Мултимедиа
3 май 2021

Императив-23. Рухсат берилган ғурур

(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 23-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз»нинг “Императив” рукнида. Давоми бор.)

Рус КГБсининг мухбири Ю.Кружилин ўзининг машҳур «Двойной стандарт честного Мухаммада» сарлавҳали мақоласида бундай деб ёзади бу шеър ҳақида: «Есть и третье, наверное столь дорогое ему, что напечатал сразу в двух журналах: «Молодой смене» и « Звезде Востока»: «Не бей лежачего…как никак покойник…он погиб не от рыбей кости…от хоругва древко застряло древко…он упал запутавшись в знамени и хоругви». Любезный сердцу Салиха «лежачий» – отец нации, похороненный пять лет назад… которого эта самая перестройка вывела на чистую воду!»(«Правда востока»,15 декабря 1988 года)

КГБ журналисти “отец нации» (“миллат отаси») деб 1983 йил ўлган Шароф Рашидовни кўрсатяпти ва М.Солиҳни очиқчасига «рашидовчи» эълон қиляпти. Замон «рашидовчи» тамғаси ҳам таҳликали тамғалардан бирига айланган замон эди.

Агар бу шеър Рашидовга эмас, Амир Темурга бағишланганини билса эди, Кружилин яна-да бахтиёрроқ бўларди. Аммо КГБ таҳлилчиларининг шеърий тахлил заковати бу нуқтага етмади шекилли.

Аммо воқеанинг қизиқ нуқтаси шуки, халқчил шоир Абдулла Ориповга «Рашидовга кўп сиғинаверманг», дегани учун шоирнинг абадий адоватини қозонган бир антикоммунистга кутилмаганда «рашидовчи» тамғаси урилиши тақдирнинг кинояси эди. Айни пайтда, ҳақиқатан ҳам Рашидов тириклигида ундан нафратланган, аммо ўлгандан кейин унга ачинган ҳам камина эди.

Тириклигида унинг товонини ялаб, ўлгандан кейин «Рашидов бизни гипноз қилди», дея кўзёши тўккан разил тимсоҳларни кўриб, «энди мен рашидовчи»ман, деб юборишига сал қолган ғазабноқ кимса ҳам мен эдим.

Бу кайфиятимни 1989 йил 15 апрель куни Агросаноат саройи минбаридан туриб ифода этгандим:» …Брежнев замонида ошиғи олчи бўлганлар “Брежневнинг қурбониман”, деб жар солмоқдалар. Рашидов қозонини ялаган улар, «Рашидов мени таъқиб этди», дея биздан мукофот кутмоқдалар. Аммо Сталин майиб этган, Брежнев ҳақорат этган, Рашидов тазйиқ ўтказган инсонлар чеккада жим туришибди. Улар уятдан, чидаб бўлмас уятдан ерга киришга тайёр бўлиб бир чеккада туришибди. Бу иккиюзламачи, фирибгар гуруҳ қаршисида улар ожиздирлар. Зеро, тўғрилик ўзини ҳимоя этолмайди. Тўғрилик ўзини оқламайди, у “мен хўрланган эдим”, деб нолишдан ор қилади»… (Видео қайдидан олинди)

РУХСАТ БЕРИЛГАН ҒУРУР

Бу мадҳиячи шоирларнинг суюкли йўлбошчиси Москванинг Тошкентдаги абориген вассали шоиру шуарога гоҳ-гоҳида Москвадан мужда келтирарди.

У тўпланган «ўзбек интеллигенциясининг гуллари»га қараб: «Эй азизлар, сизларга хушхабар келтирдим, ўзбекдан тўппадан-тўғри ғурурланишга энг тепадан рухсат олдим, истаганча ғурурланинглар, азизларим!» дерди юзлари порлаб.

Коммунистик саройнинг ҳашаматли залида гулдурос қарсаклар янграр ва бош вассал тўхтатмагунча янграшда давом этар эди.

