Мултимедиа
4 апрел 2021

Қўйли-4. Мушук панжасидаги сичқон каби

Муҳтарам ўқувчи, сиз билан Ўзбекистон ғарбининг олис Дружба шаҳридаги қозонхона гўлахи бўлган Қўйлининг Покистондаги Пешавор шаҳригача бўлган саргардонлигини кузатдик.

Мана, Қўйли Исломободга кетаëтган тирбанд автобус ичида мудраяпти. Марданда 10 дақиқа тўхтаб олган автобус Покистон пойтахти Исломободга кириб келяпти. Помир ва Ҳиндикуш тоғларидан эсган сарин ҳаво Қорақум жазираси билан қўшилиб субтропик иқлим хосил қилган бу шаҳар ям-яшил дарахтларга бурканган эди.

Нимаси биландир Вашингтонга ўхшаб кетадиган замонавий шаҳар. Шарқ шаҳарларидаги каби қинғир-қийшиқ кўчалар эмас, балки олти қаторли кенг асфальт кўчалар шаҳарни шахмат доскасига менгзатган.

Қўйли тушган жиблажибон каби ранг-баранг автобус номи чиққан Саидпур кулоллари қишлоғидан ўтиб, чироқлари чароғон катта шаҳарга кириб борди. Баланд биноларда арабча ëзувлар билан биргаликда инглизча рекламалар ҳам ëниб-ўчиб турар эди.

Биноларнинг биринчи қаватидаги ресторанларнинг очиқ террасаларида бирëний, шомий кабоб ëки карри соуси солинган соғ гўшт тановул қилаëтган башанг шаҳарликлар кўзга ташланади. Ям-яшил майса ва кипарислар билан қопланган хиëбонларда мармар фонтанлар отилиб турибди. Одамлар музқаймоқ ëки ҳолва еб, шаҳар кезмоқда. Умрида ҳатто Тошкентга ҳам бормаган Қўйли учун оқ ва пушти мармардан ясалган гулзор шаҳар ўзига хос маданий шок бўлди.

Қўйлининг ўзидан эшитамиз:

“Бир ҳафта илгари Панжшер дарасидаги овлоқ қишлоқда маҳбуси шўрави эдим. Кўрганим «калашников» кўтарган жангарилар бўлганди. Кўрганим хўрлик, еганим калтак эди. Бирдан нур каби оқ шаҳарнинг мусаффо осмони остида бемалол музқаймоқ еяëтган одамларни автобус ойнасидан кўриб, шок бўлдим.

Урушсиз ҳаëтни миямга сиғдира олмас эдим. Умримда илк бор кўраëтганим янги, ялтироқ машиналар, «Фанта», Кока-кола» рекламалари. Автобусимиз Исломободдаги энг катта қассоблик дўкони олдидаги автовокзалда тўхтади. Ҳамроҳим тушамиз, деди.

Тушиб, такси олиб, муҳандислик институтининг орқасидаги меҳмонхонага жойлашдик. Мен умримда илк бор хонасида ҳожатхонаси ва души бор меҳмонхонада тунадим. Пешавордаги меҳмонхонада душ йўқ, ҳожатхона ташқарида эди. Яна мени ҳайрон қилган нарса эрталабки нонушта бўлди. Истаганча еб-ичса бўларкан”.

Қўйли яшаëтган “Жасмин” меҳмонхонасида Афғонистон қўмондонлари асирлигидан қутқарилган яна икки ўзбек бор эди. Бири асли қашқадарëлик Иброҳим деган ҳушмуомала йигит, яна бирисининг исми Ғайрат эди. Чоршанба куни бу уч собиқ асир меҳмонхонанинг биринчи қаватида тўпланишди. Уларни покистонлик юзи тиртиқ одам тўплади.

