъсир кучини жуда яхши билган ЗоирТоирович вақт ўтиб МХХ собиқ раиси, унинг оиласи ва яқинларига қарши маълумотлар тўплаш ва уларни бир пайтнинг ўзида ҳам Отабек Умаровга ва ҳам ўз танишлари орқали Ойбек Турсуновга сиздиришни йўлга қўйди. Матбуот ҳам четда қолгани йўқ.
Хўш, нега Зоир Тоирович Рустам Иноятов остини ковлай бошлади?
Ишончли манбага кўра, Рустам Иноятов унга қарши етарли компроматларни керакли жойларга топширган эди. Ҳомийлари Зоир Тоировичга ДХХ раисининг биринчи ўринбосари вазифасини олиб беришни зимдан ваъда қилишганди. Лекин қайси бир паллада ҳомийлар ундан юз ўгирдилар. Сабаби, ит ўз эгасини қопмоқчи бўлганди.
Кичкина одамнинг катта ишлари
Шундай қилиб, кичкина одам қисқа вақт ичида чексиз маълумотлар базаси ва катта маблағга эга бўлди.
Ихтиёр Абдуллаев ва шерикларига қарши кампания пайтида пора эвазига катта бойлик тўплаган Зоир Тоирович уларни бугун моҳирлик билан яширмоқда.
Аслида Ихтиёр Абдуллаев ишини уч ойдан кейин судга йўлласа бўларди, аммо ишнинг чўзилишидан Зоир Тоирович манфаатдор эди. Шунинг учун Ихтиёр Абдуллаев иши 2020 йил бошигача узайди.
Зоир Тоирович ғаразли манфаатларидан кўплаб бегуноҳ одамлар зарар кўрди. Лекин у ҳар гал ўқнинг учини Отабек Умаров томон бурарди – мен Отабек Умаров топшириғини бажаряпман, деб сувдан чиқарди.
Алалоқибат Отабек Умаров ўзига кўплаб душман орттирди. Отабек Умаров маълумотларни ўз манфаати йўлида фойдаланишга одат қилган одамни ёнига олганди. Содда куёв қўйнида илонни иситарди.
Юқоридаги фактлардан вақт ўтиб Ботир Турсунов, Рустам Иноятов, Абдулла Арипов, Зайнобиддин Низомиддинов, Очил Раматов хабардор бўлишди ва бу унинг охири бўлди.
Нима қилиб қўйганини тушуниб етган Зоир Тоирович мамлакатдан қочишга уринди, аммо унинг самолёти ярим йўлдан ортга қайтарилди. Шунга қарамай, Зоир Тоирович тўплаган материаллар афтидан ўз манзилига етиб борганга ўхшайди (ДХХ айғоқчилари рўйхати, Шавкат Мирзиёев ва оиласи иши Туркияга етиб бориши ва катта пулга мухолифатчи Муҳаммад Солиҳга сотилиши керак эди).
Бу орада “Қора мерган”нинг пайдо бўлгани ва у орқали Зоир Тоирович эгалик қилган маълумотларнинг матбуот юзини кўраётгани кузатилмоқда.
Лекин кичик одамимиз жазодан қутулиб қолди ва ҳозир маълумот тўпламоқда.
У ва ҳомийлари куёвлар ва уларнинг қариндош-уруғларини президентдан узоқлаштиришга муваффақ бўлди. Эндиги нишон – Шавкат Мирзиёевнинг рафиқаси Зироатхон Ҳошимова ва унинг клани.
Ҳаммаси синалган схема бўйича боряпти. Ислом Каримовнинг қандай яккалаб қўйилгани эсга олинса, манзара ва мақсадлар ойдинлашади.
Таҳририятдан
Бу «Элтуз»га келган мактуб-мақоланинг иккинчи қисми эди. Мабодо сиз бу борада нимадир қўшимча маълумот билсангиз, биз билан боғланиб баҳам кўринг.
Мақолада келтирилган фикр-мулоҳазалар “Элтуз”нинг нуқтаи назарини акс эттирмайди. Шу билан бирга, “Элтуз” бу мақолада келтирилган иддаоларни рад қилувчи ëки тўлдирмоқчи бўлганларга ҳам минбар беради.
Eltuz.com