Бу РУХСАТ БЕРИЛГАН ҒУРУР сўнг 50 йиллик вассаллик тарихимизда «ЎЗБЕКНИНГ МИЛЛИЙ ҒУРУРИ» ўлароқ қайд этилди.

Москвадан олиб келинган бу «ғурур»га ўзбекнинг қадим дўпписини кийдириб, уни машрўлаштириш учун кенг кампания бошлатилди мамлакатда.

«Мен дунёда ҳар нарсадан қадимман, мен ўзбекман!» деган ҳайқириқларга қўшни Қирғизистондан, қўшни Қозоғистон, Туркманистондан акс садолар қайтиб келди. Қардошларимиз ҳам олган эдилар бу ғурур изнини. Ва бутун минтақада ҒУРУР мусобақаси бошланди.

Ғурурни баланд қилиш учун ўзларининг ЖУДА ҚАДИМлигини исботлаш кампанияси бошланди сўнгра. Одам Ота қирғиз эди, дея ҳайқирди қирғиз қардошларимиздан бири. Унга қарши бошқа бири Момо Ҳавво бизнинг миллатдан эди, дея қаршилик қилди.

Лекин ҳеч ким бу манқуртларга бизнинг Ватанимиз ТУРКИСТОН, аждодимиз эса ТУРК эканини айтмади. Бизни ҳар иккисини ҳам унутган тўдаларга айлантирган эди большевик режими.

Бу «миллий ғурур»ларимиз руслар қаршисидаги бизнинг пасткашлик комплексимиз эди.

Аммо бу комплексдан қутулиш учун чирпинаётган бир озчилик ҳам бор эди ўлкада.

Қуллик занжирини шалдиратишга журъат этаётган бир озчилик бор эди. Улар том маънода озчилик эди.

Зиё Кўпалпнинг Совет Иттифоқида тақиқланган «Туркчилик асослари» китобини 5 киши учунгина таржима қилишдан қайтмайдиган озчилик…

Қуйида шу ОЗЧИЛИКка бағишланган қасида:

ТУРКИСТОН

Ҳар бир сонияда юз бор тинтилган,

Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр.

Сенми, ҳали ўша кўкка интилган,

Сенми, қоронғуда ахтарган зиё?

Фаровон ҳаётдан ношукур банда

Нон эмас,

Эрк ҳақда куйлаган сенми?

Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда

Яна ҳамма ҳақда ўйлаган сенми?

Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,

Сенми, ҳақ жазога халақит берган?

Сенми, нишон олган кўз ёш томчисин,

Сенми, ҳали ўша такаббур мерган?

Сенми ҳамон бўйинсунмаган бўйин,

Қақраган лабларнинг ол қаҳри – сенми?!

Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,

Ҳеч не кўрмагандай, лол даҳрий сенми?

Соқчи уйқуда деб умид-ла боққан,

Қочишни кўзлаган сенми пиёда?

Бу оғир занжирни шалдиратмоққа

Журъат этган сенми жимжит дунёда?!

А-ҳа, сенми?!.» (1985)

«Олис табассум сояси» (1986)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
6 октябр 2016
6 октябр куни эрталаб милиция ходимлари томонидан ушланган фотограф Темур Карпов билан бирга Тошкент вилоятининг Бўка тумани пахта даласида, ...
21 ноябр 2019
Ҳажвий хабар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлардан бири юқори лавозимли амалдор аралашуви билан ...
16 январ 2023
Бухоро марказидаги ЮНЕСКО ҳимоясида бўлган буфер зонада мультфильм стилидаги фейк «Бухоро» қурилиши ҳақида томоғигача коррупцияга ботган, ўрис аксарларига ҳайкал ...
4 феврал 2022
Ўзбекистондаги кадрлар алмашуви кишини сергаклантиради. 20 йиллик шартли қамоққа ҳукм этилган Козим Тўлаганов ҳокимият тизимига қайтди. Корруцияга алоқадор Абдулла ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...