Собиқ асирлар ўзбек бўлса ҳам ётсираб, бир-бири билан гаплашишмасди. Юзи тиртиқ эса Қўйли билан тожик тилида, Иброҳим билан пуштун, Ғайрат билан эса чала рус тилида гаплашарди. Гаплашиш деб ҳам бўлмайди буни. Шунчаки қисқа буйруқлар берарди. Яна Қўйлидан эшитамиз:

“Соҳиб (юзи тиртиқ покистонлик) бизни меҳмонхона пастида йиғди. Рўзи Назар оға кўринмай қолганидан юрагим ғаш эди. Соҳиб бизни машинага солиб, Германиянинг Исломободдаги элчихонасига олиб кетди.

Саҳар бордик. Одамлар навбатга турганини кўрдим. Соҳиб бизга машинадан тушманглар, деб тайинлади. Ўзи бориб номер олиб келди. Бир соатларда навбатимиз етиб, ичкари кирдик. Соҳиб биз билан кирди. Бармоқ изларимизни олди. Уч варақли формани тўлдирдик. Соҳиб тўлдирди, мен имзо чекдим. Элчихона биноси ичида умримда илк бор немиснинг тиригини кўрдим.

Немисча гаплар қулоғимга чалиниб, уруш кинолари эсимга тушди. Кейин ташқарига чиқдик. Соат 11 лар эди. Эрталабдан туз тотмагандик. Соҳиб бу маҳаллада овқат қиммат, деб бизни меҳмонхонамизга қайтариб олиб келди. Ўша ердаги “Парвоз” деган кафеда товуқ билан гуруч эдик. Овқатларнинг аччиқлигига ўрганиб қолгандим. Товуқ устига карий деб аталган сариқ қайла солинган эди. Овқат менюси ичида нон йўқ эди. Қўшимча чапати нон олдим.

Овқатни нон билан ердим доимо. Ëнимда қашқадарëлик Иброҳим ва термизлик Ғайрат. Индашмайди. Асли бир миллат бўлсак ҳам ëт эдик бир-биримизга. Яқиндаги олислар эдик. Овқат еб хонамга чиқдим.

Дарвоқе, хонамда телевизор бор эди. Телевизорни узоқдан бошқарадиган пультни илк бор кўргандим. Телевизорда каналлар кўп бўлишини ҳам энди кўргандим. Шорловуқдаги телевизоримизда 3 та канал бор эди. Урганч¸ Тошкент ва Москва.

Зерикиб пастга тушдим. Меҳмонхонанинг биринчи қаватида газета ўқиб ўтирган юзи тиртиқ соҳибни кўриб кайфиятим тушди. У газета ўқиëтган бўлса ҳам танамда унинг совуқ нигоҳини сезардим. Шиша кўзлари билан ҳаммасини кўриб турганини билардим. Соҳиб менга ҳали ҳам эрксиз ва асирлигимни эслатар эди”.

Ҳурматли ўқувчим, Қўйлининг Афғонистондаги уруш зонасидан Покистонга олиб ўтилиши ва учинчи мамлакатга саëҳат қилиши ҳуқуқий жиҳатдан ўта мураккаб жараëн. Расман бу ҳаракат 1949 йил қабул қилинган харбий асирлар ҳақидаги конвенция асосида, Қизил ой жамияти тарафидан олиб борилган бўлса ҳам амалда ўта қийин кечган.

Билишимизча, асирларни қўмондонлардан сотиб олишдан ташқари, Афғонистон ва Покистондаги ўнлаб мулозимларга “бахшиш” берилган. Шундан кейин ҳам бу жараëн силлиқ кетмаган. Қўйлига қулоқ соламиз:

“Пайшанба пешиндан кейин Исломободда идоралар ўз ишини тўхтатади. Жума эса таътил. Покистон ташқаридан қараганда исломий давлат бўлса ҳам Афғонистондан фарқ қилар экан. Меҳмонхонанинг биринчи қаватида пиво ичган одамни ҳам кўрдим. Соҳибнинг айтишича, бу мамлакатда фақат мусулмонлар пива ичса жазоланар экан.

