Анонс
29 октябр 2023

Шоир Омон Матжон оламдан ўтган кун

Лекин бир халқ мудраб, ётинқираса,
Ҳар кимга ўз тинчи ёқинқираса,
Шоирлари қўрқиб босинқираса,
Халқни ким уйғотар,
Саволим шулдир?!

Ушбу сатрлар муаллифи, ўзбек модерн шеъриятининг таниқли намояндаси Омон Матжон 2020 йилнинг 29 октябрида 77 ëшида вафот этган, Тошкентнинг Янгиобод мавзеидаги қабристонда дафн қилинган.

Шоир Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган эди. У адабиёт олдидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Шоирнинг «Очиқ деразалар» (1970), «Карвон қўнғироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977), «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи», «Сени яхши кўраман» (1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламлари ўзбек шеъриятининг устунлари сифатида кўрилади.

ФЕРУЗА

Келмадинг.
Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.
Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.
Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.
Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!


Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…


Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.
Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.
Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.
Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.
Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.
Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.
Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагингни ил, вақтинг бўлди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 март 2019
Россия ва Хива хонлиги ўртасидаги Гандимиëн шартномасига кўра, 1873 йили Хива хонлигида қулдорлик бекор қилинди. Ўша йилнинг 12 августида ...
13 декабр 2023
“Биз томонларда “кўча болалари”ни “босслар” деб аташади. Улар эҳтиёжманд ўсмирлар ва йигитларни ёллаб ёки қўрқитиб, таркибида олтин бўлган маъдан ...
1 июл 2022
Қуллик зеҳнияти нима дегани, биласизми? Биргина қорни учун ажнабийга тобе бўлган халқда қуллик зеҳнияти бор. Мисол учун, «Мустақиллик бизга ...
18 ноябр 2024
Элтузга етиб келган сўнгги бешта мурожаатларда газ, иссиқ сув, чиқинди ва ер масалалари кўтарилган. Аҳоли ўзларининг кундалик эҳтиёжларини таъминлашда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...