Асосий мавзулар
27 октябр 2020

Чорвачилик соҳасидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мамлакатнинг ўзида етиштириладиган Ўзбекистонда нега кейинги даврда гўшт, тухум ва ўсимлик мойи каби озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлаб кетмоқда, аҳолининг харид қилиш қобилияти эса пасаймоқда?

Қишлоқ хўжалиги мутахассиси ва Навоий вилоятининг Конимех тумани собиқ ҳокими 70 яшар Исмоил Оспанов ўзининг 26 октябрь куни эълон қилган навбатдаги видеосида айни муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапиради.

“Қимматчилик бугун пайдо бўлгани йўқ, бу муаммо аста-секин ўсиб келяпти. Лекин бугунги пандемия билан боғлиқ қийин шароитда нархларнинг ўсиши одамларнинг кайфияти, уларнинг турмуш даражаси, соғлиғига жиддий таъсир кўрсатади. Бошқа кўп муаммоларни келтириб чиқаради.

Мана, шифокорлар айтяпти, пандемия даврида одамларнинг яхши овқатланиши, оқсил ва колорияга бой овқат истеъмол қилиши касалликка қарши асосий даво, деб. Энди минг афсуслар бўлсинки, бизда одамларга моддий ёрдам бериш ҳам, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиш даражаси ҳам унчалик яхши даражада эмас.

Касалхоналарда ва бошқа жойларда жуда кўп номаъқул ишларни кўряпмиз. Айниқса, бозорда гўштнинг қимматлаб кетиши жуда катта муаммолар келтириб чиқаради”, дейди Оспанов.

Унинг фикрича, бундай муамоларга ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги ва, айниқса, чорва соҳасига бўлган эътиборсизлиги, ерларнинг президентга яқин бўлган юқори лавозимли шахсларга берилаётгани ва маҳаллий деҳқонларга умуман фойда келтирмайдиган пахта кластерлари монополияси олиб келган.

“Мана, тараққий этган давлатлар бизнинг мамлакатимизга, бизнесменларга катта-катта ёрдамлар берди. Лекин нима ўзгарди? Мана шу шароитда қандай сотиб олиши мумкин оддий оила 70-80 минг сўмга гўштни?

Сал олдинроқ солиғини камайтирасизлар, деган гаплар чиқди. Ишламайдиган нарса, оддий популизм эди бу. Мен ҳар доим айтиб келяпман, мустақилликдан кейин қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳеч қандай эътибор бўлмади.

Ўтган 26 йил Ислом Каримов даврини айтмайлик, бу айтилган, ҳамма билади. Лекин кейинги тўрт йилда нега ислоҳотлар амалга ошмади? Шавкат Миромонович катта ваъдалар берган эди-ку”, дейди собиқ ҳоким.

Оспановнинг фикрича, бугунги кунда мамлакатда чорвачиликнинг хароб аҳволга келиб қолишига сабаб – ҳукуматнинг унга эътиборсизлиги ва кераксиз бир соҳага айлантирилгани.

“Мана, мен олдин айтувдим, қишлоқ хўжалигида ерни оптимизация қилиш пайтида озми-кўпми, 5-10 гектар ери, чорваси бор, мол боқадиган хўжаликлардан ерларни тортиб олиб қўйишди. Буни биз ҳамма вилолятларда кузатдик. Яхши 10-15 қорамоли бор фермерлар умуман касодга учради. Чорва боқадиган ерлари бўлмаганидан кейин молларини сўйворди…”, деди у.

Оспанов ўз чиқишида ерларнинг пахта учун олиб қўйилганига қатор мисоллар келтиради. Унинг фикрича, пахта гўштдан кўра аҳамиятлироқ бўлиши мумкин эмас, бунинг остида фақат битта мақсад, монополия – президентга яқин айрим шахсларнинг кластер тизими орқали бойиш нияти ётибди.

«Бунга кластер келган. Кластернинг айтганини катта ҳоким ҳам бажаради, кичкина ҳоким ҳам бажаради. Прокурор ҳам ғиринг эта олмайди. Озуқанинг, кунжаранинг, шелуханинг қимматлиги, дон маҳсулотларидан чиқадиган кепакнинг қимматлиги, ҳаммасига монополия, кластерлар сабаб бўляпти.

Кластерларнинг тепасида кимлар тургани очиқ-ойдин айтиляпти. Шавкат Миромонович, куёвларингизнинг исмларини айтишади. Сиз коррупция бўлмайди, ҳеч ким пора олмайди, деган гапларни гапиряпсиз. Бу кулгили-ку! Энди нима дейиш мумкин? Тўртта-бешта молини боқа олмайдиган фермер қаерга борсин?» дея мурожаат қилади Оспанов ўз чиқишида президент Шавкат Мирзиёевга.

Унинг сўзларига кўра, ҳукуматнинг айни сиёсати чорванинг ривожланишида бирламчи бўлган ем-хашак базасининг йўқ қилинишига сабаб бўлган. Илм-фан ютуқлари чорвачилик соҳасига татбиқ этилмаган. Фермерларнинг қўлидаги мол уларнинг тирикчилигига зўрға етмоқда.

«Зоотехника қоидасига кўра, битта бузоқ 1 кг семириши учун 10 кг миқдорда озуқа бирлиги ейиши керак. Сули, қуруқ беда, кўк масса ва ҳоказо шу озуқа бирлигини ташкил этади. Шу ҳаммаси баланс бўлмаса, маҳсулот бермайди.

Битта сигир сутга кириши учун камида икки йил вақт керак. Битта бузоқ семириб вояга етиши учун бир йилу 8 ой боқиш керак уни. Агар шу рационда боқилмаса, уч йилдаям у вазн бермайди. Чорва сохасини ривожлантириш учун оптимизация, мақбуллаштириш сиёсати натижаларини қайтадан кўриб чиқиш керак. Бу ишлар чорвачилик маҳсулотларининг камайишига олиб келди…

Энди, Шавкат Миромонович, «товуқ боқса бой бўлади», деган бу ўйинларни қўйиш керак. Бу муаммолар осмондан тушгани йўқ. Бундан кейин ундан ҳам кўпаяди. Энди пахтанинг ярмидан кечиш керак. Бошқа иложи йўқ. Зоотехник нормаларга кўра, бир қорамол учун қанча керак бўлса, мол боқадиган одамларга бўлиб бериш керак ерни», дейди собиқ ҳоким.

Бундан илгари “Элтуз” каналида чоп этилган бир қанча видеочиқишларида собиқ ҳоким Исмоил Оспанов президентнинг кадрлар сиёсати, деҳқонлар ҳуқуқларининг камситилиши, кластер тизимидаги коррупция ҳолатларини танқид остига олган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 май 2022
«Менинг мактаб аро булдур муродим, хатимдек чиқса имлою саводим.» Демократ шоир Фурқат бу мисраларни ëзганида 9 ëшида эди. Фақат ...
28 ноябр 2019
Туркияда яшаётган Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ 27 ноябрь куни «Настояшее время-Азия» ТВ дастури учун берган интервьюсида ...
14 сентябр 2020
Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб айрим мактаблар анъанавий тарзда навбатдаги ўқув йилини бошлади. Тошкент шаҳри халқ таълими бошқармасининг хабар беришича, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...