Асосий мавзулар
10 июн 2021

Тошкент мактабларидаги коррупцион схемалар “камалаги”

Бир-биридан мустақил манбаларнинг “Элтуз”га билдиришича, Ўзбекистон халқ таълимидаги коррупциянинг энг очиқ ва аёвсиз кўриниши чекка туманларда эмас, халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг биқинида, пойтахт Тошкентдаги мактабларда намоён бўлмоқда. 

“Халқ таълими тизимидаги коррупция Тошкент шаҳри мактабларида ўта очиқ ва аёвсиз ҳолатга келиб қолди. Турли баҳоналар билан ота-оналардан ноқонуний пул ундиришлар, мактаб директорларининг тепадан ношаффоф ва шубҳали тарзда тайинланиши, мактаб таъмири, формаси ва ошхоналари билан боғлиқ коррупцион ўйинлар, мактабларда ўқитувчиларнинг етишмаслиги ва бошқа муаммолар Тошкентда чўққисига чиққан”, дейди халқ таълими тизимига яқин манбалардан бири.

Унинг айтишича, бундай коррупцион ўйинларнинг ҳаммаси Тошкент шаҳри Халқ таълими бош бошқармасига бориб тақалади. 

“Бошқарма бирор мактабга ажратилган пулларни ўмариш ёки бошқа коррупцион ҳийлаларни амалга ошириш учун, аввало, яхши ишлаб турган директорни ишдан олиб, ўрнига ўз одамини тайинлайди. Шундан сўнггина боя айтганим ноқонуний пул ундиришлар, таъмир, форма ва ошхоналар билан боғлиқ ўйинларга старт берилади”, дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг билдиришича, бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Исломова Шайхонтоҳур туманидаги 3 та, Учтепа туманидаги 6 та мактабга ўзининг яқин қариндошлари ва дугоналарини тайинлаган.

“Бундан ташқари, непотизм вирусини юқтириб олган биринчи ўринбосар Шайхонтоҳур туманидаги 4 та, Олмазор ва Чилонзор туманларидаги биттадан мактаб ошхоналарини турмуш ўртоғига ва унинг танишларига тегишли бўлган хусусий тадбиркорларга топширган. 

Тошкент мактабларидаги ҳар бир ошхона ҳар ойда ўртача 8-12 миллион сўм фойда келтиради”, дейди Тошкент шаҳри халқ таълими тизимига яқин манба.

Соҳага яқин бошқа бир манбанинг айтишича, Тошкентдаги нуфузли мактабларда ўқувчиларни қонунларга зид равишда, фақат катта пора эвазига қабул қилиш йўлга қўйилган. 

“Энг катта ставкалар Миробод туманидаги 110-мактабда. Бошқа туманда яшовчи ота-она боласини бу ерга 1-синфга қонунга зид равишда жойлаштириш учун мактаб директорига 1000-1500 доллар пора бериши керак. 

Алишер Усмонов таъмирдан чиқариб берган шу мактабнинг директори ҳам бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Исломова “туширган” рўйхатдаги 70-80 нафар болани текин қабул қилишга мажбур. Тошкентдаги ўрта мактаблардан бирига директор бўлишингиз учун 2000 доллар пулингиз бўлиши керак”, дейди вазирликка яқин манба. 

Унинг сўзларига кўра, 1-синфга пора эвазига бола қабул қилиш Тошкентнинг бошқа мактаблари, хусусан, 6, 50, 60, 71, 89, 94, 103, 107, 144, 160, 195, 300-мактабларда ҳам авжига чиққан. 

“Лекин шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси раҳбариятининг бир хусусиятига тан бериш керак. Улар ўзи тайинлаган директорлар учун ҳар қандай вазиятда, яъни улар қонунбузарлик қилса ҳам, жиноят қилса ҳам охиригача туриб беради. 

Чунки порахўрлик пирамидасининг пастки қисмида жойлашган ўша директорлар пирамиданинг чўққисига пора оқими доимий бориб туришини таъминлашмоқда”, деди “Элтуз”га яқин манба.

Унинг таъкидлашича, мактаб соҳасида бирор янгилик қилиш, масалан, янги ёки ихтисослаштирилган синф очиш учун рухсат олиш фақат пора эвазига битади. 

“Элтуз” манбаси мисол тариқасида Сергели туманидаги 322-мактабда содир бўлган бир коррупцион можаро ҳақида гапириб берди.

“2021 йилда ушбу мактаб директори Нигора Ражабова ихтисослаштирилган синфлар очиш, яъни шаҳар бошқармасидаги “опа”ларини рози қилиш учун ўқитувчилардан 800 доллар пул ундира бошлаган. 

Натижада норози ўқитувчилар унинг устидан Сергели тумани прокуратурасига шикоят ёзишган. Прокуратура вазиятни ўрганиб, директор Нигора Ражабовага қарши интизомий чора кўриш ҳақида халқ таълими бўлимига тақдимнома киритган. Лекин директорнинг бош бошқармадаги “опа”лари ўз ёқимтойига қарши ҳеч қандай чора кўришмади”, дейди Ташкентдаги манба.