Христианларга бемалол экан. Жумани меҳмонхона орқасидаги мачитда ўқидим. Муҳандислик институти талаба ва домлалари эди кўпчилик. Домлага иқтидo қилиб, эл қатори ўтириб-туриб қайтдим. Шанба куни Қизил ой жамиятидан уч-тўрт киши келиб, меҳмонхона айвонида ҳужжат тўлдиртирди. Бир сидра кийим олиб келишибди. Уларнинг ўзаро гап сўзини эшитиб, хонқалиларга ўхшатдим. Кейин билсам турк экан булар.

Туркларнинг хонқалилар каби гаплашгани мен учун қизиқ эди. Шу пайт осма патнис кўтарган чойчи бола келиб қолди. У бола отелнинг биринчи қаватида юриб текин чой тарқатади. Пиëла эмас, кичик шиша стаканда ичишар экан. Бу чойчилар одамларни чойнинг ичишига қараб қаерданлигини аниқлай оларкан.

Агар кимдир қандни чойга эмас, оғзига солса, кейин устидан чой ичса, билингки, у Қарачи портидан. Қизил ой жамиятидаги ëшуллилардан бири кичик тақсимчасига икки чақмоқ қанд қўйилган бир стакан чойни менга узатиб, “Ол, ич, заволли қардашим. Ичинг роҳатлансин”, деди. Топ хонқали миратнинг ўзи (Хонқали манзирати). Мен бундай инсоний муносабатга ҳануз ўргана олмаëтган эдим. Мени ҳам одам ўрнида кўриб чой таклиф қилишларини ҳазм қила олмаëтган эдим.

 Тараддудда турганимни кўриб, орқамдаги шиша кўз соҳиб стакандаги чойни туркнинг қўлидан тез олиб, менга тутқазди. “Вақте ки шумо медиҳед, онро гиред. Чой хуб аст. Аммо вай гарм аст”, деди шишакўз соҳиб. Бу гапда «ҳаддингни бил, қул», деган дакки ҳиди келарди. Соҳибнинг айтишича, Бонн шаҳридан факс келса, элчихона виза уриб берар экан. Яқинда бир ҳафта бўлади, визадан дарак йўқ”.

Муҳтарам ўқувчи, Қўйлининг Исломободдаги меҳмонхонада виза кутиб, 10 кундан зиëд  вақт қолиб кетгани билан боғлиқ тафсилотларни ташлаб кетамиз. Хуллас, умрида кукуруз самалётга ҳам минмаган Қўйли устига “Люфтганза” деб ëзилган ялтироқ учоқ чиптасини қўлига олди:

“Пайшанба куни соҳиб учаламизни ҳам пастга чақирди. Пастда эса шунча кун бўлди кўрмаганим Рўзи Назар оға турарди. Яна ҳам салобатли, тўқ кўк ялтироқ костюм-шим. Локланган туфли. Олтин нуқталари бор галстук. Қўлидаги қиммат соатлари ялтирайди. Ëшулли бизларга қараб, “Сабр қилсангиз, ғўрадан ҳалво битар. Энди сизларни мен ўзим билан Олмонияга олиб кетаман, укалар”, деб учта чипта турган қўлини осмонга кўтарди.

Гапнинг тўғриси, биз учаламиз ҳам хўмрайганча маргимуш бўлиб туравердик. Урра деб бошимиздаги афғон қалпоқни осмонга отиб сакрамадик. Югуриб бориб, Рўзи Назар ëшуллини бориб қучоқламадик. Туравердик шумшайиб.

Зотан бўлаëтган воқеалар бизнинг иродамиздан ташқарида эди. Масалан, мен асирликдан қочишни ўйлаганим ҳам йўқ. Агар Рўзи Назар бўлмаганида умр бўйи тош ташиб юраверардим. Юзи тиртиқ соҳиб, “Сизлар “Люфтганза”да учаркансизлар, деб ҳавасланганини ҳам тушунмадим. Нима у “Люфтганза”? Шуур карахт эди. Фақат Рўзи Назар ëшулли юзидаги севинчни кўриб, ҳар ҳолда ëмонлик йўқ бўлса керак, деб ўйладим”.

