Асосий мавзулар
22 октябр 2020

Ҳақ талаб қиладиган халқ вояга етмаган

Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш деган баҳона, ниқоб ёрдамида монополларимиз қонимизни сўриб ётибди.

Ташқаридан истеъмол моллари олиб киришга хоҳлаган одамга рухсат беринглар, бизлар эса қайси товар ёқса, нархи маъқул келса, ўшани сотиб оламиз. Бўлди, бас. Муаммо ҳал.

Миллий ишлаб чиқаришни ривожлантирамиз деманглар, монополлар, сизларни ўз жиғилдонингиздан бошқа дардингиз бўлмайди.

Тепада ўз одамларинг борки, ўз манфаатларингизга мослаб қонун чиқартириб оласизлар.

Давлатнинг, ҳокимиятнинг қудратли кучи ёрдамида ўз бизнесларингга йўл очиш ғирромликдир, монополлар.

Кейин-чи, бизда-чи, ҳақ талаб қиладиган халқ вояга етмаган..

Зиёлиларимизнинг кўзи юмуқ, тили соқов, қулоғи кар.

Улар тўтиқушлардир.

Тўтиқушни чиройли қафасга солиб, дон-сувини берасиз, у эса сиз нима десангиз, ўшани такрорлайди.

Мансаб, амал, имтиёзлар, мукофотлар, орденлар зиёли учун қафасдир.

Бир тур шоир ва адибларимиз оддий хезтрада артисти ёнида расмга тушгани билан фахрланади. Яна бир зиёлиларимиз эса қандайдир коррупционер раҳбар билан тушган суратини ҳаммага кўрсатиб, оғзи қуригунча мақтанади.

Уят. Бошқа гап йўқ. Табиатнинг авзойи ҳам менинг авзойимга уйғун. Изғирин ва совуқ.

Томорқада кўкариб турган фақат қалампир, оқ атиргул ва райҳон қолди, қолган ҳамма ўсган нарсалар хазон лашкарига таслим бўлиб, муздек тупроқ бағрига кетди.

Совет даври селсоветининг раиси билан ҳозирги МФЙ раисини ҳар жиҳатдан қиёсласак, бири инсон, иккинчиси ҳайвон.

Умуман олганда, МФЙнинг нима кераги бор? Унинг ўрнига реал ишлайдиган бошқа нарса ташкил этиш керак.

СССРни ёмонлаймиз.

Лекин агар ковид СССР даврида тарқалганида кўлами ҳозиргидек бўлмасди ва вирус юққан касалларга ишлатиладиган айрим дори-дармонлар нархи бугунгидек осмонга чиқиб кетмасди.

Совет тузими балки ёмондир, лекин у даврнинг инсонлари яхши эди.

Мен билмоқчи эдим, чет элларда ҳам коронавирусга қарши ишлатиладиган бир қатор дорилар нархи биздагидек даҳшатли равишда қимматлаганми ёки уларда аҳвол яхшими?

Дори нархни оддий дорихоначи ёки ундан тепароқдагилар бу қадар катта оширолмайди.

Биламизки, дори нархларини ҳокимлар, прокуратура, департамент назорат қилади ва нархларни асоссиз оширганларни тезликда жазолайди.

Демак, бундан шундай маъно чиқадики, ковидга қарши айрим дори турлари баҳосини осмонга кўтараётганлар ҳокимдан ҳам, прокурору департаментдан ҳам қўрқмайдиган каттаконлардир. Коронавирус пандемиясини урушга тенглаштириш мумкин.

Балки у ростдан биологик урушдир.

Ҳар қандай урушда халқ қирилади, мамлакат иқтисоди вайрон бўлади.

Хўш, шундай шароитда дори нархларини асоссиз ошираётганлар ё виждонини ютиб юборган, ёки ўзбек халқига бегона, бизга ёмонлик соғинадиган душман тарафида бўлиши мумкин.

Шу. Бошқа гап йўқ.

Халқ ростдан донишманд..

Халқнинг донолигига қойил қолмай иложинг йўқ. Ҳозирги кунда бутун дунёда бўлгани каби бизнинг юртимизда ҳам коронавирус авж олган, ҳатто у бизнинг қишлоқларга ҳам етиб келди.

(Тезроқ даъф бўл-е. Келган жойингга йўқол, эй чинўлат).

Ковидга чалинган оддий одамлар грипп бўлдим деяпти, коронавирус номини тилга олгани йўқ.

Шифокорлар ҳам коронавирус деб гапирмайди. Демак, тамом, бизда коронавирус йўқ. Шу кунларда аҳолини безовта қилаётган
касаллик эса гриппнинг оғирроқ тури.

Агар коронавирусга чалиндим десангиз, бу касаллик билан боғлиқ ҳамма даҳшатли маълумотлар миянгизга ўрнашади ва руҳий тушкунликка дучор этади. Тушкунлик ва қўрқув ковиддан ўн баробар хавфли.

Одамга пиёладаги сув заҳар деб ишонтиринг ва ичкизинг, у ўлади.

Лекин, айрим журналистлар, сизлар доно эмассизлар, ҳатто сизларни ахмоқ десак ҳам бўлаверади.

Ўтган куни баъзи интернет сайтларимизда украиналик аллақандай 33 ёшли репперми ёки блогерми, Туркияда коронавирусга чалиниб вафот этгани ҳақида маълумот ўқидим.

Хўш, бу маълумотни ўқиган (ковидга чалинган) оддий одам нима деб ўйлайди?

У репперларингни ўйламайди, ўзини ўйлайди. Мана, реппер экан, пулдор, ёш ва соғлом экан. Шундай одам вирусдан ўляпти.

Менинг ёшим эса 50 дан ошган, умумий соғлиғим мустаҳкам эмас, демак… ўламан, деб ўйлайди.

Ўламан деб ишониб қолган касални мингта дўхтир ҳам тузатолмайди. Чунки бутунлай тушкунликка тушган кимсанинг иммун тизими касалликка қаршилик қилишни бас қилади.

Журналистлар, эслироқ бўлинглар! Хорижий матбуотда (асосан руслардан оласизлар) коронавирус билар боғлиқ минг хил қўрқинчли маълумотлар урчиган. Шу маълумотларни ўзбекчага таржима қилишдан аввал уларни сараланглар, одамларда, хусусан, беморларда тушкунлик пайдо қиладиган маълумотларни ўз сайтларингда эълон қилманглар.

Аслида хорижий матбуотдан кўчириб босаётганингиз ковидга оид қўрқинчли маълумот мўътабар мутахассислар томонидан тасдиқланмаган бўлади.

Кўчирмачи журналистлар, сизларга фаросат тилайман. Жиндай эслироқ бўлинглар. Оловга керосин сепманглар.

Беморларни, ҳатто соғларни ҳам ёмон маълумотлар билан умидсиз қилманглар.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси

Тағин ўқинг
1 ноябр 2022
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди 18 яшар қизни бўғиб ўлдирган 23 яшар қотилни 12 йилга қамади. 2022 йилнинг ...
1 август 2018
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 5 февралдаги қарорига асосан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги стационар даволаниш ва профилактика муассасаларида овқатланишни ташкил ...
16 август 2022
Элтуз мухбирининг ёзишича, душанба куни тушлик пайтида Тошкентнинг Юнусобот тумани ИИБ ёнида катта тезликда Жентра автомашинасини бошқариб бораётган шахс ...
23 декабр 2023
21 декабрь куни Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг 32 йиллик тарихида илк бор рус элчиси Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...