Унинг билдиришича, Нигора Ражабовага нисбатан қонуний чора кўриш тўғрисида ҳатто давлат ташкилотлари томонидан бошқа тақдимномалар киритилган бўлса ҳам Халқ таълими бош бошқармаси пинагини бузмаган.

“Масалан, 2020 йил ноябрь ойида мактабнинг 10-синф ўқувчиси сирка ичиб, ўз жонига қасд қилганида ҳам, сўнгра 11-синф ўқувчиси “кўкрагига тиғли нарса санчилган” деган ташхис билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилганда ҳам бош бошқарма Нигора Ражабовага нисбатан ҳеч қандай чора кўрмади. 

Чунки ҳар сафаргидек директорга бош бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Исломова ва кадрлар бўлими бошлиғи Машҳура Каримова қалқон бўлишди”, дейди Тошкентдаги манба.

“Элтуз” Тошкент шаҳри мактабларидаги коррупцион можаролар ҳақида шаҳар прокуратурасига яқин манбаларидан бирига мурожаат қилди. 

“Прокурорлар тақдимнома киритишгани билан директорларни ишдан олиш ваколатига эга эмас. Прокуратура коррупцион можароларга аралашган директорларни ишдан олишни тавсия қилади, холос. 

Лекин Тошкент шаҳри Халқ таълими бош бошқармаси кўпинча бундай тақдимномаларимизни инобатга олмайди ва ўз одамларини ишда қолдиради”, деди у бунга жавобан.

Унинг айтишича, пойтахтда “тегиниб бўлмайдиган” директорлар қатлами пайдо бўлган. 

“Бу қатлам вакилларига қарши тақдимнома киритишга ҳатто прокурорлар ҳам қўрқишади. Мана, масалан, Яккасарой туманидаги 160-мактаб директори Ирина Казаковани олайлик. Унинг мактабида ўқувчилар бир-бирини ўлдириши қоляпти, холос. 

Неча маротаба ўқувчилар бир-бирини, бир неча марта ўқитувчиларни ҳам калтаклашган. Икки йил олдин бу мактабнинг эркатой ўқувчиларидан бири мактабнинг ўзида бир эркак ўқитувчини уриб, бурнини синдирган эди. 

Прокуратура бу ҳолатлар юзасидан кўп марта тақдимномалар киритди, ҳисоботлар берди. Лекин мактаб директори Ирина Казаковага ҳатто прокуратуранинг ҳам кучи етмади”, дейди прокуратура идораларига яқин манба.

Унинг сўзларига кўра, шаҳардаги “тегиниб бўлмайдиган” директорларни шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Дилфуза Исломова каби раҳбар ҳамда “опа”нинг гуруҳидаги Машҳура Каримова, Баҳром Бакиев, Гулшан Ҳамроева, Жамшид Раҳимжонов, Алишер Қултоев сингари мутасаддилар ўз ҳимоясига олишган.

Прокуратура идораларига яқин манбанинг “Элтуз”га билдиришича, шаҳар халқ таълими тизимида коррупция ўта очиқ ва аёвсиз кўринишга келгани сабабли пойтахт мактабларида таълим сифати республикада энг паст даражага тушиб қолган.

“Сиз ишонмаслигингиз мумкин, лекин таълим сифати бўйича Тошкент мактаблари республикада охирги, 14-ўринда. Тошкентлик ўқувчилар барча фанлар, ҳатто она тили, айниқса, саводли ёзиш бўйича ҳам Ўзбекистонда энг орқада. Тошкентлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига кириш бўйича атиги 25% кўрсаткичга эга”, деди у. 

“Элтуз”га яқин манбанинг сўзларига ишонилса, Тошкент мактабларининг ўқитувчилари ҳам Ўзбекистонда энг саводсиз бўлиб қолишмоқда. Аккредитациядан ўта олмаган энг кўп ўқитувчи ҳам Тошкент мактабларида.

“Арпа экиб, буғдой олиб бўлмайди. Коррупция, таниш-билишчилик ва гуруҳбозлик авж жойган жойда таълим ҳам, ривожланиш ҳам бўлмайди”, дея сўзини якунлади Тошкентдаги манба.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 март 2023
Салом қадрли мухлислар бугун 21 инчи март, эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг  навбатдаги сонини тақдим этади. Ўзбекистонда Наврўз байрами нишонланмоқда. Бугун ...
24 декабр 2020
Одатда ревизор тафтиш қилаëтган субъект ҳали қамоққа олинмаган ва кўп ҳолларда ўз жиноий фаолиятини ошиғич ғайрат билан давом қилдираëтган ...
25 март 2017
Доллар нархи ошиши билан айниқcа картошканинг нархи ошгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
8 октябр 2015
Афғон-туркман чегарасидаги хавфсизлик, Ўзбекистоннинг ёнилғи эҳтиёжлари ва Россиянинг кун сайин тажовузкор тус олаётган геосиёсати Тошкент- Ашхобод мулоқотида кўрилиши кутилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...