1984 йили Ғарбий Берлинга Исломободдан тўғри самолёт учмасди. Истанбулгача учиб, кейин Берлинга училарди. Берлин тўрт тарафи коммунистик режимлар билан ўралган орол эди. Исломобод билан Берлин ораси 6 минг километр. Ҳозир уни самолёт 6 соатда босиб ўтади. Аммо у вақтда вазият бир оз қийин эди. Қўйлининг қандай қилиб Исломобод аэропортига олиб борилгани¸ чегарада бир оз ушланиб, озгина муаммо бўлгани каби тафсилотларни сакраб ўтамиз.

Демак, Исломобод аэропортидан фил хартуми каби узанган йўлакдан Қўйли кетяпти «Боинг» самолётига қараб. Дружбада эканида у пахтанинг баргини тўкиш учун дефолиация қиладиган «АН» деган самолётни узоқдан кўрганди.

Дружба, Ҳазорасп, Термиз, Панжшер, Пешавор ва Исломобод йўлларида сарсон-саргардон юрган Қўйлини бу учоқ бошқа бир дунëга олиб кетаëтганди. Аэропорт билан самолётни боғлаган хартум мисли аросат устига қурилган пулисирот каби эди. Ундан ўтсангиз сизни рафоқ, тинчлик ва ҳузур-ҳаловат кутади. Қўйлини эшитайлик:

“Самолётнинг ичига кираëтганда стюардессалар табассум қилди. Биттаси қўлида лаъли тутиб турибди. Ичи тўла сўроқ конфет. Кичкина вақтимда Ҳазорасп бозорига борганда онам сўроқ конфет олиб берар эди. Яхши кўраман сўроқ конфетни. Биринчи марта ичимда севиниш ҳисси бор эди.

Бир дона сўроқ конфетни олсам, кўпроқ олаверинг, дегандай нигоҳни кўрдим. Самолёт учганида қулоқ тиқиларкан. Шунда ютинсанг, қулоғинг очилар экан. Самолётнинг ичига кирдим. Ойнанинг ëнидаги жойга жойлашиб ўтирдим. Эшиклар ëпилди. Мотор гувиллагани эшитилди. Лекин самолёт ўрнидан қўзғалмади. Ойнадан қарасам, бир зирҳли ҳарбий машина катта тезликда бизга қараб келар эди. Бундай машинада «спецназ» бўлишини биламан. Аэропорт билан самолётни улаган хартум ажралган эди.

Ҳарбий жип самолётнинг ëнига келиб тўхтади. Зина машина келтиришди. Самолётнинг мотори ўчди. Эшик очилди. Тиш-тирноғигача қуролланган ниқобли «спецназ» аскарлар самолёт салонига ëпирилиб кириб, ҳамманинг юзига бир-бир қараё бошлашди.

Уларнинг қўлида бир фотосурат бор эди. Сўроқ конфет олганимда қандай севинган бўлсам, бу аскарларни кўриб шунча қўрқдим. Ниқобли аскар қўли билан бошимни тутиб ўзига қаратди ва баланд овоз билан пуштун тилида бошқа бир ҳарбийни чақирди. Мен мушук қўлидаги сичқон каби муте ва ночор қиëфада ўтирардим…

(Боши олдинги саҳифаларда. Давоми бор)

Рассом Туз

Тағин ўқинг
23 август 2021
Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидаги “Шўрахон” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 69 ёшли Султон Раҳимов машинасиз қолди.  У 2019 йил 6 ноябрда “Cobalt” машинаси хариди ...
3 феврал 2020
Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеванинг ОАВ ва блогерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган янги жамоат фонди васийлик кенгаши раҳбарлигига тайинланиши ...
20 август 2023
Cалом қадрли мухлислар, Элтуз ўзининг кундалик кўрсатувларини давом эттиради. Элтуз илгари хабар берганидек, 15 август куни Zо‘r TV журналисти ...
8 ноябр 2022
Cotton Campaign коалицияси 7 ноябр куни эълон қилган янги матбуот хабарида Ўзбекистондаги мавжуд барча ишлаб чиқариш соҳаларида мажбурий меҳнатга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...