Асосий мавзулар
7 декабр 2021

Жалолиддиннинг бузилган ҳайкали ҳарбий қисмга олиб кетилди

1 декабрдан 2 декабрга ўтар кечаси Урганчда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали бузиб ташланди. Шу куни унинг демонтаж қилинган ҳайкали 53-008-ҳарбий қисм ҳовлисига олиб кетилган. Ҳайкал бадиий аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистон халқ рассоми Илҳом Жабборов томонидан 1999 йили ҳукумат қарори билан тикланган эди.

Айрим манбаларда ҳокимлик тарафидан ҳайкал эски дея баҳолангани, Жалолиддинга Урганчда янги ҳайкал қурилгани боис бузилгани айтилмоқда.

У ҳолда бир нечта саволлар ўртага чиқади:

  1. Демонтаж қилинган ҳайкал 1999 йили ҳукумат қарори билан давлат пулига қурилган.
  2. Ҳайкал ўзбек сўмида ҳам акс етган бўлиб, бадиий эстетик қимматга эга. Ўзбекистон халқ рассоми (Амир Темур ҳайкали муаллифи) Илҳом Жабборовнинг шоҳ асарларидан бири сифатида маданий ëдгорликлар рўйхатига киритилган.
  3. Ҳайкални демонтаж қилиш ҳақида қайси ташкилот нимага асосланиб қарор чиқарди?
  4. Вилоят ҳокими Эрмонов тарафидан кўп қаватли уй қурадиган девелопер – уй жаллобига сотилибди, деган гап ҳам бор. Бу ростми? Қандай ҳуқуқий асосда ва кимга сотилди?
  5. Бир шаҳарда бир тарихий сиймонинг икки ҳайкали бўлиши мумкин эмас, деган иддаолар айтилмоқда. Тошкентда Навоийнинг учта ҳайкали, Москвада Пушкиннинг 11 та ҳайкали, Гаванада Лениннинг 21 та ҳайкали бор.

Жалолиддин Мангубердининг 14,5 метрли салобатли ҳайкали мамлакатимиздаги энг баланд монументлардан бири ҳисобланади. Монумент постаменти қизил гранитдан, ҳайкалнинг ўзи эса бронзадан ишланган. Монумент лойиҳаси муаллифи хоразмлик меъмор Полвонназир Салаев ҳисобланади.

Ҳайкални тошкентлик ҳайкалтарошлар Илҳом ва Камол Жабборовлар яратишган. Мангуберди сиймосини яратишда Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси Тўра Қурёзовнинг шу давр асарларидан келиб чиқиб чизган расми асос қилиб олинган. Тўра Қурёзов ушбу асари учун Ўзбекистон халқ рассоми унвонига сазовор бўлган. Бугунга келиб бу ҳайкал йўқ.

Ҳайкалнинг бузиб ташланиши россиялик ўртамиëнадан ҳам паст Александр Устенко ва Виталий Казанский исмли икки «халтуршик» ҳайкалтарошнинг от устидаги Жалолиддин ҳайкалини тиклаши билан боғлиқ.

Лекин мулозимлар эски ҳайкал бузилиши ҳақида жамоатчиликка бирор ҳужжат тақдим қилишмаган. Халқдан бекитиб, халқ пулига қурилган ҳайкал ими-жимида бузиб ташланди. Мирзиëев буздирган ҳайкални унинг устози Каримов ясаттирган эди.

1999 йил 5 ноябрь куни Урганчда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигига бағишланган катта тантаналар бўлиб ўтган. Шаҳарда юбилей учун Шовот канали қирғоқларини бирлаштириб махсус бунёд этилган ансамбль марказида Жалолиддиннинг қаттиқ материалдан ишланиб, устига мис қопланган улуғвор ҳайкалини Каримовнинг ўзи очган эди.

Маросимда Каримов бу ҳайкал ўрнатилишига ҳисса қўшганидан мамнунлигини изҳор қилганди. Ҳайкални ясаш Амир Темур сиймосини яратган Илҳом Жабборовга топширилиши ҳам президент амри билан бўлган.

Ўзбекистон президенти Мирзиëев фаолиятида ҳайкал ўзгартириш билан боғлиқ талай эпизодлар бор.

1. 1993 йили у Ибн Сино ҳайкали калласини арра билан кесиб, боши олинган Улуғбек ҳайкалига шахсан ўрнатган.

2. Мирзиëев Самарқанд вилояти ҳокими бўлганида Регистонда Абу Абдулло Рудакийнинг тўла бўйли гранит ҳайкали ва Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомийнинг мармар ҳайкали олиб ташланган эди.

3. Самарқанд марказида австриялик маҳбус архитектор Эдуард Руш томонидан 1919 йилда қурилган ва СССР даврида монументал пластика соҳасининг мамлакатдаги энг ноёб намуналаридан бири дея қадрланиб, каталогларга киритилган санъат асарини 2009 йили бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиëев Тошкентдан махсус келиб буздириб кетган эди.

Монумент тўрт томонида тўрт ҳолатда акс эттирилган қуллар ҳайкалидан иборат эди. Бири изтироб ичида, яна бири уйғонаётган, яна бири умид билан қараган, яна бири эса юзида мардлик акс этган қуллар.

Постаментдан ўсиб чиққан устун ва унинг устидаги қуббанинг тўрт томонида 4 та болача ҳайкали акс этган, қубба устида эса қўлини кўкка чўзган ва озодлик тимсоли сифатида келтирилган аёлнинг мардонавор шакли қад кўтарганди. Бу ҳайкал Самарқанд вилояти маданий ëдгорликлар бошқармаси рўйхатига кирган бўлса ҳам мавжуд қоидага зид тарзда бузиб ташланганди.

4. 2019 йили Тошкентдаги Алишер Навоий ҳайкалини парламент тарафга қаратиб буриб қўйиш ҳам шахсан Мирзиëев ташаббуси ва элнинг катта маблағи эвазига амалга оширилган.

5. 2021 йилнинг 2 декабрида Урганчда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали президент топшириғи билан бузиб ташланди. Навбатдаги бузиладиган ҳайкал Тошкент марказида, Оқсарой олдидаги Ислом Каримов ҳайкали бўлиши лозим. Ислом Каримов ҳайкалининг олиб ташланиши мантиқ ва тарихий адолат талабига мос бўларди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 сентябр 2021
Узоқ йиллар давомида Ўзбекистонда талабалар учун янги ўқув йилининг бошланиши пахта теримига чиқишни англатарди. Теримдан бош тортиш деярли мумкин ...
5 март 2018
Ўзбекистонда “Дамас” ва “Спарк” русумли автомобилларга эҳтиёж жуда катта. Аммо мамлакат автосалонларидан уларни топиш анча мушкул. Шунинг учун ҳозир ...
9 август 2023
Салом қадрли мухлислар. Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
6 июл 2017
Июл ойининг бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «она сути оғзидан кетмаган» ёшларни ҳукуматдаги юқори лавозимларга тайинлагани ўзбек жамиятида турли ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...